СОЛИҚ ЮКИ: ДАРОМАДЛАР ТЕНГ, ЛЕКИН…

24.05.2018, 16:40

СОЛИҚ ЮКИ:  ДАРОМАДЛАР ТЕНГ, ЛЕКИН…

Жисмоний шахсларни солиққа тортишда тенглик тамойилларига қанчалик риоя қилинаётгани хусусида айрим мулоҳазалар 

Воҳид ЎРИНОВ,

юридик фанлари доктори

(DCL, солиқ ҳуқуқи),

Нью-Брансвик (Канада)

университети профессори

 

Франция иқтисодий-молиявий салоҳияти юксалишига улкан ҳисса қўшган француз сиёсатчиси Жан-Баптисте Kолберт ўз мамлакатининг солиқ сиёсати ҳақида бир вақтлар шундай деган эди: «Солиққа тортиш санъатини тирик ғознинг патларини юлишга ўхшатиш мумкин. Бу ишни шундай бажариш керакки, ғоз имкон қадар оғриқ сезмасин”. Бу қиёслаш қўполроқ туюлса-да, унинг замирида солиқ сиёсатига оид муҳим ҳақиқат мавжуд. Яъни, cолиқ сиёсати шундай бўлиши лозимки, ундан солиқ тўловчи хам, давлат бюджети ҳам жабр кўрмасин.

 Солиққа тортишга оид қонунчиликнинг адолатли, барқарор ва бардавом бўлишига хизмат қилувчи шундай бир тамойил мавжуд. У ҳам бўлса, солиқ тўловчиларнинг тенглиги принципидир. Унинг мазмун-моҳияти ғоят оддий: солиқ ундиришда барча фуқароларга нисбатан тенг ва бир хил муносабатда бўлиш. Лекин барча маъқуллайдиган ана шу жўнгина қоидани солиқ амалиётига татбиқ қилиш энг мураккаб вазифалардан бири бўлиб қолаётир.

Ўзбекистонда солиқчилик соҳаси ҳам тубдан ислоҳ қилиниш арафасида. Шундай пайтда тегишли тартиб-таомилларга танқидий-таҳлилий нигоҳ ташлаш, айрим муаммолар келиб чиқиши сабабларини ўрганиш, уларга ечим излаш мақсадга мувофиқ. Назаримизда, мазкур соҳада ҳал қилиниши зарур икки жиддий муаммо бор. Биринчиси — даромади тенг бўлган шахсларнинг солиқ қонунчилигига кўра турлича миқдорда солиқ тўлаётгани бўлса, иккинчиси — даромади турлича бўлган шахсларнинг бир хил миқдорда солиқ тўлаётганидир.

 Қуйида ана шу масалалар ва уларнинг ечими бўйича атрофлича мушоҳада юритишга ҳаракат қиламиз.

 Горизонтал ва вертикаль тенглик мезонлари

Солиқ соҳасида тенглик таъминланишининг ўзига хос икки мезони мавжуд: горизонтал тенглик ва вертикаль тенглик.

Горизонтал тенглик бир хил даромад топаётган шахслар бир хил миқдорда солиқ тўлаши зарурлигини англатади. Бошқача айтганда, икки шахснинг муайян давр мобайнида топган даромадлари бир хил бўлса ва бу даромадларни турлича солиққа тортиш учун асослар бўлмаса, бу маблағлар қайси манбалар ҳисобига топилишидан қатъи назар, улардан ягона миқдордаги солиқ ундирилиши керак.

Фараз қилайлик, оддий фуқаро А ўқитувчилик орқали бир ой мобайнида 2 миллион сўм даромадга эга бўлди. Унинг қўшниси — фуқаро Б ҳам айни давр ичида якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланиб, 2 миллион сўм фойда олди. Горизонтал тенглик мезонига кўра фуқаролардан бирининг даромади маош, иккинчисиники тадбиркорликдан тушган фойда эканидан қатъи назар, улар ўз даромадларидан бир хил миқдорда солиқ тўлашлари лозим. Бу мезондаги оддий мантиқ солиқ тўловчиларнинг даромадлари ҳажми тенглигига таянади. Даромад солиғини тўлаганларидан кейин улар ихтиёрида бир хил миқдордаги маблағ қолади. Тегишли қонунчиликнинг мазкур солиқ тўловчиларнинг ҳар иккаласига ҳам холис (нейтрал) муносабатдалиги, уларнинг тенглигини бузмаслиги шу тариқа намоён бўлади.  

