Агроинновация: қумда балиқ боқиш синоати ва саноати

07.07.2018, 17:09

Агроинновация: қумда балиқ боқиш синоати ва саноати

Сувнинг қумга сингиши ва зумда ғойиб бўлиши билан боғлиқ тасаввурлар қачон ўзгаради? Болта шўро нега Болтабой оқсоқолга айланди? “KHARROT VIET”нима дегани? Пирнахос қаерда жойлашган? Кимнинг кўзини бойлик кўр қилди? Бир сонияда бир дона тайёр маҳсулот чиқариш мумкинми? Ўнқир-чўнқир йўлларда нафақат транспорт воситалари, балки уларнинг ичидаги инсонларнинг ичи тўкилганини кўрганмисиз?

Хива туманида Отабой Аллаберганов деган замондошимиз бор. Партиямизнинг ташаббускор аъзоларидан. “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби. Отаҳаррот номи билан танилган бу фермернинг инновацион балиқчилик мактабини Вьетнаму Хитойда ҳам яхши билишади. Энди исроилликлар ҳамкорликда ишлаш таклифи билан келиб кетишяпти. Хорижий мутахассислар чўлда атиги бир йилда бунёд этилган консерва заводи, кўллар орасидаги замонавий сайёҳлик мажмуаси, ўтовлардаги офисларни кўриб чинакамига ҳайратланишмоқда.

O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Жуманазар Қурбонов етказган шу хабар сафарга отланишга туртки бўлди. Том маънодаги агроинновацияни ўз кўзим билан кўриш истаги 1100 километрлик масофани ёз жазирамасида босиб ўтиш машаққатидан устун чиқди. Ҳатто ана ўша йўлнинг 300 чақирими адоғи кўринмайдиган барханлараро ўтиши олдиндан маълум бўлса ҳам...

Қум шунчалик қизиганки, юзасига кўмилган картошка-ю тухум беш дақиқада пишади. Таъмини айтинг – бундай тановулдан сўнг сувда қайнатилганини егингиз келмай қоларкан. Қобиғини арчиётганда бармоғингиз куйиши-да завқ бағишлайди. Анчадан буён дангасаликни касб қилган сезги органларингиз гўё фавқулодда вазиятлар тартибида ишлаётгани, иммун тизими қуёш тафтига тезкорлик тарзида мослашаётганини ҳис қиласиз.

Диққатингизни жамлаб, нигоҳингизни қумга қадасангиз, шиша зарраларини кўрасиз. Инъом этилган неъмат – жуда катта бойлик бу. Ҳисобсиз ҳажмдаги ойналар, турфа шакллардаги шиша идишларнинг тайёр хомашёси қайта ишловчи кимёгар-муҳандислар, ишбилармонлар инвесторларни кутиб ётибди.

Киприкларингизни юмиб, астойдил қулоқ тутсангиз, инновацион ғоялар негизида яратилган самарали технологиялардан оқилона фойдаланиш мақсадида қумда барпо этилаётган ўхшаши йўқ саноат корхоналарининг ёқимли шовқинини эшита оласиз. Салоҳиятли сармоядорлар топилажагидан дарак бу. Ким билсин, айни лаҳзаларда Бухоро ё Навоий вилоятининг, Хоразм воҳаси ёхуд Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳару қишлоқларида улғаяётган навқирон авлод вакиллари синоатлар қулфини очиб, истиқболли саноат йўналишига айлантириш лойиҳасини ниҳоясига етказиш арафасидадир.

Президентимиз фармони билан тасдиқланган “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастурини амалга ошириш орқали яратилаётган қулай шароитлар туфайли ҳозирча исми-шарифи номаълум ўша новатор йигит-қизларни кашф қилиш онлари тобора яқинлашаётгандир. Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, креатив ғоя ва лойиҳаларини ўз вақтида молиялаштиришнинг аниқ механизмлари белгилаб берилган мазкур дастур “пул бўлса чангалда шўрва”ни тутишини айтадиганлар учун ажойиб имкониятлар майдонидир.

Яна бир гап: O’zLiDeP “Ёшлар қаноти”нинг ҳам отни қамчилайдиган вақти келди. Чунки замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга қодир, мақсадга интилувчи ва серғайрат ёшлар юртимизда жуда кўп. Фақат партиямиз уларнинг олдига бошқа давлат ва жамоат ташкилотларидан олдин етиб бориши, режаларини рўёбга чиқаришга амалий жиҳатдан кўмаклашиши зарур. Шундагина етакчи сиёсий куч мавқеи сақлаб қолинади, келаси йилги сайловлардаги муваффақият замини янада мустаҳкамланади.

