Парламент масъулияти доирасига мамлакатнинг инновацион ривожланишини таъминлаш масалалари ҳам киритилди

17.04.2018, 09:28

Парламент масъулияти доирасига мамлакатнинг инновацион ривожланишини таъминлаш масалалари ҳам киритилди

Жорий йилнинг 12 апрел куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида “Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг номини ўзгартириш тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси муҳокама этилди ва қабул қилинди.

Бундай Қарорнинг қабул қилинишига мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларни ҳаётга тадбиқ этишдаги инновацион ёндашув ва уларда парламент иштироки ҳамда масъулиятини белгилаш асос бўлди.

2018 йил Президентимиз таклифига асосан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди ва йил дастури қабул қилинди. Дастурдаги ҳар бир чора-тадбир инновацион руҳда ишлаб чиқилган, десак хато бўлмайди. Жумладан,

- Тадбиркорлик ва инновацион соҳадаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини ривожлантириш;

- “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш;

- Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш каби муҳим тадбирлар белгиланган.

Ҳозирги кунда ушбу дастурда белгиланган вазифаларни ижросини таъминлаш бўйича изчиллик билан ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, бу жараёнларда парламент алоҳида ўрин тутади.

2018 йилнинг феврал ойида Қонунчилик палатаси спикери Н.Исмоилов раҳбарлигидаги делегациямиз Жанубий Кореяга ташриф буюрган эди. Ушбу ташриф доирасида имзоланган хужжатлар ва келишувларни амалга ошириш бўйича 11 банддан иборат амалий ҳаракатлар режаси “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Ушбу “Йўл харитаси”нинг 9-бандида парламент масъулияти доирасига мамлакатнинг инновацион ривожланишини таъминлаш масалаларини ҳам киритиш белгиланган.

Мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий соҳа барча тармоқларининг жадал инновацион ривожланишини таъминлаш, жаҳон илм-фанининг замонавий ютуқларини, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш соҳасида парламент фаолиятининг самарадорлигини ошириш, унинг мазкур соҳасидаги қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ва бошқа фаолиятини такомиллаштириш белгилаб қўйилди.

Унга асосан, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг номи унинг масъул бўлган соҳасига мамлакатнинг инновацион ривожланишини таъминлаш, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этиш масалалари қўшимча равишда киритилган ҳолда “Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси” деб ўзгартириш белгиланди.

Шундан келиб чиқиб, Қарор лойиҳасида бир қатор норматив  хуқуқий хужжатларга, жумладан,

1) Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2005 йил 28 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти”га;

2) Қонунчилик палатасининг 2015 йил 12 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталари рўйхатини тасдиқлаш, қўмиталар раислари лавозимларини сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳи ўртасида тақсимлаш тўғрисида (яхлит қарор)”ги Қарорига;

3) Қонунчилик палатасининг 2015 йил 12 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарининг раисларини сайлаш тўғрисида”ги Қарорига;

4) Қонунчилик палатасининг 2015 йил 5 февралда қабул қилинган “Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасини сайлаш тўғрисида”ги Қарорига;

5) Қонунчилик палатасининг 2018 йил 22 январдаги Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2018 йилга мўлжалланган фаолиятининг асосий йўналишлари”га қўмита номини ўзгартириш билан боғлиқ бўлган тегишли ўзгартиришлар киритиш белгиланмоқда.

Шунингдек, “Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси”га янги ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятини шакллантириш, мониторинг қилиш ва бу борадаги ҳуқуқий асосларни таъминлаш каби долзар вазифалар юклатилди.

Қўмита масъул бўлган соҳа кенгайганини ҳисобга олган ҳолда, Қўмитанинг 2018 йилга мўлжалланган иш режасига мамлакатнинг инновацион ривожланишини, инновацион ғоялар ва технологиялар жорий этилишини таъминлашга қаратилган тадбирлар билан тўлдириш борасида тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш вазифалари юклатилди.

 Шухрат ШАРАФУТДИНОВ

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1501
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+