Технопарклар: халқаро тажриба ва яхлит ҳуқуқий асосга эҳтиёж

25.06.2018, 11:20

Технопарклар: халқаро тажриба ва яхлит ҳуқуқий асосга эҳтиёж

Бугунги глобаллашув жарёнида ишлаб чиқариш, меҳнат ва савдо бозорлари интеграцияси, хомашё ўрнини босувчи воситалар ва таннархга таъсир этувчи бошқа омилларни топиш борасидаги ошкор-яширин, аёвсиз ва шиддатли рақобат замонида илм-фан, инновация, инвестиция, техника ва технология соҳалари иқтисодиётнинг локомотиви ҳисобланади. Бунинг тасдиғини Япония, Хитой, Жанубий Корея  каби қитъамиздаги ривожланган давлатларнинг ихтирочилик ишланмалари, рационализаторлик таклифлари йўналишларига салмоқли сармоялар киритиш орқали юксак натижаларга эришгани мисолида яққол кўришимиз мумкин.

Иқтисодиёт тармоқларини бошқаришга креатив ёндашув туфайли кўпгина мамлакатларда технопарклар вужудга келганига анча бўлди. Улар фаолиятининг яхлит ҳуқуқий асослари ҳам яратилган. Ўзбекистонда эса “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни амал қилмоқда. Айни шу қонунда технопаркларга иқтисодий зонанинг бир вакили сифатида умумий мазмундаги таъриф берилган.

Қонуннинг 8-моддасида эркин илмий-техникавий зоналар алоҳида ажратилган ҳудудлардан иборат бўлиб, у ерда илмий-ишлаб чиқариш ва ўқув марказлари жамланади ҳамда улар учун илмий-ишлаб чиқариш имкониятини ривожлантиришга қаратилган махсус ҳуқуқий тартибот ўрнатилиши ҳамда эркин илмий-техникавий зоналар юксак технологиялар амал қиладиган зоналар, технопарклар, минтақавий инновация марказлари — технополислар шаклида ташкил этилиши белгилаб қўйилган.

Эътибор қиладиган бўлсак, ушбу нормада технопарклар учун махсус ҳуқуқий тартибот, яъни қонун ҳужжати амал қилади, дейилган. Лекин бугунга қадар бундай қонун ҳужжати мавжуд эмас. Қонуности ҳужжати тарзида Тошкент шаҳар ҳокимининг 2013 йил 23 декабрдаги қарори билан “Яккасарой технопарк" компанияси, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрдаги қарори асосида Юнусобод, Сергели ва Яккасарой туманларида технопарклар ташкил этилган.

Маълумки, республикамизда кейинги икки йил мобайнида юқори технологиялар, илмий-технологик ва инновацион тадбиркорлик барқарор ривожланишини таъминлаш, миллий ва хорижий бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва етказиб беришни йўлга қўйиш учун қулай муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бу борада замонавий ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш, амалиётга жорий этиш, эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналарини ташкил этиш, фаолият кўрсатаётган зоналарнинг самарадорлигини ошириш вазифалари белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳрининг Яшнобод ва Олмазор туманларида инновацион технопаркларни яратиш, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳузурида Корея Республикаси ҳукуматининг беғараз кўмагини жалб этган ҳолда ўқув-амалий тўқимачилик технопаркини ташкил этишга оид фармон ва қарорлари технопарклар фаолиятини йўлга қўйишда жадал амалий қадам бўлди.

Ушбу ҳужжатларга кўра, технопарк резидентларини, бутун Тошкент шаҳри ҳудудида илмий, технологик ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини назарда тутувчи, илмий-ҳажмдор маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг яхлит инновация занжирини амалга ошириш учун илм-фан, ўқув ва ишлаб чиқариш ташкилотларининг фаолиятини интеграциялаш, инновация лойиҳаларини давлат, илмий ташкилотлар ва таълим муассасалари, тадбиркорлик субъектлари, тижорат банклари, халқаро молиявий институтлар ва донор мамлакатлар кредитлари ҳамда венчур фондларининг молия ресурслари ҳисобидан биргаликда молиялаштириш, хизмат кўрсатишнинг, жумладан, илмий лабораториялар, керакли реагент ва сарфлаш материаллари билан таъминлаш, лицензия ва патентлар олишни ташкил қилиш, илмий ва инновация ишланмаларини тижоратлаштиришни ўз ичига олган яхлит инфратузилмани яратиш чора-тадбирлари белгиланган.

