"Энг намунали туман (шаҳар) партия ташкилоти"

26.09.2018, 15:48

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон

Либерал-демократик партиясининг “Энг намунали туман (шаҳар)

партия ташкилоти” танловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича

 Н И З О М

I. Умумий қоидалар

1.1. “Энг намунали туман (шаҳар) партия ташколоти” танлови (кейинги ўринларда танлов деб юритилади) – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг туман (шаҳар) партия ташкилотлари фаолиятини таҳлилий ўрганиб, танлов асосида рағбатлантириш тартибида ташкил этиладиган лойиҳадир.

1.2. Танлов партиянинг барча туман (шаҳар) партия ташкилотлари ўртасида ташкил этилиб, уларнинг партиявий фаолият самарадорлигини ошириш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилади.

1.3. Танлов O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан ташкил этилади.

II. Танловнинг мақсади

2.1. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси туман (шаҳар) партия ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш;

2.2. Партия Устави, Дастури, Сайловолди платформаси ва партия раҳбар органларининг бошқа қарорлари билан белгилаб берилган мақсад ва вазифаларини қонун доирасида аҳоли ўртасида тарғиб қилиш ва тушунтириш ишларини олиб боришни янада кучайтириш;

2.3. Бошланғич партия ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларни сифат жиҳатдан яхшилаш, намунали бошланғич партия ташкилотлари сонини кўпайтириш, бошланғич партия ташкилотлари иш тажрибаларини оммалаштириш;

2.4. Партия сафига янги аъзоларни жалб этиш ва партия тарафдорлари сафини кўпайтириш ишларини олиб бориш;

2.5. Аъзолик бадали тўлаши лозим бўлган ҳар бир партия аъзосидан бадал тушумлари тушурилишини таъминлаш;

2.6. Партиянинг барча поғонадаги депутатлари ва бошланғич партия ташкилотлари ўртасида узвий ҳамкорлик ўрнатган ҳолда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва мавжуд муаммоларни ҳал этишда аниқ ва амалий чораларни кўриб бориш;

2.7. Партия аъзолари, фаоллари ва тарафдорлари орасидан партия тизими, давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органлари лавозимларига тавсия этиш учун барқарор кадрлар захирасини шакллантириб бориш;

2.8. Туман (шаҳар) партия ташкилотининг барча йўналишдаги фаолияти тўғрисида хужжатларнинг расмийлаштирилиб, белгиланган номенклатура бўйича жамланиб борилишини таъминлаш;

2.9. Жойдаги давлат ва нодавлат ташкилотлари билан мустаҳкам алоқаларни ўрнатиш;

2.10. Аҳоли ўртасида катта ҳурмат ва обрўга эга бўлган турли ижтимоий гуруҳ вакиллари билан алоқа ўрнатиш;

2.11. Туман (шаҳар) партия ташкилотлари фаолиятини ОАВларда ёритиш ишларини сон ва сифат жиҳатдан яхшилаш;

2.11. Туман (шаҳар) партия Кенгаши биносининг жойлашган жойи, бинонинг ҳолатини партиявий имиджга мослаш, орг-техника (компьютер, телефон, факс, интернет ва б.) ва мебель жиҳозлари билан таъминлаш;

III. Танлов ташкилотчилари

3.1. Танловнинг асосий ташкилотчилари – O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва ҳудудий партия ташкилотларидир;

3.2. Танловга корхоналар, ташкилотлар, тижорат банклари ҳамда республика, вилоят ва туман (шаҳар)ларда фаолият юритаётган юридик ва жисмоний шахслар қонун хужжатларига мувофиқ ҳомий сифатида иштирок этишлари мумкин;

3.3. Танловнинг Республика босқичига O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, ҳудудий босқичга партиянинг Кенгаш раислари бошчилик қилади;

3.4. Партия матбуот хизмати ва ҳудудий партия ташкилотлари ҳамда “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетасининг вилоятдаги махсус мухбирлари танлов шартлари ва натижаларини, уни ўтказилиш жараёнини марказий ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари, партия веб-сайтида ва “XXI asr” газетасида ёритиб борилишини таъминлайдилар.

IV. Танлов ҳайъати

4.1. Мазкур тадбирни ўтказиш мақсадида партия кенгашлари қошида танлов Ҳакамлар ҳайъати тузилади.

4.2. Ҳакамлар ҳайъати, партия аппарати ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий депутатлик гуруҳлари аъзолари ҳамда партия фаолларидан иборат таркибда танловни ўтказишга кўмаклашувчи Ишчи гуруҳлар тузилади. Мазкур Ишчи гуруҳ аъзолари жойлардаги туман (шаҳар) партия ташкилотларини танлов шартлари, унинг мақсад ва вазифалари ҳақидаги маълумотлар билан таништириш, “Энг намунали туман (шаҳар) партия ташкилоти” лойиҳаси доирасидаги тадбирларни мувофиқлаштириш билан шуғулланади.

4.3. Ишчи гуруҳ аъзолари танловга тақдим этилган туман (шаҳар) партия ташкилотлари ҳужжатлари билан танишиш, уларнинг танлов шартларига мос ёки мос эмаслиги ҳақида хулоса бериш ҳамда танлов номинациялари бўйича вилоят Ҳакамлар ҳайъатига тавсиялар бериш ҳуқуқига эга. Бунда тегишли Ишчи гуруҳ раиси томонидан тасдиқланган Ишчи гуруҳ йиғилишининг баённомаси лозим бўлади.

