O‘zLiDeP “Аёллар қаноти”: Оила мустаҳкамлигидан – жамият барқарорлиги сари

15.02.2018, 20:58

O‘zLiDeP “Аёллар қаноти”: Оила мустаҳкамлигидан – жамият барқарорлиги сари

2018 йил 15 февраль куни O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” ташаббуси билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий маркази, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси ҳамкорлигида “Оила мустаҳкамлигидан – жамият барқарорлиги сари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти ва унда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, Давлатимиз раҳбарининг 2 февралдаги фармони мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Фармон билан жорий йил 1 апрелдан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига ҳар бир фуқаролар йиғинида 1 тадан, оилалар сони 2000 ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинларида эса 2 тадан хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди. Шунингдек, фармонда ижтимоий ҳимояга муҳтож айлларни қўллаб қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларига кўмаклашиш мақсадида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилмоқда.   

Тадбирда оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида ташкил этилаётгани “аёллар маслаҳатхоналари”нинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидлаш керак, мазкур маслаҳатхоналар бевосита жойларда ўсмир қизлар ва фертиль ёшидаги аёлларга зарур маслаҳатларни беради. Тадбирда фармон меъёрларидан келиб чиқиб киритилаётган бундай ўзгаришлар, энг аввало, оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш ва аёллар саломатлигини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.  

Тадбирда хотин-қизларнинг истеъдодини юзага чиқариш, иқтидорли аёлларни қўллаб-қувватлаш фармонда белгиланган мақсад-вазифаларнинг бош омили экани бот-бот такрорланди. Жумладан, Зулфия номидаги Давлат мукофотини ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафар талабгорларга бериш белгиланди. Ёш чегарасининг узайтирилгани таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт соҳаларида ютуқларга эришган ҳамда илмий изланишлар билан шуғулланаётган олима аёлларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очиб беради. Жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизлар учун таъсис этилган “Мўътабар аёл” кўкрак нишони эса улуғ ва мўтабар зот – аёлларга бўлган чуқур ҳурмат ва эҳтиром тимсолидир.

Тадбир якунида Президентимиз фармонидан келиб чиқиб O‘zLiDeP “Аёллар қаноти”нинг устувор вазифалари белгилаб олинди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1444
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+