“Ўзбекистон фаол тадбиркорлари анжумани” иштирокчиларининг мамлакатимиз барча тадбиркорларига МУРОЖААТИ

14.02.2018, 20:19

“Ўзбекистон фаол тадбиркорлари анжумани” иштирокчиларининг мамлакатимиз барча тадбиркорларига  МУРОЖААТИ

Биз – Ўзбекистон тадбиркорлари республика анжумани иштирокчилари,

мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган кенг қамровли ва тизимли ислоҳотлар ягона олижаноб мақсад – изчил ва барқарор ривожланаётган, эркин ва фаровон, демократик тамойилларга асосланган давлат ва  адолатли жамиятни барпо этиш, инсон манфаати ва яна бир бор инсон манфаати ҳамда унинг орзу-умидларини рўёбга чиқаришга йўналтирилганлигини таъкидлаб,

ушбу тарихий ўзгаришларнинг қайси жабҳасига қарамайлик, амалий натижадорлик устувор вазифа сифатида белгиланганлиги, «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойилнинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани – халқ ҳокимиятини сўзда эмас, амалда таъминлаш, ҳар бир инсон манфаатини ҳимоя қилишга ҳамда ҳалқимизни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишга хизмат қилаётганлигини тасдиқлаб,

муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан юрт равнақи учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган вазифалар қамраб олинган «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурининг қабул қилингани, тадбиркорларни узоқ йиллардан бери ўйлантириб келаётган қатор масалаларнинг самарали ечими таъминлаётгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка мисли кўрилмаган даражада катта имтиёз ва имкониятлар яратиб берилаётганлигини миннатдорлик билан эътироф этган ҳолда,

давлатимиз раҳбарининг «Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади», «Тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилиш – давлат сиёсатига, Президент сиёсатига тўсқинлик қилиш, деб баҳоланиши» каби эзгу ният ва тамойилларнинг аҳамиятини, тадбиркорларга билдираётган катта ишонч ҳамда мамлакатимизнинг бугуни ва эртанги куни учун, халқимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулиятни теран ҳис қилган ҳолда, эндиликда эскича ишлаш ва фикрлашга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ эканлигини жиддий англаб, МУРОЖААТ ҚИЛАМИЗ:

Барча тадбиркорларни Президентимиз ташаббуси билан Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Давлат дастурида илгари сурилган вазифаларни бажаришда жипслашишга, уларни фаолиятимиз дастуриламалига айлантиришга, жонажон Ватанимизни ривожланган демократик давлатлар қаторига олиб чиқиш, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашдек юксак мақсад йўлида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларда нафақат бевосита қатнашиш, балки ўзимизни ҳам ислоҳотларни амалга оширишда асосий куч, ижтимоий жиҳатдан энг фаол қатлам сифатида намойиш этишга ЧАҚИРАМИЗ.

Давлатимиз раҳбарининг ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди, деган пурмаъно ўгитига таяниб, фаолиятимизни инновацион, яъни замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этадиган, бизнес фаолиятини ақл идроки ва куч-ғайратини Ўзбекистон тараққиётига бағишлайдиган, фарзандларининг тақдирини шу жаннатмонанд замин тақдиридан айри тасаввур этолмайдиган, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариб, янги иш ўринлари яратиб, бутун жамиятга наф келтирадиган фаол тадбиркор бўлайлик.

Азиз тадбиркорлар!

Фидокорона меҳнатимиз билан мамлакатимиз равнақига катта ҳисса қўшиш, давлатимиз раҳбари ва халқимиз ишончини оқлаш йўлида ватанпарварлик, ишчанлик, ташаббускорлик билан олдимизда турган улкан марраларни биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан эгаллаб, фаол ҳаётий позициямизни намоён этайлик. Хусусан,

Биринчи, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси, авваламбор юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, Ватанимиз тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, замонавий ва фаол тадбиркорлар сафини кенгайтиришга бевосита боғлиқ эканлигидан келиб чиқиб:

юртимизнинг барча ҳудудларида фаол тадбиркорлар сафини кенгайтириб бориш, жамиятимизда фаол тадбиркорлик маданиятини шакллантиришга ҳисса қўшишга чақирамиз.