Мабодо, фуқаро А қўшниси — фуқаро Б ўз даромади бўйича унга нисбатан камроқ солиқ тўлаётганини ёки умуман солиқ тўламаётганини билиб қолса, унда “Қўшнимнинг даромади меники билан бир хил бўлса-да, нега у оз солиқ тўлайди? Нега солиқ юкининг асосий оғирлиги айнан менинг зиммамга тушиши керак?” сингари ҳақли саволлар туғилиши табиий. Бундай ҳолатлар, яъни горизонтал тенглик тамойилининг бузилиши фуқароларда солиқ қонунчилигига нисбатан итоаткорлик ҳиссини сўндиради, имкон топилди дегунча улар қонунни четлаб ўтишга ҳаракат қиладилар.

Вертикаль тенглик мезони горизонтал тенглик тушунчасини тўлдиради. Унга кўра жисмоний шахслар даромадлари миқдори ўртасида тафовут бўлса, уларга солинадиган солиқ ўртасида ҳам шунга монанд фарқ бўлиши зарур. Мазкур тамойил шахснинг даромади ошиб боргани сайин солиқ ҳажми ҳам катталашиб боришини билдиради. Фуқаро А нинг ойлик тушуми 2 миллион сўм миқдорида сақланиб қолгани ҳолда фуқаро Б нинг даромади 5 миллион сўмгача кўпайса, эндиликда фуқаро Б нинг даромадига тушадиган ўртача солиқ юки фуқаро А нинг даромадидан олинадиган солиқ ҳажмидан кўпроқ бўлиши керак. Мисол учун, фуқаро А нинг маошига тушадиган ўртача солиқ юки 15 фоизни ташкил қилса, фуқаро Б нинг даромадига тушадиган ўртача солиқ юки 16 фоиз ёки ундан кўпроқ бўлиши тақозо қилинади. Ҳозирда мамлакатимиз солиқ амалиётида меҳнатга ҳақ тўланишидан тушадиган даромадлар, яъни маошлар вертикаль тенглик тамойилига асосланган ҳолда солиққа тортиляпти (1-жадвал).

1-жадвал

Вертикаль тенглик тамойилида жисмоний шахснинг даромади кўпайгани сари унинг тўлов қобилияти ҳам шунча ошиб бориши, бинобарин, унинг жамият олдидаги молиявий масъулияти ҳам мутаносиб равишда кучайиши ўз ифодасини топган.

Шу ўринда айтиш керакки, ҳозирда жуда кўп давлатлар, айниқса, ривожланган мамлакатлар ўз иқтисодиётини бозор тизими асосида бошқариб келмоқда. Унинг режали иқтисодиётга нисбатан талайгина афзал жиҳатлари бор: рақобат, самарадорлик, талаб ва таклиф мутаносиблиги, иқтисодий ўсишнинг изчиллиги ва ҳоказо. Бироқ бозор иқтисодиётининг салбий томонлари ҳам мавжуд ва унинг энг асосийси, бу капиталнинг секин-аста аҳолининг кичик бир қисми қўлида тўпланиши, жамиятда иқтисодий ва ижтимоий тенгсизликнинг юзага келишидир. Аксарият ривожланган давлатлар мазкур муаммо кескинлигини солиқ сиёсати воситасида юмшатишга — ўсиб борувчи ставкалар асосида жисмоний шахслар даромадларини солиққа тортишга ҳаракат қилишади. Бунда фуқаро йиллик даромадининг дастлабки қисми паст ставкада солиққа тортилади ёки у солиқдан буткул озод қилинади. Чунончи, 2018 йилда даромадларнинг солиқдан озод қилинган улуши Канадада 11809 доллар, Германияда 8820 евро, Буюк Британияда эса 5000 фунт стерлингни ташкил қилди. Аҳолининг муҳтож тоифалари ўрта қатлам даражасига кўтарилиб олиши учун  шундай йўл тутилади мазкур давлатларда. Айни пайтда шахснинг даромади ошиб боргани сайин  ўртача солиқ миқдори ҳам шунга мос равишда кўпайиб бораверади. Канадада жисмоний шахсларнинг даромадлари миқдоридан келиб чиқилган ҳолда 0 дан 33 фоизгача, Германияда 14 дан 45 фоизгача, АҚШда 10 дан 37 фоизгача, Хитойда 3 фоиздан 45 фоизгача, Жанубий Кореяда 6 дан 40 фоизгача, Туркияда 15 дан 35 фоизгача ўсиб борувчи шкала ставкалари асосида солиққа тортилади.

 Солиқ ставкалари нега баробар эмас?

 Айтайлик, 4 нафар танишингиздан ҳар бирининг ойлик даромади 4 миллион сўм. Аммо улар пулни турли манбалардан олишади. Масалан, фуқаро А маош тарзида, фуқаро Б тадбиркорлик фаолиятидан, фуқаро C мулкни ижарага бериш воситасида, фуқаро Д қарз фоизи ёки дивиденд эвазига маблағларни қўлга киритади (дивиденд — шахснинг бирор корхонага киритган сармояси ҳисобидан ўз улуши шаклида корхона даромадидан вақти-вақти билан оладиган фойдаси).

