Жамият эътиборидан четда қолаётган одамлар (+фото)

21.05.2018, 15:12

Жамият эътиборидан четда қолаётган одамлар (+фото)
15 ёшли Умиджоннинг ота-онаси туғма кар-сақов. Синглиси Ширин, укаси Аслбекда бундай нуқсон йўқ. Шундай бўлса-да, улар карлар учун қурилган ётоқхонада яшашга маҳкум. Балки бу ётоқхонада яшаш учун етарли шароитлар бўлганда, уларнинг гулдек юзида ғам-алам бўлмасмиди?  
 
photo5472014907970006166 (1).jpg
 
Ўймакорликни ўрганиш учун тўгаракка бораётгандим, – дейди Умиджон. – Бунинг учун ҳар ойга юз минг сўм тўлаш керак. Бунга ота-онамнинг имкони йўқ. Уларнинг ҳар иккаласи ишлагани учун, маҳалла кам таъминлаган оила, деб маълумотнома бермади. Агар шу қоғоз бўлганда мени тўгаракка қабул қилишарди. Ҳозир уйда синглим ва укамнинг дарсини қилдириб, уларга қараб ўтираман.
 
Қизиқ, ота-она ногирон, уч фарзанд билан ётоқхонанинг бир хонасида амал-тақал яшаётган бўлса-ю, кам таъминлаганлар қаторига кирмаса. Унда бундай эътирофга ким сазовор бўлар экан-а!?. Балки белгиланган меъёрларни, қандайдир нормаларни ўзгартириш вақти келгандир. Ахир ҳаётий ҳақиқатлардан кўз юмадиган даврдан ўтаяпмиз. Мутасаддилар, қонуншунослар ҳам ўйлайдиган масала бу. 
 
photo5474135968979200330.jpg
 
Шу ўринда айтиш керакки, ётоқхонанинг бир киши яшаши учун мўлжаллаб қурилган хоналарида қирқдан зиёд болалар ота-онаси билан яшамоқда.
 
Анвар саккиз ёшда. Артём 3 синфда ўқийди. Ойбек ўн ёшда. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Улар билан суҳбатлашсангиз, ҳар бирининг ўзига хос орзулари бор. Орзулари турлича бўлса-да истаклари ягона. Бу – алоҳида ошхонаси, навбат бўлмайдиган ювиниш хонаси, олдида болалар майдончаси бор уйда, ўз оиласи билан бахтли яшаш.
 
Ахир, бу болалар ақлини танибдики, ҳожатхонаси, ошхонаси, ювиниш хонаси умумий бўлган, 1958 йилда қурилган ётоқхонада юзини ювиш учун ҳам навбат кутиб яшаб келмоқда. 
 
photo5472014907970006167.jpg
 
Қарийб 60 йил ичида нураб, тўкилаёзган тўрт қаватли ётоқхона ҳаёти мазмунсиз бир бўшлиқ домига сингиб кетаётгандек гўё.
 
Орзуим доктор бўлиш эди
 
Бундан 27 йил аввал дунёга келган Гўзал ота-онаси кар-соқов эканидан бехабар эди. Йиллар давомида сўзга чечан қизалоқ бўлиб ўсди. Бошқа болалар каби ота-онаси уни ҳам эркалаб чақиришини ҳар қанча истамасин, бундай бахт унга насиб этмаган экан. Тақдир ҳукмига бардоши етиб-етмай вояга етаётган қизалоқ улғайиб, ақлини танигани сари ота-онасига қараб, юраги эзилар, қалби оғриқ ва аламдан йиғларди.
 
Йиллар ўтди. Касб-ҳунар коллежига ҳужжат топшириш вақти келганида Гўзал Тошкентга бориб тиббиёт йўналишида таҳсил олиш истагини билдирди, аммо унга омад кулиб боқмади. Қаршига қайтиб кетди. Уч йилдан сўнг ТошМИга ҳужжат топширди. Омадсизлик бу гал ҳам унга ҳамроҳ бўлди. Курашга бел боғлаган Гўзал ортга қайтишни истамасди. У репетиторда таҳсил олишни бошлади.
 
Гўзал ёлғиз фарзанд бўлгани сабабли ота-онаси ундан хавотир олар, қиз ҳам уларни қандай ҳаёт кечираётганини ўйлаб ташвишланарди. Фарзанди учун ҳамма нарсага тайёр ота-она 2008 йилда Тошкентга келди. Улар карлар жамиятининг 1-сонли ётоқхонасига жойлашди. Шу ердан иш ҳам топилди. Она — фаррош, ота — боғбон бўлди.
 