4.4. Ҳакамлар ҳайъати ишчи гуруҳ томонидан тавсия этилган туман (шаҳар) партия ташкилотларини баҳолаш мезонлари ва номинациялари бўйича баҳолайди. Танлов ғолибларини аниқлайди ва кейинги босқичда иштирок этишига йўлланма беради.

4.5. Танловнинг вилоят босқичларида ғолиб деб топилган туман (шаҳар) партия ташкилотининг ҳужжатлари партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қошидаги танлов Ҳакамлар ҳайъатига тақдим этилади.

V. Танловни ўтказиш муддати

5.1. Танловнинг ҳудудий босқичлари O‘zLiDeP ташкил этилганлигининг
15 йиллиги муносабати билан 2018 йил 1-15 ноябрь кунлари ўтказилади.

5.2. Танловнинг Республика босқичи Конституциямизнинг 26 йиллиги муносабати билан 2018 йилнинг 3-5 декабрь кунлари ўтказилади.

VI. Танлов ғолибларини баҳолаш мезонлари

6.1. Иштирокчиларни баҳолаш мезони қуйидаги тартибда белгиланади:

- ҳар бир мезон бўйича энг юқори балл – 10 балл;

- умумий ҳисобда энг юқори балл – 100 балл.

6.2. Танлов иштирокчиларининг баллари қуйидаги мезонлар билан аниқланади:

  1. Туман (шаҳар) партия Кенгаши раиси, унинг жамоатчилик асосидаги ўринбосарлари ва масъул ходимлари томонидан юқори партия ташкилотидан бериладиган вазифаларни бажаришда юқори масъулият билан ёндашилиши ва ижро интизомига қатъий риоя этилиши;
  2. Партиянинг барча поғонадаги депутатлари ва бошланғич партия ташкилотлари ўртасида узвий ҳамкорлик ўрнатган ҳолда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва мавжуд муаммоларни ҳал этишда аниқ ва амалий чораларни кўриб бориши;
  3. Бошланғич партия ташкилоти ва партия аъзоларининг сон ва сифат жиҳатдан ўсиши;
  4. Аъзолик бадали тўлаши лозим бўлган ҳар бир партия аъзосидан бадал тушумлари тушурилишини таъминлаганлиги;
  5. Турли мавзуларда мунтазам равишда тадбирларнинг ўтказилиши ва бу тўғрисида тезкор ва мақола кўринишидаги маълумотларнинг юқори партия ташкилотига ўз вақтида етказилиши;
  6. Ўтказилаётган тадбирларнинг ОАВда мунтазам ёритиб келинаётганлиги;
  7. Аҳолининг, партия электорати вакилларининг мурожаатларига биноан улар дуч келинаётган муаммоларни ҳал қилиши;
  8. Туман (шаҳар) партия Кенгаши биносининг жойлашган жойи, бинонинг ҳолати, орг-техника жиҳозари билан таъминланганлиги (замонавий мебель жиҳозлари, компьютер, телефон, факс, интернет ва б.), мажлислар залининг мавжудлиги ва аҳоли билан ишлаш учун қулай шарт-шароитларнинг яратилганлиги;
  9. Партия аъзолари, фаоллари ва тарафдорлари орасидан партия тизими, давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органлари лавозимларига тавсия этиш учун барқарор кадрлар захирасини шакллантириб бориши;
  10. Туман (шаҳар) партия ташкилотининг барча йўналишдаги фаолияти тўғрисида хужжатларнинг расмийлаштирилиб, белгиланган номенклатура бўйича жамланиб борилиши.

VII. Туман (шаҳар) партия ташкилотининг танловда иштирок этишлари ва кўрик-танлов Ишчи гуруҳига тақдим этиладиган ҳужжатлар

7.1. Ҳисобот даври якуни бўйича энг яхши натижаларга эришган туман (шаҳар) партия ташкилотлари танловда иштирок этадилар.

7.2. Танловнинг вилоят босқичларида барча туман (шаҳар) партия ташкилотлари қамраб олиниши лозим. Танловнинг Республика босқичида жойларда ташкил этилган Ишчи гуруҳ ва Ҳакамлар ҳайъати томонидан тавсиянома берилган туман (шаҳар) партия ташкилотлари иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.

7.3. Танловнинг вилоят босқичи ғолибларининг ҳужжатларини Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси қошидаги танлов Ҳакамлар ҳайъатига тақдим этиш ҳамда уларнинг танловда иштирокини таъминлаш шахсан партиянинг ҳудудий Кенгашлари раислари зиммасига юклатилади.

7.4. Танлов Ишчи гуруҳи ва Ҳакамлар ҳайъатига туман (шаҳар) партия ташкилоти тўғрисида тақдим этиладиган ҳужжатлар ушбу низомнинг
6.2.-бандида келтирилган мезонларга мувофиқ амалга оширилади.

 VIII. Танлов ғолибларини тақдирлаш

8.1. Низомнинг 6-бандида кўрсатилган мезонлар асосида I, II ва III ўринлар аниқланади. Танлов ғолиблари партиянинг I, II, III даражали дипломлари ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади. Жумладан,

- III ўрин учун замонавий орг-техника воситалари;

- II ўрин учун замонавий мебель жиҳозлари;

- I ўрин учун “Damas” автомашинаси.

8.2. Танловнинг Республика босқичида иштирок этган лекин ўрин эгалламаган туман (шаҳар) партия ташкилотлари Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасининг махсус дипломлари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланадилар.

Теглар
#uzlidep15
  • Кўрилди
    1902
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+