Нурафшонда дабдабасиз тўй бўлди

20.07.2018, 12:25

Нурафшонда дабдабасиз тўй бўлди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Олмазор туманига ташрифи чоғида оила қуриш арафасида бўлган ёшларга, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, маҳалла, диний идора ва сиёсий партияларга тўйларни ихчам ва камхарж ўтказиш борасида таклиф-мулоҳазаларини айтган эди.

Дарҳақиқат, айни пайтдаги чора-тадбирлар тезда амалий натижа бермаcлигини барчамиз англаб турибмиз. Бунинг учун ойлар, йиллар керак. Аввал кичик маросимларни дабдабасиз ўтказиб, уларни намуна қилган ҳолда одамлар онгига аста-секин сингдира бориш, шу орқали кўникма ҳосил қилиш мақсадга мувофиқдир.   

Ана шундай эзгу ва хайрли мақсадни кўзлаган O‘zLiDeP Нурафшон шаҳар Кенгаши яқинда 50 кишилик ихчамлаштирилган суннат тўйга бош-қош бўлди. 

— Мазкур саъй-ҳаракат партиямизнинг нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалий ишлар олиб бораётганига бир мисол, – дейди O‘zLiDeP Нурафшон шаҳар Кенгаши депутати  Зарнигор Сафарова. – Тўйни шаҳар ҳокимлиги кўмагида ташкил қилдик. Жумладан “Қумариқ” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашув ўтказдик, яқиндан танишиб, суҳбатлашдик, муаммоларини ўрганиш асносида уларни ҳал этишга интилдик. Инчунин, маҳалланинг Шабнам кўчасида яшовчи кам таъминланган — бири боқувчисини йўқотган, бири ногиронлиги сабаб фарзандларининг суннат тўйини ўтказа олмаётган икки оиланинг нияти амалга ошди. Зеро, “Одамларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, деган эзгу ғоя ортидан эҳтиёжманд кишиларга ёрдам берилмоқда.

Тўйболалардан бири Мадиёрнинг онаси Турсуной Аллаберганова маҳалланинг фаол ва жонкуяр аъзоларидан бири. Қармоғида 3 нафар вояга етмаган фарзанди бор. Ёлғиз ўзи уларга ҳам она, ҳам ота...

– Тўғриси, рўзғордан орттиролмасдим. Уч жонни боқиш эса осон эмас. Кўнглимга тугиб юрган орзуим амалга ошишида ёрдам қўлини чўзганларнинг барчасини чин дилдан алқайман. Илоҳим, умрлари узоқ бўлсин!

Яна бир тўйбола Журъатбекнинг отаси Раҳмонберди Султонов эса йиққан-терганини шу фарзандига атаб юрибди.

— Еган оғиз уялар, дегандек озми-кўпми тўйларда қатнашдик, одамларнинг ошини едик. Ота-она учун ўғлининг даврада тенгдошлари билан кулиб-ўйнаб юрганини кўришдан ўзга бахт борми?! Шу бахтни улашган, тўйнинг барча харажатини бўйнига олган ҳомийлар, маҳалла-куй, қўни-қўшнилардан миннатдормиз. Ҳақиқатан, маҳалла, балки, бутун шаҳарга намуна қилиб кўрсатишга арзирли тўй бўлди десак, муболағага йўймайсиз. Маросимда меҳмонлар 50 кишидан ошмади, ихчам ва файзли ўтди.

***

Албатта, тўй обод жойга ярашади. Обод қишлоқдан эса шоду хуррамлик аримайди. Шу маънода Нурафшон шаҳрида ҳам фаровонликка катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бугун “Дегантепа” маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш бўйича амалий жараёнлар бошлаб юборилган. Дастлаб ҳашар йўли билан аҳолининг томорқалари, кўча ариқлар тозаланиб, хонадонлар тевараги тартибга келтирилди. Ҳашарда шаҳардаги корхона ва ташкилот раҳбарлари, ишчи-ходимлар, маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар иштирок этишяпти. 

— Ободлик қаердан бошланади, аввало, кўнгимиздан, қолаверса, ўз уйимиз, маҳалла-кўйимиздан бошланади-да, — дейди Нурафшон шаҳар ҳокими Усмон РАҲИМОВ. — Шу маънода “Обод қишлоқ” дастури доирасида “Дегантепа” маҳалла гузари янги биноси барпо этилиши, барча қулайликларга эга 130 ўринли мактабгача таълим муассасаси қурилиши ва 2-умумтаълим мактаби тўлиқ қайта таъмирланиши, аҳолига енгиллик яратиш мақсадида автобус қатнови йўлга қўйилиши олдимизда турган энг муҳим вазифалар ҳисобланади. Айни пайтда мазкур ҳудуд аҳли учун 5,5 километр йўлда асфальт ётқизиш ишлари ўз якунига етмоқда, насиб этса, яна бир ойдан кейин бу ерга келсангиз, бутунлай бошқа бир гўзал манзарага гувоҳ бўласиз.

Муҳаммаджон ХЎЖАЕВ,

“ХХI asr” мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2420
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Iroda2018-07-23 12:01:54

Ko'pchilik ixcham to'y tarafdori. Ayniqsa, biz yoshlar, kamxarj to'ylar tarafdorimiz. To'yga ketadigan pulga yosh oilar uchun uy yoki kerakli maishiy buyumlar sotib olinsa , yosh oilarga katta yordam bo'ladi. Orzu-havas deyishadi dangillama toy qilishdan kimga foyda? Bir kunlik toy deb uyimizda bir ikki yil daromadimizni yolga qoya olmay yurishiz ham hech kimga sir emas. Shunday ekan "orzu-havasli" to'ylarning bizga keragi bormikan?


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+