 Мамлакатимизда тилга олинган даромад турларининг ҳар бири ўзига хос усул ва ставкалар асосида солиққа тортилади. Масалан, меҳнатга ойма-ой ҳақ тўлаш тарзидаги даромад (яъни, фуқаро А нинг даромади) миқдорига қараб 0 дан 22,5 фоизгача ўсиб борувчи ставкалар асосида солиққа тортилса, хусусий тадбиркорликдан тушган даромад ушбу йўналишдаги фаолият турига ва ҳудудига қараб ҳар ойда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 0,5 баробаридан 7 баробаригача миқдорда солиққа тортилади. Дивиденд ва қарз фоизлари 10 фоизлик ставка асосида, мол-мулк ижарасидан тушадиган даромадлар эса 7,5 фоизлик ставка асосида солиққа тортилади. 2-жадвалга назар ташлайлик:

2-жадвал

Фуқаролар даромадларининг 2-жадвалда кўрсатилган йўсинда турлича усул ва ставкаларда солиққа тортиш қуйидаги муаммоларни вужудга келтириши мумкин:

 Бир даромад турининг иккинчисига нисбатан афзаллиги. Юқорида 4 миллион сўмдан тўланган солиқлар миқдорини кўриб чиқдик. Бир хил миқдордаги даромадга нисбатан солиқлар ҳажми ва  солиқ ундирилганидан кейин фуқаролар ихтиёрида қоладиган даромад миқдорини эса 3-жадвалда кўриш мумкин.

3-жадвал

Кўриниб турибдики, фуқаролар А ва Б нинг солиқ юки C ва Д га нисбатан 2-4 баробар кўпроқ. Бунга ҳали  бадаллар қўшилгани йўқ. Ҳолбуки, горизонтал тенглик тамойилига мувофиқ шахсларнинг даромадлари ҳажми солиқдан олдин тенг бўлса, уларнинг солиқ олинганидан кейин қоладиган даромадлари миқдори ҳам тенг бўлиши даркор. Хўш, нимага асосан мазкур даромад турларига нисбатан турлича солиқ ставкалари қўлланиляпти, деган савол туғилади. Зеро, осон топиладиган даромаднинг ўзи йўқ. Чунки, ҳаттоки ижара, қарз фоизи ёки дивиденддан даромад олаётган шахс қачонлардир ўша мулк ёки маблағни қўлга киритиб ва жамғариб, эндиликда ундан иқтисодий фойда кўрмоқда. Қолаверса, барча фуқаролар мамлакатдаги солиқ тўловлари ҳисобига бунёд этилган бойликлардан, айтайлик, йўллар, кўприклар, бепул тиббий хизмат ва таълим тизимидан бирдек фойдаланади. Шундай экан, нега бир хил миқдордаги даромадларга нисбатан солиқлар турлича бўлиши керак? Бунда қандай мантиқ бор?

Масала шундаки, ана шундай тенгсизлик пайдо бўлиши сабаблари амалдаги солиқ қонунчилигига бориб тақалади. Солиқ нуқтаи назарига қараганда, негадир бир даромад тури иккинчисидан афзал кўрилмоқда. Таъкидлаш жоиз, бу ўринда гап норасмий фаолият юритаётганлар ва расмий иш олиб бораётганлар ўртасидаги тенгсизлик тўғрисида эмас, балки меъёрий ҳужжатлардаги расмий тенгсизлик хусусида боряпти.

(Ушбу мақола XXI asr  ижтимоий-сиёсий газетасининг 2018 йил 24 май, 21 (759) сонида чоп этилган)

(Давоми келгуси сонда)

Муаллиф ҳақида: Воҳид Ўринов Тошкент давлат юридик университети ва Франкфурт университетини битирган. У  McGill университетининг солиқ ҳуқуқи бўйича доктори (doctor of law/PhD) мақомига эришди ва 2015 йилдан буён Канаданинг Brunswick университети ҳуқуқшунослик факультети профессори бўлиб ишлаяпти. Талабаларга  жисмоний шахсларни солиққа тортиш ҳуқуқи (personal taxation), корпорацияларни солиққа тортиш ҳуқуқи (сorporate taxation), халқаро солиқ (international taxation), корпоратив ҳуқуқ (corporate law), корпорацияларни молиялаштириш ҳуқуқи (corporate finance) фанларидан сабоқ беряпти. Ўринов 2013 йилда McGill университети ҳуқуқ факультетининг «Келажак профессорларини тайёрлаш» мукофоти билан тақдирланган. 2017 йилда  Brunswick университети ҳуқуқшунослик факультети томонидан таъсис этилганЙилнинг энг яхши ўқитувчиси совринига муносиб топилди.

