Ободлик қаердан бошланади?

09.07.2018, 10:58

Ободлик қаердан бошланади?

Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани мисолида бу ҳақли саволга жавоб изладик.

Тозариш учун бутун умр курашиш керак, деган нақл бежиз айтилмаган. Ободлик ҳам бир кунлик иш эмас. Ўз ҳолича ҳеч қаерда саришталик бўлмайди. Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ишларни кўриб, бу фикримиз яна бир бор тасдиқланди.

Пахтакор шаҳарчаси “Дўстлик” МФЙ Юнус Ражабий кўчасидаги “Асал-меҳнат” хусусий корхонасида ярим яланғоч икки ўспирин машина ювмоқда. Кийиниш маданияти-ю қўрс муомаладан ёқа ушлайсиз. Хизмат ҳақи ўн икки минг сўм экан. “Пластик карточкага ҳам хизмат кўрсатасизларми?” дегандик, уларнинг бирдан шашти тушди.

– Буни бошлиқ билади, – деди улардан бири истар-истамас.

Бошлиқни анча кутдик. Ахийри, ичкари хонадан уйқусираган киши чиқди. “Ака, иш бошқарувчиман. Агар пластик бўлса, майли, меҳмон экансиз, телефон қилай, болалар бориб, чек уриб келади”, деди.

Аста-секин ён-атрофни кузатдим. Оқинди сув бино тешигидан ўтиб, уч-тўрт метрли очиқ ариқча орқали махсус ҳовузчага тўпланаркан. Ҳовузча гирдида талай эски-туски кийимлар, пластмасса идишлар уйилиб ётибди. Албатта, оқавани дренажга ташлаш анча харажат талаб этади. Мағзавасифат сув эса атроф-муҳит ҳавосини заҳарлаши ортидан турли юқумли касалликлар келиб чиқиши табиий. Аммо бу ҳақда биров ўйламайди. Қизиғи, бунга яқин жойда қовун-тарвуз сотиш учун махсус жой ҳозирланган. Ўша тарафга юрдик. Иссиқда айниган маҳсулотларни сотишга рухсатнома ҳам, маҳсулотнинг истеъмолга яроқлилиги ҳақидаги маълумотнома ҳам йўқ. Туман санитария-эпидемиология марказига сим қоқдик. “Ҳозир етиб борамиз”, деган жавоб келди. Кейин кута-кута қанча қўнғироқ қилмайлик, уланиш имкони топилмади. Ниҳоят, марказ ходимларидан бири гўшакни олиб деди:

– Бошлиқ “Обод қишлоқ”қа кетган. Ўша ердан топасизлар...

Бу жузъий ҳолат, деб ўйларсиз. Биз ҳам шу фикрда эдик. Афсуски, туман марказий деҳқон бозорининг пастқам овқатланиш шохобчаларини айлана туриб, санитарияга зид аҳвол бу туманда одатга айланганини англадик. Қовун пўчоғи, елим сув идишлари, синиқ косалар шундан далолат. Айниқса, гўшт расталари чангакларида эти қуриган гўшт нимталарига ёпишган пашшалардан таъбингиз хира тортади.

– Гўштнинг истеъмолга яроқлилигига шубҳамиз бор. Сотишга рухсат берилган маълумотномани кўрсак бўладими?

Қассоб ўзича у ёқ-бу ёқни титган бўлди.

– Кечирасизлар. Боя укам бирор жойга қўйгандир. Тополмаяпман. Лекин гўштга кафолат бераман, – деди у ниҳоят...

Кейинги растада тўрт кун олдинги маълумотномани кўриб, ўйланиб қолдик. Йўл-йўлакай девор биқинидаги ёймада помидор, бод­ринг, пахта ёғи сотаётган аёллар, болаларга кўз тушди. Бозор маъмурияти биносига юрдик.

Бозор ҳисобчиси Шомамат Қуролов берилиб футбол томоша қилаётган экан. Кун тиғига терилган пахта ёғига имо қилиб, бунга изоҳ сўраймиз.

– Элчилик-да, ука. Йиғиштир десанг, балога қоласан. Мана эрталаб, лаборатория мудири Хайруллажон помидорларини рухсатсиз сотаётган аёл билан сан-манга бориб, ҳали югуриб юрибди. Бошлиқ ҳозир йўқ эди. Топшириқ билан “Обод қишлоқ”қа кетган. Алоқа йўқ, шекилли, телефонни олмаяпти...

Истеъмолчи сифатида бозордан кўнглимиз хира тортиб чиқди. “Обод қишлоқ” дастурига киритилган манзиллар сари йўл олдик.

Андишали халқмиз. Гоҳо бировнинг айбини эмас, ҳатто хатосини ҳам юзига айтишга истиҳола қиламиз. Бироқ андишанинг отини қўрқоқ қўйганлар янглишади. Боиси, касални яширган билан иситмаси ошкор қилади.

