Ўзбекистон тез орада балиқ етиштирувчи мамлакатдан уни экспорт қилувчи мамлакатга айланади

11.04.2018, 11:28

Ўзбекистон тез орада балиқ етиштирувчи мамлакатдан уни экспорт қилувчи мамлакатга айланади

янги қарорда бу борада аниқ вазифалар белгиланди

Маълумотларга қараганда, ҳозирги вақтда дунёда 800 миллиондан ортиқ киши тўйиб овқатланиш имкониятига эга эмас. Бу озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши аҳоли сони ва эҳтиёжларининг ортишидан орқада қолаётганини, айниқса, қишлоқ хўжалиги ҳамда қайта ишлаш саноати ривожи учун етарли шароит мавжуд бўлмаган мамлакатларда муаммо тобора чуқурлашиб бораётганини кўрсатади.

Ҳақиқатан ҳам ер юзида аҳоли сонининг муттасил ортиб бориши ҳамда бугунги глобал иқлим ўзгаришлари шароитида озиқ-овқат масаласи дунё мамлакатларининг асосий муаммоларидан бирига айланган. Шундай мураккаб бир пайтда мамлакатимизда ҳам аҳолининг муҳим кундалик истеъмол товарларига бўлган талабини тўлиқ қондириш муҳим масалалардан бирига айланган. Ўтган давр мобайнида айнан шу соҳада кўплаб қарор ва фармонлар қабул қилиниб, улар асосида иш самарали йўлга қўйилди.

Хусусан яқинда қабул қилинган “Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори айтиш мумкинки, аҳолини сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш йўлидаги энг муҳим ва ҳаётий қарорлардан бири бўлди.

Унда соҳани ривожлантиришга қаратилган барча муҳим вазифалар қамраб олинган. Аҳамиятли жиҳати шундаки, қарорнинг моҳиятида йирик денгиз ва дарёлардан олисда жойлашган юртимизда балиқчиликни ривожлантириш учун интенсив технологияларни қўллаш, маҳсулот етиштиришнинг муқобил манбаларини қидириб топиш масаласига кўпроқ эътибор қаратилган.

Қарорда акс этган энг катта янгиликлардан бири “Балиқ ишлаб чиқарувчи” эркин иқтисодий зона ташкил этиш бўлди, десак муболаға бўлмайди. Келгусида ушбу ЭИЗ соҳага инновацион ва замонавий интенсив технологияларни кенг жорий қилиш, сунъий сув ҳавзалари ҳосилдорлигини ошириш ҳисобига балиқ овлаш ҳажмларини кўпайтириш каби бир қатор вазифалар амалга ошириш билан жиддий шуғулланади.

Бу жудаям тўғри танланган йўл. Негаки, мамлакатимиз йирик денгиз ва дарёлардан узоқда экан, мавжуд кўл ва сув ҳавзаларидан қолаверса, балиқчилик саноатининг ривожида алоҳида ўринга эга бўлган сунъий ҳавзалар тизимини ривожлантириш зарур. Бу ўзини тўла оқлайди, албатта. Маълумотларга қараганда, бугун дунё аҳолиси истеъмоли учун етказиб берилаётган балиқ ва денгиз маҳсулотларининг асосий қисми айнан сунъий ҳавзаларда етиштирилаяпти. Масалан, Вьетнам давлатида 2016 йилда 6,6 миллион тонна балиқ овланган бўлса, шундан 3,8 миллион тоннаси турли хўжалик юритувчи субъектлар томонидан интенсив усулда етиштирилган.

Тўғри, Вьетнам географик жойлашувига кўра, сув ресурсларига жуда бой мамлакат. Лекин шунга қарамасдан балиқ етиштиришда сунъий ҳавзалардан ўринли фойдаланилади. Боиси мамлакатда етиштирилаётган балиқ маҳсулотларига хорижда талаб катта. Ҳар йили мамлакт балиқ савдосидан кўп миқдорда даромад кўради. Шу боис сунъий ҳавзаларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратаяпти.   

Мазкур усулда яъни бассейнлар ва кўлларда «қа­фас»ларда балиқ етиштиришнинг афзаллиги шундаки, бунда сувнинг сифати бузилмайди ва ўзига алоҳида сув сарфланишини талаб этмайди. Бундай самарали, технологияни ривожлантириш маҳсулот ҳажмини тез ошириш имкониятини беради. Шунингдек, ҳовуз сувини янгилаб туриш имконияти бўлган оилалар ҳам бундан фойдаланиши мумкин.

Қарорнинг яна бир аҳамиятли жиҳати, энг аввало аҳолининг балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, кейинчалик қўшни мамлакатларга экспорт қилиш учун балиқларни қайта ишлаш ва балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш (консерва, икра, балиқ уни ва бошқалар) бўйича замонавий комплексларни ташкил этиш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Электоратининг асосий қисмини тадбиркорлар ва фермерлар ташкил этадиган ЎзЛиДеП учун ушбу масала устувор аҳамиятга эгадир. Чунки, бу биринчи навбатда четдан валютага импорт кўринишида кириб келаётган балиқ маҳсулотлари ўрнини ўзимизда, маҳаллий тадбиркорлар томонидан тайёрланган, сифатли, арзон маҳсулотлар билан тўлдириш имконини беради. Қолаверса, экспорт ҳажмини ҳам оширади.

Олдимизда мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик, хусусан тадбиркор ва фермерларга атрофлича тушунтириш, балиқ ва балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича чет эл тажрибасини ўрганиб, уни тадбиркорлар орасига тарғиб қилиш, ушбу йўналишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш вазифаси турибди. Умуман олганда, Ўзбекистоннинг яқин йиллар ичида балиқ етиштирувчи мамлакатдан уни экспорт қилувчи мамлакатга айланишида бор куч ва имкониятларимизни ишга солишимиз лозим.

Бир сўз билан айтганда, юқорида қайта-қайта таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан республикамизда етти хазинанинг бири бўлган балиқчиликни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Мутахассисларнинг таъкидлашича, юрак-қон томир касалликларида, қонда холестерин даражаси кўтарилганда, камқонлик, беҳоллик ва жисмоний зўриқишда, невроз, тери касалликлари, подагра ва ревматизмда, кўриш қобилияти сустлашганда парҳезбоп гўшт балиқ кони фойдадир. Болалар балиқдан тайёрланган таомларни истеъмол қилиши натижасида кариес, соч тўкилиши, бўқоқ дардларидан фориғ бўлади. Шу боис ҳам шифокорлар витамин ва минералларга бой ушбу маҳсулотни йил давомида кўпроқ истеъмол қилишни тавсия этади. Демак, балиқ маҳсулотларини кўп етиштириш, қайта ишлаш ва аҳоли ўртасида истеъмолини бир неча баравар кўпайтириш миллионлаб кишилар саломатлигини яхшилашга хизмат қилади.

Акбар МУЗАФФАРОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

сектор мудири

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    3141
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Ҳамраев Нимат Содуллаевич. Самарқанд вилояти Нуробод туман Саройқурғон ўрмон хўжалиги қошидаги БПТ раиси, туман Кенгаши депутати2018-04-28 16:42:03

Нуробод туманида балиқчилик фермер хўжаликлари ташкил этиш, уларга микрокредитлар ажратиш, ушбу соҳага қизиқиши бўлган аҳолини кенг жалб этиш, соҳага ажратилаётган банк кредитлари юзасидан жорий йилнинг 30 апрел куни тижорат банклари, туман ҳокимлиги, туман прокуратураси билан ҳамкорликда депутатлик гуруҳининг сайёр йиғилиши ўзтказиш режалаштирилган.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+