Рекрутинг фаолияти ҳаётга татбиқ этилмоқда. У нима ўзи?

05.04.2018, 10:23

Рекрутинг фаолияти ҳаётга татбиқ этилмоқда. У нима ўзи?

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор масалалар депутатлар томонидан муҳокама қилинди.

Дастлаб Президентимизнинг жорий йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда банк соҳасида рўёбга чиқарилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар хорижий сармоядорлар, халқаро молия институтлари ва жаҳон банк тизимидаги кўзга кўринган мутасаддилар томонидан юксак эътироф этилмоқда. Чунончи, ўтган йилнинг сентябрь ойида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишига қулай шароитлар яратилди, чет эл валютасида ажратилган кредитларни банкларнинг кредит сиёсати ҳамда ўзаро келишув асосида исталган валютада қайтариш имконияти очилди, валюта бозорини либераллаштириш бўйича давлат иқтисодий сиёсатининг энг муҳим йўналишларининг тўлиқ ижроси таъминланди, ташқи савдонинг барча қатнашчиси ҳам ҳуқуқий, ҳам иқтисодий жиҳатдан тенглаштирилди. Бу юртимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётини жадаллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

— Амалиётда банк соҳасига оид миллий қонунчилик базаси тўлиқ шаклланган бўлса-да, юридик шахслар ҳамда фуқароларимиз томонидан кўтарилаётган кўплаб масалаларнинг илдизи банкларга бориб тақалаётганини, тизим фаолиятини янада такомиллаштириш, ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда айрим муаммолар мавжудлигини кўрсатаётган эди, — дейди O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Адҳам Назирқулов. — Қарор билан дастлабки рухсатлар олишнинг саноқсиз тартиб-таомиллари бартараф қилиниши, банк муассасасига мижознинг ҳужжатсиз кириши, айниқса, маслаҳатлар хизматлари очиқлиги таъминланаётганини эътиборга оладиган бўлсак, биз том маънода “янги банк маданияти”нинг шаклланишига тамал тоши қўйилганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Айтиш мумкинки, мазкур ҳужжат банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда долзарб аҳамиятга эга.

Фракция аъзоларининг фикрича, ушбу қарорнинг тезкорлик билан ижро этилиши тадбиркорлар, қолаверса, бутун халқимизнинг банк тизимига бўлган ишончини янада оширишда тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммо ҳамда камчиликларни бартараф қилишга эришилишини кафолатлайди.

Йиғилишда “Рекрутинг фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан қизғин фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, унда бандликка кўмаклашиш бўйича хизматлар бозорида рақобатдош муҳитни яратиш масалалари илгари сурилган бўлиб, Ўзбекистонда рекрутинг агентликлари фаолияти билан боғлиқ муносабатлар қонунчилик билан тартибга солинмоқда.

— Мазкур қонун лойиҳаси Халқаро меҳнат ташкилотининг Хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги конвенциясининг халқаро стандартларини ва рекрутинг фаолиятини ташкил этиш ҳамда ривожлантиришнинг хориж тажрибасини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган, — дейди O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Ойбек Эгамов. — Қонуннинг қабул қилиниши фуқароларни мамлакатимиз корхоналари ҳамда чет элда иш билан таъминлаш имкониятларини жиддий равишда кўпайтириш ва кенгайтириш, давлат хизмати ҳамда хусусий сектор томонидан аҳоли бандлигига кўмаклашиш механизмларини аниқ тартибга солиш, ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилаётган хизматлар тартиби ва шартларини, рекрутинг агентликлари, корхоналар ҳамда иш қидираётган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаш имконини беради.

Муҳокамаларда кун тартибидан ўрин олган бир қатор қонун лойиҳалари, шу жумладан, фракция ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, улар юзасидан фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди, тегишли қарорлар қабул қилинди.

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1839
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+