Ҳисобот хўжакўрсинга тайёрланадими?

18.05.2018, 16:06

Ҳисобот хўжакўрсинга тайёрланадими?

Айни пайтда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида O‘zLiDePнинг 2276 нафар вакили фаолият олиб бормоқда. Шундан 291 нафари вилоятлар, 1707 нафари туманлар ва 278 нафари шаҳарлар кенгашлари депутатларидир.

Барча бўғинларда ташкил этилган партия депутатлик гуруҳлари томонидан жойларда қонунлар ижроси, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилиши юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботларини эшитиш ва унинг якунларини муҳокама этиш тажрибаси ҳам сон, ҳам сифат жиҳатдан ўзини оқлаяпти, десак муболаға бўлмайди. Масалан, шу йилнинг бугунги кунига қадар 880 маротаба (2017 йилнинг мос даврига нисбатан 57 тага кўп) маҳаллий ҳокимлик­лар ҳамда ҳудудий ижроия идоралари раҳбарларининг ахборотлари тингланди. Шундан 96 таси вилоят кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари томонидан ташкил этилган бўлса, туман (шаҳар) кенгашларидаги эшитувлар сони 784 тага етди.

Сифатдаги ижобий ўзгаришлар эшитувлар мавзусида асосий йўналишни O‘zLiDePнинг дастурий мақсадларидаги устувор вазифалар эгаллагани мисолида яққол намоён бўлади. Масалан, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги “Тошкент вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Одилхон Рустамовнинг ҳисоботи тингланган бўлса, Самарқандда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда ташқи бозорда талаб юқори бўлган, импорт ўрнини босувчи ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган замонавий корхоналарни барпо этиш бўйича вилоят инвестиция бошқармаси бошлиғи Жамшед Мусаевнинг ахбороти эшитилди.

Бундай ёндашувни туман (шаҳар)лар кесимида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, халқ депутатлари Паркент туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳида давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Респуб­ликаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони юзасидан туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида Туризмни ривожлантириш департаменти ҳудудий бўлими бошлиғи З.Йўлдошевнинг ҳисоботи эшитилди. Учқудуқ туманида эса Навоий вилояти молия бошқармаси бошлиғи Ж.Бобомуродов депутатларимизнинг саволларига бевосита жавоб қайтарди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Аммо биз бугун ўз фаолиятидан қониққан ривожланишдан тўхтайди, деган қоидага амал қилган ҳолда эшитувларнинг натижадорлиги, бундай тадбирлар қайси ҳудудда қандай самара бераётгани, баъзи йиғилишларнинг расмиятчиликдан ўзга нафи йўқлиги, ижроия органларининг айрим раҳбарлари депутатларга ҳисоб беришга ҳамон иккинчи даражали масала сифатида қараши хусусида сўз юритмоқчимиз.

Аслида мутасаддилар ҳисоботи расмиятчилик учунгина тайёрланади, деган фикрни айтишдан йироқмиз. Бироқ, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳларида яқинда ўтказилган айрим эшитувлар якунларини таҳлил қилиш асносида бу борада энди жиддий ёндошувлар керак, деган хулосага келдик. Негаки, депутатлар ҳузурида силлиққина ҳисоботларни ўқиб бериш билан чекланаётган масъулларни ҳам кўрдик. Шу маънода қуйида келтириладиган фикрларни маҳаллий кенгашларга сайланган вакилларимиз ўзлари аъзо бўлган депутатлик гуруҳлари фаолияти мисолида янгича назар билан қиёслаб кўришидан ва холисона хулоса чиқаришидан умидвор эканимизни алоҳида таъкидлашни истардик.

Тилга олинаётган тадбирларнинг барча жойларда кутилган натижани бермаётганининг объектив-субъектив сабаблари талайгина: эшитув мавзусини танлашдан тортиб, якунини баёнлаштиришгача бўлган жараёнда ё билим ва салоҳият етишмаслиги, ё шунчаки масъулиятсизлик, қўл учида ишлаш оқибатида юзага келаётир.

