Янгиланишлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти (видео)

14.06.2018, 16:17

Янгиланишлар ҳеч кимни  бефарқ қолдирмаяпти (видео)

Мамлакатимизда барча соҳаларда тизимли равишда амалга оширилаётган ислоҳотлар шиддат билан давом этяпти. Ўзбекистондаги улкан ўзгаришлар, хусусан, иқтисодиётимизда юз бераётган янгиланишлар хорижлик мутахассислар, олимлар диққат-эътиборини жалб қиляпти, улар ҳам ўз навбатида мазкур ислоҳотларга хайрихоҳ эканликларини билдиряптилар. Ана шундай ижобий муносабат O‘zLiDeP ҳамда Банк-молия академияси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги халқаро анжуманда баён этилган фикр-мулоҳазаларда ҳам ўз ифодасини топди.  

Александр НЕКИПЕЛОВ,

Россия фанлар академияси академиги, Москва давлат университети қошидаги иқтисодиёт мактаби директори:

— Мамлакатингизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида жадал суръатларда амалга оширилаётган ислоҳотлар бутун дунё жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотяпти. Ўзбекистонда бор-йўғи икки кун бўлиб, шунга қатъий ишонч ҳосил қилдимки, фуқаролар юз бераётган ўзгаришларни мамнуният ва иштиёқ билан қабул қилишяпти, янгиланишлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Зеро, одамлар юрт равнақи, турмуш фаровонлиги ана шу ислоҳотларнинг қанчалик самарали амалга оширилиши билан чамбарчас боғлиқлигини теран англаяпти. Ҳаётга татбиқ қилинаётган Ҳаракатлар стратегияси иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олгани, ечимини кутаётган қатор масалаларга комлекс тарзда ёндашилаётганини алоҳида қайд этишни истардим.

Яққол кўзга ташланяптики, либерализм ғояси Ўзбекистон иқтисодий фаолиятининг ўзак-негизини, асосий йўналишини ташкил қилади. Назаримда, бу жуда оқилона ва табиий йўл. Россия тажрибасидан келиб чиққан ҳолда айтиш жоиз: мақсаднинг мазмун-моҳияти аниқ, эндиликда ҳамма гап тафсилотларда қолган. Яъни, тегишли чора-тадбирлар қай йўсинда, қандай суръатларда амалга оширилади, шунингдек, бу жараёнларда иқтисодий тизимнинг айнан қайси соҳаларига урғу берилади? Масала ана шундан иборат. Умуман, кўпгина иқтисодчилар томонидан “постсоциалистик трансформация” деб аталаётган жараёнларда мулкий муносабатларни бутунлай қайта кўриб чиқиш билан боғлиқ масалалар алоҳида ўрин тутади. Чунки бозор иқтисодиёти хусусий мулк етакчи, асосий ўринда бўлишини тақозо этади. Шу билан бирга, бозор механизмлари тўлақонли ишлаши учун зарур барча шарт-шароит яратилиши лозим.

Бир вақтнинг ўзида ҳар икки йўлдан бориб, муваффақиятга эришган мамлакатлар ҳам бор. Бунга ёрқин мисол сифатида Хитойни келтириш ўринлидир. Аммо бу жуда мураккаб йўл. У давлат олдига ижтимоий, сиёсий ва бошқа жабҳаларда улкан талаблар қўяди. Икки хил ёндашувни омухталаштириш, уйғунлаштиришнинг ижобий ва салбий томонлари борлигини, баъзан салбий жиҳатлар салмоғи ортиб кетишини ҳам назардан соқит қилмаслик лозим. Эътироф этиш керакки, Хитой Халқ Республикаси бунинг уддасидан чиқа олди, жаҳон тажрибасида камдан-кам учрайдиган ютуққа эришди.

Мулкий ҳуқуқлар трансформацияси бўйи­ча Россия тажрибасига мурожаат этадиган бўлсак, ғоят зиддиятли экани кўзга ташланади. Айтайлик, бир вақтлар ўтказилган ваучер воситасида хусусийлаштиришга мутахассислар ҳам, аҳоли ҳам нохуш бир англашилмовчилик, қўпол адашиш деб қарайди. Ўшанда тегишли механизмлар атайин бузилган, талай қонун-қоидаларга риоя этилмаганди. Хуллас, хусусийлаштиришнинг мазкур шакли иқтисодиётда давлат улушини, таъсирини камайтира олмади. Бинобарин, ҳозирда Россияда активларнинг асосий қисми давлат тасарруфида. Мамлакатингизда ҳам тахминан шундай ҳолат вужудга келган. Давлат капитали акциядорлик мулки шаклида намоён бўлган, шунингдек, фонд бозори тез ривожланиб боряпти.

