“Касбимни пухта эгаллаб, Ўзбекистонга қайтаман”

22.02.2018, 17:49

“Касбимни пухта эгаллаб, Ўзбекистонга қайтаман”

дейди Куала-Лумпур шаҳридаги “International Asian Pacific University” нинг халқаро бизнес ва менежмент факультети талабаси Бобур Мираҳматов

Аввал хабар қилинганидек, O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” қошида ташкил этилган контакт гуруҳи томонидан турли давлатларда, дунёнинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик йигит-қизлар билан мунтазам мулоқот ўрнатилган. Бобур Мираҳматов ана шундай фаол ёшлардан бири бўлиб, бизнинг чақириғимизни кутиб ўтирмасдан, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасига келди ва фикр-мулоҳазалари, келажакдаги мақсадлари билан ўртоқлашди. Қисқа суҳбатимиз давомида Бобурнинг ватанпарварлиги, илмга чанқоқлиги, фикрининг тиниқлиги, дунёқарашининг кенглиги каби фазилатларини кўриб, партиямиз сафи ана шундай ёшлар ҳисобига кенгайиб бораётганидан қувондик.

 – Бобур, партиямизга аъзо бўлганингиз билан табриклаймиз.

– Раҳмат.

– Айтинг-чи, нега айнан чет элда ўқишни хоҳладингиз, мамлакатимизда ҳам йирик университетлар бор-ку! Қолаверса, хорижнинг етакчи олий таълим муассасалари филиаллари ҳам очилган.

– Очиғи, шу саволни кутгандим. Юртимиздаги олий таълим даргоҳлари ҳар қандай талабга жавоб бера олади. Гап бунда эмас. Мен ўз соҳамнинг етук мутахассиси бўлишни истайман. Мақсадим – бизнес-менежмент бўйича дунё тажрибасини пухта ўрганиш. Келажакда билим ва тажрибам билан Ўзбекистонимиз тараққиётига хизмат қилишни хоҳлайман. Шунинг учун ўқиш ва изланишдан тўхтамайман.

– Кўпчилик ёшлар таҳсил ниҳоясига етгач, хорижда қолиб, кўпроқ пул топишга ҳаракат қилишади. Сиз ҳам шу фикрдамисиз?

– Ҳозиргина мақсадим нима эканлигини айтиб ўтдим. Яна ва яна қайтаришдан чарчамайман. Мен ўқишни тамомлаб, ўйлаб ҳам ўтирмасдан Ватанга қайтаман. Агар ишингизни устаси бўлсангиз, юртимизда ҳам чет элникидан қолишмайдиган шарт-шароит яратишга, худди ўшанча маош тўлашга тайёр корхона ва ташкилотлар жуда кўп. Яқинда O‘zLiDeP томонидан ўтказилган “Ўзбекистон фаол тадбиркорлари” анжуманида қатнашдик. Эсингизда бўлса, ўша ерда наманганлик тадбиркор Олим Исаев бизнес юритиш борасида энг катта муаммо бу менежерлар, яъни иш бошқарувчилар етишмаслиги ҳақида гапириб, юртимизда айнан шу соҳанинг етук мутахассисларига эҳтиёж юқорилигини алоҳида таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам, ишлаб чиқариш, маркетинг масалаларида тадбиркорларга тажрибали, билимли менежер сув ва ҳаводек зарур. Бугун бизнес оламида номи чиққан корхоналарнинг машҳур бўлиши ҳам менежерлар фаолияти билан боғлиқ. Шу боис мен тадбиркоримизнинг бу фикрларини ўзига хос чақириқ сифатида қабул қилдим ва ўқишни тамомлагач, юртимга қайтиб, менежерлар тайёрлашга ҳисса қўшмоқчиман.

Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан биз ёшларга яратиб берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, янгиликлар, инновацион ғоялар асосида бор куч ғайратимни сафарбар қилишга ваъда бераман.

– Яхши менежер, яхши бизнесмен бўлиш учун қандай хусусиятларга эга бўлиш керак, деб ўйлайсиз?

– Ушбу соҳа эгалари, аввало, психологияни яхши билиш керак. Фақат умумий психологияни эмас, инсон ўз руҳиятини ўрганишини ҳам назарда тутяпман. Ўзини англамаган, мақсадини тушуниб етмаган инсон бировни ҳеч қачон тушуна олмайди. Психология инсоннинг онгу шууридаги ғояларига тўсиқлик қилиб турган ҳар хил кераксиз информацияларни енгиб ўтиш ва ўзига ишончни мустаҳкамлашда катта роль ўйнайди. Масалан, мен таҳсил олаётган университетда ким қайси йўналишда ўқишидан қатъи назар, психология курсини ўташи зарур. Бу методик усул талабага ўзи танлаган йўл тўғри ёки нотўғри эканини англашга ёрдам беради. Қандай тушунтирсам экан, масалан, мен бир йил давомида шу фанни ўқиб, ҳақиқатан нимани хоҳлаётганим, ўзим танлаган соҳанинг эртага ҳақиқий эгаси бўла оламанми, шу соҳага ростдан қизиқаманми, деган саволларимга жавоб олдим. Агар ўзим унчалик қизиқмасдан, шунчаки ўқиш керак бўлгани учун шу соҳани танлаганимда, бир марта факультетимни ўзгартириш, бошқа йўналиш танлаш имконияти мавжуд.

