КАССАГА эмас, КИССАГА урилаётган нақд пуллар

27.07.2018, 09:59

КАССАГА эмас, КИССАГА урилаётган нақд пуллар

Ишонч телефони ишлаб тургани яхши, муаммо туғилганда айни муддао. Аммо айрим кимсаларнинг нафси ҳакалак отганда, ишонч телефонининг борлиги ёддан кўтарилиши ёмон.

Андижон вилоят давлат солиқ бошқармасининг ишонч телефонига келиб тушаётган мурожаатлар оз эмас. Бу, албатта, яхши: фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ортмоқда, одамлар ҳақ-ҳуқуқини танияпти. Бироқ танганинг иккинчи томони бўлганидек, баъзи савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларида қонунбузилиши ҳолатларига ҳанузгача чек қўйилмаяпти.

Мисолларга мурожаат қиламиз. Андижон шаҳридаги Бобур шоҳкўчасида жойлашган “Сomfortable flight service” масъулияти чекланган жамиятига қарашли авиакассада кунлик савдодан тушган нақд 383 АҚШ доллари назорат касса машинасига кирим қилинмаган. Нима учун? Кассирнинг хотираси панд берганми ёки бу нафсни жиловлай олмасликми?!

Янги бозор томонларга йўналамиз. “Холис”  савдо марказида тадбиркорлар учун барча шарт-шароитлар ортиғи билан муҳайё. Бироқ буни суиистеъмол қилаётганларни ким деб аташ мумкин? Ана шундайлардан бири якка тартибдаги тадбиркор Бахтиёржон Мамарасулов ҳам дўконида  53 минг сўм нақд савдо пулини назорат касса машинасига урмаган. Бунинг устига, шохобчада банк тўлов терминали ҳам йўқ. Яна бир якка тартибдаги тадбиркор Соҳибжон Ғафуров ҳам 70 минг сўм нақд пулни кирим қилмаган. Суриштирувлар уларда терминал борлигини аниқлаштирган бўлса-да, “кераксиз матоҳ”ни кўздан пана жойга қўйганми, “йўқ”дан нарига ўтишмади.

Ишбилармонлар орасида нақд пулни назорат касса машинаси орқали олишни ёқтирмайдиганлари ҳам бор. Амир Темур кўчасида фаолият кўрсатувчи Ғайратбек Иргашев ҳамда Мангулик кўчасидаги савдо шохобчаси эгаси Ғиёсиддин Раҳимов ана шундайлардан. Биргина Ғайратбек Иргашевнинг 11 миллион 186 минг сўмни кирим қилмасдан банкка топшириб юборганини нима деб изоҳлаш мумкин?

Чойхона отахонларнинг энг яхши дам олиш маскани, дўстлар дийдорлашиши қулай гўша. Бундай жойларда назорат касса машинаси бўлиши, хизматга чек берилиши шарт. “Андижон промтехмонтаж” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “Тополино” чойхонаси ҳамиша гавжум. Аммо мутасаддилар бу ерда банк пластик карточкасига хизмат кўрсатишдан бош тортишади, пул нақд олиниб, касса чеки берилмайди. Бундай “олди-берди”лар кундалик одатга айланиб улгурган. Қарабсизки, “тадбиркор шоввоз”лар 9 миллион 212 минг сўм нақд пулни кирим қилишмаган.

Ишонч телефонига Булоқбошидан қўнғироқ бўлди. Қурилиш моллари дўконида тадбиркор Диёрбек Азимов назорат касса машинасини хуш кўрмаслигини амалда исботлаб юрганлардан. Бу билан нимага эришмоқчи?!

Тадбиркор қонун ҳимоясида, демак, ўзлари ҳам қонунга итоаткор бўлсалар, айни муддао. Солиқ кодексининг 119-моддасига асосан юқоридаги каби қонунбузилиши ҳолатлари энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб  бўлади.

Шу ўринда ҳақли савол: ишонч телефонларига бундай мурожаатлар камайиши учун нима қилиши керак? Албатта, нақд пулни киссага эмас, кассага уриш зарур.

Зилола РАҲМОНОВА,

“XXI asr” мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1574
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Андижон туман "Андижон Парфюм"МЧЖ бпт раиси Ш.Каримоа2018-07-27 11:55:43

Мухтарам юртбошимиз томонидан тадбиркорларга жуда хам кенг имкониятлар кулайликлар яратилиб келмокда бундай имкониятларни тадбиркорларимиз сувистемол килмасликлари керак.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+