Дастлабки омил ҳисобдорларнинг депутатлик гуруҳи йиғилишларига пухта тайёргарлик кўрмаслиги билан изоҳланади. Кўпгина ташкилотлар мутасаддилари кун тартибидаги масалани иштирокчиларга олдиндан тарқатма материаллар, яъни қиёсий жадваллар, тақдимотлар, халқаро ва маҳаллий тажрибанинг таҳлили жамланган диаграммаларни тақдим этиш таъсирчанликни оширишига эътибор қаратишмайди.

Депутатлик гуруҳларининг тадбирлари баъзида тор доирада, жуда кичик аудиторияда ўтказилишидан кўз юмиш мушкул. Таклиф этилганлар-ку, майли, гуруҳ аъзолари тўлиқ қатнашмайдиган тадбирларни бошқача таърифлаш чиндан-да қийин. Айрим ҳолларда “Бу каби расмий эшитув-ҳисоботларнинг партия аъзолари, электорат вакилларига қандай нафи тегади?” деган бирламчи савол ҳам очиқ қолади. Мазкур йиғилиш тафсилотларидан сайловчиларнинг хабардорлик кўрсаткичи паст. Ваҳоланки, матбуот котиби, жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассис ёки PR-менежер каби вазифаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар учун ҳозирда жуда катта имкониятлар яратилган. Барча вилоятлар ва туман (шаҳар)лар кесимида ижрочи котиб штатлари киритилган.

Тадбирни ёритиш учун келган телерадио каналлари, электрон ОАВ мухбирларига танланган мавзунинг ичига киришига амалий кўмак бериш ва уларни “қуроллантириш” масаласида ҳамон лоқайдлик аломатлари мавжуд. Натижада ўша журналистлар “эфирга бердимми, бердим” қабилида иш кўради. Чунки кун тартибидаги узундан узоқ мавзуни ёзиб олишнинг ўзига кўп вақт кетиши уларни ҳам бепарволик кўчаси сари етаклайди-да.

Мисол дейсизми, марҳамат: халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг иш режасига асосан нав­батдаги эшитув ўтказилди. Йиғилиш баёнидаги “қисқа” мавзуни айнан келтирамиз. Вилоят молия бош бошқармаси мутасаддисининг бюджетлараро муносабатларни тубдан такомиллаштириш, маҳаллий бюджетларининг кафолатланган даромад базасини барча чоралар билан кенгайтириш, уларнинг мустақиллигини ошириш, уларнинг мутаносиблиги ва ўзини ўзи қоплай олишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотини эшитиш”.

Истак бўлса-ку, газетхонлар қайта-қайта ўқиб, бир амаллаб тушуниб олар. Лекин радио­тингловчилар, телетомошабинлар ниманидир эслаб қолишига ишонасизми? Шундай экан, самарадорлик, таъсирчанлик ва хабардорлик ҳақида сайловчиларнинг, фуқаролик жамиятидаги воқеа-ҳодисаларни тадқиқот нуқтаи назаридан кузатувчиларнинг салбий фикр билдириши табиий. Чунки уларнинг аксарияти ОАВдаги чиқишлар орқали баҳо беради.

Кўпчилик эшитувларга масъул раҳбарлар ўрнига уларнинг ўринбосарлари, ҳатто бўлим мудирлари келиши ҳам анъанага айланиб қолди. Юқорида мисол тариқасида тилга олинган эшитувга ҳам бошқарма бошлиғи ўринбосари Шавкат Ҳошимов келгани фикримиз далилидир. Унинг маҳаллий бюджетнинг биринчи чоракдаги режалари ортиғи билан бажарилаётгани хусусидаги ахбороти эса, сезиб турганингиздек, умумийликка асосланган.

Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги O‘zLiDePнинг депутатлик гуруҳи ижрочи котиби Рисолатхон Ниязова томонидан тақдим этилган йиғилиш баёни билан танишишда давом этамиз:

“Юртимизнинг замонавий, ривожланган, демократик давлатлар қаторидан жой олиши, халқимиз учун муносиб турмуш шароитлари ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашини таъминлашда тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳамда фермерлар фаолиятида учраётган тўсиқларни ўрганиб бориш ва уларни амалдаги қонунлар асосида бартараф этиш халқ депутутлари маҳаллий кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳларининг энг асосий вазифаларидан биридир”.

Жуда тўғри гап, мақсад ҳам аниқ! Бироқ мазкур йиғилишда шу мақсадга эришиш йўлида қандай амалий қадамлар қўйилди, молия тизимида тўпланиб қолган муаммоларнинг ечими бўйича маҳаллий шарт-шароитни инобатга олган ҳолда нима таклиф киритилди, бундан ҳудуддаги тадбиркор ва фермерлар хабар топдими, деган саволларга жўялироқ жавоб йўқ.

Навбатдаги мисол тариқасида Самарқанд вилоят қишлоқ хўжалиги бош­қармаси бошлиғи Ш.Сафаровнинг биринчи бор эмас, иккинчи маротаба депутатларга ҳисобот беришга “вақт топа олмагани”ни қайд этиш жоиз. Унинг ўрнини босиш вазифаси юклатилган бўлим мудири М.Ҳусанов эса жиддий тадбирга етарлича тайёргарликсиз “ташриф буюрган”.

Таҳлилларни халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан Ширин шаҳрида бюджет параметр­ларининг 2017 йилдаги ижроси ва 2018 йилги асосий истиқбол кўрсаткичларининг муҳокамасига бағишлаб ўтказилган эшитув мисолида давом эттирамиз.

Йиғилишда халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг 18 нафар аъзосидан 4 нафари, Ширин шаҳар Кенгашидаги 10 нафар депутатимиздан 7 нафари қатнашган. Шунингдек, таклиф этилган ташкилотлардан 2 ходим, партия фаолларидан 10 нафари иштирок этган. Жами 23 кишидан кейинги 12 нафари ушбу йиғилишда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган кузатувчи-ташкилотчи мутахассислардир.

Мазкур тадбир нима мақсадда ташкил этилгани юзасидан берилган саволга O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири Обил Хайруллаев қуйидагича жавоб қайтарди:

“Давлатимиз раҳбари 2017 йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида O‘zLiDeP дастурий мақсадларидан келиб чиқиб Иқтисодиёт ва Молия вазирлик­лари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси фаолияти устидан назорат ўрнатиши ва ҳамкорликни йўлга қўйиши бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берган эди. Бу борада партиянинг ҳудудий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари томонидан ҳам эшитувлар ташкил этилмоқда. Ширин шаҳридаги тадбир шулардан биридир”.

Тан олиш керакки, суҳбатдошимизнинг фик­ри жўяли, мулоҳазаси асосли. Аммо ижроси муҳокамага қўйилган маҳаллий бюджет параметрларида нималар ўз ифодасини топганини иштирокчиларнинг неча фоизи тўлиқ билиши билан боғлиқ мурожаатга аниқ муносабат билдира олмагани ҳам бор гап. Хўш, айни масалада бошқа жойларда аҳвол қандай?

Кун тартибидаги масала юзасидан Ширин шаҳар молия бўлими мудири У. Бобоев тақдим этган ҳисобот ҳам ихчам. Албатта, ахборот берувчи узундан узоқ маъруза қилиши зарур, деган фикрдан йироқмиз. Айтмоқчимизки, қисқа чиқиш қилиш учун умумий рақамларнинг йўналишлар кесимида очиб берилган қиёсий жадваллари ичма-ич тахланган тарзда депутатларга олдиндан тарқатилиши, диаграммалардан иборат тақдимотлар уюштирилиши мақсадга мувофиқ. Бундай ёндашув кузатилмаганидан кейин хўжакўрсин ҳақидаги гап эсга тушаверади-да.

