O‘zLiDeP Сиёсий Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди

22.09.2016, 18:45

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди

2016 йил 16 сентябрда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Йиғилиш аввалида мажлис иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасини ёд этиб, ҳурмат бажо келтирдилар.

Мажлисда жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида O‘zLiDePнинг иштироки билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу жараёнда O‘zLiDePнинг фаол иштирок этиши алоҳида таъкидланди. Ушбу масалалар мамлакатимиз қонунчилиги, хусусан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонун нормаларига тўла риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши белгилаб олинди.

Мажлис иштирокчилари мазкур сайловларда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг номзоди ҳақидаги масалани ҳам атрофлича муҳокама қилдилар.

Хусусан, жойлардаги сайловчилар ва электорат хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб партиянинг навбатдаги VIII съездида Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини кўрсатиш якдиллик билан қўллаб-қувватланди.

Муҳокамалар давомида таъкидланганидек, Ш.М.Мирзиёев давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибага, аҳоли ўртасида катта ҳурмат-эътиборга эга бўлиб, ўтган йиллар давомида мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамолигида амалга оширилган кенг кўламли сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг ҳаётга изчил тадбиқ этилишида юксак раҳбарлик салоҳияти ва моҳир ташкилотчилик қобилиятини намоён этди.

Партия Ш.М.Мирзиёевни мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча жабҳаларини демократлаштириш ва либераллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлаш ва жамият тараққиётининг янги босқичида янада юқори даражага кўтариш салоҳиятига эга, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Ватан равнақи, барқарор иқтисодий ривожланиш ва халқ фаровонлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг муваффақиятини таъминлашда масъулиятни тўла зиммасига олишга қодир бўлган шахс сифатида билади.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 242-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилишини инобатга олиб, мажлис қатнашчилари томонидан навбатдаги партия съездини 2016 йил 14 октябрда ўтказишга келишиб олинди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши, шунингдек, мамлакатимиз сайлов қонунчилигида белгиланган муддатларда Марказий сайлов комиссиясига партиянинг сайловлардаги иштироки билан боғлиқ ҳужжатларни ўз вақтида тақдим қилиш, жойларда ушбу муҳим тадбирга тайёргарлик борасидаги партия вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари конференцияларини ўтказиш ва бошқа зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тегишли қарор қабул қилди.

Шу билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг мажлиси ўз ишини якунлади.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    2097
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Ташимов Менлимурат 2018-05-15 17:21:03

Ушбу қарор мамлакатимизнининг янада ривож топишида, янги янги ғояларнинг, янги иш ўринларнинг пайдо бўлиши иқтисодиётимизнинг ривожланишида ҳиссаси зўр бўлади деб ишонамиз


Аптаров Аслиддин O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши ходими 2018-05-09 13:27:18

“Фаол тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни ривожлантириш учун шарт-шароитларни яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори мамлакатимизда янги техналогия ва ишланмаларнинг ривожланишини янги тараққиёт босқичига олиб чиқади.


О.Атақулов-Навбаҳор туман Кенгаши аппарат раҳбари2018-05-09 08:11:31

Инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар қўллаб-қувватланиши авваламбор ёшлар учун катта имконият деб ўйлайман. Бундай қўллаб-қувватлашдан кейин албатта яхши натижалар бўлади.


Ш.Абдурасулов Арнасой тумани аппарат рахбари2018-05-08 19:08:47

Инновацион ғоялар тежамкорлик,янгилик,техника ва шу қаторда иқтисодимизга жуда катта маблағ демакдир.


Жиззах вилояти Туман Фермерлар Кенгаши БПТ раиси Эрназаров Акбар 2018-05-08 17:34:24

Инновацион ғоялар бу давлатимиз ривжланишига олиб келади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+