Тиббиёт муассасаларидаги узундан-узоқ навбатларга энди батамом чек қўйилиши мумкин

04.07.2018, 10:26

Тиббиёт муассасаларидаги узундан-узоқ навбатларга энди батамом чек қўйилиши мумкин
Гап шундаки, аҳолининг шифокор қабулида навбат кутиб қолиши, касаллик тарихи ҳақидаги маълумотларни умумлаштириш билан боғлиқ ортиқча вақт йўқотишларнинг олдини олишга қаратилган “Klinik.uz“ дастури яратилди.
 
Қашқадарё вилоятидаги Қовчин қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг 2-босқич ўқувчиси Достон Холбоев томонидан яратилган мазкур дастур ёрдамида фуқаролар паспорт маълумотларини киритиш орқали рўйхатдан ўтиши ва касаллик тарихини дастурга жойлаштириши мумкин. Шифокор беморнинг паспорт маълумотларини дастурга киритиш орқали унинг касаллик тарихи билан танишиш имкониятига эга бўлади. Бу эса, ўз навбатида, ҳам шифокор, ҳам фуқаронинг ортиқча вақт йўқотишининг олдини олади. Шунингдек, дастур ёрдамида фойдаланувчилар шифокор қабулига ёзилиши, қўйингки, тиббиёт муассасалари билан боғлиқ ҳар қандай амалиётни онлайн тарзда амалга ошириши мумкин. Яна бир эътиборли жиҳати, ушбу дастурнинг мобиль иловаси ҳам мавжуд бўлиб, бу фойдаланувчилар учун янада қулайлик яратади.
 
Фарғона саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Муҳаммадқодир Абдувоитовнинг туризмни ривожлантириш борасидаги инновацион ишланмаси ҳам алоҳида эътирофга муносиб. У "VR TOUR UZBEKISTAN" иловасини яратди.
 
– Сайёҳлар кўп ҳолларда "у ер боришимга арзирмикан", деган савол билан иккиланишади, – дейди у. – Албатта, бундай ҳолат уларнинг маълум бир жой ҳақида етарли маълумотга эга эмаслиги оқибатида пайдо бўлади. "VR TOUR UZBEKISTAN" иловаси орқали энди бунинг олдини олиш имконияти бор. Яъни, сайёҳлар илова ёрдамида юртимизнинг исталган шаҳрини виртуал томоша қилиши мумкин бўлади.
 
Муҳаммадқодирнинг таъкидлашича, иловадан сайёҳларнинг авиарейслар учун чипта буюртма қилиши, шунингдек, меҳмонхона, ресторан, такси хизматидан фойдаланиши кабилар ҳам ўрин олган бўлиб, бу биринчидан, юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини янада кенг тарғиб қилиш, иккинчидан, уларга сифатли хизмат кўрсатишга замин яратади.
 
Айни йўналишда қорақалпоғистонлик, Нукус туризм ва сервис коллежининг 1-босқич битирувчиси Дилфуза Карамадинованинг инновацион ғояси ҳам туризм ривожида муҳим аҳамиятга эга. У ўтов ичида 60 ўринли кинотеатр лойиҳасини яратди. Эътиборли жиҳати, шарқона миллий услубдаги кўчма ўтов-кинотеатрлар сайёҳлар эътиборини тортишга шубҳа йўқ. Кинотеатрда туризм ва миллий қадриятларимиз билан боғлиқ видеороликлар намойиш этилади.
 
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Ёшлар оромгоҳида Достон, Муҳаммадқодир ва Дилфуза сингари истеъдодли 42 нафар ёшнинг техника, тиббиёт, туризм, тасвирий санъат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги ихтиролари намойиш этилди.
 
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси “Ёшлар қаноти“ ташаббуси билан ташкил этилган “Ёш инновациячи“ кўрик-танловининг мамлакат босқичи доирасида ёшларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ўқув семинари ҳам ўтказилди. Танлов доирасида ёш иқтидор соҳибларининг таниқли олимлар билан учрашувини ўтказиш ҳам режалаштирилган.
 

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1742
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Толипов Элёржон Риштон тумани БПТ раиси2018-07-04 14:02:45

Тиббиёт муассасаларини қайси йўналишига бўлмасин мурожаат қилиш учраш керак бўлса хаммасида қатор навбат кутиш жараёнлари бўлади. Айниқса давлат ишида ишлаган одам фарзандини қисқа вақт ичида кўрикдан ўтказишга борган тақдирдаям ярим кун вақти шифокорда навбат кутиш билан ўтиб кетади. Бу дастурнинг яратилиши замирида фуқаролар учун катта қулайлик борлиги шубхасиз ва бу тез орада бутун мамлакатимиз бўйлаб жорий этилса янада яхши бўлар эди


Холмат Тўраев Жиззах вилояти2018-07-04 12:25:31

Ушбу дастурнинг яратилганлиги айни муддао. Шунга ўҳшаш қулайликларни яна кўплаб соҳаларда қўллаш мумкин


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+