Тадбиркорлар тижорат банклари фаолиятидан мамнунми?

21.02.2018, 19:07

Тадбиркорлар тижорат банклари фаолиятидан мамнунми?

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида ана шу масала муҳокама этилди. Унда депутатлар Наманган шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Улуғбек Холиқовнинг ҳисоботини  тинглади.

– 2017 йилда шаҳарда 119 та лойиҳа амалга оширилиб, 3 минг 781 та янги иш ўрни яратилди. Шаҳар маҳаллий бюджети эса 255 млрд 841 млн 522 сўм ўрнига 263 млрд 284 млн 654,2 минг сўм қилиб ортиғи билан бажарилди, – дейди У. Холиқов ўз ҳисоботида. – Айни чоғда эса шаҳарда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда. Масалан, тадбиркорлар учун энг долзарб масалалардан бири уларни ер майдонлари билан таъминлаш эканлигини эътиборга олиб, “Орзу” кичик саноат зонасидан уларга ер майдонлари ажратиб берилди. Бироқ олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, тадбиркорларнинг ўз фаолиятларини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган айрим муаммолар ҳам учраб турибди. Тижорат банклари томонидан кредит ажратилишида  юзага келаётган турли муаммолар эса тадбиркорларни  сарсон саргардон қилмоқда.                                                         

Банк  вакиллари  қандай  фикрда?

Марказий банк вилоят бош бошқармаси бўлим бошлиғи Даврон Мунавваровнинг айтишича, банкларнинг тўлов қобилияти мустаҳкам бўлиши учун кредит ва бошқа мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар ўз вақтида қайтиб келиши зарур. Ҳар йили пахта, ғалла учун фермер хўжаликларига кредит маблағлари берилади. Бироқ бу маблағларни тўлиқ ва ўз вақтида қайтариш масаласида муаммолар бор. Айрим фермер хўжаликлари шартнома режасини бажаролмай иқтисодий таназзулга учраб, тугатилмоқда, уларнинг ўрнида янги фермер хўжаликлари тузилади. Лекин тугатилган фермер хўжалигидан банк қарзларини ундириш масаласи муааллақ бўлиб қолмоқда. Бу эса банкларнинг иқтисодий ҳолатига салбий таъсирини ўтказмоқда.

– 2017 йилда 3 млрд сўмга яқин  9 фоизли имтиёзли кредит бердик, – дейди Халқ банки амалиёт бўлими бошлиғи Шуҳрат Жўрабоев. – Лекин бу маблағлар ўз вақтида тўлиқ қайтмади. Айримлар ҳатто чорвачилик учун олган кредит маблағини бошқа мақсадларга ишлатиб юборганликлари ҳам аниқланди. Шунинг учун кредит ажратишда кафиллик, гаров масаласига жиддий эътибор берилмоқда.

O‘zLiDeP вакиллари нима дейди?

– Банк вакиллари кредитларнинг қайтарилиши бўйича муаммолар борлигини айтишди. Лекин бунга уларнинг ўзлари ҳам сабабчи, деб ҳисоблайман, – дейди O‘zLiDeP Наманган шаҳар Кенгаши раисининг ўринбосари Атхамжон Тўраев. – Нима учун банкларнинг ўзида берилган кредитларнинг мақсадли ишлатилишини назорат қиладиган тизим йўқ. Бўлса ҳам, изчил ишламайди. Натижада кредит маблағларини мақсадсиз ишлатиб юбориш ҳолатлари юзага келмоқда. Тан олиш керак, бугун кўпгина лойиҳаларни молиялаштиришда айрим банклар бу бизнинг мижоз эмас, деб ўзини четга олишади. Бу эса фуқароларнинг олган кредитларини мақсадсиз ишлаштишларига туртки бўлмоқда. Шундай экан, банклар ҳам бу жараёнда бефарқ бўлмасликлари керак.

Таъкидлаш керак, ҳисоботлар ҳам, депутатлар муҳокамаси ҳам жуда жонли, баҳсли тарзда ўтди. Йиғилишда шундай хулосага келиндики, бугун иқтисодиётни ривожлантиришда, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда банкларнинг амалий кўмагига эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам кучайган. Чунки бугун Наманганда янги-янги тадбиркорлик субъектлари иш бошлаяпти. Улар саноат, қурилиш, савдо ва маиший хизмат соҳаларида янги иш ўринлари яратиш бизнес лойиҳалари билан чиқмоқда. Уларнинг ўз фаолиятини йўлга қўйиш учун эса кўмак керак, холос.

Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.   

 O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    3253
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+