Пахтакор туманида “Обод қишлоқ” дастури доирасида дастлаб 24, иккинчисида 13, жами 37 миллиард сўмлик қурилиш-ободончилик ишлари бошлангач, “Буюк ипак йўли” ва “Мингчинор” ҚФЙ ҳудудидаги ечимини кутаётган муаммолар бўй кўрсатди.

“Буюк ипак йўли” ҚФЙга қарашли 1 320 та хонадонда 8 556 нафар, “Мингчинор” ҚФЙ ҳудудида эса 1 478 та хонадонда 7 112 нафар аҳоли истиқомат қилади. Йиллар давомида мазкур аҳоли масканларида ҳам муаммолар йиғилиб қолган эди. Аҳоли ушбу маҳалла махсус дастурга киритилганини эшитиб юраги ёрилаёзди. Авваламбор, ноқонуний қурилишлар бузилиб, тозалаш ишлари бошланди. Аммо молиялаштириш ва техника етишмаслиги сабаб бу жараён кейинга сурилмоқда.

“Буюк ипак йўли” ҚФЙ ҳудудидаги ҳар бири 16 хонадонга мўлжалланган 104 та икки қаватли бинолар ўтган асрнинг етмишинчи йиллари бунёд этилган. Бугун уларнинг атрофи тозаланиб, ноқонуний қурилишлар сурилгач, илк бора димиққан уйлар атрофида шамол айлана бошлади. Бироқ кўпчиликни ташвишга солиб қўйган муаммолар шундан кейин бўй кўрсатди. Боиси, канализация қувурлари, сув тармоқлари аллақачон яроқсиз ҳолга келиб, кесиб олиб ташланган, барчаси ташқарига кўчирилганди. Ободончилик ишларининг чўзилаётгани эса саратон иссиғида одамларни бездирмоқда.

– Шу ерда 45 йилдан буён истиқомат қиламан. Халқнинг яшаш шароитини яхшилашга жиддий эътибор қаратилаётганига шукр, – дейди меҳнат фахрийси, фахрий педагог Бозорбой Бакиров. – Бироқ янгисини қурмай, эскисини бузма, деган гап бор-ку. Аҳолини тентиратмай, бу ишларни босқичма-босқич амалга оширган маъқул эмасмиди? Эшитишимизча, суюлтирилган газга ўтиларкан. Унгача уйларнинг олдида қозон қайнаяпти. Қолаверса, иккала “дом”да 32 хонадон истиқомат қилади. Иккаласига битта тандирхона, битта ҳожатхона қурилар экан. Умумий бўлса-да, қишлоқ аҳли учун омборхона ҳам қурилса, яхши бўларди. Қолаверса, аҳоли маскани учун бир ҳаммом керакмиди? Ҳозир-ку, ёз. Эрта-индин совуқ тушса, аҳоли қийналиб қолади-ёв...

– Икки хонали уйда уч оила истиқомат қиламиз, – дейди Мақсуда Мардонова. – Ҳаммом, ҳожатхона ташқарида. Янгиси қурилгунча, шуларни вақтинча бузмай туришса... Ахир, мусулмончилик, катта-кичик, аёл-эркак дегандек. Кунда ювиниш, кир ювиш керак.

Дарҳақиқат, баъзи бинолар бузилгач, кам таъминланган оилалар аҳволи мураккаблашди. 150 га яқин оила уйга эҳтиёжманд экани маълум бўлди. Туман мутасаддиларининг айтишича, айни пайтда истисно тариқасида имтиёз асосида уларга 4 сотихдан ер майдони ажратиш масаласи ҳал қилинмоқда.

– Агар ер майдони эртароқ ажратилса, имкони борлар ёз кунларидан фойдаланиб, қурилишни бошлаб юборармиди? – дейди маҳалла фаоли Гулчеҳра Амалова. – Кунлар совий бош­ласа, қурилиш материаллари нархи осмонга чиқиб кетади...

Албатта, “Обод қишлоқ” дастурида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан хабар олиш, хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, уй-жойлар, йўлларни таъмирлаш, ишбилармонлик ва тадбиркорликни шакллантириш бўйича банк кредитлари ажратиш, қишлоқ болаларининг таълим-тарбия олишлари учун зарур шароитлар яратиш кўзда тутилган.

– Маҳаллада  2 та умумтаълим мактаби, 1 та оилавий поликлиника, 1 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд. Шу тобда 11-мактабда таъмирлаш ишлари қизғин кечмоқда. Бунга 930 миллион сўм маблағ ажратилган, – дейди иш бошқарувчи Сардор Ҳасанов. – Лекин бу маб­лағ мактаб ҳовлисини ўрайдиган тўсиқ, ёнғин хавфсизлиги ҳовузчаси каби зарурий объектларга етмайди.