Давлат активларининг бошқарилиши муҳим масалалардан биридир. Маълумки, бутун дунёда давлат номидан мулкка эгалик қилишни ижро ҳокимияти амалга оширади. Бундай ҳолатда давлат-мулкдор билан иқтисодий сиёсатни амалга оширувчи — давлат-регулятор манфаатлари ўртасида ихтилоф вужудга келади. Давлат ўз активлари бўлган субъектларга ҳар жиҳатдан кўмаклашади, имтиёз ва преференциялар беради, кредит олишига, валюта резервларидан фойдаланишига имкон яратади ва ҳоказо. Айни чоғда ижро ҳокимияти кўпинча бозор иқтисодиёти шароитида фаолият кўрсатаётган фирмалар, компаниялар зиммасига уларга хос бўлмаган турли ижтимоий вазифаларни ҳам юклайди. Россияда бундай корхоналар, мисол учун, футбол жамоасига ҳомийлик қилади, мактаблар қуради, қисқаси, турли ижтимоий ишлар билан шуғулланади. Бир томондан корхоналарга имтиёзлар бериш, иккинчи томондан улардан ижтимоий буюртмалар бажарилишини талаб қилиш бозор тизимида деформация хавфини келтириб чиқаради. Давлат мулкларини тўла хусусийлаштириш мазкур муаммони бартараф этиш имконини яратади.

Давлат хусусийлаштиришдан олинган фойдани қандай мақсадларга сарфлашни мўлжаллаётгани ҳам алоҳида диққатга молик масала. Аёнки, хусусийлаштиришни давлатнинг доимий мажбуриятларини молиялаштириш манбаи сифатида қабул қилиб бўлмайди. Негаки, бундай манба бир кун келиб тугайди, мажбуриятлар эса тугамайди. Мажбуриятлардан воз кечиш эса мақсадга мувофиқ эмас.

Ўтган йили Ўзбекистонда иқтисодий соҳада ҳам муҳим ўзгаришлар ҳаётга татбиқ қилинди. Жумладан, валюта ислоҳотлари амалга оширилди, “қора бозор”га барҳам бериш борасида дадил қадамлар ташланди. Лекин иқтисодиётнинг институционал такомиллашуви жараёнида, хусусан, фонд бозори ва банк тизимининг тадрижий тараққий қилиши давомида капитал ҳисоблар бўйича қайтарилувчанлик муаммоси юзага келиши эҳтимоли бор. Шу боис бу масалага жиддий ёндашиш, муаммонинг олдини олиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш даркор.

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1989
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Бобожонова Р. Шовот туман Кенгаши ижрочи котиби2018-06-18 09:34:48

Юртимизда юз бераётган ўзгаришлар негизида Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган оқилона сиёсатлари ётади. Ҳеч бир фуқаро бугунги ўзгаришларга бефарқ бўлмаслиги, замон шиддатини чуқур англаган холда илдам қадам ташламоғи лозим


Халқ депутатлари Жиззах вилояти Янгиобод туман Кенгаши депутати Ш.Рахимов2018-06-16 12:40:53

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, туб янгиланишлар бутун жаҳон оммасининг эътибор марказида эканлиги бизни кувонтирди. O‘zLiDeP ҳамда Банк-молия академияси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигида ўтказилган халқаро анжуман катнашчилар тамонидан ижобий бахоланди.


Рахманова Гульнара УзЛиДеП Тахтакупир туман Кенгаши ижрочи котиби2018-06-16 11:08:05

Юртимизга куз тегмасин! Анжуман катнашувчилари тамонидан билдирилган фикрлар бизни кувонтиради. O‘zLiDeP ҳамда Банк-молия академияси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги халқаро анжуманда Ўзбекистонимиздаги иқтисодий соҳада ҳам муҳим ўзгаришлар катнашчилар тамонидан ижобий бахоланди


Қашқадарё вилояти Ёшлар билан ишлаш бўлими ходими - Маъмуржон Абдуллаев2018-06-14 17:09:21

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, туб янгиланишлар бугунги кунда жаҳон оммасининг эътибор марказида эканлиги қувонарли ҳол! O‘zLiDeP ҳамда Банк-молия академияси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигида ўтказилган халқаро анжуманда баён этилган фикр-мулоҳазалар фикримиз далили.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+