Бир масъулиятсизлик иккинчисининг туғилишига туртки бўлади. Масаланинг ичига кирмаган, кўрсаткичларни бандма-банд ўрганмаган депутат ўз сайловчиларининг ҳузурида умумий гаплардан нарига ўта олмайди. Ҳолбуки, бугунги сайловчининг ишончини қозониш учун асосли далил, аниқ рақам айтилиши, молиявий таъминот масалаларини такомиллаштириш бўйича оқилона таклиф ва ташаббус­лар илгари сурилиши лозим.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари орасида намунали фаолиятини бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатиш мумкин бўлганлари бисёр. Улар ҳақида газетамизда кўп ёзилган ва ёзилмоқда. Шунинг учун ҳам юқоридаги фикрларимизни баён этишда “айрим”, “баъзи” каби сўзларни қўлладик. Ўз-ўзини танқид тамойили асосида тайёрланган ушбу мақоланинг бош мақсади мамлакатимиздаги сиёсий институтлардан сайланган вакилларга ҳисобдор ташкилотлар раҳбарлари, партия ҳудудий кенгашлари мутасаддилари ва депутатларимизни янада фаоллик кўрсатишга, масъулиятни оширишга чақириш, навбатдаги сайловлар – ғалвирни сувдан кўтариш фурсати яқинлашганини эслатишдан иборат, холос.

Кузатишларимиз эса давом этади!

Озод РАЖАБОВ,

“XXI asr” мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2683
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Жондор туман Кенгаши аппарат раҳбари Авлиёқулов Суннатилло Муртазоевич2018-05-21 17:42:15

Ҳурматли мухбиримиз Озод ака, дардли нуқтага урғуни берганлар, бу жуда тўғри албатта бу ҳолатдан бизнинг ҳам депутатлик гуруҳимиз мустасно эмас деб ўйлайман. Мансабдор шахсларнинг эшитувида муҳокама этиладиган масала бўйича депутатларимиз ташкилот раҳбарларига нисбатан чуқурроқ маълумотларга эга бўлишлари керак деб ўйлайман. Ҳисоботни корхона раҳбарининг шахсан ўзи бериши керак.


Авлиёқулов Суннатилло Муртазоевич Жондор туман Кенгаши аппарат раҳбари2018-05-21 17:11:47

Ҳурматли мухбиримиз дардли нуқтага урғуни берганлар. Бу ҳолатдан ҳамма депутатлик гуруҳлари мустасно эмас деб ўйлайман, мисол учун депутатлик гуруҳи йиғилишларида кўриладиган масала халқ депутатлари Кенгаши сессияси кун тартибига киритилиши лозим деб топилса, мазкур масалада депутатлардан иборат ишчи гуруҳ чуқур тайёргарликка эга бўлиши керак деб ўйлайман. Бу борада мутасадди раҳбарлардан ҳам муҳокама этилаётган муаммони чуқурроқ таҳлил этишлари керак бўлади. Мансабдор шахсларнинг эшитувларида ҳам депутатлик гуруҳи авваламбор муҳокама этилаётган масала бўйича чуқур маълуматга эга бўлишлари ва муҳокамада ўз фикрларини аниқ ва равшан билдириб реал натижаларга эришишга ҳаракат қилишлари керак деб ўйлайман.