Бизнесда ҳам психологиянинг роли жуда муҳим, деб ўйлайман. Чунки бизнес қилаётган инсон энг биринчи навбатда ўз олдига қўяётган мақсадларини яхши тушуниб олиши керак. Шунингдек, бизнес ҳамкорларнинг характерини билиш каби хусусиятларни шакллантиришда ҳам психологиянинг ўрни беқиёс. Қолаверса, тадбиркорнинг таввакалчи деган номи бор. Таваккални тўғри таҳлил қила билиш ҳам алоҳида қобилият талаб этади.

– Бобур, O‘zLiDeP ва унинг “Ёшлар қаноти” фаолияти билан яқиндан танишдингиз. Дастлабки таассуротлар қандай?

– Малайзияга жуда яхши таассуротлар билан қайтаяпман. Чунки, мени партияда жуда самимий ва илиқ кутиб олишди. Ўзаро  фикр алмашиш жараёнида ўзимни қизиқтирган саволларга жавоб олдим. Энг муҳими, ҳамкорликда бир қатор ишларни амалга оширишга ҳам келишиб олдик. Хусусан, Малайзияда ўқиётган  мингдан зиёд ўзбекистонлик талабаларни бир жойга тўплаб, гуруҳ тузган ҳолда онлайн конференция ўтказиш ва унга ўзим бош-қош бўлиш ташаббуси билан чиқдим. Улар буни бир овоздан маъқуллашди. Мақсадимиз, хорижда таҳсил олаётган ёшларимизни мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан таништириш, уларни ўйлантираётган саволларга биргаликда жавоб топиш, онлайн кўрик-танловлар ўтказишдан иборатдир. Тўғрисини айтиш керак, хорижда таҳсил олаётган кўпчилик тенгқурларим айни дамда юртимизда ижтимоий-сиёсий муҳит, олиб борилаётган янгича ислоҳотлар ҳақида етарлича тасаввурга эга эмас. Шунингдек, кейинчалик ушбу гуруҳ фаолиятини кучайтириб, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини Малайзияда кенг тарғиб қилмоқчимиз.

Мавзуга оид:

»»» Умида Рўзимбетова, Бристоль университетининг давлат бошқаруви йўналиши бўйича магистранти:

»»» Азиза Зоирова, Деҳли университети сиёсатшунослик факультети талабаси (Ҳиндистон):

»»» Ҳамид Камолов, Сежонг университетининг давлат қурилиши йўналиши магистранти (Жанубий Корея):

»»» Жасур Жўраев, Солбриж университети талабаси (Жанубий Корея):

»»» Нуруллоҳ Камолхўжаев, Вусонг университети талабаси (Жанубий Корея):

»»» Саҳобиддин Раҳматуллаев, Люблин иқтисодиёт ва инновация олий мактаби талабаси (Польша):

»»» Нодир Тошов, Калифорния университетининг ахборот-коммуникация технологиялари йўналиши магистранти (АҚШ):

»»» Абдулаҳад Шаропов, Йель-Сингапур миллий университети талабаси (Сингапур):

»»» Камолиддин Мансуров, Рур университети филология факультети магистранти (Германия):

»»» Суҳроб Тошпўлатов, Чикагодаги Конкордия университети психология факультети магистранти (АҚШ):

»»» Шахина Искандарова, Гамбург университети 3-босқич талабаси (Германия):

»»» Муқаддам Аҳмедова, халқаро муносабатлар магистри, Цукуба университети докторанти (Япония):

»»» Алексей Ким, Хальт халқаро бизнес мактаби тингловчиси (АҚШ):

»»» Достонбек Нуралиев, Эдинбургдаги Ҳериот Ватт университетининг нанотехнологиялар йўналиши бўйича магистранти (Буюк Британия):

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    849
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг. ЭСЛАТМА! ЖЎНАТИШ ТУГМАСИНИ БОСГАНИНГИЗДАН СЎНГ БИЛДИРГАН ФИКРИНГИЗ ШУ ЗАҲОТИ КЎРИНИШИ УЧУН САҲИФАНИ ҚАЙТА ЯНГИЛАНГ (ОБНОВИТЬ).

+