O‘zLiDeP фракцияси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини маъқуллади

15.05.2018, 17:17

O‘zLiDeP фракцияси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини маъқуллади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи муҳокамасига бағишланган навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Олимхон Рустамовнинг ахбороти тингланди.

Қайд этилдики, Ҳисоб палатасининг ҳисобот давридаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 4 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг фаолиятини ташкил қилишни такомиллаш-тириш тўғрисида», 2017 йил 18 июлдаги «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчан-лигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ҳамда 2017 йил 10 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятини тубдан такомиллаш-тириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қатор Фармонларидан келиб чиққан ҳолда ташкил қилинди.

Тақдим этилган ахборотда таъкидландики, Ҳисоб палатасининг ўтган йилги фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексига мувофиқ Давлат бюджетининг самарали ижро этилишига, молиявий маблағлардан мақсадли фойдаланилишига, иқтисодиёт барча соҳасининг барқарор ривожланишини таъминлаш учун мўлжалланган давлат дастурлари ва минтақавий ривожланиш дастурларининг ижросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, 2016 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсати асосий йўналишлари ҳамда Давлат бюджети лойиҳасининг экспертизаси ўтказилди. «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг ижросини таъминлаш мақсадида сиёсий партиялар даромадларини шакллантиришнинг тўлиқлиги ва улардан мақсадли фойдаланилиши текширилди.

Бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган муассасалар мисолида республика ва маҳаллий даражаларда Давлат бюджетининг ижроси, давлат маблағларининг қонуний, мақсадли ҳамда самарали сарфланиши текширилди. Давлат бюджети даромад қисмининг ҳудудлар ва тармоқлар бўйича шаклланиши тўғрилиги, бюджетнинг моддама-модда ва тўла-тўкис ижро этилиши таҳлили ўтказилди, бюджет даромадларининг асосий моддалари бўйича прогноз кўрсаткичлари ҳақиқатга тўғри эканлигига баҳо берилди. Бундан ташқари, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кўпайтириш, харажатларни мақбуллаштириш ва дотация даражасини пасайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижалари ҳудудларга чиқиб ўрганилди.

O‘zLiDeP фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, Ҳисоб палатаси томонидан ҳисобот даврида ўтказилган назорат тадбирлари шуни кўрсатдики, 1773 ҳолатда 33,5 млрд. сўм ва 6,9 млн. долл. ноқонуний ва самарасиз харажатлар ҳамда 38 та ҳолатда 268,3 млрд. сўмлик бюджет тизими бюджетларига қўшимча даромад суммаси, 75 ҳолатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф ва эътирозлар, 3433 ҳолатда амалий ёрдам ва кўрсатмалар берилди.

Бу жараёнларда амалдаги қонунлар ва идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича киритилган таклифлар диққатга сазовор бўлиб, бунда киритилган маълумотнома ва таҳлилий материаллар натижасида 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва баённомалар қабул қилинган.

Фракция аъзоларининг фикрига кўра, парламент назоратини кучайтириш, ушбу соҳадаги қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини ошириш масалаларида парламент ва Ҳисоб палатаси ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2016 йилги ижроси тўғрисидаги ҳисобот ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказилиб, Давлат бюджети даромадлари прогноз лойиҳасини қайта кўриб чиқиш натижасида бюджет даромадлари прогнози 1,4 трлн. сўмга қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди, – дейди O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Қаҳрамон ЭРГАШЕВ. – Масалан, дастлабки лойиҳада юридик шахсларнинг фойда солиғи бўйича тушумлар прогнози тузилишида солиқ солинадиган база ЯИМнинг ўсиш даражасига номувофиқ ҳисоб-китоб қилинганлиги ҳамда экспортчи корхоналар учун фойда солиғи ставкасини пасайтириш тартиби бекор қилиниши ҳисобига тушиши кутилаётган маблағлар ҳисобга олинмаганлиги қайд этилиб, натижада ушбу солиқ тури бўйича тушумлар прогнози дастлабки лойиҳага нисбатан 254 млрд. сўмга ошди.