...68 яшар Отабой ота қум бағрида балиқ боқишнинг уддасидан чиқади-ю, компьютер технологиялари ёрдамида қилни қирқ ёрадиган бугунги ёшлар инновацион ривожланишга ҳисса қўшолмайдими? “Истеъдодлар орамизда, лекин биз уларни кўролмаяпмиз”, деган гапни аввалги замондагилар ўзини оқлаш учун ўйлаб топишган. Модомики, бугун партиянинг олдида ўзаро боғлиқ иккита долзарб вазифа турибди: биринчидан, “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастурида назарда тутилаётган ёшларни излаб топиш ва иккинчидан, уларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш!

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бу вазифани бажаришни бир кунга кечиктирган сиёсий институтлар истиқболдаги фаолиятида ўн кунлик депсинишга рўбарў бўлади. Ўн кун кечикиш эса... Хуллас, ҳозир вақтнинг қадрига етмаган эртага нақдидан – юз минглаб сайловчи-ёшларнинг овозидан айрилади.

Ичонқалъагача яхши, нарёғи жуда “яхши”

“Хива вақти билан соат етти” номли фильм-концерт бўларди. ТВда тез-тез намойиш этиларди. Муқаддимаси аниқ эсимда қолган. Иштирокчилар Хива шаҳри атрофидаги манзиллардан пиёда, от ёки эшакда тошли-тупроқли йўллардан Ичонқалъага етиб келади. Ижодкорлар юмор ёрдамида реал ҳолатни усталик билан кўрсатишган.

Урганчдан Хива томон равон йўлда ҳаракатланиш давомида фильм-концерт қаҳрамонлари ана шундай манзараларни орзу қилган бўлса керак, деган фикр ўтди хаёлимдан. Фахрланишнинг ўзи бир роҳат. Атроф ободонлаштирилган. Замонавий бинолар тарихий иншоотларга уйғунлаштирилган. Шундай кайфиятда кўҳна шаҳарга етиб келиб, “Собир арқончи” меҳмонхонасига жойлашдик. Бироз танаффусдан сўнг яна йўлга тушдик. Навбатдаги манзил – Пирнахос қишлоғи. Лекин...

Беш дақиқадан кейин баланд кайфиятдан асар ҳам қолмади. Биз сизга мақтаган равон йўл Ичонқалъагача экан, холос. У ёғи дабдала. Шаҳардан чиқибоқ шунчалик “текис” йўлга тушдикки, таърифлашга тил ожиз – ҳолига маймунлар йиғлаётгани кемтик ўхшатиш. Йигитчанинг мана бу хиргойиси балки мос тушар: “Барча текис ва равон йўллар Урганчу Хивага бўлсин, ҳамма ўнқир-чўнқирлар ва чангу тўзонлар бизга”.

Хизмат сафаримиз давомида Урганч-Гурлан, Янгибозор-Хива йўлларидаги ноқулайликлар сабаб аҳолининг фиғони фалакка чиққанига ҳам гувоҳ бўлдик. Айтишларича, мазкур йўллардаги таъмирлаш ишлари бошланганига анча бўлган. Бироқ, мана неча йилдирки, унинг якунига етишини назорат қиладиган фидойи топилмаяпти.

Бу танқидий мулоҳазалар мутасаддиларга таъсир қилиш-қилмаслиги бизга қоронғу. Аммо эни беш-олти метрлик “тош-сўқмоқ”ларда ҳаракатланаётган транспорт воситалари эгалари худди жаҳон тажрибасида бўлгани сингари моддий-маънавий зарарни қоплашни сўраб йўлсозларни судга берса – оқибати аянчли бўлиши аниқ. Яхшиямки, одамларимиз бағрикенг. Йўл солиғини вақтида тўлаб қўйганимдан кейин нима учун сифатли йўлда юрмаслигим керак, дея шикоятбозлик қилишни ўзига ор билади. Қийналса-да чидайди. Аммо бу бағрикенгликни суистеъмол қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Давлат органлари халққа хизмат қилиши даркор, деган даъватнинг ҳикмати ҳам шунда.