Маблағ, маблағ. Ҳар икки гапнинг бирида шу гап. Биз мутасаддиларга мурожаат қилганимизда: “Молиялаштириш тўлиқ ҳал қилинади”, деди туман ҳокимининг иқтисод бўйича ўринбосари Шерзод Шодмонов.

– Мингчинордаги 14 та икки қаватли уйда 182 та хўжалик яшайди. Ноқонуний қурилиш­лар бузилди, ахлат-чиқиндилар тозаланди. Энди қурилиш бошланишини кутяпмиз, – дейди маҳалла раиси Хўжабек Якубов.

– Айни кунларда уйларнинг томини янгилаш, фасад қисмларини таъмирлаш, режада белгиланган тандирхона, ҳожатхона қурилиш­лари бошланади. Зарур ашёларни келтириш учун шартномалар имзоланди, лойиҳалар тайёр, – дейди “Таъмирлаш тиклаш хизмати” ДУК корхонаси раҳбари Олим Норбоев. – Ҳаммом, бошқа хўжалик учун зарур кичик бинолар, болалар спорт майдончаси ва шу каби бошқа зарурий объектлар бизнинг лойиҳага киритилмаган. Лойиҳада кўрсатилган ишларни бажарамиз...

Бир ҳолат кишини ажаблантиради: “Обод қишлоқ” дастурига киришишдан олдин, Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати бошчилигида барча масканларнинг ижтимоий аҳволи, мавжуд муаммолар, аҳоли эҳтиёжи ўрганилиши, ишчи гуруҳ томонидан аҳоли масканларининг турмуш тарзини яхшилаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши керак эмасмиди? Шу тобда юзага чиққан муаммолар ўз вақтида ечилмас экан, улар иккинчиси, учинчисини етаклаб келишига шубҳа йўқ. Ахир, дастурдан мақсад “Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди”, деган эзгу ғоянинг амалга оширилиши эмасми?!

Сафар чоғи туман СЭС раҳбарини ҳам, “Пахтакор деҳқон бозори” МЧЖ раисини ҳам, афсуски, “Обод қишлоқ” дастури доирасида қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган масканлардан топа олмадик. Афтидан, маҳаллий раҳбарлар орасида “Обод қишлоқ”қа кетган” деган баҳона урф бўлган кўринади...

Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,

“XXI asr” мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2476
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Олимжон Эргашев Фориш туман кенгаши депутати 2018-07-11 17:05:02

Хақиқатдан хам жуда долзарб мавзу.Халқимизда "Холва деган билан оғиз чучимайди"деган ибратли гап бор. Ободлик албатта хар бир инсоннинг ўз ховлисидан,махалласидан,фаолият олиб бораётган иш жойидан бошланади. Агарда хар бир худуд ободлигини белгилайдиган,мехмонлар ва туристлар қадам ранжида қиладиган бозорларимиз, шохбекатларда юқорида айтилганидек холатлар давом этаверса барча қилинган яхши ишларга соя ташлаб тураверади.Ушбу мақола юзасидан масъул мутасаддилар хулоса чиқаришиб изох беришса мақсадга мувофиқ бўларди.


Шоира Хасанова Жиззах вилояти Аёллар қаноти2018-07-09 18:29:51

Фидойиликни касб қилмаган айрим "Обод қишлоқ жонкуярларидан" ушбу мақолага изох кутиб қоламиз. Жуда долзарб мавзу кўтарилган. Лоқайд, бепарво, кадрлар миллат юрагидаги яралардир.


Исомов Акрам Жиззах вилоят Кенгаши2018-07-09 15:51:30

Тумандаги “Буюк ипак йўли” ва “Мингчинор” ҚФЙ ларда қурилиш-ободончилик ишлари доирасида "Обод кишлок" дастурини килишдан олдин, тегишли мутассади рахбарлар жойлардаги ижтимоий вазиятларни урганиб, шундан кейин аник чора-тадбирлар режасини ишлаб чикиб,кейин курилиш-ободончилик ишларини бошлаш лозим эди.


Олим Норжигитов, Жиззах вилояти 2018-07-09 11:59:34

Мутасадди раҳбарлар бундан тегишли хулоса чиқариб олсалар яхши бўларди.


Yazdon Toshonov O'zLiDeP Kattaqurg'on tuman Kengashi raisining birinchi o'rinbosari ,apparat rahbari.2018-07-09 11:17:49

Бахром ака жуда долзарб мавзуни кутарибдилар,Обод кишлок дастури буйича килинаетган ишлар маблаг билан таъ минланиши манзилли дастурларда белгилаб берилган Ишларни ташкил килиш эса жойлардаги рахбарларнинг фидойилигига боглик.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+