“Қаҳрамонлар сирдарёда яшайди”

27.07.2018, 12:30

“Қаҳрамонлар сирдарёда яшайди”
Яқинда Сирдарёда  O‘zLiDeP ташаббуси билан ўтказилаётган “Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида” танлови тақдимоти ҳамда Мустақиллигимизнинг йигирма етти йиллигига бағишланган “Ватаним – обод қўрғоним” деб номланган тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Тўғри, ижодий танловлар кўп бизда. “Олтин қалам”, “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Атиргул”, “Энг улуғ, энг азиз” ва ҳоказо... Лекин йўналишлар турли-туман. Ғолиб ва совриндорлар, мукофотлар ўз соҳибларини топиши ҳам осон кечмайди. Чунки одамлар орасида чин маънода ҳақиқий халқпарвар, ватанпарвар ва истиқлол фидойилари кўп. Уларни кашф этиш ниҳоятда мушкул. Негаки, эл-улус эшитса, кўрса ё ўқиса, сира ажабланмасдан, аксинча, номини эшитибоқ суюниб кетадиган асл қаҳрамонлар образини яратиш ҳар қандай ижодкорнинг ҳам қўлидан келавермайди. Шу маънода мазкур танловнинг бутун республика миқёсида тақдимоти ўтказилаётганида ҳам ўзгача мақсад бор, десак янглишмаймиз.
 
Яқинда пойтахтимизнинг муҳташам гўшасида қад ростлаган Ёзувчилар уюшмаси биносида ўтган файзли тадбирда уюшма раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид “O‘zLiDePнинг ушбу ташаббуси ҳаммамизни руҳлантириб юборди, энди куну тун юртимизнинг турли бурчакларида яшаб, ишлаб, халқ корига яраётган, чин маънода жасорат намуналарини кўрсатаётган қаҳрамонлар қиёфаси кўз олдимизда гавдаланяпти. Эътироф этсак арзийди, партия томонидан белгиланган мукофотлар ҳам чаккимас, демак, қалб қўрини бериб бирор асар битган қаламкаш ҳам руҳий, ҳам моддий томондан бойийди”, деганида ҳақ эди.

Куни кеча Гулистон шаҳрида ушбу танлов тарғиботи, шунингдек, “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурида белгилаб берилган долзарб вазифаларни ҳаётга кенг татбиқ этишда партия олдида турган устувор йўналишларга бағишланган тадбир уюштирилди. Унда O‘zLiDeP Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Улуғбек Сотболдиев сўз олиб, ҳар қандай мамлакатнинг тараққиёти ва эртасини биринчи навбатда тадбиркорлар, ишбилармонлар, хусусий бизнес соҳаси вакиллари белгилаб беришини алоҳида таъкидлади.

– Бизнинг Сирдарёда ҳам ана шундай фидойилар, ўз манфаатидан кўра халқ манфаатини устун қўйиб яшаётган инсонлар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Биргина мисол, Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурини синчиклаб ўқиб, танишиб чиқсангиз, эндигина тадбиркорлик остонасида турган йигит-қизлар учун шунақа катта ва кенг имкониятлар яратиб бериляптики, тўғрисини айтиш керак, бундай ғамхўрликка жавобан биз энди томошабин бўлиб туришга сира ҳаққимиз йўқ, – деди Улуғбек Сотболдиев. – Дунёнинг ривожланган деб эътироф қилинаётган исталган давлатини олинг, улар ҳам бир йил ё беш йилда бирданига юксалиб, тараққий этиб кетмагандир. Одамлар орасида тадбиркорлик кўникмасини тезроқ шакл­лантириш энг муҳим омил деб ҳисоблайман. Ҳозирги кунда бу кўникма, асосийси, эртанги кунга бўлган ишонч руҳи тобора мустаҳкамланиб бораётгани қувонарлидир. Шунинг учун ҳам партиямиз “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”га бағишлаб Ёзувчилар уюшмаси, республика матбуот ва ахборот агентлиги билан ҳамкорликда “Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида” деб номланган анъанавий танловни эълон қилди ва бу ташаббусни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашимиз керак. Сирдарёлик ижодкорлардан илтимосим шуки, қаҳрамонларни узоқдан изламайлик. Улар орамизда, ёнгинамизда, бир осмон остида, бир дарёдан сув ичиб, дунёга мақтасак арзигулик кашфиёт ва савобли ишларни амалга оширишяпти. Китоб, кино, публицистик мақолаларга арзигулик амалларни қилаётган ишбилармонлар кўп бизда. Фақат уларни халқимизга кўрсатиб бера олишимиз керак.

