Барча ҳаракатларимиз – халқимиз фаровонлиги ва хавфсизлиги учун

12.05.2017, 18:44

Барча ҳаракатларимиз – халқимиз фаровонлиги ва хавфсизлиги учун

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, хавфсизлик, миллатлараро  тотувлик  ва  диний  бағрикенгликни  таъминлашга  хизмат  қилади. Зеро, унда аҳолининг барча қатламлари манфаатларига мос кўплаб вазифалар ва чора-тадбирлар белгиланган.

Шулардан бири – аҳоли даромадларини ошириш, уюшмаган ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятига кенгроқ жалб қилиш, уларни шахсий томорқадан даромад олишга, фойдали меҳнат билан шуғулланишга ўргатиш орқали бандлигини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онгини юксалтириш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишдир.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Жиззах вилоят Кенгаши ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий аҳоли ва уюшмаган ёшлар иштирокида “Юрт тинчлиги, ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги учун ҳар биримиз масъулмиз” шиори остида “Барча ҳаракатларимиз – халқимиз фаровонлиги ва хавфсизлиги учун” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда жорий йилнинг биринчи чораги давомида уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш ҳамда маҳалла профилактика инспекторларининг ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган  тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида тумандаги 6 та маҳалла ва 3 та қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида умуман жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилмагани алоҳида таъкидланди.   

–Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “профилактика куни” этиб белгилангани амалда ўз самарасини бермоқда, – дейди Пахтакор тумани ИИБ катта инспектори Шавкат Тоғаев. – Жумладан, туманда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фавқулодда ҳолатлар содир этилишига йўл қўймаслик борасида олиб борилаётган амалий ишлар натижасида барча жиноятлар 32,4 фоизга, талончилик ва оғир тан жароҳати етказиш жиноятлари 100 фоизга, ўзгалар мулкини ўғирлаш 16,6 фоизга камайди. Бу эса  туманда ёшларни ҳар томонлама соғлом, мустақил фикрли, кенг дунёқараш соҳиби бўлиб вояга етказиш йўлида олиб бораётган изчил саъй-ҳаракатларимиз самарасидир.

 Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилда туман аҳолиси, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш борасида тижорат банклари томонидан 341 та фуқарога 34 минг 100 бош парранда олиш учун 1 млрд 147 млн. сўм, иссиқхоналар ташкил этишга 2 млрд 180 млн. сўм, кўчатлар учун 300 млн. сўм, жами 3 млрд. 627 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган.

–Жорий йилнинг биринчи чораги давомида туманда 214 та хонадонга 100 бошдан жами 21 минг 400 бош парранда етказиб берилди, – дейди Пахтакор туман ҳокими И.Қаршибоев. – Шунингдек, “Сангзор парранда” МЧЖ томонидан жорий йилнинг 15 майига қадар яна 44 минг бош, июл ойида 100 минг бош, октябрь ойида 100 минг бош жами 244 минг бош парранда етказиб бериш бўйича шартнома тузилган. Фақат шугина эмас. Бундан ташқари, туманда 1077 та хонадонга 10770 туб лимон кўчатлари ўтказилиб, бунинг натижасида 1 минг 169 та иш ўрни яратилди. Эътиборлиси, улардан 209 нафарини уюшмаган ёшлар ташкил этади.  

– Давлатимиз раҳбари фармони билан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегиясида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Эркин Холбўтаев. – Шулардан бири – янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, энг аввало, таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори инфратузилмасини изчил ривожлантириш, коллеж битирувчиларини ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштиришдир. Демак, мазкур ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда ҳар биримиз фаол ва ташаббускор бўлишимиз зарур.

Тадбирда сўз олганлар ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолини шахсий томорқадан даромад олиш ва тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида юрган ёшларга банк хизматлари, кредит турлари ва ажратиш тартиби, гаров таъминотлари ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Тадбир якунида иштирокчилар Пахтакор туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, аҳоли хонадонидаги иссиқхоналар билан танишди.

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

  • Кўрилди
    1887
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+