Олти ойлик текшир-текширлар асорати

Йўлдаги азоблар сабаб агроинновациялар асосчиси, бир неча фермер хўжаликлари ва МЧЖлар таъсисчиси Отабой Аллаберганов ҳузурига келишилган вақтдан кечикиброқ бордик. Саломлашиб-сўрашганимиздаёқ бу кечикиш ёқмаётгани яққол сезилди. Устига устак икки нусхада шартнома кўтариб келиб, рекламага пул сўрайдиган, нақди унмаган тақдирда бепул тушлик қилиб кетадиган навбатдаги  сайёр “мухбир”лар, дея ўйлаганини ҳам яшириб ўтирмади. Мақсад-муддаомизни тушунгачгина очиқ мулоқотга рози бўлди. Гурунгимизнинг бир соати шийпонда, кейинги олтмиш дақиқаси автомобилда, қолгани қумлар орасидаги кўллар бўйида, консерва заводида кечди...

Қаҳрамонимизнинг аждодлари балиқчи ўтган. Шунингдек, таъмирчи-уста сифатида эл корига яраган. Ҳаррот нисбатининг берилиши ҳам боболарига ишора. Отасини Болта шўро деб чақиришган. Замона зайли-да. Ватан истиқлолидан уч йил илгари 84 ёшида вафот этган. Саккиз фарзандни дунёга келтирган Пошшажон эна табаррук 93 ёшида. Отабой ака фарзандларнинг иккинчиси. Машарип оғасига ини, ука-сингилларига ғамхўр ака бўлиб, урушдан кейинги оғир йилларда вояга етган.

Ҳарбий хизматга чақирув қоғозини олганда “Хоразмбалиқ” комбинатида ишларди. Йигитлик бурчини ўтагач, яна тўғри шу ёққа келди. Пешона тери унинг чизиқларида акс этгани шуки, аввал уста-балиқчи (мастер), кейин участка бошлиғи лавозимига ўтказилди. Интилувчан мутахассис Тошкент давлат педагогика институтининг биология факультетида сиртдан ўқиди. Россиянинг Дмитров балиқчилик институтида малака оширди. Муайян фурсат ўтиб, хўжаликка раҳбар бўлди.

Бироқ 80-йиллар охири эмасми, иқтисодий муносабатлардаги парокандалик, қотиб қолган эскича бошқарув тизими, назарий ва амалиёт ўртасидаги жарлик балиқчилик тармоғини ҳам касодга учратаётганди. Соҳа олимларининг ўнлаб диссертациялари архивлардан жой олаверарди. Игна билан қудуқ қазилгандек илмий янгиликлар ҳозирги инновацияларнинг ўзгинаси эди бўлмаса. Ғарбда йилт етган ташаббус фаол қўллаб-қувватланиб, уни реал ҳаётга татбиқ қилишга маблағлар ажратилган бир пайтда бу ёқда “ура-ура”чилик авжига чиққанди.

Натижада О.Аллаберганов ҳам бир-икки йил “аросат”да юрди. Бироқ балиқчилик илмини ўрганишдан тўхтамади. Анъанавий ва замонавий бошқарув тизимини қиёсий мулоҳаза чиғириғидан ўтказди. Мулкчилик шаклларини танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилди. Яъни, етти ўлчаб бир кесди: балиқ етиштиришга ихтисослашган “Болта шўро” фермер хўжалигига асос солди.

Йигирма гектарлик кўлда, беш нафар ишчи-ходим билан фаолият бошлаган тадбиркорлик субъектида менежмент ва маркетингнинг тўғри йўлга қўйилгани, жониворларни емиш билан таъминлаш ва урчитишда ўзига хос усулнинг қўлланилиши самарадорлик омили сифатида қайд этилди. Дастлабки мавсумдаёқ икки-уч турдаги 8 тонна балиқ сотилди. Бу 1996 йилдаги кўрсаткичлар. Лекин шугинасиям ҳасадгўйларга етарли бўлди. “Болта шўро” фермер хўжалигига тегишли кўлни тортиб олиш жараёнига “старт” берилди...

Роса олти ойлик текшир-текширлар Отаҳарротнинг соғлиғига таъсир кўрсатган бўлса-да, иродасини бука олмади. Барибир адолат қарор топди. Ҳасадгўйлар карвонга қараб қолаверишди.