Кетма-кет омадсизликка учрайверган Гўзал 2012 йилда таслим бўлди. У сурдо таржимон сифатида фаолият юритишга қарор қилиб, Ўзбекистон карлар жамиятидан рухсатнома ва сертификат олди. Ахир, у тайёр таржимон эди-да. Бу вақтда отаси оламдан ўтиб, оилани таъминлаш унинг зиммасида қолди.
 
photo5474135968979200327.jpg
 
Дунёда яхши одамлар бор бўлсин. Яшнобод туманидаги автомактабда имконияти чекланган болалар учун ўқув машғулотлари йўлга қўйилди. Гўзални уларга дарс бериш учун таклиф қилишди.
 
— Онам гапирмаса-да дунёда юз бераётган воқеаларга жуда қизиқади. Онам ҳам ён-атрофимдагилар ҳам «Давр», «Ахборот», «Замон» каби кўрсатувлар, айрим сериалларни сурдо-таржимаси бўлишини жуда ҳоҳлайди, – дейди Гўзал. 
 
Гўзалнинг ота-онасини даволаш, уларни ва шундай беморларни тилга киритиш борасидаги орзуси амалга ошмади. Балки, кўрсатувларнинг сурдотаржима билан берилиши ҳақидаги орзуси амалга ошар... Тағин ким билсин. 
 
Тўкин ҳаёт эмас, шунчаки оддий ҳаёт кечиришни истаётганлар
 
Бобошер Аннаев — у ҳам шу ётоқхонада яшайди. Бобошер автоҳалокатга учраганда ўттиз ёшли, кучга тўлган йигит эди.
 
photo5474135968979200324.jpg
 
Бахтсиз ҳодиса туфайли мана уч йилдирки, қултиқтаёқдан ажрала олмайди. Уч юз минг сўмдан ортиқроқ пенсия пулини нимага етказишга ҳайрон, доригами, озиқ-овқатгами ва ёки ётоқхона учун тўлашганми?.. 
 
Янги уст-бош олмаганига ҳам мана йиллар бўлиб кетди. Ҳа, юролмаса, ногирон бўлса, янги кийим нега керак? Хабар оладиган ота-онаси, яқинлари ҳам йўқ. У чин етим. 
 
— Йўл четида турганимда машина келиб, урилди, – дейди Бобошер. – Уч ой касалхонада ётдим. Аввалига ҳайдовчи хабар олиб турди. У мансабдор инсоннинг фарзанди экан. «Ўзим сизни даволатаман, фақат судда даъвоим йўқ, деб ёзиб беринг, илтимос, қамалиб кетмай», деб ялинди. Айтганини қилдим. Шу тариқа суддан чиққач, уни қайтиб кўрмадим. Оёғимда биринчи операцияда қўйилган, етти ойдан кейин олиниши керак бўлган темир ҳали ҳам турибди. Уни операция қилиб, олдириш учун пулим йўқ. Агар ўз вақтида иккинчи ва учинчи жарроҳлик амалиётини ўтказганимда ҳозирда соғайиб кетган бўлардим. Кимдир айтганку: «Ҳамма нарса барбод бўлган тақдирда ҳам ҳали олдинда келажак бор», деб. Менинг ҳам ҳамма нарсам барбод бўлди фақат умидим қолди, халос.
 
photo5472014907970006171.jpg
 
— Бобошерни ногиронлар уйига ўтказиш учун ҳужжатлар йиғаяпмиз, – дейди ётоқхона бекаси Замира Сафарова. – У ерда шароит яхшироқ. Карлар жамияти бу йигитга кўмак бера олмайди. Яқинда Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятидан келиб, Бу йигитнинг аҳволини кўришди. Ҳозир уларнинг кўмагида операция ўтказилишини кутаяпмиз. Туман кенгаши депутати ва прокурор биздан хабар олиб турибди.
 
Тошкент шаҳрида 300 минг сўм билан оила боқиб бўладими?
 
Халқ депутатлари Олмазор туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Бахтиёр Сагатов билан бу борада суҳбатлашдик.
 