Ҳисоб палатаси томонидан маҳаллий бюджетларга қўшимча даромад манбаларини аниқлаш мақсадида республика ҳудудларида ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар натижасида қарийб 120,0 млрд. сўмдан ортиқ қўшимча даромад манбалари аниқланиб, бу борада ҳудудий молия ва солиқ идораларига маҳаллий бюджетларга қўшимча заҳираларни аниқлаш бўйича 50 дан ортиқ йўналишларда таҳлилий ишларни амалга ошириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасида ер ҳисоби ва ердан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар тўғрисида, мол-мулк ва уларнинг эгалари тўғрисидаги маълумотларни юритишда фойдаланиладиган дастурий таъминотлар ва шакллантирилган маълумотлар базаси таҳлил қилинди. Унга кўра, мол-мулк объектлари ва ердан фойдаланувчилар тўғрисида маълумотлар электрон шаклда маълумотлар базасига тўлиқ киритиб борилмаслиги ва реквизитларни киритишда ноаниқликлар кўплиги, Давлат солиқ қўмитаси билан электрон маълумот алмашинуви тизимли равишда йўлга қўйилмаганлиги, ердан ноқонуний фойдаланиш ёки нобудгарчилик ўрнини қоплаш бўйича ҳар бир ердан фойдаланувчилар кесимида маълумотлар тўлиқ юритилмаганлиги оқибатида давлат бюджетига йиллик ҳисобда 146,0 млрд. сўм тушум йўқотилаётганлиги аниқланган ва Ҳисоб палатаси томонидан шу кунгача ушбу камчиликларни бартараф этилганлари бўйича давлат бюджетига 31,3 млрд. сўм қўшимча манбалар жалб этилиши таъминланган.

Ўтган давр мобайнида Ҳисоб палатаси томонидан, шунингдек солиқ ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиш ҳолатларини ва бундай ҳолатларга олиб келаётган сабаб ва шарт-шароитларни таҳлил қилиш, уларни такомиллаштириш, солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш ҳамда уларнинг ставкаларини ўзгартириш бўйича таклифлар тайёрланган. Жумладан, автомобилларга газ қўйиш шахобчалари орқали аҳолининг қўшимча маиший эхтиёжи учун газ балонларига тўлдириш орқали эркин нархларда сотиладиган суюлтирилган газ учун тўланадиган солиқ ҳисобланишида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида ноаниқликларни бартараф этиш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилган ва тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига киритилиб, 2018 йилдан эътиборан жорий қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳри Чилонзор туманида саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишида истиқболли лойиҳаларни кўпайтириш бўйича таклифларни тайёрлаш ҳамда Самарқанд ва Хоразм вилоятларида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар ва уларнинг «йўл харита»лари параметрлари, молиялаштириш манбалари, ташаббускор-инвесторлари ва амалга ошириш муддатлари асосли эканлиги юзасидан Ҳисоб палатаси томонидан ўрганишлар ўтказилди.

Ўтказилган ўрганишлар натижасида, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида умумий қиймати 568,4 млрд. сўмлик 90 та қўшимча лойиҳалар сараланди, ҳар бир лойиҳа бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқилиб, тасдиқланди, Хоразм ва Самарқанд вилоятлари бўйича 743 та инвестицион лойиҳаларнинг молиялаштириш манбалари, суммаси ва амалга ошириш муддатлари қониқарсиз даражада ишлаб чиқилганлиги аниқланиб, уларнинг «йўл ҳарита»ларини расмийлаштирилиши бўйича тегишли кўрсатмалар берилди ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада Самарқанд ва Хоразм вилоятлари бўйича инвестицион лойиҳалар сони 387 тагача камайтирилди.

