“Агар мен Президент маслаҳатчиси бўлганимда...” (ВИДЕО)

14.06.2018, 16:24

“Агар мен Президент маслаҳатчиси бўлганимда...” (ВИДЕО)

Мамлакатимизда барча соҳаларда тизимли равишда амалга оширилаётган ислоҳотлар шиддат билан давом этяпти. Ўзбекистондаги улкан ўзгаришлар, хусусан, иқтисодиётимизда юз бераётган янгиланишлар хорижлик мутахассислар, олимлар диққат-эътиборини жалб қиляпти, улар ҳам ўз навбатида мазкур ислоҳотларга хайрихоҳ эканликларини билдиряптилар. Ана шундай ижобий муносабат O‘zLiDeP ҳамда Банк-молия академияси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги халқаро анжуманда баён этилган фикр-мулоҳазаларда ҳам ўз ифодасини топди.  

Руслан ГРИНБЕРГ,

Россия фанлар академияси мухбир аъзоси,

РФА Иқтисодиёт институти илмий раҳбари,

Халқаро иқтисодчилар иттифоқи ва Россия

эркин иқтисодий жамияти вице-президенти:

— Ислоҳотларни ниҳоятда жадаллик билан амалга оширишга ҳаракат қилинар экан, бунда Россия тажрибасига ҳам синчков нигоҳ ташлаш, ушбу давлат босиб ўтган йўл хусусида теран мушоҳада юритиш, таҳлил қилиш фойдадан холи эмас. Гап шундаки, 25-30 йил муқаддам иқтисодий соҳага доир ислоҳотларга қўл урганимизда қандай ҳаракат қилиш бўйича аниқ-равшан дастуримиз йўқ эди. Бинобарин, ўша пайтларда иқтисодий сиёсатда урф бўлган тамойиллар, тартиб-қоидаларни жорий этишга мажбур бўлган эдик. Ўтган асрнинг 80-йиллари адоғидаги эркинлик россияликларни бироз шошириб қўйди. Хорижга илк бор чиқиб, 100 турдаги колбаса, 300 хилдаги пишлоқ ва бошқа турфа неъматлар, буюмларни кўргач, ғарбга илтижо қилдик: бизга ҳам ўргатинглар, қайси йўлдан борайлик, нималарни амалга оширайлик? Бундай хатти-ҳаракатлар жиддий хато эди. Чунки ғарб ўша вақтда давлат фаоллигининг ҳар қандай кўринишига қарши кескин кураш олиб бораётганди. “Давлат иштироки — минимал даражада” доктринаси урфга кирганди. Давлат таъсири қанчалик кам бўлса, бу иқтисодиёт учун шунчалик фойдалидир, деган қараш ҳукм сурарди. Айрим тайёр андозалар, услублардан кўр-кўрона нусха кўчиришга уриндик. Оқибатда, йигирманчи асрнинг 90-йилларида иқтисодиётда чалкашлик, мавҳумлик рўй берди.

Улуғ мутафаккирлар ҳар нарсада меъёр ва мувозанатга чорлашган. Юқоридан бериладиган топшириқлар, белгиланган режаларга асосланган иқтисодиёт ҳақида сўз юритар эканмиз, бу мувозанат эмас, балки шахсий ташаббусларни, фаолликни сўндириш эканини тан олишимиз керак. Бунга амал қилиш ҳалокатга олиб келади. Тартибга солинмайдиган, бошқарилмайдиган эркин бозор эса бошбошдоқлик, алғов-далғовларни англатади. Бу борада қатъий, режали бошқарув ҳам, чек-чегарасиз эркинлик ҳам мақбул эмас. Ёмғирдан қочиб, дўлга тутилиш кулгилидир. Ана шу икки қутб оралиғидаги энг мақбул нуқтани топиш керак. Агар Президент Шавкат Мирзиёевнинг маслаҳатчиси бўлганимда, ана шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда муайян таклиф-тавсияларни илгари сурган бўлардим. Мамнуният билан таъкидлашни истардимки, Шавкат Мирзиёев бош вазир лавозимида фаолият юритган пайтларда у киши билан учрашиб, мулоқотга киришишга мушарраф бўлганман. Ўша вақтдаёқ унинг ҳар жабҳада мувозанат — балансни сақлашга интилиши кучли эканига, шу сингари мураккаб масалаларни бекаму кўст ҳал қилишга қодир, узоқни кўра оладиган доно йўлбошчи эканига амин бўлганман.