Юқори технологияли ва инновацияли ишлаб чиқаришни ташкил этишга қизиққан маҳаллий ва хорижий инвесторларни, шунингдек, ушбу мақсадлар учун имконият ва ресурсларга эга бўлган тадбиркорларни, илмий-тадқиқот ва инновация ишланмаларининг самарадорлигини ошириш қайд этилган. Бироқ Наманган ва бошқа ҳудудларда шакллантирилаётган бир неча технопарклар бизнес субъектларини маълум бир ҳудудга жойлаштириш ва саноатга йўналтиришни ҳам назарда тутиб, илм-фан, технологик ва инновацион илғор ишланмаларни татбиқ этишни назарда тутмайди. Бу ҳолат эса, технопаркларнинг ташкил этиш мақсадига тўла мувофиқ эмас. 

Агар, таҳлилларга таянсак, юқорида қайд этилган ҳужжатлар билан технопарклар фаолияти шакллантирилган бўлса-да, улар фаолиятининг самарадорлигини таъминлаш, ушбу соҳани илғор давлатлар тажрибаси томон етаклаб боришни тақазо этмоқда. Бир сўз билан айтганда, технопарклар соҳасидаги ислоҳотлар илмий-техник революция, информацион, био ва нанотехнологиялар, билим индустриясининг тезкор ўсиш ва ривожланиш асрига мос суръатларда амалга оширилиши даркор. Ана шу даркорлик жараёни эса, синовларда тобланиб, ўз ижобий натижасини кўрсатган, мақбул тажрибага ҳамда мустаҳкам, пухта ишланган яхлит қонунга таянган бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Технопарклар соҳасидаги миллий қонунчилик базасини таҳлил этиш қуйидаги жиҳатларни аниқлаш имконини берди. Қонунчилигимизда нафақат юқори технологиялар, балки ҳар қандай соҳада технопарклар фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонун мавжуд эмас. Қонун ҳужжатларини ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, технопаркларнинг  фаолият йўналиши бир-бири билан боғлиқ эмас, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли турличадир. Қонун ҳужжатларида технопарк тузилмаларининг ташкилий-ҳуқуқий шакли, фаолият мақсади белгиланмаган. Технопаркларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қоидалари амалда деярли ишламайди.

Шундай қилиб, мамлакатимизда технопарклар концепциясини муваффақиятли жорий қилиш учун биз бир қатор муаммоларни ҳал этишимиз лозим. Технопарклардаги мавжуд муаммоларни, энг аввало, яхлит тизимга эга қонун ҳужжатини тадбиқ этиш билан бартараф этиш имконини топиш зарур.

Шу муносабат билан O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида “Технопарклар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш заруратини қуйидаги жиҳатлар билан ҳам изоҳлаш мумкин:

Миллий қонунчиликда технопарклар тушунчаси ҳақида концепциялар тўплами йўқ.

Нафақат юқори технологиялар, балки бошқа соҳаларда ҳам технопарклар мақомини белгиловчи комплекс қонун ҳужжатлари мавжуд эмас.

Шунинг учун ҳам қонун лойиҳасини тузишда технопарк тушунчаси, фаолияти, кафолати, тугатиш асослари, улар фаолиятининг ўзига хос хусусиятларига урғу берилиши лозим. Албатта, технопаркни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, унинг моҳияти ва мавжуд мақомига қанчалик мос бўлиши каби жиҳатларни аниқлаш масалалари  ҳам эътибордан четда қолмаслиги лозим.

Сир эмаски, юртимизда саноат, тиббиёт, ахборот технологиялари ва бошқа соҳаларда технопарклар яратилмоқда. Шу маънода, ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаси фақат юқори технологиялар соҳасига оид технопарклар фаолиятини тартибга солувчи бир ёқлама қонун лойиҳасига айланиб қолмаслиги керак. Аксинча, фаолият туридан қатъи назар, барча турдаги технопарклар учун ягона бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида ишланиши муҳим аҳамиятга эга.

Қонун лойиҳасида, технопаркларни ташкил этиш ва улардан фойдаланишнинг ҳуқуқий тартибга солиниши (технопарк тушунчаси, ташкилий-ҳуқуқий шакли, технопаркни ташкил қилиш ва бошқариш, резидентлар мақоми ва бошқарув ташкилоти ва б.) технопарклар фаолиятини кенг қамраб олишга йўналтирилиши зарур.

Яна бир муҳим жиҳати, илғор халқаро тажрибадан маълумки, технопарклар фаолиятида ташқи ва ички инвестициялар иштироки кенг таъминланиб, уларга молиявий, солиқ, маъмурий ва ташқи савдо имтиёзлари кенг қўлланилишини кўрсатади. Демак, англаш мумкинки, ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга тадбиқ этиш билан бирга “Кичик саноат зоналари тўғрисида”, “Инновациялар тўғрисида”, “Инновацион фаолият тўғрисида”, “Инновацияларни молиялаштириш тўғрисида” ҳамда “Венчур фондлар тўғрисида”ги каби бир қатор қонун лойиҳалари устида ҳам ишлаш, изланишни ҳаётнинг ўзи тақозо этаётир.