Фракция аъзолари таъкидлаганларидек, мавжуд муаммоларни, бюджет интизомига риоя қилиш ҳолатини ҳар томонлама ўрганиш муҳимдир. Шу сабабли тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг соҳадаги муаммоларни ҳал этиш, уларнинг юзага келиши сабабларини аниқлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб боришни йўлга қўйиш орқали парламент назоратини кучайтириш зарур.

Йиғилишда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерали-демократик партияси ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан ўзаро ҳамкорлик қилиш мақсадида меморандум тузишга келишиб олинди.

Муҳокамалар давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, O‘zLiDeP фракцияси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2017 йилги ҳисоботини маъқуллади ва тегишли қарор қабул қилди.

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1932
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

У.Тулепов O`zLiDeP Нукус туман Кенгаши 2018-05-16 12:20:42

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси томонидан ташкил этиладиган бундай йиғилишлар мамалакатимизда фаолият юритаётган барча корхона ва ташкилот раҳбарларида ўз ишига бўлган масъулят ҳиссини янада оширади.


А.Тожибоев. Шовот туман Кенгаши раиси2018-05-16 11:35:07

Парламентимиз ҳақиқий демократия мактаби кўринишини олаётгани жойлардаги ислохотларнинг давомийлиги ва изчиллигида намоён бўлмоқда.


Томди тумани Оби-хаёт бўлими БПТ раиси Т.Бактибаев2018-05-16 11:13:03

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасида Хисоб Палатасининг хисоботи эшитилиб турилиши бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишида назорат кучайтирилади.


Нормаматов Маҳмуд Азизович Халқ депутатлари Зарафшон шаҳар Кенгаши депутати2018-05-16 10:56:39

O`zLiDeP депутатлари томонидан амалга оширалаётган ишлар халқимиз турмуш даражасини ошириш ва мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшишдан иборатдир.Ҳар бир корхона ва ташкилотлар фаолияти юзасидан депутатларимиз томонидан олиб бораётган назорат-таҳлил ва эшитувлар мавжуд муаммо ва таклифларни аниқлаб, тегишли қарорлар қабул қилиниши билан аҳамиятлидир.


Б.Юсупов Тахиатош туман Кенгаши депутати2018-05-16 10:38:01

Бу ўз навбатида партиядан сайланган депутатларимизнинг тегишли молия бошқармалари ҳамда бўлимлари устидан депутатлик назоратини самарали олиб боришларига ўз ҳиссасини қўшади албатта


Кудайбергенов Гайратдин Халқ депутатлари Кораузак туман Кенгаши депутати2018-05-16 10:30:10

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислохотлар жараёни аввало халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилаётганлиги, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерали- демократик партияси ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан ўзаро ҳамкорлик қилиш мақсадида меморандум тузишга келишиб олингани бизни кувонтирди.


Мухримов Абдунаби Чилонзор аппарат рахбари 2018-05-16 09:53:05

Туманлардаги муаммоларини хал этиш, уларнинг юзага келиши сабабларини аниқлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги хисоботларини O‘zLiDeP депутатлик гурухлари мунтазам равишда эшитиб боришса жойларда бюджет интизоми кучаяди ажратилган маблағлар тўғри ишлатилади.


Т.Бекниязов-Канликул тумани2018-05-16 09:41:35

Кучли парламент – мамлакат демократик ривожланишининг кафолати ҳисобланади. Партиямиз билан ҳисоб палатаси ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишилган ҳамкорлик, парламент назоратини янада кучайтиради.


Шариф Мамарахимов, Жиззах вилояти2018-05-16 09:21:13

Мамлакатимизда демократик жараёнлар ўзининг юқори чўққиларига чиқмоқда. Парламентнинг ваколатлари кенгаймоқда. Тегишли мутасадди идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш жойлардаги ислоҳотларнинг самарасини кучайтиради.


Акбар Якубов, Жиззах вилояти2018-05-16 09:02:45

Тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг соҳадаги муаммоларни ҳал этиш, уларнинг юзага келиши сабабларини аниқлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб боришни йўлга қўйиш орқали парламент назорати кучайтирилса мақсадга мувофиқ бўлади


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+