— Биз Олмазор тумани 2-сектор раҳбари, туман прокурори билан ҳамкорликда Ўзбекистон карлар жамиятига қарашли 1-сонли ўқув ишлаб чиқариш корхонаси ётоқхонасида эшитиш ва гапиришида нуқсони бор фуқаролар учун бепул тиббий кўрик ташкил этдик, – дейди депутат. – Бу ерда йиллар давомида жуда кўплаб муаммолар йиғилиб қолган. Мисол учун қанча вақтлардан буён тиббий кўрикдан ўтмаганлар жуда кўп. Улар шифокорга касалини тушунтириб бера олмагач, таржимонсиз бормайди. Яна бир жиддий масала уларнинг доимий рўйхатга олинмагани. Ётоқхонада туғилиб, ўсиб, шу ерда оила қуриб яшаётганлар ҳам бор.
 
Эшитиш ва гапиришида нуқсони бор ёшлар учун энг оғир масала уларни касбга йўналтириш ва ишга жойлаштириш бўлиб тургани ҳақида куюниб сўзлаган депутат яна баъзи бир ҳолатларни ҳам санаб ўтди.
 
photo5474135968979200322.jpg
 
— Эшитиш ва сўзлаш қобилияти бўлмагандан кейин инсоннинг бор кучи билагига йиғилади, – дейди Бахтиёр ака. – Бу инсонлар жуда бақувват. Негадир, уларга меҳнатга лаёқатсиз, иккинчи гуруҳ ногирони деган ҳужжат берилади. Бундан инсонларга эса ишлашга рухсат берилмайди. Меҳнатга лаёқатсиз ёзувини кўрган ҳар қандай корхона ҳуқуқшуноси ишга олишдан воз кечади. Йўқса, текширув келса, бундай ҳужжат билан ишга олгани учун катта солиқ тўлайди.
 
Хўп. Пропискасиз, ишсиз, ҳунарсиз, забонсиз, давлат берадиган уч юз минг сўмдан зиёдроқ маошга оиласини тебратаётган инсон нима қилади?.. Бир амаллаб автотураргоҳга ёки бозорда арава судрашга жойлашади. Бундай ишни топиш ҳам ҳаммага  насиб этмайди. Шу ҳолатда бу инсонлар уй олиши мумкинми. Йўқ, улар ҳатто арзон уйларни ҳам олаолмайди. Ёрдам беришга ҳаракат қилиб кўрдим. Жойлардаги вакиллар билан гаплашсам «Ака, эсингиз жойидами? Уларни тайинли иш жойи, пропискаси йўқ бўлса, эртага бу уйларни тўловини қандай тўлайди. Узр ёрдам бераолмаймиз, уларга тегишли ҳеч қандай ҳужжат йўқ», деб эшитишни ҳам истамайди. Шундай бўлгач, бу одамлар жамиятида бегона бўлиб қолмоқда.
 
Мутасадди раҳбар кар-сақовларни "дангасалар" деб атади

Ётоқхонадаги ачинарли аҳволни кўргач, уларнинг иш шароити билан ҳам яқиндан танишиш учун Тошкентдаги карларнинг 1-сон ўқув ишлаб чиқариш корхонасига бордик. Корхона раҳбари Анвар Салимов бизни шарт-шароит билан таништирди. Бир гектар майдонда жойлашган бино иншоатларнинг аҳволини кўриб, ўтган асрларга тушиб қолгандек бўлдик.
 
Салимовнинг айтишича, бу ерда 300 тадан ортиқ ишчи ўрни ташкил қилиш имкони бор экан. Айни вақтда эса салфетка, мебель ишлаб чиқариш цехларида 66 ишчи, шундан 43 нафар кар-соқов меҳнат қилаётганини айтди. Афсуски, биз уларнинг ўнга яқинини кўрдик халос.
 
Корхона ҳудудидаги бир қатор бинолар ижарага берилгани, уларда қизғин иш бораётгани бизни қизиқтирди. Сақич, ҳаммом учун ванна ишлаб чиқарилаётган цехлар ва ёнида бир нечта хорижда ишлаб чиқарилган қимматбаҳо автомобиллар турган тарафга ўтишга Салимов изн бермади: «У ерлар ижарага берилган, ўтиш мумкин эмас».
 
Корхона раҳбарини саволга тутамиз. Ётоқхонани кўрдик. Шароитлар қониқарсиз? Камига иссиқ сув ҳафтасига бир марта берилар экан? 
 