Нуриддин МУРОДОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси котибият мудири,

экспертлар гуруҳи раҳбари

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    503
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Холмурод Сориев, Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари2018-06-25 20:28:29

Жуда муҳим ва долзарб масала бўйича қонун ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклифи кўтарилган. Агар қонун ишлаб чиқилиб, қабул қилинса, бу ҳолат мамлакатимиз иқтисодиётига катта ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиздир. Яна бир томони, бу соҳа бўйича аҳоли ўртасида ҳали кенг тушунча йўқлигини ҳисобга олиб, депутатлар ва партия фаолари томонидан тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб боришимиз зарур.


O‘zLiDeP Яшнобод туман Раиси Саидолим Насретдинов2018-06-25 17:08:00

Тошкент шаҳрининг Яшнобод ва Олмазор туманларида инновацион технопаркларнинг яратилиши, тадбиркорлик субъектларининг ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, имконият ва ресурсларга эга бўлган тадбиркорларни, илмий-тадқиқот ва инновация ишланмаларининг самарадорлигини ошириш, уларга амалий кўмаклашиш учун маҳаллий ҳамда хорижий инвесторларни жалб этишда амалий қадам бўлади деб хисоблайман.


O’zLiDeP Хива туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари - аппарат раҳбари Ш.Атажанов2018-06-25 16:52:47

“Кичик саноат зоналари тўғрисида”, “Инновациялар тўғрисида”, “Инновацион фаолият тўғрисида”, “Инновацияларни молиялаштириш тўғрисида” ҳамда “Венчур фондлар тўғрисида”ги каби бир қатор қонун лойиҳалари ҳозирги кун талабларидан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам ушбу қонунларга таклиф киритиш ҳар бир партия фаолининг бурчи ва вазифасидир.


Исомов Акрам Жиззах вилояти Жиззах шахри2018-06-25 16:43:47

"Технопарклар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни юқори технологияли ва инновацияли ишлаб чиқаришни ташкил этишга қизиққан маҳаллий ва хорижий инвесторларни, ушбу мақсадлар учун имконият ва ресурсларга эга бўлган тадбиркорларни, илмий-тадқиқот ва инновация ишланмаларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.


Гулмира Амирова Сурхондарё СТМ2018-06-25 16:23:20

Юқори технологияли ва инновацияли ишлаб чиқаришни ташкил этишга қизиққан маҳаллий ва хорижий инвесторларни, шунингдек, ушбу мақсадлар учун имконият ва ресурсларга эга бўлган тадбиркорларни, илмий-тадқиқот ва инновация ишланмаларининг самарадорлигини ошириш учун хам қонуний асослар керак


Гулмира Амирова Сурхондарё СТМ2018-06-25 16:21:54

Юқори технологияли ва инновацияли ишлаб чиқаришни ташкил этишга қизиққан маҳаллий ва хорижий инвесторларни, шунингдек, ушбу мақсадлар учун имконият ва ресурсларга эга бўлган тадбиркорларни, илмий-тадқиқот ва инновация ишланмаларининг самарадорлигини ошириш учун хам қонуний асослар керак.


Жиззах шаҳар Кенгаши ижрочи котиби Маъмура Мелибоева2018-06-25 15:39:05

Технопарклар фаолиятидаги ташқи ва ички инвестициялар иштироки кенг таъминланганлиги, уларга молиявий, солиқ, маъмурий ва ташқи савдо имтиёзларнинг кенг қўлланилишини хар қандай тадбиркорни тадбиркорлик салохиятларни янада рухлантиришига ишонаман


O`zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Зебинисо Сапарова Давлат қизи2018-06-25 12:11:26

Мақолада таклиф этилган “Кичик саноат зоналари тўғрисида”, “Инновациялар тўғрисида”, “Инновацион фаолият тўғрисида”, “Инновацияларни молиялаштириш тўғрисида” ҳамда “Венчур фондлар тўғрисида”ги каби бир қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишни бугунги кун талабидир.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг. ЭСЛАТМА! ЖЎНАТИШ ТУГМАСИНИ БОСГАНИНГИЗДАН СЎНГ БИЛДИРГАН ФИКРИНГИЗ ШУ ЗАҲОТИ КЎРИНИШИ УЧУН САҲИФАНИ ҚАЙТА ЯНГИЛАНГ (ОБНОВИТЬ).

+