“Сандал” канали қуриб қолгани сабабли ҳосилимиз нобуд бўлди”, дейишмоқда яккабоғликлар

17.08.2018, 23:26

“Сандал” канали қуриб қолгани сабабли ҳосилимиз нобуд бўлди”, дейишмоқда яккабоғликлар

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Қашқадарё вилоят ва Яккабоғ туман Кенгаши, Ўзбекистон Фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари туман Кенгаши вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги “Эсат” ва “Хўжаилғор” МФЙ ҳудудида яшовчи одамлар билан мулоқот қилишди.

Учрашув давомида мазкур маҳаллаларда истиқомат қилаётган аҳоли томонидан шахсий томорқада тадбиркорликни йўлга қўйиш борасида муаммолар борлиги маълум бўлди. Хусусан, Намоз Аралов 5 сотих майдонда деҳқончилик қилиши, мана бир неча ойдан бери ҳудуддан оқиб ўтаётган Сандал канали қуриб қолганлиги туфайли етиштирилаётган ҳосил нобуд бўлаётганлигини билдирди. Агар бир пайтлар қурилган ва айни пайтда ишлатилмай ётган артезиан қудуғи ишга туширилса, томорқалардан унумли фойдаланиш имкони яратиларди. Сувсиз томорқадан фойдаланишнинг асло имкони йўқлиги боис, одамлар экин экмай қўйишди.

Партия фаоллари хонадонма-хонадон юриб “Ҳар бир оила - тадбиркор” ҳамда “Ёшлар келажагимиз” дастурлари  мазмун-моҳияти хусусида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб боришганда ўнлаб ёшлар ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи эканлиги ва буни қандай амалга оширишни билмасликларини билдиришди. Партия фаоллари томонидан 13 нафар ёш йигит-қизларга бизнес лойиҳалар тайёрлаб бериладиган бўлди.   

- “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастури ҳақида эшитиб, тадбиркорлик қилишим учун янги имконият пайдо бўлганидан беҳад севиндим, - дейди Эсат қишлоғида яшовчи коллеж битирувчиси Юсуф Қўзиев. -  Кам таъминланган оилалар учун бу айни муддао экан. Ёшлигимдан чорвага қизиқиб келаман. Насиб бўлса, банкдан кредит олиб, хонадонимизда чорвачиликни ривожлантирмоқчиман. Бундай мулоқотлар биз ёшларни тадбиркорликка йўналтириш ва фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. 

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимлари ҳамда  Қашқадарё вилоят Кенгаши фаолларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги “Хўжаилғор” маҳалласида яшовчи Мисқол Амирқулова хонадонида бўлганларида, хонадон бекаси ноҳақликка дуч келганлиги ҳақида шикоят қилди. Унинг айтишича, Яккабоғ туман Мажбурий Ижро бюроси уни 300 минг сўм ноҳақ қарздор қилиб қўйишган. Бу маблағ 2011 йил фойдаланилган электр энергияси учун бўлиб, 2014 йил вафот этган марҳум эри Абдусаттор Тўраев номига келган экан. Мажбурий ижро бюроси ходимлари агар қарзни тўламаса, электр таъминотидан маҳрум этилишини билдиришган. Холбуки, бу аёл электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида тўлаб келганлиги ҳақида тўлов квитанцияларини тақдим этса-да, мажбурий ижро ходимлари қарзни тўлашни талаб этишмоқда. Партия депутатлар мазкур ҳолатни чуқур ўрганишиб, мақбул ечимларини топишни ўз зиммаларига олишди.  

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1519
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+