Раҳбар бу гапларимизни рад этади. Яқиндан бошлаб, иссиқ сув ҳафтасига уч марта берилаётгани айтиб, харажатларни тўлаш корхонага қимматга тушаётганини маълум қилади. «Ўзлари уч юз минг сўмдан зиёдроқ пенсия олаётган бўлса-да, ҳар бир оила ойига 100 минг сўмдан ижара пулларини тўлаётган бўлса, наҳотки шу камлик қилса?», деган саволимиз эса жавобсиз қолди.
 
Анвар Салимовдан ишчиларга қанча маош тўланишини сўраганимизда 400-500 минг сўмдан, деб жавоб берди. Ётоқхонадагилар 250-300 минг маош берилади, шунинг учун биз бошқа жойдан иш қидиришга мажбур бўлаяпмиз, дегани ҳақида айтиб берганмизда, «Эй, бу гаплар ёлғон, улар ўзи дангаса», деб қўл силтаб қўя қолди.
 
Қорни тўқнинг қорни оч билан иши йўқми?
 
Корхонадан саволларга жавоб топиб эмас, янада кўпроқ саволлар билан қайтдик. Наҳотки, Президентимиз ҳар бир инсон ҳақида қайғуриб, «Халқимиз эртага, келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак», деб таъкидлаб турганда эшитиш ва гапиришида нуқсони бор фуқароларга ювиниш учун ҳафтасига бир марта иссиқ сув бериш қайси ақлга сиғади? Корхона раҳбари ёки Ўзбекистон карлар жамиятини бошқараётган мутасаддилар ана шундай шароитда бир кун бўлса-да яшай оладими? 
 
Масалани илдизига чуқурроқ кириб бориш истагида кар-соқовларнинг таълим олиш жараёни билан ҳам қизиқдик.
 
— Тошкент шаҳрида 102 ва 106 сонли мактаблар имконияти чекланган болаларга мўлжалланган, – дейди Ўзбекистон карлар жамияти бош мутахассиси Марғубжон Иноғомов. – Бу ерда улар меҳнатга ўргатилади. Асосан тикувчи, мебелчи ва пойабзал таъмирловчи усталар тайёрлаймиз.
 
Қизиқ, нега бу қадар тор доирадаги касблар ўргатилади? Уларнинг бошқа соҳаларга лаёқати йўқми?
 
Бу саволларга жавоб йўқ. Лекин яна бир масала юзага келди.
 
— Ўзбекистонда 23 минг нафар кар-сақов бўлса-да, уларга атигина 50 нафар сурдотаржимон бор, – дейди жамиятининг сурдотаржимони Гулнора Маҳкамова. – Ҳеч бўлмаса, уч юзта ана шундай таржимон керак. Бундай мутахассисларни тайёрлаш осон эмас, буни тушунамиз. Лекин муаммони ечими сифатида эшитиш ва гапиришида нуқсони бор фуқароларнинг фарзандларини мактабда ўқитиш билан бирга сурдотаржимон қилиб тайёрласа бўлади. Ахир сўзлаша оладиган бу болалар ота-онасига тайёр таржимон-ку. Агарда уларга сертификат берилса, улар бошқаларга ҳам ёрдам беради. Шу тариқа бир муаммонинг осон ва арзон ечими топилади.
 
Пойтахтнинг юрагидаги туманда жойлашган бу ётоқхона мисолида йиллар давомида ечимини кутаётган шу қадар кўп масалага дуч келдикки, гапни қайси биридан бошлаб, қайси бирида ниҳоялашни билмай, анча бошимиз қотди. Имкон даражасида ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.
 
Энг ачинарлиси, бу ҳали Тошкентдаги, шароитлари яхши вилоятдагилар интилаётган ётоқхонанинг аҳволи. Шаҳарнинг қоқ марказидаки, аҳвол шундай бўлгач, бошқа ҳудудлардаги вазиятни ўзингиз тушуниб олаверасиз.
 
Энг қизиғига энди келдик. 1994 йилдан буён эшитиш ва гапиришида нуқсони бор фуқароларнинг бирортаси доимий рўйхатга олинмаган, уй-жой билан таъминланмаган. Фақат гапира олмагани учун меҳнатга лаёқатсиз, дея арзимаган пенсия тайинлаб, уларнинг меҳнат қилиш имкониятига ҳам қоидаларга биноан чеклов қўйилган. Ўзбекистон карлар жамиятининг масъуллари эса негадир жим тураверган.
 
Биз ўрганиб чиққан муаммолар ҳақида аслида улар жар солиши, ҳаммани эътиборини тортиши керак эмасмиди..?
 
