O‘zLiDePнинг “Тадбиркор аёлларнинг муаммоларини ўрганиш гуруҳи”да тўйлардаги кийим-кечак, мебел, тилла-тақинчоқ, келин ва куёв сарполарни чеклаш каби таклифлар билдирилмоқда

11.04.2018, 15:44

O‘zLiDePнинг “Тадбиркор аёлларнинг муаммоларини ўрганиш гуруҳи”да тўйлардаги кийим-кечак, мебел, тилла-тақинчоқ, келин ва куёв сарполарни чеклаш каби таклифлар билдирилмоқда

– Водийда қиз узатган оила куёвнинг уйига 40 кун тоғора ташийди, – дейди тадбикор Гулноза Исломова. – Бу одат эса аксарият водийликларга “оғирлик” қиларди. Тўй харажатларидан сўнг рўзғордан қисиб куёвнинг уйига тоғора жўнатиш кимга ҳам ёқади. Шу боис тоғора жўнатиш урф - одатларини йўқотишни таклиф қиламан.

– Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан ишлаб чиқарилаётган тўй-маракаларни тартибга солиш ҳақидаги қарорни қўллаб қувватлайман, – дейди партия фаоли Нилуфар Назарова. – Тўйлардаги сарпо олиш, икки тарафга жўнатиладиган тоғораларни камайтириш ҳамда бу иш назоратини маҳаллаларга юклаш тарафдориман.

Бу каби таклифларни O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” “Тадбиркор аёлларнинг муаммоларини ўрганиш гуруҳи”да жуда кўп учратишингиз мумкин. Барча таклифлар одамларнинг ичидаги муаммолар, уларни қийнаб келаётган дабдабали урф-одатлар ҳақида.

Гуруҳ аъзоси самарқандлик тадбиркор Сайёра Ваҳобова бешик тўйи, никоҳ тўйларида йиллар давомида  у сандиқдан бу сандиққа ўтиб келадиган, ҳеч ким киймайдиган кераксиз матоларни йўқ қилиш керак, деб айтиб ўтди.  Бу нарсалар кераксиз урф одат бўлиб инсонга фойда келтирмайди аксинча фақатгина зарарга ишлайди, дейди у. O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши “Аёллар қаноти” фаоли Насиба Абдуллаева эса маракалар ҳам дабдаба борасида тўйлардан қолишмаётгани, дастурхон керакли-кераксиз маҳсулотлар билан безатилаётгани ва бу ортиқча сарф харажатлар кераксиз эканини таъкидлайди. Боз устига, маракага борган ҳар бир одам худди тўйдаги каби тоғора келтириши кераклиги “ўйлаб топилган”ни айтиб ўтади.

– Узоқ муддат турмуш қурган оилаларга давлат томонидан бир йилда 4 марта чораклик мукофоти жорий қилинса, – дейди O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири Муяссар Джамолдинова. – Бу оилаларни янада мустаҳкамлашга рағбат бўлади. Давлат томонидан бериладиган мукофот ипотека кредити, фарзандларини тўлов контракти ёки автокредит каби тўловларга йўналтирилса, яхши бўлар эди.

Хоразмлик тадбиркор Саида Ҳабибуллаеванинг айтишича, кийим-кечак, мебел, тилла-тақинчоқ, куёв сарпо, келин сарпо – миллий урф-одатларимизга ёт, бугунги замоннинг “тўқликларида” ўйлаб топилган янги анъана ҳисобланади. Тадбиркор ана шу бемаъни урф-одатларга сарфланадиган маблағни ёш оиланинг оилавий “бюджети”ни шакллантиришга йўналтириш кераклигини тавсия қилади.

Тошкентлик O‘zLiDeP фаоли Дилором Собиржонова шаҳримизда катта урфга айланган “келин салом” тадбирига ҳаддан зиёд кўп харажат кетишини таъкидлайди. Тўй эгалари бу тадбирда нафақат ўзларини, қариндош уруғларни ҳам моддий қийинчиликка қўяди. Бундай урф-одатлардан воз кечиш пайти келди, дейди у “Тадбиркор аёлларнинг муаммоларини ўрганиш гуруҳи”га ёзган мулоҳазаларида.

Дарвоқе, Президентимиз виртуал қабулхонага келиб тушаётган мурожаат ва арзларда ҳам  тўй-маракалар ким ўзарга бўлаётгани, ҳаддан зиёд дабдабани кўрган фарзандлар ота-оналаридан ана шундай тўй қилиб беришларини талаб қилаётгани, ота-оналар, айниқса, аёллар “Бошқалардан нима камимиз бор”, деб қарзга тўй томоша қилаётганлари тўғрисида бир неча марта шикоят қилишган. Бу мурожаатлар орқали халқимиз юртбошимиздан тўй-маракаларни тартибга солиб беришларини сўради. Шу юзасидан Президентимиз Шавкат Мирзёев тўй ва маракаларни ихчамлаштириш, ортиқча дабдаба ҳамда исрофгарчиликларни бартараф этишга қаратилган Сенат қарорини таёрлаш таклифини билдирди. Ҳозирги кунда шу масала юзасидан аҳоли томонидан кўплаб таклифлар билдирилмоқда.

Севара МУСЛИМОВА,

         O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси бўлим мудири

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    356
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг. ЭСЛАТМА! ЖЎНАТИШ ТУГМАСИНИ БОСГАНИНГИЗДАН СЎНГ БИЛДИРГАН ФИКРИНГИЗ ШУ ЗАҲОТИ КЎРИНИШИ УЧУН САҲИФАНИ ҚАЙТА ЯНГИЛАНГ (ОБНОВИТЬ).

+