Kun.uz: Иқтисодиётни либераллаштиришда принципиал муҳим қадам

09.09.2017, 14:34

Kun.uz: Иқтисодиётни либераллаштиришда принципиал муҳим қадам

Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида рўй бераётган ўзгаришлар, қолаверса, миллий иқтисодиёт рақобатдошлигини янада ошириш зарурати мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, институционал ва таркибий янгиланишларни давом эттиришни тақозо этмоқда. Шу маънода давлат раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бу борада муҳим қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди, дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Бахтиёр Якубов.

Мамлакатнинг кейинги беш йиллик истиқболи акс этган мазкур стратегияда белгиланган вазифалар бугун амалиётда ўз исботини топмоқда. Айниқса унинг иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш деб номланган учинчи йўналишида кўрсатилган чора-тадбирларни рўёбга чиқариш учун миллий валюта ва нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш каби устувор вазифаларга эътибор қаратилган. Шу маънода Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон айнан ушбу долзарб вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади, десак сира муболаға бўлмайди.

Маълумки, хоҳ у қарор бўлсин ёки фармон унинг қабул қилиниши замирида муҳим ҳаётий зарурат ётади. Таъкидлаш жоизки, эркин конвертациянинг мавжуд эмаслиги мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан ҳисобланарди. Қолаверса, бозор талабларига мос келмайдиган валюта сиёсати экспортчилар фаолиятига тўсқинлик қилиб, давлатнинг экспортга йўналтирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш сиёсатининг самарадорлигини ҳам бирмунча пасайтирар эди. Хусусан, партия томонидан ўтказилган қатор тадбирларда тадбиркорлар ушбу оғриқли масалага тўхталиб,  валюта муомаласига ҳаддан ташқари маъмурий аралашув мавжудлиги, бунинг оқибатида алоҳида тармоқлар ва хўжалик юритувчи субъектлар учун берилаётган асосий имтиёз ва преференцияларнинг кам самарали тизими шаклланганини қайд этиб келишаётган эди.

Бунинг натижасида мамлакатда бизнес юритиш борасида тенг бўлмаган шарт-шароитлар вужудга келди, рақобат тамойилларининг бузилиши каби ҳолатлар кузатилди. Бу хорижий инвестицияларни жалб қилиш, товар ва хизматлар экспорти, умуман мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади, албатта.

Мазкур йўналишда кўзга ташланган шу ва бошқа камчиликлар илғор хориж тажрибасини ўрганган ҳолда мамлакатимизда валюта сиёсатини қайта кўриб чиқиш ва шу асосда соҳани либераллаштиришни тақозо этди. 

Шу маънода Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармоннинг имзоланиши мамлакатимиз тадбиркорлари ва ишбилармонлари томонидан катта мамнуният билан қабул қилинди. Боиси, улар бу валюта сиёсатини либераллаштиришга қаратилган ислоҳотни орзиқиб кутишган эди. Зеро, ушбу ҳужжат бизнес учун янги имкониятлар эшигини очиши ва хўжалик юритиш шароитларини тубдан ўзгартиришга қаратилганлиги билан ғоят аҳамиятлидир.

O‘zLiDePнинг фикрича, Фармонда кўзда тутилган чора-тадбирлар мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилишга, ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички бозорда рақобатдошлигини оширишга, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга имкон беради. Энг муҳими, Фармонда белгиланган нормалар ижроси валюта бозорида барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг рақобат шароитларини яратади.

Партия мамлакатда валюта сиёсатини либераллаштириш борасида бошланган янгича ислоҳотларга миллий валютамизнинг барқарорлигини таъминлаш, юртимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини ошириш йўлида қўйилган муҳим қадам сифатида қарайди. Ҳақиқатан ҳам “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармоннинг имзоланиши валюта бозори либераллашуви соҳасида кенг миқёсли ислоҳотларнинг янги даврини бошлаб берди.

Айтиш жоизки, ушбу Фармон нафақат  валюта сиёсатини шакллантиришнинг янги тамойилларини жорий қилиш, балки аҳоли ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ҳам назарда тутади. Пировардида, валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича ўзаро боғлиқ чора-тадбирлар мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, реал маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тармоқларнинг ривожланиши учун мустаҳкам замин яратади, бу эса аҳоли фаровонлигининг ошишига хизмат қилади.

“Шу муносабат билан, партиямизнинг барча фаоллари ва хайрихоҳлари номидан қайд этамизки, O‘zLiDeP валюта сиёсатини  либераллаштириш сари қўйилган муҳим қадамни нафақат тўлиқ қўллаб-қувватлайди, балки барча саъй-ҳаракатларини ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг сўзсиз рўёбга чиқишига амалий жиҳатдан кўмаклашишга қаратади. 

Мухтасар айтганда, биринчидан, давлат раҳбарининг мазкур Фармони ижроси устидан қатъий депутатлик назоратини ўрнатишни муҳим деб биламиз. Иккинчидан, O‘zLiDeP фракцияси Ўзбекистон Республикаси “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш ва кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишда фаол иштирок этади. Бу билан партия ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтиришни рағбатлантиришга оз бўлсада ўз ҳиссасини қўшади”, - дейди Якубов.

Kun.uz

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

  • Кўрилди
    2757
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Шовот туман Кенгаши ходими2018-07-23 12:17:36

Қарор мамлакатимизда экологик тоза ишлаб чиқариш жараёнини тадбиқ этиш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини янги навларини яратиш, хизмат кўрсатиш ва шу каби иқтисодиётимизнинг кўплаб йўналишларида фаолият юритаётган илм-фан ходимларини ҳам моддий ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш орқали янги тадқиқотларни молиялаштириш, энг асосийси уларни ҳаётга тадбиқ этиш жараёнини аниқ механизмларини белгилаб берди.


Олим Норжигитов, Жиззах вилояти 2018-07-21 19:01:22

Президентимизнинг “Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор маҳаллий инновацион лойиҳалар ҳамда ишланмаларни ҳаётга жадал жорий этилишини таъминлайди, мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини кучайтиришда илм-фан ҳиссасини янада оширади.


O‘zLiDeP Бухоро туман Кенгаши раисининг 1-ўринбосари - аппарат раҳбари - Саттор Бафоев2018-07-18 10:53:49

Ушбу қарор асосида инновацион лойиҳалар, илмий асосланган ғоялар - илм-фан ходимлари томонидан ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришга хизмат қилиши билан бирга ижодкор олимларни ҳам моддий ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.


Носирова Шоира Навоий вилояти туман Кенгаши депутати2018-07-17 23:30:13

Ушбу ҳаётий қарор мамлакатимизда таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини замон талаби даражасида ривожлантириб, ижодкор олимларни ишларини рағбатлантиради.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+