Ҳаётхон ОРТИҚБОЕВА, Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими масъул котиби:

– Бу танловни таъсис этганларга, аввало, раҳмат айтишимиз керак. Рост-да, фаол тадбиркорлар Гулистонда йўқми, Боёвут ва Сирдарёда қанчалаб ташаббускор, бугунги кун руҳини теран англаган, бадиий талқинда айтадиган бўлсам, истиқлол бунёдкорлари кўп, фақат шундайларни излаб, топиб, одамлар севиб ўқийдиган асарларга образ қилиб киритишимиз керак. Ишонинглар, керак бўлса, ҳув орқа қаторда ийманибгина ўтирган тадбиркор укамиз ё синглимиз бизни ҳайратга солгувчи ишларни қойиллатаётгандир. Тўғрими, демак, эл орасига борсак, кўрсаккина, ҳақиқий мақола, қиссалар дунёга келади. Қодирий домла, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, узоққа бормайлик, ўзимизнинг Тўра Сулаймон халқона образларни осмондан олиб ёзмаган, демак, улар бизнинг Сирдарёда ҳам бисёр. Мен бугун сирдарёлик заҳматкаш ижодкорлар – таниқли публицист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Алиқул Хонимқулов, шоир ва адибларимиз Баҳор Холбекова, Норинисо Қосимова, Нодира Дўстматова, Элмурод Мавлонов, Мунаввар Пардаев ва бошқаларнинг ана шу танловда фаол иштирок этишларини истардим.

Мана, бугун “Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида” танловининг шартлари, мақсади, моҳияти ҳақида батафсил маълумотларни эшитдик. Жудаям тўғри талаблар қўйилган, ҳақиқатан ҳам, ўлкамизнинг исталган ҳудудида юртдошларимизга ўнлаб, юзлаб иш ўринлари яратиб бераётган, лекин камтарингина бўлиб, савобли амалларини кўз-кўз қилишдан тортинаётган тадбиркорлар ҳам кўп-да. Шунинг учун биз – ижодкорлар етакчи партиямиз фаоллари билан ҳамжиҳатликда ана шундай инсонларнинг меҳнатини баҳоли қудрат ёритиб беришга ҳаракат қилишимиз керак.


Сирожиддин РАУФ, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири:

– Йилларни қаранг, дарёдай оқиб кетяпти, шамолдай елиб ўтяпти. 27 йил бўляпти мус­тақилликка эришганимизга. Хўш, бу муддат камми ё кўпми, албатта, тарих учун бир сонияга тенгдир. Лекин бизнинг Ватанимиз, халқимиз тақдирида қанчалар қадрли ва қимматли эканлигини ўзимиз биламиз, чуқур англаймиз.

Бугун саратоннинг айни чилласида Гулис­тонда ижодкор, журналист, тадбиркорлар даврасида ўтириб, ана шу асрларга тенгласак арзийдиган йиллар ҳақида ўйлаяпман. Бир замонлар Сирдарё дейилса, кўз ўнгимизда чўл-биёбонлар гавдаланган, тўғрими, бугун-чи, Гулистонни шахсан мен таний олмадим. Бўлмаса, бу шаҳарга икки йилча аввал келувдим, шекилли. Бундай улкан ўзгариш, бунёдкорликлар тушларимизгаям кирмаган эди бир пайтлар. Ёки бугун ҳув чўл дейилган туман-қишлоқларимиз йил сайин кўркига кўрк қўшиляпти. “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида маҳаллалар, хонадонлар ўзгача қиёфа касб этмоқда. Йил сайин фарзандларимиз соғлом, бақувват бўлиб ўсяпти, уйларимиз шинам, дастурхонларимиз тўкинлашяпти. Йилдан йилга ишсизлар сони камайиб боряпти. Боғ-роғлар, таълим-тарбия муассасалари, соғломлаштириш, дам олиш гўшалари сони ортяпти. Мустақилликнинг шарофати шулар эмасми? Ўйлайманки, ушбу танловнинг қаҳрамонлари, қолаверса, ғолиблари ҳам Сирдарёдан чиқса, сира ажаб­ланмаймиз. Ҳамкасбларимизга куч-қувват, илҳом ёр бўлсин!

