Кечикаётган тендернинг “актёр”и ким-у, “режиссёри” ким?

13.07.2018, 18:03

Кечикаётган тендернинг “актёр”и ким-у, “режиссёри” ким?

Тадбиркорлик – катта таваккалчилик, дегани. Зеро, шиддат билан ўзгараётган замон эҳтимолий синовлар тақдим этиши ҳеч гап эмас.

Маҳфуза Турғунова аёл боши билан катта-кичик лавозимларда ишлади, етарлича тажриба, кўникмага эга бўлди. Топган-тутганларининг чўғини чамалаб, кредит кўтариб, иш бошламоқчи бўлиб юрганди. Иттифоқо, қўшни тумандаги бўш турган бинонинг тендерга қўйилиши тўғрисидаги хабарга кўзи тушди. Айни муддао!

Тендерга қўйилган Жалақудуқ туманидаги 14-сон мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирланса, яхшигина боғча бўлади. М. Турғунова дарҳол ўша ҳудуд аҳолиси билан суҳбатлашди. Ҳақиқатан ҳам аҳолига замонавий мактабгача таълим муассасаси керак экан. Демак, ортиқча уй-хаёлга ҳожат йўқ: имкониятдан унумли фойдаланиб қолиш лозим!

М.Турғунова тақдим этилган бизнес-режа чаккимас: қаровсиз бино  ўрнида янги замонавий 100 ўринли боғча, қўшимчасига яна 2 та иссиқхона ташкил этилади, натижада 31 та янги иш ўрни яратилади,  бунинг учун талаб этиладиган 1,165 миллиард сўмлик инвестиция  нақд!

Бундай таклифни мутасаддилар мамнуният билан қабул қилиб, тадбиркорнинг пешонасини силаб: “Қани, олға,  ёрдам керак бўлса, биз тайёр!”   дейишган бўлса керак, дерсиз? Қаёқда!

Андижон вилояти ҳудудий танлов комиссиясининг 2018 йил 16 февралдаги 3 ва 23 февралдаги 4 сонли йиғилиш баённомаларига асосан вилоят ҳудудий танлов комиссиясининг аъзолари тўлиқ йиғилмагани сабаб аризаларни кўриб чиқиш қолдирилган. Бундай масала тезроқ ижро этилмай турли сабабларга кўра “қолдирилиши” қизиқ!  Ҳолбуки, мазкур объект инвестиция киритиш шарти билан “ноль” харид қийматида сотилиши белгиланган давлат мулки сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 31 майдаги 154-сонли қарорининг 4-иловасига киритилган?! Ҳукумат қарорига киритилган объектни тезроқ мулкдорларга бериб, унинг ижроси таъминланишини наҳот мутасаддилар хоҳлашмайди?!

Бундай сунъий тушовлардан мақсад нима? Унинг замирида қандай “ўйинлар”  ўйналяпти-ю “актёр”-у “режессёри” ким?  Ёки бу “ўйинлардан” мақсад  “сендан угина, мендан бугина”ми?

Ҳар ҳолда, мантиқ шу хаёллар бошлайди.

Бундан ҳам ажабланарли ҳолат бор. Мазкур бинога талабгор фақат опахонгина эмас. Бошқалар ҳам бор.  Гап шундаки, ўзга талабгорлар бу ерда ёғоч буюмларга ишлов бериш, яна бири трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни режалаштирган бўлса, яна бири бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришни мақсад қилган.

 Бунисига нима дейсиз? Юқоридаги саволларга мутасаддилар қандай изоҳ беришаркин? Кутамиз.

Зилола РАҲМОНОВА

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1883
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Шамшод Жафаров 2018-07-16 10:05:43

Албатта ,бугунги кун талаби деб бонг ураётган тадбиркорни қўллаб-қувватлаш қишлоқларда ,туманларда халигача этиб боргани билан аниқ мақсад сари йўл олган эмас.


Холмурод Сориев, Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари2018-07-14 23:04:51

Бу ижроия ҳокимият органлари ташкилотлари ходимлари ичида ҳали ҳам баъзи бюрократик қарашларга, ўз вазифасини суистеъмол қилиб, манфаат топишга ҳаракат қилаётган нопок шахслар борлигидан далоат беради, менимча. Акс ҳолда, улар шахсан Президентимиз ташаббуси билан бошланган, келгусида энг катта самара берадиган -ёш авлод таълим ва тарбиясига киритиладиган сармояга, ташаббусга қарши чиқишмас эди. Улар учун ўзларининг шахсий манфаати ҳар нарсадан устундир.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+