Тизимни тубдан такомиллаштириш тарафдоримиз

14.04.2018, 11:13

Тизимни тубдан такомиллаштириш тарафдоримиз

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тизимни тубдан такомиллаштиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.  

Хўш, қандай ижтимоий зарурат мазкур фармонни қабул қилишга ундади? Таъкидлаш жоизки, амалдаги божхона тизимининг танқидий таҳлили, божхона хизмати фаолиятини чуқур ўрганиш бир қатор муаммоларнинг мавжудлигини, фойдаланилмаётган имкониятларнинг борлигини, бу борадаги вазифалар тўлиқ қамраб олинмаганини, божхона назоратини ташкил қилиш механизмларининг мукаммал эмаслигини кўрсатди. Хусусан, божхона назорати ва расмийлаштирувининг мураккаб тартиб-таомиллари ва узоқ муддатлари, божхона органлари ходимлари ўртасидаги коррупциявий ҳуқуқбузарлик ва хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг сақланиб қолаётганлиги ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилишига тўсқинлик қилаётганлиги маълум бўлди.

Шундан келиб чиққан ҳолда умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар асосида божхона органлари фаолиятини ҳамда божхона маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, тадбиркорлик ва туризмни фаол ва жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида мазкур фармон қабул қилинди.

Табиийки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ушбу амалий ташаббусни O‘zLiDeP тўла қўллаб-қувватлайди. Чунки, самарали божхона сиёсати юритмасдан мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, хорижий шериклар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, энг асосийси фармонда алоҳида қайд этилган иқтисодий туризм ва тадбиркорликни ривожлантиришни тасаввур қилиш мушкул.

Шу боис, фармоннинг партиямиз ва унинг кўп минг сонли электорати учун аҳамияти юқори. Гап шундаки, унда тадбиркорлар учун жуда катта қулайлик ва имтиёзлар берилмоқда. Хусусан, божхона назоратини амалга оширишнинг замонавий шакллари, услублари ва техник воситаларини татбиқ этиш ҳисобига Давлат чегара ўтказиш пунктларида божхона тартиб-таомилларини амалга оширишнинг давомийлигини қисқартириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Қолаверса, 2018 йил 1 июлдан бошлаб товарларни божхона режимларига жойлаштиришда, шунингдек, хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш маршрутларини ўзгартиришга божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилинмоқда. Шунингдек, эндиликда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлмоқдалар.

Энг эътиборлиси, божхона органлари тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги ва уларнинг ташқи савдо фаолияти қонунийлигини текшириш мақсадида товарлар ва транспорт воситалари эркин муомалага чиқарилгандан сўнг уларнинг божхона назоратини амалга оширади.

Кўриниб турганидек, бу билан тадбиркорларни шу кунгача ўйлантириб келган катта муаммо ўз ечимини топди. Яъни илгари четдан импорт товарлари олиб кирган тадбиркорларнинг маҳсулотлари божхона омборхоналарида ҳужжатлар расмийлаштирилгунга қадар ушлаб турилар, шу давр оралиғида тадбиркор божхона тўловларини тўлаши, ҳужжатларни расмийлаштириш учун югур-югурлар билан овора бўлган. Барча иш ҳал бўлгандан кейингина божхона омборхонасидан юкларни олиб чиқишга рухсат берилар эди. Бу биринчидан тадбиркорнинг вақтини олса, иккинчидан ортиқча харажатни юзага келтираётган эди. Эндиликда фармон билан ушбу амалиётга чек қўйилди ва тадбиркорлар божхона юк декларацияларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида олдиндан тўлдириб маҳсулотларни тўғридан-тўғри ўз омборхонасига туширишлари белгиланмоқда. Эътиборлиси, фармонда бу борадаги тизимни янада такомиллаштириш, қонунчиликка зарур ўзгартиришлар киритиш бўйича тегишли вазирлик ва идораларга муҳим топшириқлар берилди.

Фармоннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 ноябрга қадар Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиши лозим. Бунда божхона қонунчилигини либераллаштириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва шаффофлигини таъминлаш, нормаларни қабул қилишда барча учун тушунарли бўлишига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.

Албатта Божхона кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқишда O‘zLiDeP ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларидан алоҳида фаоллик ва ишчанлик талаб этилади. Чунки, янги кодексда тадбиркорлар манфаатлари, уларнинг асосли талаблари яққолроқ акс этиши керак. Бунинг учун жойларда ўтказилаётган партиявий тадбирларда аввало ушбу фармоннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш асносида, тадбиркорларнинг янги таҳрирдаги Божхона кодексига доир таклиф ва тавсияларини жиддий ўрганиш лозим. Зеро, улар билан қанчалик кўп мулоқот олиб борилса, таклифлари ўрганилса, янги таҳрирдаги кодекс ҳаётга шунчалик яқинлашади, ўзида долзарб масалаларни акс эттиради.

Фармонда шунингдек, божхона маъмуриятчилигининг илғор ва инновацион усулларини жорий этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бунда давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги чегара божхона постларини замонавий инспекцион-кўрик мажмуалари ва бошқа божхона назоратининг техник воситалари билан жиҳозлаш, божхона органлари барча таркибий тузилмаларининг фаолияти ва идоралараро ахборот алмашинуви самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, бу борада хориж тажрибасини ўрганиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Фикримизча, фармонга мувофиқ белгиланган кенг қамровли ишларнинг асосий йўналиш ва мазмуни шундан иборатки, энг аввало, замонавий ахборот-коммуникация ва инновацион технологиялари имкониятларини ишга солиб, дунё тажрибасини ўрганган ҳолда божхона соҳасида мутлақо янги, самарали, барча учун тушунарли, осон ва шаффоф тизимни яратишдан иборатдир.

Акбар МУЗАФФАРОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси сектор мудири

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1836
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+