Самарқанд: ютуқ ва муаммолар баробар

01.03.2018, 14:11

Самарқанд:  ютуқ ва муаммолар баробар

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида вилоятдаги партия Кенгаши ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда вилоят партия кенгаши томонидан ҳудудда тадбиркорликни янада ривожлантириш, соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни партиявий механизмлар билан бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда вилоят кенгаши аъзолари, депутатлар, ҳудудий кенгашлар раислари ҳамда масъул ходимлари қатнашди.

Самарқанд вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини ушбу соҳага кенг жалб қилиш борасида жуда катта имкониятлар мавжуд. Соҳанинг салоҳиятини шунда ҳам кўриш мумкинки, бугун вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг улуши 70,5 фоизни, хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши 45,1 фоизни ташкил этмоқда ва бу кўрсаткичлар янада ўсиб бормоқда. Кичик бизнесни ривожлантириш мақсадида тижорат банклари томонидан ажратилган 1 триллион 425,9 миллиард сўмлик кредит натижасида 3259 та кичик бизнес субъекти ташкил этилган бўлиб, уларнинг сони 17 мингдан ошган.

Хўш, вилоятда тадбиркорликни ривожлантиришга халақит бераётган омиллар нималардан иборат? Тадбиркорларни нималар ўйлантиряпти, муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш борасида партия вилоят Кенгашининг ўрни қандай бўлмоқда?

Мажлисда ушбу масалалар хусусида ҳам сўз борди. Бугун вилоятда тадбиркорларни ўйлантираётган асосий масалалардан бири уларга ер, ишламай турган биноларни ажратиш масаласи ҳисобланади. Ваҳоланки, бу борада партия томонидан ҳам эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар талайгина. Хусусан, вилоят бўйича 1569 та аввал хусусийлаштирилган объектнинг бино-иншоотлари ва майдонлари хатловдан ўтказилганда 369 таси бўш тургани, 812 таси фаолият кўрсатаётгани, 388 таси бузилиб кетгани ёки ўрнига бошқа объектлар қурилгани аниқланган. Демак, янги ривожланиб бораётган тадбиркорлик субъектларида бундай иншоотлар, ишлаб чиқариш майдонларига эҳтиёж кучаяётган бир шароитда шунча объектларнинг бекор туриши, албатта, эътибор қаратиш лозим бўлган масалалардандир.

Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш борасида ҳам ниҳоятда кенг имкониятларга эга бўлган ҳудуд ҳисобланади. Албатта, бу борадаги муаммолар, хусусан, сайёҳларга хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришда асосий омиллардан бири кадрлар салоҳиятини шакллантириш масаласи ушбу соҳа тадбиркорлари томонидан тез-тез кўтарилаётир. Бу борада зарур тадбирларни амалга ошириш, керак бўлса, соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини қайта кўриб чиқиш ҳам партия ва ундан сайланган депутатлик гуруҳлари олдидаги муҳим вазифалардандир.

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш муҳим вазифа сифатида қўйилаётган бир даврда тадбиркорликни ушбу соҳага йўналтириш, керак бўлса, маҳаллий ва чет эллик мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўқувлар ташкил этиш ҳам устувор масалалардан бўлиб қолмоқда. Масала моҳиятини ўрганиш натижасида аксарият тадбиркорлик субъектларида экспорт билан шуғулланиш учун етарли имконият бўлган шароитда ҳам бу борада фаоллик кўрсатмаётганига етарли даражада билим ва кўникмаларнинг йўқлиги тўсиқ бўлиб қолаётгани сезилмоқда. Ҳудудий партия ташкилоти мазкур йўналишда ҳам тизимли ишларни йўлга қўйишни муҳим вазифаларидан бирига айлантириши лозимлиги йиғилишда алоҳида қайд этилди.

Уюшмаган ёшларни тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятига қизиқтириш, бизнесини бошлаш учун шароит яратиш “Ёшлар қаноти”нинг асосий вазифаларидан саналади. Шуни чуқур англаган ҳолда ўтган йилнинг февраль-март ойида 1 323 нафар вақтинча ишсиз, уюшмаган ёшлар ўртасида ижтимоий сўровнома ўтказилганида 1 236 нафари ушбу фаолиятга қизиқиши маълум бўлди. “Ёшлар бандлигини таъминлаш энг муҳим вазифамиз!” шиори остидаги тадбирлар давомида уларнинг 121 нафари ишга жойлаштирилди. 2018 йил ҳисобидан тадбиркорлик субъектларида ташкил этилган тадбирлар давомида эса 30 га яқин уюшмаган ёш иш билан таъминланган. “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси доирасидаги ўқув-семинарларида иштирок этган 448 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчисининг 136 нафарига эса банкдан сармоя олиб иш бошлашда кўмаклашилди.

Мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш Тайлоқ, Пайариқ, Оқдарё туманларида кам ташкил этилган. Халқ депутатлари кенгашлари сессиялари муҳокамасига киритилган таклифлар ва улар юзасидан қабул қилинган қарорлар борасида фаолиятни яхшилаш лозим. Маълумки, юртбошимиз сиёсий партиялар фаолиятини янада жонлантириш, депутатлик гуруҳлари салоҳиятини барча туман кенгашларида кучайтириш вазифасини қўйган эди. Аммо депутатлар корпуси салоҳиятидан барча туман кенгашларида ҳам унумли фойдаланилмаяпти. Масалан, ўтган йил давомида депутатлик гуруҳларимиз томонидан Жомбой, Пахтачи, Ургут каби халқ депутатлари туман кенгашлари сессиялари муҳокамасига бирорта ҳам масала олиб чиқилмаган.

Мана, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологиялар йили”нинг ҳам икки ойи ўтди. Натижалар эса қониқарсиз: Иштихон, Қўшработ, Жомбой туманларида ижрочи котиб лавозимлари вакант бўлиб қолмоқда, кадрлар заҳираси камчиликлардан холи эмас. Фаолиятимиз қамровининг ниҳоятда кенглигидан келиб чиқиб депутатлик гуруҳларимиз масалага жиддий ёндашиб, вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари биргаликда бир ёқадан бош чиқариб вазифаларни уддалашига ишонамиз.

Мажлисда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. O‘zLiDeP Самарқанд вилояти кенгаши раиси вазифасига партия ижроия қўмита аъзолари билан келишилган ҳолда Жомбой туманидаги “Мароқанд мева сабзавот” масъулияти чекланган жамияти бош директори Меҳрож Файзилов номзоди бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Шундан сўнг O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгашининг навбатдаги вазифалари бўйича тегишли қарори қабул қилинди.

 

Йиғилишда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Бахтиёр Якубов иштирок этди.

 

“XXI asr”

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1497
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+