Жорий йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида 3 триллион 40 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади

09.04.2018, 21:41

Жорий йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида  3 триллион 40 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади

Бугун халқимизнинг дунёқараши, одамларимизнинг сиёсий онг ва тафаккури ўзгарди. Эътиборли жиҳати, юртимизда кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишларига катта эътибор қаратилмоқда.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини янада кучайтириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси барча соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарилишида, мамлакатнинг давлат ва жамият ривожланиши истиқболини стратегик режалаштириш тизимига сифат жиҳатидан янги ёндашувларни бошлаб берган ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Хозирги кунда юртимизнинг ҳар бир ҳудудида жадал суръатларда қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, қўп қаватли иморатлар, замонавий типдаги янги уйлар, кўприклар, автомобиль ва темир йўллар, ижтимоий ва иқтисодий соҳа объектлари қуриш натижасида бугунги кунда мамлакатимиз улкан қурилиш-бунёдкорлик майдонига айланди.

Энди бўлса, асосий эътибор қишлоқларимизни обод қилиш, қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароит яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш мақсадида бошланган “Обод қишлоқ” дастури доирасидаги қурилиш ишларига қаратилди.

Яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармони ва “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қишлоқларимизни обод қилишни янги босқичига олиб чиқишда муҳим ўрин тутади.

Бугунги кунда республикамиз аҳолисининг кўпчилик қисми қишлоқ ҳудудларида яшаб келмоқда. Сўнгги йилларда қишлоқ аҳолиси учун янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қурилаётгани, хусусан, 2017 йилда қишлоқ жойларда 18 мингдан ортиқ оилалар учун ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасига эга шинам уйлар барпо этилганини алоҳида эътироф этиш жоиздир.

Жойлардаги аҳоли билан учрашув ва мулоқотларда ҳам чекка қишлоқлардаги аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар аҳолининг уй-жой ва маиший шароитларини яратиш борасида айрим муаммолар борлигидан далолат бермоқда.

Жумладан, электр тармоқларидаги авариялар туфайли электр таъминоти узилишлари, суюлтирилган газ баллонларининг етишмаслиги, ҳудудларда автомобиль йўлларини таъмирталаблиги, ичимлик суви қувурлари ва иншоотлари яроқсизлиги каби муаммолар қишлоқ аҳолисининг мурожаатларига сабаб бўлмоқда.

Албатта, бундай ҳолатлар ҳеч кимни, айниқса, мазкур ҳудудларда яшаётган аҳолини қониқтирмайди. Ишлаб чиқилган дастурнинг асосий мақсади ушбу вазиятни тубдан ўзгартириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилашдан иборат.

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб республиканинг ҳар бир туман ва шаҳрида, аввало, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда 2018 йилда 2 тадан ва келгуси йилларда 3 тадан қишлоқда (маҳаллада) аҳолининг яшаш шароитларини босқичма-босқич тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга, мазкур қишлоқларнинг (маҳаллаларнинг) қиёфасини замонавийлаштиришга ва қишлоқ аҳолиси учун иш жойларини яратишга қаратилган “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилади.

2018 йилда мамлакатимизнинг 174 та туманидаги 368 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларини комплекс равишда янгилаш чора-тадбирлари қабул қилинган дастурнинг устувор мақсадлари сифатида белгиланган.

Дастурда, айниқса, 127143 та уй-жойни таъмирлаш, уларнинг томини, ташқи кўриниши, ён-атрофини ободонлаштириш ишлари алоҳида ўрин эгаллаган.

Дастур доирасида 1535 километр тоза ичимлик суви тармоқларини таъмирлаш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, қишлоқларни туман маркази билан боғлайдиган ҳамда қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш учун жами 2083 километр йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, лизинг асосида 571 замонавий автобус харид қилиб, қишлоқ ва туман маркази орасида транспорт қатновини йўлга қўйиш ва ушбу йўналишларда 252 та бекат барпо этиш назарда тутилган.

Халқаро молия институтларининг кредитлари ҳамда корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан 1847 километр электр таъминоти тармоқларини яхшилаш, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш учун 44868 та газ баллони етказиб бериш ҳамда алоқа тизимини модернизация қилиш ишлари ҳам амалга оширилади.

Маълумки, ижтимоий аҳамиятга эга хизматларни тубдан яхшилаш давлатнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, болалар боғчаси, мактаб, оилавий поликлиникалар ва шу каби бошқа жами 736 та ижтимоий соҳа объектини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилиб, лаборатория ва замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.

Албатта, жойларда бозор инфратузилмаси объектлари ва сервис шохобчаларини, жумладан, ҳаммом ва кичик бозор шохобчаларини тадбиркорлик асосида бунёд этиш алоҳида аҳамият касб этади.

Дастурни амалга ошириш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида “Обод қишлоқ” мақсадли жамғармалари тузилади. Бюджет, тармоқ корхоналарининг, халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грантлари, ташаббускор тадбиркорлар маблағлари, ҳашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағларни ушбу жамғармалар манбалари сифатида белгилаш кўзда тутилмоқда.

Биргина жорий йилда дастур доирасида назарда тутилган ишларга барча манбалар ҳисобидан 3 триллион 40 миллиард сўмдан зиёд маблағлар ишончли ва мунтазам равишда йўналтирилади.

Дастурда ўз аксини топган йўналишларни амалга ошириш юзасидан тегишли лойиҳа-смета ҳужжатларининг меъморий ва техник ечимлари асосида пухта ишлаб чиқилишини таъминлаш мақсадида 190 га яқин тажрибали ва малакали лойиҳа институтлари жалб қилинади.

Умуман олганда, мазкур дастурнинг қабул қилиниши ва ҳаётга изчил татбиқ этилиши маҳаллаларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, бу борадаги қадриятларимизни изчил давом эттирган ҳолда, барча ҳудудларда кенг кўламли бунёдкорлик ишларини бажариш орқали қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш, энг асосийси, ёшларни хайрли ишларга даъват этишга хизмат қилади.

 Қутлимурат БАБАШЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    1368
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+