 

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2640
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Низомова Мавжуда Исроиловна O`zLiDeP Зарафшон шаҳар бўлими ҳузуридаги "Олтин водий" БПТ раиси2018-05-22 14:50:23

Юртбошимиз бежизга раҳбарларга халқни ичига кириб бориб, уни дарду ташвиши билан танишиб, халқни муаммоларини ўрганиб ҳал қилишга ўндашлари бежизга эмас. Барча мутасадди ташкилот раҳбарлари ва жонкўяр фуқароларимизга ушбу ҳолатларга виждонан ёндошиб, чора кўришларини сўраб қолардим.


"UZTEX-SHOVOT" МЧЖ ҚК БПТ2018-05-22 13:52:49

Имконият даражасида аҳолининг ижтимоий химояга мухтож қатламига ёрдам беришга харакат қилинмоқда. Аммо бу кам...


Қ.Эшқораева Навоий вилояти, Учқудуқ тумани ижрочи котиб2018-05-22 09:41:11

Мақолани ўқиб қалбим ларзага келди. Ахир улар инсонку, уларни ҳам ҳаёт аталмиш бир марта бериладиган олий неъматни чиройли ва мазмунли ўтказишга ҳаққи йўқми? Уларни қўллаб қувватлайдиган карлар жамияти қайирга қараяпти. Пойтахтда бир маротаба тўй қилиб миллиардларни ҳавога учираётган бойлар озгина шундай инсонларга эътиборини қаратса нафақат бу дунёдаги бандаларнинг олқишига балки бизни Яратгувчи ОЛЛОҲ олқишига сазовор бўлиб икки дунё саодатига эришармиди. Ҳамма дунёни ўз қаричи билан ўлчайди. Лекин яхшилиш қилиш ҳаммани қўлидан келмайди. ЎзЛиДеП шу инсонларга кумак беришга чоғланган экан ОМАД тилайман ижобий ечимга эришишида.


Xudayberdieva Mohidil Norboevna O‘zLiDeP Zarafshon shahar bo‘limi ijrochi kotibi2018-05-22 00:27:54

Loqaydlik eng achinarli illatlardan biri hisoblanadi.Nahotki yon atrofimizda yordamga muhtoj insonlarni ko‘rsakda,ko‘rmaganga olib ketaveramiz.Yoritilgan ushbu voqiyalarga o‘xshash taqdirlar mamlakatimizning har bir burchagida sodir bo‘lmoqda.Istagim nafaqat deputat balki har bir fuqaro o‘z atrofidagilarga befarq bo‘lmasdan muammolar echimini ahtarishsa maqsadga muvofiq bo‘lardi nazarimda.


Холмурод Сориев, Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари2018-05-21 21:02:28

Бундай инсонларни хар томонлама куллаб-кувватлаш, уларга хам моддий, хам маънавий кумак бериш хар бир инсоннинг хам виждони, хам яратган олдидаги биринчи галдаги бурчидир. Хар бир депутат уз сайлов округидаги бундай сайловчилар билан доимий алокада булиб, доимий равишда уларга кумак беришга интилиши лозим.


Навоий вилоят Кенгаши ходими Абдували Холиқов2018-05-21 18:57:13

Баъзи бир эътибордан четда қолган, ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак қўлини чўзиш ҳар бирмизнинг инсоний бурчимиздир.


O’zLiDeP Навоий вилояти ҳудудий партия ташкилоти ходими Чингиз Раджабов2018-05-21 17:29:36

Юртимизда ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмаслиги керак. Партия фаолли сайланган депутатлар орқали муаммоларн ҳал этишлари лозим.


Мустафақулов Имомназар Жарқўрғон тумани2018-05-21 17:18:36

Бундай муаммоларни хар бир партия фаолли сайланган депутатлар орқали хал этишлари лозим. Эътборсиз булмаслик керак.


Жиззах шаҳар Мелибоева Маъмура Толиповна2018-05-21 17:14:37

Жойларда мутасаддиларимизнинг беэътиборсизлигидан фуқароларимиз кўздан нази колиб келишган. Эшитишида ва кўришида нуқсони бор фуқароларимизга қанчадан-қанча имкониятлар ва имтиёзлар яратилган. Барчамиз яхшилик йўлида бирлашайлик


Гулмира Амирова СТМ2018-05-21 17:13:10

Бу каби муаммолар Республикамизнинг барча туманларида мавжуд. Бу муаммоларни ечиш учун хар биримиз маъсулмиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+