Тадбиркорнинг ҳақи ундириб берилди

02.03.2018, 12:12

Тадбиркорнинг ҳақи ундириб берилди

Бугунги иқтисодий тараққиётимизни тадбиркорларимиз ҳиссасисиз тасаввур қилиш қийин. Хусусий секторда ишлаб чиқарилаётган хилма-хил маҳсулотлар халқимиз фаровонлигини таъминламоқда. Шундай бўлса-да, ишбилармонларнинг қимматли вақтини беҳуда югур-югурларга сарфлашига мажбур қилаётган қонунбузарлар ҳам йўқ эмас. Ишбилармонларнинг бузилган ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялашда иқтисодий судлар муҳим ўрин тутмоқда.

Фарғона вилоят адлия бошқармаси томонидан “Фарғона Шоҳрухмирзо” оилавий корхонаси манфаатини кўзлаб судга киритган даъво аризаси кўриб чиқилди. Маълум бўлишича, Президентнинг 2011 йил 15 ноябрдаги “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан шаҳарда кенг кўламдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган. Буюртмачи – Фарғона шаҳар ҳокимлигининг қурилиш дирекцияси ва бажарувчи – “Фарғона Шоҳрухмирзо” оилавий корхонаси ўртасида 2013 йил 8 ноябрь куни шартнома имзоланган. Бажарувчи таъмирланган объектлар ва кўчаларни рақамли фотосуратга олиш, компьютерда таҳрирлаш, электрон шаклда архив материаллари ҳамда фотоальбомларини тайёрлаш каби жами 32 миллион 365 минг сўмлик хизматни амалга оширган. Аммо буюртмачи шартнома имзоланган кундан 2015 йил 31 октябрга қадар бажарилган ишнинг 27 миллион сўмини тўлаб, қолган маблағни тўлашни пайсалга солиб келган. Тадбиркорлик субъекти раҳбари М.Аҳмадалиевнинг кечиктирилган пулни тўлашни сўраб қурилиш дирекцияси масъулларига қилган қайта-қайта мурожаати ҳам жавобсиз қолган.

Энди лафзнинг қоғоздаги кўриниши бўлмиш шартнома талабларига назар солсак. Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг тегишли бандига биноан тўлов ўз вақтида амалга оширилмаган тақдирда ҳар бир кечиктирилган кун учун тўланмаган сумманинг 0,4 фоизи, лекин 50 фоизидан ошмаган миқдорда устама белгиланган. Бинобарин, вилоят адлия бошқармасининг даъво аризасида шаҳар ҳокимлигининг қурилиш дирекциясидан “Фарғона Шоҳрухмирзо” оилавий корхонаси фойдасига 5 миллион 365 минг сўм асосий қарз, 2 миллион 682 минг 500 сўм устама, жами 8 миллион 50 минг 500 сўм ундириш сўралган.

Дарвоқе, Фуқаролик кодексининг 333-моддасига кўра: “Қарздор айби бўлган тақдирда, мажбуриятни бажармагани ёки лозим даражада бажармагани учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради”. Шунинг учун суд даъвони тўлиқ қаноатлантирди. Тадбиркорнинг бузилган ҳақ-ҳуқуқлари тикланди.

Гувоҳи бўлганингиздек, судлар томонидан тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳар томонлама ҳимоя қилинмоқда. Шундай экан, айрим қонунбузар амалдорларга қарата: “Ишбилармонларга тўсиқ бўлманг, улар ҳамиша давлатимиз ҳимоясида!” дегимиз келди.

Акмалжон РАҲИМОВ,

Фарғона туманлараро

иқтисодий суди раиси

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1784
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+