“СПАРК” электромобили ишлаб чиқилади

26.07.2018, 22:15

“СПАРК” электромобили ишлаб чиқилади
Пойтахтимиздаги Турин политехника университети ректори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Олмазор туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Қўнғиротбой Шарипов “йилт” этган ёш истеъдодларни, уларнинг янги ғоя ва ташаббусларини астойдил қўллаб-қувватлайдиган жонкуяр, ғамхўр инсон. Янгиликлар яратиш борасида биринчи навбатда унинг ўзи навқирон авлод вакилларига ибрат бўляпти. Талабаларнинг кўплаб ғоя ва ишланмаларига нафақат юртимиздаги, балки хорижий мутахассислар ҳам қизиқиш билдираётгани, ҳамкорликда ишлаш истагидаги олимлар, ташкилотларнинг тобора кўпаяётгани ана шундай рағбат ва эътибор маҳсули, албатта. 

Университет қошидаги “Технопарк” атрофида уюшган ёшларнинг “Ўзавтосаноат” мутахассислари билан биргаликда “Спарк” автомобилининг электр қуввати ёрдамида ҳаракатланадиган турини яратиш бўйича олиб бораётган ишлари, айниқса, эътиборга молик. Бу лойиҳа амалий жиҳатдан ғоят самарадорлиги билан кўпчилик диққатини жалб қиляпти. Чунончи, ушбу автомашина уйдаги оддий электр тармоғидан 8 соат ёки махсус мослама орқали 2 соат қувват олиб, 150 км масофани босиб ўта олади. Таққослаб кўрайлик: бензин двигателли “Спарк” 100 километрга  37 минг сўмлик ёнилғи сарфлайди, унинг электромобиль кўринишидаги шаклдошида бу кўрсаткич бор-йўғи 6 минг сўмга тенг. Бензин ва сиқилган газ ишлатувчи автомобилларда ёнилғи, ҳаво, мой фильтрлари, свечалар, мой мунтазам алмаштирилиши зарур, умуман, ички ёнув двигателларининг бир маромда ишлашини таъминловчи хилма-хил тизим ва ускуналарга доимий сервис хизмати кўрсатиш талаб қилинади. Электромобиль эса бу жиҳатдан қатор афзалликларга эга. Турли-туман қўшимча қурилмалар мавжуд эмаслиги боисидан у кам бузилади, таъмирга деярли муҳтож бўлмайди. Қолаверса, электромобиль заҳарли тутун чиқармайди, ҳавони булғамайди. Шу билан бирга, бундай машинанинг ўзига хос камчиликлари ҳам бор. Унинг нархи қимматроқ.
Аммо бу жиддий “айб” эмас, зеро, электромобиль соҳибининг бензин, мой, эҳтиёт қисмлар ҳисобига анчагина маблағни тежаш имкони бор. Аккумуляторларини ҳар 5-10 йилда (қанчалик кўп ишлатилса, аккумуляторларни янгилаш орасидаги вақт шунчалик қисқаради) алмаштириш лозим. Электромобилни қувватлантириш учун муайян фурсат талаб қилиниши ҳам унинг камчиликлари сирасига киради. Лекин технологиялар тез тараққий этяпти, шу сингари нуқсонлар яқин йиллар ичида барҳам топишига шубҳа йўқ. 

Юртимизда туристик электромик­роавтобусларга ҳам талаб-эҳтиёж катта. Буни ҳисобга олиб, навқирон муҳандислар ана шундай транспорт воситаси лойиҳаси устида иш олиб боряптилар. Истеъдодли талабаларнинг айрим йирик автокорхоналар қўл уришга журъат қилолмаётган ишни бошлагани – ҳайдовчисиз автомобилнинг дастлабки намунасини ишлаб чиқаришга киришгани ҳам таҳсинга сазовор.
Эл-юртимиз ўзининг ёруғ истиқболини, эртанги бахту саодатини фарзандлари тимсолида кўради. Халқимизнинг ана шундай хоҳиш-иродаси асосида ёшларга эътибор давлатимизнинг устувор сиёсатига айланди. Мамлакатимизда бу йўналишда шакл­ланган ўзига хос ёндашув улкан натижалар беряпти. Тилга олинган таълим даргоҳи талабалари эришаётган муваффақиятлар фикримизнинг яққол далилидир.

Бобур РАСУЛОВ,

халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман

Кенгаши депутати 

O‘zLiDePнинг Facebook ҳамда Instagram'даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2122
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Холмурод Сориев, Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари2018-07-27 20:33:04

Фақат "Офарин" деймиз. Бу ҳолат ўзбек ёшларининг ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини яққол кўрсатувчи мисолдир. Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон илм-фани битмас-туганмас имкониятлар, салоҳиятларга эга. Гап ана шу имконият ва салоҳиятларни юзага чиқаришда. Буюк шоиримиз айтганидек "Нима бизга Америка, унинг куч-қудрати". Биз ҳар қандай давлатдан қолишмаслигимизнинг аниқ исботи бу.


М.Раупова Ҳалқ депутатлари Косон туман Кенгаши депутати2018-07-27 09:31:39

Пойтахтимиздаги Турин политехника университети қошидаги “Технопарк” атрофида уюшган ёшларнинг “Ўзавтосаноат” мутахассислари билан биргаликда “Спарк” автомобилининг электр қуввати ёрдамида ҳаракатланадиган турини яратилиши бу инавацион янгиланиш. Ёш ихтирочиларни ишларига омад.


Носирова Шоира Навоий вилояти туман Кенгаши депутати2018-07-26 22:43:32

Ёш истеъдодларни, уларнинг янги ғоя ва ташаббусларини астойдил қўллаб-қувватлайдиган жонкуяр, ғамхўр инсонлар кўпайса, яна улар илм аҳлининг раҳбарлари бўлса албатта янги инновацион ғоялар ривожланишига замин яратилади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+