Маълум муддатдан кейин “Болтабой оқсоқол” номида қайта ташкил этилган кўп тармоқли фермер хўжалигининг эндиликдаги фаолиятига оид рақамларни ўзингиз аввалгиси билан солиштириб кўришингиз мумкин: 400 гектарлик кўл, 20 турдаги балиқлардан 2000 тоннадан ортиқ маҳсулот, 200 нафардан зиёд ишчи-ходим. Даромад ва соф фойда эса... Бировникини ҳисоблагунча, агроинновацияларни ҳавас билан ўрганишда давом этганимиз маъқул, назаримда.

Отаҳарротнинг “йўлтанламас”ида қум сайри...

Ишчи-ходимларга оғир-босиқлик ва ўзига хос салобат билан кўрсатма бераётган кишининг ҳатти-ҳаракати эътиборимизни тортди. Унинг балиқчиликда тажрибаси катта эканлиги шундоқ билиниб турарди. Омонбой Мейлиев дея таништирилган бу мутахассис Отаҳаррот билан 38 йилдан буён бирга экан.

Омонбой ака билан қисқа суҳбатимиз давомида О.Аллабергановнинг 2005 йилда муборак ҳаж зиёратига бориб келгани, Ҳурматбек ва Ҳайдарбек исмли ўғиллар отага яқин кўмакчи, қизлари ўқитувчи эканини билиб олдим. Ҳурматбек Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологиялари институтини тугатгандан кейин Вьетнамда инновацион балиқчилик йўналишида малака ошириб келган. Ҳайдарбек Қорақалпоқ давлат университетининг юридик факультетини тамомлаган. “Эшонравот” ва “Пирнахосзамин” фермер хўжаликлари раҳбарлари. О.Мейлиев эса “Хоразмбалиқагросаноат” МЧЖни бошқаради.

Ниҳоят шийпонда хорижда ишлаб чиқарилган “йўлтанламас” ҳаракатга келди. Рулда Отабой отанинг ўзи. Мени қумдаги инновацияларга сайрга таклиф қилди. Ўзи шу мақсадда келмаганманми, дарров машинага чиқдим.

Тош йўллар ортда қолиб, қумга етиб келдик. Нарироқда катта-кичик кўллар, ундан ҳам олисда эса замонавий иншоотлар кўзга ташланиб турарди.

– Тасаввур қилолмайсиз, – деди ота автомобилни тўхтатиб. – Ҳозир консерва заводига олиб бораман. Бир йил олдин ўша жой ҳам бийдай чўл эди.

Жипнинг “start” тугмаси босилди. Қум йўлда қанча масофа юрдик билмадиму, лекин чиндан ҳам замонавий саноат корхонасининг ёнидан чиқдик.  3 миллион долларлик инвестиция шартномаси асосида қисқа муддатда бунёд этилган завод. Хитойдан келтирилган иккита технологик линия ўрнатилган. Бири, табиийки, балиқ гўштини консерва қиладиган ва уни қадоқлайдиган линия. Иккинчиси эса ана ўша қадоқни – тунукадан консерва банкаларини ишлаб чиқарадиган ускуналар жамланмаси. Отанинг айтишича, бунақа автоматик станоклар яқин атрофда йўқ. Ҳар сония битта банка тайёрланади.

 50 та янги ишни ўрни яратилган “KHARROT VIET” қўшма корхонасининг афзалликлари билан танишиб, ташқарига чиққанимизда отанинг 5-синфда ўқийдиган Суҳроб исмли невараси югуриб келиб саломлашди. Бўлажак тадбиркорнинг “қизиқиш”лари билан қизиққанимда арифметик амаллар устаси эканини айтишди. Синаб кўрдик ва амин бўлдик. Ҳақиқатан ҳам ҳар қандай уч хонали сонларни зудлик билан ёддан кўпайтириш ва бўлиш илмини эгаллабди. Энди тўрт хонали сонларни ўрганаётган экан...

Нигоҳим ҳамон қум ичидаги кўллар ва улар орасидаги биноларда эди. Яқинлашган сайин ҳавасим ортарди. Ниҳоят, мана ўша чўлдаги замонавий сайёҳлик мажмуаси. Туристлар учун мўлжалланган 24 ўринли икки қаватли уч юлдузли меҳмонхона, атрофдаги ўтовлардан бирининг ичида замонавий офис, иккинчисида конференц-зал. Учинчи-тўртинчиси миллий анаъналарга мос ҳордик масканлари. Ажойиботлар шу билан тугамайди. Беш метр баландликдаги, 50 киши бемалол жойлашадиган усти ёпиқ айвонга кўтарилсангиз қумдаги кўлларнинг бутун жозибаси кўз олдингизда намоён бўлади. Айвоннинг орқа томонидаги ям-яшил сунъий қопламали футбол майдони, оққушу ёввойи ғозлар парваришига мўлжалланган микроҳуддудлар таассуротларингизни янада оширади.