O‘zLiDeP Ширин шахар Кенгаши Тошкулов,Ж.Э.2018-05-21 14:03:05

Халқ депутатлари шахар Кенгаши депутатлари шахар кенгаши сессияси кун тартибига киритилган масалалардан хабардор бўлмаганлиги сабабли, кўрилаётган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириша ололмайди. Олдиндан сессия масалалари билан таниш бўлмаганлиги, шахар кенгаши сессиясини ўтказилиши бўйича олдиндан худудий газеталарга Сессия ўтказилиши тўғрисида маълумот чоп этилмайди. Шу сабабли шахар кенгаши депутатлар, масалаларни доимий комиссияларда ўрганиб чиқишмаганлиги, худудий хокимият хокимлари ҳамда хокимият кенгаши раислари томонидан ушбу ўтказилиши лозим бўлган йиғилишлар чуқур муҳокама этилмасдан юзаки ўтказилиши билан масаланинг туп моҳияти ва ечимини топишда номига сессия қарори мақулланади. Бў ўз навбатида депутатларимизнинг фаол эмаслиги, қонуний тартибда ўтказилиши лозим бўлган сессия кун тартибидаги масалалар бўйича камида ўч кун олдин депутатларга кўриб чиқиладиган масалалар бўйича ўрганиб чиқиш учун олдиндан Таклиф юзасидан сессия кун тартибидаги масалалар олдиндан матбуот ва рўзномаларда чоп этилмаслиги, шахар ҳалқи МФЙ ҳамда депутатлар томонидан олдиндан танишиб чиқмаётганликлари оқибатида депутатларимизга нисбатан фуқоралар ўртасида обрўсизланиб борилиши, хурматсизлик, эътиборсизлик ва кенгаш раислари томонидан манманлик оқибатлари якун топмаганлигидан далолат беради. Таклифим хар бир сессия бошланиши олдидан худудий газета рукнларида сессияга киритиладиган масалалар тўлиқ рўзномаларда чоп этилсада сўнгра депутатларимиз томонидан олдиндан талаб ва таклифлар ўрганиш ва куриб чиқиш учун тақдим этилса бу кузбуяамачиликни олди олинган ва мақсадга мувофиқ бўлар эди деб ҳисоблайман.


Таджиев Арол Самандарович. ЎзЛиДеП Самарқанд вилояти Нуробод туман Кенгаши депутати2018-05-21 12:15:48

Маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқариш ва жавобларини ўз вақтида олишга ҳаракат қилмоқдалар. Лекин депутатлик гуруҳи ва тегишли доимий комиссияларнинг эшитувларига таклиф қилинаётган ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутасадди ходимларининг ўз вақтида келмаётганлиги ташвишли ҳолдир. Бунга жойлардаги ижро хокимияти раҳбарлари эътибор беришлари шарт.


Усанова Мархабо Тухтамуродовна. ЎзЛиДеП Самарқанд вилояти Нуробод туман Кенгаши аппарат раҳбари2018-05-21 10:53:19

Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари туман кенгаши сессияси кун тартибига киритилган масалалардан хабардор бўлмаганлиги сабабли, кўрилаётган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириша ололмайди. Олдиндан сессия масалалари билан таниш бўлмаганлиги депутатлар, масалаларни доимий комиссияларда ўрганиб чиқилмаганлиги, чуқур муҳокама этилмаганлиги масаланинг туп моҳияти ва ечимини топишда номига сессия қарор мақулланади. Таклиф юзасидан сессия кун тартибидаги масалалар олдиндан матбуот ва интернет тармоқларида эълон қилиниши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз


Yazdon Toshonov Kattaqurg'on tuman Kengashi apparat rahbari.2018-05-21 09:23:10

Maqolada juda dolzarb mavzu kutarilgan , agar deputatlik guruhi eshituvida pirovard natijaga erishilmasa bu eshituv maqola avtori ta'kidlaganidek qog'ozda qolib ketaveradi.Bu esa kuzbuyamachilikdan boshqa narsa emas.Bu maqolani har bir deputatlik guruhlarida ishlab chiqish maqsadga muvofiq bo'lar edi.


Холмурод Сориев, Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари2018-05-19 22:15:46

Жуда ҳам тўғри фикрлар, танқидлар кўтарилган. Бундай ҳолатларга сабаблардан бири, биз депутатлардир. Чунки депутатлар кун тартибидаги масалани чуқур танқидий-таҳлилий ўрганмасдан, йиғилишга келишади ва ҳисобдорга Президентимиз таъкидлаганлардек, "чақиб-чақиб оладиган" саволларни бера олмайдилар. Баъзи депутатларимизда бунга билим, савия етишмайди. Эшитувларининг натижадорлиги бўлиши учун кун тартибидаги масалалар бўйича депутатлик гуруҳининг қатъий тавсиясини акс эттирадиган (ваколати доирасида) қарорлари чиқарилиши ва унинг ижроси устидан назорат ўрнатилиши ва келгуси йиғилишлардан бирида албатта маълумот берилиши лозим. Агар депутат ҳисобдорга нисбатдан кун тартибдаги масаланинг моҳиятини чуқурроқ англамаса, унинг ичига тўлиқ кириб бормаса, ҳисобдордан билим, савия, дунёқараши жиҳатидан, кун тартибдаги масаланининг моҳиятини тушуниш бўйича ҳар томонлама устун бўлмаса, мансабдорлар бизларни қуруқ ҳисоботлар билан "сийлайверашади".