Бир пайтнинг ўзида тадбиркорлар ҳамжамияти нопок тадбиркорларга нисбатан муросасиз бўлиши лозим деб биламиз, ва уларга нисбатан биринчи навбатда давлат эмас, балки тадбиркорларнинг ўзлари холисона муносабат билдирадиган ва ушбу муҳит софлигини таъминлайдиган тизим яратишга чақирамиз. Бу борада, биз “Тадбиркорнинг одоб-ахлоқ кодекси”ни қабул қилиш зарур деб ҳисоблаймиз.

Иккинчи, Ўзбекистонимизнинг инновацион ривожланиш, информацион жамиятни шакллантириш йўлига ўтиши – бу узоқ муддатга мўлжалланган мамлакатимиз рақобатбардошлигини ва жамиятимизнинг барқарор ривожланишини таъминлашнинг кафолати бўлгани учун:

мамлакатимизда инновацион тараққиёт моделларини қўллаган ҳолда, ишлаб чиқаришга илғор ғоялар, «нау-хау» ва «ақлли» технологияларни жорий этиш, қолаверса, экспорт қилиш ҳисобидан мамлакатимизнинг тез суръатлар билан ривожланаётган давлатлар қаторидан ўрин олишига ҳисса қўшиш, инновация ва инвестициялардан самарали фойдаланадиган янги авлод вакилларини, янги сармоядорлар синфини тайёрлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда;

инновацион ва илмий фаолиятни қўллаб-қувватлашнинг хуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, хусусан, инновациялар ва илм-фан тўғрисидаги қонунлар, юқори технологияли тадбиркорлик лойиҳалари-стартапларни биргаликда молиялаштириш учун ташкил қилинадиган венчур фондлар ҳамда технопарклар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда аниқ таклифлар билан иштирок этишда фаол бўлишга ундаймиз.

Учинчи, мамлакатимиз иқтисодиёти рақобатдошлигини таъминлаш масаласи юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, айниқса, иқтисодиётнинг муҳим соҳаси – саноат тармоқларини жадал ривожлантириш масалалари билан чамбарчас боғлиқ деб биламиз. Шу мақсадда юртимизда ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналар, кичик саноат зоналари тизими орқали яратиб берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишга чақирамиз.

Тўртинчи, ҳудудларни узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ҳар бир туман, маҳалла кесимида ишлаб чиқилиши ва ҳаётга татбиқ этилиши ва амалга оширилишида алоҳида жонбозлик кўрсатишга чорлаймиз.

Бешинчи, аксарияти ЮНЕСКО рўйхатига киритилган 7 минг 300 дан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд бўлган Ватанимизни туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга давлат, деб ҳисоблаймиз.

Бу борада диёримизнинг бетакрор табиати, гўзал дам олиш зоналари, янги туристик йўналишлар очиш имкониятларидан кенг фойдаланиш, соҳага жаҳон брендларини фаол жалб этган ҳолда, зиёрат туризми, экологик, маърифий, этнографик, ички ва гастрономик туризм ҳамда соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантиришга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишга чақирамиз.

Олтинчи, қишлоқ хўжалиги тизимини янада ислоҳ қилиш, фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқачиларни қўллаб-қувватлаш, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини  самарали таъминлаш, аҳолимизни сифатли қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарлича таъминлаш, уларни экспорт қилиш ҳажмини кескин оширишнинг кафолати, деб биламиз. Бу борада:

қишлоқ хўжалик маҳсулотини етиштиришдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларни ўз ичига қамраб олган кластер тузилмаларни ташкиллаштириш ва кўп тармоқли фермер хўжаликлари салмоғини оширишда ўз ҳиссамизни қўшиш;

ҳар қаричи олтинга тенг, халқимизнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланадиган ердан унумли фойдаланиш, аграр соҳага замонавий илм-фан ютуқлари, агротехнологияларни кенг жорий этиш;

қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва ташиш бўйича халқаро логистика марказлари тизимини такомиллаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратишга чақирамиз.

Еттинчи, аҳолини иш билан таъминлаш – нафақат ижтимоий ёки иқтисодий, балки ҳар бир оиланинг мустаҳкамлигини, жамиятимиз барқарор ривожланиши, юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг асосий ва зарурий шарти деб биламиз.