Нигоҳлар жавоби: бизнес сири

Болаликда сувнинг бир зумда қумга сингиб, ғойиб бўлишини кўриб катта бўлганмиз. Хўш, бу ердаги қумда сув кўл бўлиб турганининг синоати нимада экан, атрофи бетонланмаган бўлса? Ўзи, умуман, барханлар орасига шунча сув қаердан келди? Айни шу саволлар билан Отаҳарротга юзландим. У эса менга ярим жилмайиб қараб қўйди. Бу қарашда биринчи саволнинг жавоби мужасссам эди: бизнес сири...

– Яна 8 километр қум ичига киришга рози бўлсангиз, иккинчи саволингизнинг жавобини ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин, – деди машинага чиқишга ишора қиларкан. – Юқоридаги электр токи симларини 8 километр узоқликдаги катта каналдан электронасослар ёрдамида сув олиш учун тортиб борганмиз.

Жипда қум-кўллараро юришда давом этдик. Кетаяпмизу чўлда саргузашт-фильм суратга олишга тайёргарлик кўраётган режиссёр мисоли ҳис қилдик ўзимизни. Зеро, дунёга машҳур Кусто ҳам  шунақа жойлар ҳақида қанчадан-қанча лавҳалар тайёрлагани ёдимизга тушди.

– Ҳув-анави белгиларни кўраяпсизми, – дея гурунгни давом эттирди қаҳрамонимиз. – Қўшни давлат чегараси...

Машина барханлар устидаги текисликка келиб тўхтади. Вертолётлар қўналғасига ўхшайди. Бу ерга “темир қуш”лар эмас, ота-бола Аллабергановлар ҳар куни келиб кетишидан шу табиий майдонча ҳосил бўлган. Ўз кўзим билан кўрдимки, қум бағридаги 400 гектарлик сунъий кўллар 8 чақиримдан сув келтириш эвазига яратилган. Тасаввур қиляпсизми, бу кўллар кўл бўлгунича эҳ-е қанча узоқ муддатли ва машаққатли меҳнат сарфланган. Ҳовлисидаги бир сотихлик, таёқ суқса кўкарадиган томорқани эплолмайдиган эркакларни йиғиб, Пирнахосга саёҳатга олиб борсакмикан-а?..

“Балиқ ош”ига таклиф қилишди

Ҳавасга не етсин. Бироқ ҳасад ҳам ундан узоқ кетмаслиги ёмон-да. Баъзан худди ёнма-ён юришадими-ей? Барибир ҳавасмандлар кўплиги кўнгилга чироқ ёқади. Отаҳарротга ҳам ҳавас қилишади. Чунки у бугун муваффақият қозонган тадбиркор. Ҳозир у таниқли ишбилармонлар сингари қимматбаҳо машиналарда юради. Яхши уйларда яшайди. Шийпонлари ҳам уйдан кам эмас. Гиламчилик цехи, чойхоналари бор. Лекин бу ютуқларга осонликча ёки қисқа фурсатда эришгани йўқ-да. Не-не азобларни енгиб ўтишга, шу азобларнинг асоратлари билан курашишга тўғри келмади дейсиз? Яна денг, республика кардиология марказида юрак қисмида ўтказилган мураккаб жарроҳлик амалиётининг ўзи инсон сабрини синовдан ўтказган оғриқли жараёндир.

Отабой ота оғир хўрсинди. Ўша кунлар кўз олдида қайта жонланди гўё. Мавзуни ўзгартириш учун кутилмаган-да, “Мутасаддилар ҳам сизнинг хайрли ишларингиздан хабардор-ку” дейишим биланоқ отанинг юзлари ёришди, нигоҳлари порлаб кетди. Бояги маҳзунликдан асар ҳам қолмади.