Олимжон Эргашев Фориш туман кенгаши депутати,O‘zLiDeP депутатлик гурухи2018-05-19 17:21:52

Қосимжон Шопўлатовнинг фикрларига 100% қўшилган холда яна шуни қўшимча қилиш мумкинки кўпчилик ташкилотларнинг рахбарлари хали хам депутатларни писанд қилишмайди,хаттоки депутатлар гурухи томонидан таклиф кўринишида қилинган мурожаатлар масалан худудларда янги иш ўринлари яратилиши ва уларда ёшларни касбга йўналтириш ва иш билан таъминлашга таалуқли мурожаатларига хам юзаки номига берилган жавоблар йўлланмоқда. Баъзи корхоналар рахбарлари ўзларида ишлаётган халқ вакиллари депутатларни писанд қилмаслиги,уларга ўз ваколатлари даврида тўлиқ фаолият кўрсатишларига имкон бермасликлари хам бор гап.Менимча кенгашлардаги депутатлик хоналарида Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилган гаплари ёзилган видеоёзувнинг депутатлар фаолиятига бағишланган қисмлари хар эшитув ва хисоботлардан кейин хисоботга масъул соха вакилларига,рахбарларга доимо эслатма сифатида қўйиб кўрсатилиши мақсадга мувофиқ бўлади.


Қосимжон Шопўлатов Хатирчи туман бўлими аппарат рахбари,туман кенгаши депутати2018-05-19 09:10:04

“XXI asr” мухбири Озод Ражабов айни дамда долзар масалани киритиган бугунги кунда мансабдорлар депутатлик гурухи олидида берадигин хисоботларини иккинчи эмас балки ундан пастроқ даражада куришади,хаттоки маънавият паст рахбарлар нима учун қолган партиялар индамайди Сизлар тинч қуймасизлар деганларига нима дейсиз,харким ишини ўз виждони билан сидқидилдан бажариш керакку,жунатилган депутатлик сўровларини 30 фоизини жавобини вақтида оламиз қолганларига сарсан саргардон буламиз Шу ўринда мухтарам юртбошимизни видео селекторда айтган сўзларини эсласак "ДЕПУТАТГА ҲУРМАТСИЗЛИК,ХАЛҚҚА ҲУРМАТСИЗЛИК БИЛАН БАХОЛАНАДИ" деган сўзларини маъносини мансабдорларимиз билиши лозим .Озож ака менинг таклифим хисоботларга паст даражада қараётган хамда депутатлик сўровларига вақтида жавоб бермаган ёки умуман жавоб бермаганларни оммавий ахборот воситаларида ёритсак


Q.Eshqorayeva-Navoiy viloyati Uchquduq tuman ijrochi kotib2018-05-19 08:18:52

Maqolani o'qib o'zimga kerekli xulosalarni oldim. Guruh yig'ilishida ishtirokchilarni munosib ishtirok etishi qaysidir ma'noda ijrochiga ham bog'liq. Hisobot beruvchiga uni ma'suliyat bilan yindoshishga undaydigan mazmundagi xat yuborishi, yig'ilishni estetik did bilan o'tkazilishida, yig'ilish bayonlarini aniq va kengroq yozilishida bor bilimini ishga solishi lozim. Sizga rahmat. Ishimga yanada ma'suliyat bilan yondoshaman. Uchquduq deputatlik guruhi a'zolari bilan yig'ilishlarni siz aytgan kamchiliklardan holi tarzda o'tkazishga bor kuchimiz bilan o'tkazishga harakat qilamiz.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+