Капитализмни қандай куч ҳаракатга келтиради? Хўжалик юритилишини нима фаоллаштиради? Бозорни росмана бозор қиладиган унсур — рақобат. Агар бирор корхона хусусийлаштирилса-ю, бироқ рақобатга киришмаса, бундай муҳит ҳам мавжуд бўлмаса, аҳвол аввалгидан-да ёмонлашади. Зотан, давлат монополиясидан кўра хусусий монополиянинг зарари кўпроқ. Дейлик, давлат корхонасидан маҳсулот ёки хизматлар нархини нега бунчалик ошириб юборганини сўраш-сўроқлаш мумкин, лекин хусусий субъектга нисбатан ҳамма вақт ҳам бундай йўл тутиб бўлмайди.

Спорт клубига давлат эгалик қиладими ёки тадбиркорми, булар ўртасида қандай тафовут бор? Ахир, асосий вазифа ўйинларда ютиш, зафар қозониш эмасми? Бу кимга боғлиқ? Албатта мураббийга-да! Корхоналарда эса менежерга. Агар жамоа мағлубиятга учрайверса, унинг мураб­бийи, менежери алмаштирилади. Демак, муҳими натижа, мулкнинг қандай шаклда бўлишининг унчалик аҳамияти йўқ. Хулоса шуки, рақобат муҳитини вужудга келтирмай, фақат хусусийлаштириш билангина мурод ҳосил бўлмайди. Умуман, бизда ҳам, сизларда ҳам иқтисодиёт структураларини примитивлаштириш рўй беряптики, бу ҳақда жиддий бош қотириб кўриш керак.

Ҳозир дунёдаги вазият ўта беқарор, олдиндан билиб бўлмайдиган ҳолга келган. Савдо-иқтисодий урушлар, етакчи мамлакатлар олиб бораётган сиёсат, турли давлатлар манфаатлари тўқнашуви, қисқаси, жараёнлар чигаллашиб кетди... Менимча, ҳар қандай ҳолатда ҳам биз саноат ва бошқа соҳалардаги алоқаларимизни сақлаб қолишимиз, ўзаро манфаатли алоқаларимизни янада мустаҳкамлашимиз зарур.

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1858
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Шовот туман Кенгаши ходими2018-06-18 09:49:08

Анжуманда билдирилган фикрлар бир тамонлама тўғри , аммо бошқа тамондан қараганда четдан туриб фикр билдириш доим осон, вазият ичида эса аксинча бўлиши мумкин.


М.Холматова Қува туман Кенгаши депутати2018-06-18 09:00:45

O‘zLiDeP ҳамда Банк-молия академияси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги халқаро анжуманда баён этилган фикр-мулоҳазалардан ҳар бир тадбиркор фикр юритиб хулоса чиқариши керак.


З.Рахмонова Қува туман Кенгаши 2018-06-18 08:58:06

Руслан ГРИНБЕРГ тўғри фикр берган Ҳозир дунёдаги вазият ўта беқарор, олдиндан билиб бўлмайдиган ҳолга келган. Савдо-иқтисодий урушлар, етакчи мамлакатлар олиб бораётган сиёсат, турли давлатлар манфаатлари тўқнашуви, қисқаси, жараёнлар чигаллашиб кетганлигига баҳо бермоқда ҳар бир тадбиркорни ҳам хушёрликка чорламоқда, агар тадбиркорликда ақлли бўлмасанг тездагина синиб банкротга учрашинг ҳеч гап эмас.


Tahir Abdusamatov2018-06-16 14:08:02

Бунака акллилар узимизда хам жуда куп, уларни топиб мансаб бериш керак халол мехнат киладилар


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+