O‘zLiDeP хусусий тиббий муассасалар фаолиятини ривожлантиришни муҳокама қилди

13.11.2017, 21:24

O‘zLiDeP хусусий тиббий муассасалар фаолиятини ривожлантиришни муҳокама қилди

Жорий йилнинг 8 ноябрида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ташаббуси билан “Мамлакатимиз тиббиёти ривожида хусусий секторнинг роли” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда нодавлат шифо масканларининг замонавий ҳолати ва истиқболига оид турли масалалар кўриб чиқилиб, Президентимизнинг “Хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинди. Тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси ходимлари, депутатлар, тиббиёт соҳаси ходимлари, экспертлар ва партия фаоллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, ўтган йиллар давомида тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, тиббий ходимлар малакасини ошириш, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш учун ташкилий ва амалий шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган қатор тадбирлар амалга оширилди.

Сўнгги йилларда тиббиёт соҳасида хусусий сектор аҳамиятини ошириш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Натижада хусусий клиникалар ва тиббий марказларда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелидаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналиш ҳамда вазифалари белгиланган. 

Мазкур қарор жойларда хусусий тиббиёт муассасалари тармоқларини кенгайтириш, молиявий кўмак кўлами ва ҳажмини кўпайтириш, пулли хизмат бозорини жадал ривожлантириш, хусусий медицина соҳасида ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг сифатли ва самарадор тизимини шакллантирмоқда. Провардида жорий йилнинг 6 ойи мобайнида хусусий тиббий ташкилотлар сони 515 тага кўпайди, мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди.

Давра суҳбати давомида хусусий тузилмаларнинг тиббий фаолият юритиши учун рухсат олиш тартиби мураккаблиги, молиявий ёрдам бериш механизмининг яхши ривожланмагани шунингдек, давлат тиббиёт муассасаларининг муайян функцияларини хусусий секторга бериш зарурати танқидий кўриб чиқилди.

Хулоса қилиб айтганда, давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги қарорини қабул қилиш хусусий тиббий муассасалар фаолиятининг ривожланиши, сармоявий лойиҳалар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, хориж сармоядорларини хусусий тиббиёт соҳасига жалб этиш, шунингдек, ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш шарт-шароитларини такомиллаштиришга рағбатлантириши алоҳида таъкидланди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

  • Кўрилди
    1602
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+