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    3876
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Дилнозахон Султанбековна2018-05-25 12:58:50

Албатта, Солиқ, ҳар бир солиқ тўловчининг масалаласи. Ҳозирда тадбиркорлар айниқса, ёш тадбиркорлар учун жуда катта имкониятлар яратилаяптики бекор ўтиришнинг умуман иложи йўқ. Бу миллий бюджетга ҳар бир фуқаронинг ҳиссаси дегани.


Анвар Шобеков2018-05-25 11:51:57

Давлатимизда солиқ тизими ислох қилинмоқда лекин бир нерса бюджетдан ойлик оладиган ходимларига даромад солиғи солиш худди давлат пулини у чунтагидан бунисига ўтказишга ўхшайди бу хам кўриб чиқилса яхши бўларди


Илхом ИСЛОМОВ ЎзЛиДеП Нурота туман бўлими, депутатлик гуруҳи ижрочи котиби2018-05-25 11:36:19

Жуда яхши масала кўтарилипти, аҳолини қийнаётган муаммолардан бири бу- солиқ ставкалари....


М.Ахназарова КР Кенгаши 2018-05-25 11:07:57

Мамлакатимиз иқтисодий барқарор бўлиб бораверса, тадбиркорларимиз фаолияти янада ривожланса, ўйлаймизки мамлакатимизда солиқ сиёсати янада такомиллаштирилади ва бу тизимида яна бир канча карор ва фармонлар чикишини кутиб коламиз .Давлатимиз иқтисодий барқарор бўлиб бораверса, тадбиркорларимиз фаолияти янада ривожланади, ўйлайманки мамлакатимизда солиқ сиёсати янада такомиллаштирилса тадбиркорлар фаолиятини кенгайтиришига имкониятлар кўпаяди.


Вохидова Азиза Хасановна Навоий вилояти"Кармана туман Фермерлар кенгаши" номли БПТ раиси 2018-05-25 11:04:07

В.Ўриновнинг горизонтал ва вертикал тенглик борасидаги мулохазалари тахсинга лойиқ. Мамлакатимиз ривожида Солик тизимининг хам роли катта албатта солиқлар борасида ушбу мулохаза мухим тадбир булади деб ўйлайман.


O`zLiDeP Cурхондарё вилоят Кенгаши СТМ рахбари Гулмира Амирова2018-05-25 10:42:48

Ҳозирда мамлакатимиз солиқ амалиётида меҳнатга ҳақ тўланишидан тушадиган даромадлар, яъни маошлар вертикаль тенглик тамойилига асосланган ҳолда солиққа тортилмоқда аста- секинлик билан босқичма босқич бу соҳа хам юртимизда такомилга етказилади.


Баходир Қурбонов Халқ депутатлари Денов туман Кенгаши депутати, ЎзЛиДеП фаоли 2018-05-25 09:37:23

Хуқуқшунослик фанлари доктори Вохид Ўриновнинг горизонтал - бир хил даромадга эга бўлган шахслар, бир хил миқдорда солиқ тўлаши хамда вертикал - даромадлар ошиб борган сайин солиқ юки хам ошиб бориши тўғрисидаги мулохазаси адолатли таклиф деб биламан


Холмурод Сориев, Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари2018-05-24 23:29:50

Буюк Британия ҳукуматига сурункали 11 йил (1979-1990 йй) раҳбарлик қилган ва ўз мамлакатининг янада қудратли бўлишига катта ҳисса қўшган Маргарет Тэтчер ўз дастурида хусусий мулк ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш асносида ҳар қандай даромад албатта солиққа тортилиши, зеро солиқлар дефитцитсиз бюджетни шакллантиради деб таъкидлаган. Шу нуқтаи назардан олганда солиқларни ошириш эмас, балки солиқ тўловчи субъектларни кўпайтириб, шунинг асносида янги иш ўринлари ва ишлаб чиқаришни ошириш лозим. Ва албатта солиқ ставкаларини ва ойлик маошлардаги даромад солиқлари юкини ҳам босқичма-босқич камайтириб борилса, фуқаролар даромадлари ошиб боради деб ўйламиз.


Набижон Артиков Каттақўрғон шахар Кенгаши аппарат рахбари2018-05-24 23:00:54

Давлатимиз иқтисодий барқарор бўлиб бораверса, тадбиркор фаолияти янада ривожланади, мамлакатимизда солиқ сиёсати янада такомиллаштирилади.Шунда тадбиркор фаолиятини кенгайтиришига яна бир имконият бўлади


Тошкент ш ЁШЛИК Т.Ш .Кенгаши аъзоси Тухтабоева Маликахон2018-05-24 21:47:29

Солик тизимида яна бир канча карор ва фармонлар чикишини кутиб коламиз .Давлатимиз иқтисодий барқарор бўлиб бораверса, тадбиркорларимиз фаолияти янада ривожланса, ўйлайманки мамлакатимизда солиқ сиёсати янада такомил булади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+