Ҳокимлар газета ўқияпти, вазирлар эса...

12.04.2018, 19:57

Ҳокимлар газета ўқияпти, вазирлар эса...

 “XXI asr” газетасининг шу йил 29 март сонида эълон қилинган “Ҳокимлар газета ўқи(ма)йди, вазирлар-чи?!” мақоласи кенг жамоатчиликда илиқ таассурот уйғотган, “Айни тилимизнинг учида турган гапни ёзибсизлар”, “Матбуот жойлардаги муаммоларни дадил кўтариб чиққани билан, мутасаддилар парвосига ҳам илмаяпти, ҳаммаси эски ҳаммом, эски тослигича қолиб кетяпти” қабилидаги муносабатлар билдирилган эди.

Не ажабки, мақоланинг “асосий қаҳрамон”лари ҳамон қулоқ ҳам қоқиб қўймасдан, ўзларига сув юқтирмасдан келаётир. Масъу­л­лар чини билан газета ўқимаётгани шундан ҳам яна бир карра аён бўлиб қолди, аслида. Бу оғир сукунатни, хайриятки, Самарқанд вилоят ҳокимлигидан келган расмий хат бузди.

Жавоб мактубида “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетасининг 2017 йил 16 ноябрь сонидаги “Тилимизга номуносиб муносабат маҳсуллари” мақоласида келтирилган салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан тегиш­ли мутасадди ташкилотлар ва ходимлар масъулиятини янада ошириш чоралари кўрилгани айтилган. Хусусан, мақолада тилга олинган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъуллар иштирокида йиғилиш ўтказилгани, Самарқанд шаҳридаги савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш шохобчалари, корхона ва фирмалар пештоқига ўрнатилган номлар, реклама баннерлари ва панноларнинг маънавиятимиз ва менталитетимизга мос келишини ўрганиш ҳамда тегишли чоралар кўриш бўйича 74 нафар маънавият тарғиботчиси, шаҳар давлат солиқ инспекцияси ҳамда шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходимларидан иборат 14 та ишчи гуруҳи тузилгани баён этилган.

“Ишчи гуруҳи аъзолари олдига мақолада кўрсатиб ўтилган ва бошқа камчиликларни аниқлаш, уларни тезкорлик билан бартараф этиш чораларини кўриш вазифаси топширилди, – деб ёзилади Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Умаров имзоси билан келган расмий хатда. – Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишга масъ­ул бўлган тегишли ташкилотлар мутасаддилари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди... Самарқанд шаҳридаги аксарият шиорлар янгиланди, пешлавҳалар ўзгартирилди. Маҳаллий телевидение ва газеталарда тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда”.

Яқинда Тожикистон билан муносабатлар илиқлашиб, чегара-ўтказиш пунктлари фаолияти йўлга қўйилгач, қўшни мамлакатдан репортаж уюштирган ҳамкасбларимиз жамоат жойларидаги рекламаю эълонлар, панною баннерлар асосан давлат тилида эканлигидан ҳавасланиб ҳикоя қилишди. Сайёҳлар энг кўп келадиган қадим Самарқанд шаҳридан бошланган она тилимизга ҳурмат бошқа ҳудудларимизга кўчиб, хорижлик меҳмонлар бу борада бизга ҳам ҳавас қиладиган кунлар тезроқ келсайди, деймиз.

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1846
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Botir2018-04-13 09:36:35

Gazeta va jurnallarni o`qib turish uchun 1 soat vaqt ajratilsa yangiliklardan xabardor bo`ladi bu esa foydadan xoli emas


Doniyor2018-04-13 07:54:58

Maqolalarni ham davlat tilida yozilsa maqsadga muvofiq boʻlar edi... Qachongacha oʻz yozuvimizda ish yurita olmaymiz...????????


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+