Шу мақсадда ҳар бир тадбиркорни, фермерларимизнинг ушбу эзгу вазифани амалга оширишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишга чақирамиз.

Саккизинчи, ижтимоий соҳанинг жадал ривожланиши – мамлакатимиз инсон капиталининг мустаҳкамланиши, ҳалқимиз фаровонлиги, юртимизнинг барқарор ривожланиши борасида:

ижтимоий уй-жойлар қурилишини кенгайтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш;

аҳоли учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш, масофадан туриб профилактика қилишни таъминлаш, «Ақлли тиббиёт» концепциясини ҳаётга татбиқ этиш, хусусий тиббий масканлар ва аҳолини сифатли ва арзон дори-дармонлар билан таъминлаш тизимини ривожлантириш;

нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизда нодавлат таълим секторининг умумий ўрта таълимдаги улушини босқичма-босқич ривожланган хорижий мамлакатлар даражасига кўтаришга қаратилган аниқ дастурларни амалиётга татбиқ этишда фаол иштирок этишга ундаймиз.

Тўққизинчи, барча тадбиркорларни мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, ташқи бозорга сифатли ва сертификатланган маҳсулотларни «ўзбек бренди» остида олиб чиқиш, иқтисодиётимизга ташқи инвестицияларни жалб этиш ҳамда рақобатдош маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш тизимини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишида янада фаолроқ бўлишга чақирамиз. Бу борада, айниқса:

– дунё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришда хусусий сектор роли ва мавқеини янада ошириш;

– ривожланган мамлакатлар бизнес тузилмалари ва давлатимиз хусусий сектор вакиллари орасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама кучайтириш;

– Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни хорижий давлатлар бозорларига экспорт қилиш, мамлакатимизга хорижий инвестициялар, илғор замонавий технологиялар ва илм-фан ютуқларини фаол жалб этиш;

– савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш борасида хусусий секторнинг роли ва аҳамиятини ошириш, «бизнес ва халқ дипломатияси» институтларидан кенг фойдаланишни таклиф этамиз.

Ўнинчи, ҳозирда тадбиркорлик соҳаси кўплаб қонун ҳужжатлари билан тартибга солинаётгани, бу эса соҳа вакиллари учун маълум қийинчиликларни юзага келтириб чиқараётганини ҳисобга олган ҳолда,  халқаро тажриба ва бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, тадбиркорлар ва инвесторлар учун тушунарли бўлган ягона “Тадбиркорлик кодекси”ни ишлаб чиқилиши таклифини илгари сурамиз.

Ўн биринчи, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва бақувват, баркамол этиб тарбиялаш борасидаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш,  «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонунни, соҳада қабул қилинган бошқа қонун ҳужжатларини ҳаётга татбиқ этиш – давр талаби деб биламиз.

Ёшларимиз – келажак бунёдкорларининг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг инновацион ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқиши ва баланд марралар сари олға интилишига кенг имкониятлар яратиб беришда фаол иштирок этишга чақирамиз.

 Азиз тадбиркорлар, қадрли ватандошлар!

Президентимизнинг парламентга йўллаган Мурожаатномаси, Давлат дастурида баён этилган мақсад ва вазифаларни изчил амалга ошириш, она юртимизнинг тақдири ва келажаги, фарзандларимиз бахти ва камолини таъминлашда ҳал қилувчи босқич бўладиган 2018 йил барчамизни бир ёқадан бош чиқариб ишлашга, умумий мақсадлар йўлида бирлашишга чорлайди.

Муҳтарам юртбошимиз «Тадбиркор – бу тараққиёт локомотиви, юрт таянчи», деб бизга катта ишонч билдирар экан, биз ҳам ушбу ишончни тўла оқлаб, жонажон Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол тадбиркор сифатида иштирок этайлик. Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаш ва ишлаш асосий вазифамиз ва ҳаётимиз мезонига айлансин. Ана шундагина халқимиз фаровонлиги ва юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўша оламиз.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббуси билан ўтказилган “Ўзбекистон фаол тадбиркорлар анжумани”да қабул қилинди, 13-февраль, 2018 йил.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2144
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+