– Ҳа, дарвоқе, Шавкат Миромонович Бош вазир бўлиб ишлаган кезларида нариги шийпонимизга келганлар, – деди жарангдор овозда. – Ютуқ ва муаммоларимизни жойида ипидан игнасигача ўрганиб, ёрдамчилари билан чуқур таҳлил қилиб, янада кенгайтиришимизга амалий кўмак берганлар. Кетар чоғларида луқмаи ҳалолдан таътиб кетишларини илтимос қилдим. У киши очиқ чеҳра билан “Ҳали насиб қилса, кейинги келганимда балиқдан ош қиламиз” дедилар ҳазил аралаш. Фақат бир пиёлагина чой ичдилар. Мана, шундан бери балиқ оши орзусида меҳнат қилаяпмиз. Ўтган йили менга давлат раҳбари сифатида ўз қўллари билан “Меҳнат шуҳрати” орденини таққанларида эслатгим келдию, яна мавриди эмас, деб ўйладим. Бироқ яқин келажакда шу орзу амалга ошишига қаттиқ ишонаман. Хоразмга навбатдаги ташрифларида албатта агроинновациялар самараси билан хурсанд қиламиз...

“Тошкентга борганимда гурунгни яна давом эттирамиз”, дея хайрлашди тажрибали агроинноватор мени кузатиб қўяр экан. Бўлмаса пойтахтда кўришгунча, деганимни ҳожи ота эшитдими-йўқми билмадим. Аммо кўл бўйида чала қолган суҳбат давомини ҳозирдан қумсай бошладим...

Озод РАЖАБОВ,

“XXI asr” махсус мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    3770
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Каландар2018-07-09 23:23:32

Отабой огани куп сухбатини олганман У хаетий тажрибаси ута кучли ,Енида Омонбой ога, Хурматбек,Хайдарбек, невараси Болтабой хамда бир нечта содик ишчилар билан иссикни иссик демасдан , совукни совук демасдан юурт равнкига хисса кушиб келаетирлар...


Каландар2018-07-09 23:13:41

Отбой акани билан куп сухбат курганман у кишини хаетий тажрибаси ута кучли шунинг учун хам шунча ишчини оркасидан эргаштириб келаяпди...


Исомов Акрам Жиззах вилоят Кенгаши2018-07-09 15:43:12

Чулда балик консерва заводи очиб, янги иш уринлари яратган, агроинновациялар асосчиси, бир неча фермер хўжаликлари ва МЧЖлар таъсисчиси Отабой Аллабергановга ухшаган тадбиркорлар купайиши мамлакатимиз ривожланишига хизмат килади.


O‘zLiDeP Олтинсой туман Кенгаши аппарат рахбари Тиркашов Абдурасул 2018-07-09 15:06:57

Отабой отага ўхшаган мехнатсевар тадбиркорларимиз купайса элимиз бой бўлади. Ишларига омад тилаймиз.


Олим Норжигитов, Жиззах вилояти 2018-07-09 11:39:36

Мана шундай қум барханлари орасида балиқ етиштириш синоатини ўзлаштирган тадбиркоримизнинг ишларига ривож ва барака тилаймиз. Отабой Аллаберганов каби меҳнаткаш, олижаноб инсонлар кўпайсин


Шамшод Жафаров 2018-07-09 10:06:45

Одамларнинг нақши бу инсонлар. Улар бор юртда хамиша орзулар яралаверади,ёшларни орқасидан эргаштираверади.


Шовот туман Кенгаши 2018-07-09 10:00:27

Машаққатли мехнатларининг самараси ўлароқ рохатини кўришдек бахтга эришган тадбиркоримизнинг ишларига мувафаққият тилаймиз. мартабаси бунданда улуғ бўлсин.


Акбар Якубов, Жиззах вилояти2018-07-09 09:27:23

Отабой Аллаберганов каби ишбилармон ва тадбиркорларимиз мамлакатимизда янаям кўпайсин биз уларни доим қўллаб-қувватлаб ҳамда ишларига ривож тилаймиз


Тошкент Ёшлик т.ш. Кенгаши фаоли Рахмонов М2018-07-09 00:09:03

Дархакикат мехнат таги рохат деб бежиз айтишмаган.Отабоц аканинг хам бу килаётган мехнатларини мукофоти бор албатта.


Baxtigul Qarshiyeva O‘zLiDEP Samarqand viloyat Kengashi matbuot kotibi2018-07-07 19:30:03

Yurtimiz iqtisodiyotiga salmoqli hissa qushayotgan tadbirkorlarimizning omadini bersin!Ularning safi ko‘paysin! XXI asr gazetasi muxbiri,Ozod Rajabovga tadbirkorlarimizning hayoti tarzi aks etgan ocherklari uchun tashakkur izhor qilamiz!!!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+