Шунингдек, тадбир қатнашчилари ҳузурида “XXI asr” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Норқобил Жалилов, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Сиёсий таълим маркази раҳбари Насимжон Алимов, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Сирдарё вилоят бўлими директори Жумабой Қосимов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Сирдарё вилоят кенгаши раиси, O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Шавкат Зайниддинов, “Тадбиркор аёл” уюшмаси вилоят бўлими раиси, фаол тадбиркор Гулчеҳра Жонжигитова ва бошқалар ҳам сўзга чиқиб, мамлакатимизда барча соҳаларда, айниқса, маънавий-маърифий, иқтисодий жабҳаларда амалга оширилаётган муваффақиятлар хусусида сўз юритди.
“ҚАҲРАМОНЛАР СИРДАРЁДА ЯШАЙДИ”

...Тадбир ниҳоялаб борарди. Модератор – O‘zLiDeP Сирдарё вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Фахриддин Абдусатторов залга ишора қилиб: “Энди бугунги машваратнинг яна бир ажойиб тақдимотини бошлаймиз. Марҳамат, саҳнага яқиндагина Хорватияда эркин кураш бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилиб, олис Европада мадҳиямиз садолари остида Ўзбекистон байроғини баланд ҳилпиратган Жамшидбек Маъруфов ҳамда унинг устози Дилшод Исмоиловни таклиф этамиз, дейиши биланоқ гулдурос қарсаклар, олқишлар янгради. Уларга O‘zLiDeP Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Улуғбек Сотболдиев партия томонидан тақдим этилган махсус мукофот ва совғаларни тантанали суратда топширди. 

Тадбир қатнашчилари вилоятда катта нуфузга эга бўлган, сал кам мингга яқин иш ўрни мавжуд, асосийси, маҳсулотларининг юз фоизини хорижга экспорт қилаётган “Wellford” масъ­улияти чекланган жамияти фаолияти билан яқиндан танишдилар. Сирдарёлик ижодкорлардан бири ичкаридаги ҳайратомуз манзаралар билан танишиб чиққанимиздан кейин кечинмаларини яширолмади: “Буни қаранг, шу корхонанинг таърифини аввал ҳам эшитгандим-у, лекин бугунгидек, ўзимизнинг юзлаб маҳаллий хотин-қизларимиз қўлларида тикилиб, тайёрланаётган кийим-кечакларни кириб кўрмаганимга афсусландим. Ҳавас қилсак арзийди, ҳар қанча мадҳ этсак ярашади, энди ёзмасак уят бўлади. Насиб этса, танловда ғолиб бўламиз”.

Фаол тадбиркорлар – ҳалол тадбиркорлар юртимизнинг ҳар бир гўшасида топилади. Ижодий танлов эса давом этади!

 

"XXI asr"

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1455
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Сабохат Бабаева Элдоржон қизи2018-07-27 15:34:55

“Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида” танловининг ташкил этилиши қайсидир маънода мамлакатимиз ривожланиши ва дунёга Ўзбекистон деб танитишга қайсидир маънода ўз ҳиссасини қўшаётган тадбиркорлиримизни ижодкорлар орқали халқимизга танитишга хизмат қилади


Jo'rabek Aslonov, Navoiy viloyati2018-07-27 15:29:34

Har davrning o'z qahramonlari bo'ladi. Sirdaryolik tengqurimizga havasimiz keldi.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+