O‘zLiDeP қизилтепалик Бибиражаб Тошевага паррандачиликни ташкил этишига кўмаклашади

26.08.2018, 15:54

O‘zLiDeP қизилтепалик Бибиражаб Тошевага паррандачиликни ташкил этишига кўмаклашади

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Навоий вилоят Кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари уйма-уй юриб, аҳоли билан учрашувлар ташкил этаётгани анчадан бери ҳал этилмасдан келаётган муаммоларнинг жойида бартараф этишга ҳисса қўшмоқда.

O‘zLiDeP фаолларидан таркиб топган ишчи гуруҳ аъзолари Қизилтепа туманининг “Оқработ” маҳалласида бўлди. Ушбу маҳаллада 2640 нафар аҳоли 553 та хонадонда истиқомат қилаётир. Уйма-уй юриб олиб борилаётган суҳбатларда аҳолига яратилаётган шарт-шароитлар билан бирга айрим муаммоларга дуч келинаётгани маълум бўлди.

Жумладан, “Оқработ” кўчаси 11-уйда яшовчи Бибиражаб Тошева оиласидаги 4 нафар кишини иш билан таъминлаш мақсадида парранда боқишни режалаштирган. Маблағи етишмаётганлиги сабабли “Микрокредитбанк”нинг Қизилтепа туман филиалига 9 миллион сўм кредит беришларини сўраб мурожаат қилган. Лекин у ердаги мутасаддилар бор отангга, бор онангга қабилида иш тутиб, жорий йилнинг апрель ойидан бери онахонга кредит ажратишни негадир пайсалга солиб келаётгани ташвишланарли ҳолат. Ваҳоланки, Президентимиз томонидан ҳаётга жорий қилинган “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ёшлар — келажагимиз” давлат дастурларида оиласида тадбиркорлик қиламан деган фуқарога тижорат банклари ва бошқа мутасаддилар амалий ёрдам кўрсатиши алоҳида белгилаб қўйилган. Наҳотки, бундан “Микрокредитбанк”нинг туман филиали раҳбарлари бехабар бўлса?! Мазкур муаммо партия вакиллари томонидан ижобий ҳал этилиб, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қошида ташкил этилган Жамғарма ҳисобидан 7 фоизли имтиёзли кредит ажратиб бериладиган бўлди.

Бундан ташқари, шу маҳаллада яшовчи Моҳира Турдиева анча вақтдан бери уйининг олдидан ўтган табиий газга уланиш учун сарсон-саргардон бўлмоқда.

— 2016 йилда табиий газ етказишда мунтазам узилишлар бўлганлиги, қолаверса, газчилар томонидан ишлатилмаган газга сен қарздорсан деб бўйнимизга отнинг калласидай қарз илиб қўйилаверганидан безор бўлиб, табиий газни уздириб ташлаган эдик, — дейди Моҳира Турдиева. — Шундан кейин газ баллондан фойдаландик. Жорий йилдан бошлаб, газ назорати Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бўлимига ўтганлиги туфайли хонадонларга табиий газ етказиб бериш сифати яхшиланди. Шунинг учун энди табиий газга уланамиз десак, газ идораси ходимлари бунга кўнмаяпти. Бир девор ортидаги қўшни табиий газдан фойдаланиб турсаю бизнинг ўтиндан фойдаланишимиз одамга алам қиларкан. Сув бўйида сувга зор болам, деб шунга айтадими? Бу ҳам етмагандек, газ баллонлари ҳам икки ой деганда келади. Унда ҳам уйда биров бўлса олиб қолади. Йўқса...

Маҳалладаги ўндан зиёд хонадон эгалари худди шундай муаммоларга дуч келаётганлиги маълум бўлди. Кўтарилган муаммолар OzLiDeP депутатлик гуруҳи назоратига олиниб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови жўнатилди.

Партия фаолларининг аҳоли билан мулоқотлари давом этмоқда.

O‘zLiDeP Навоий вилоят кенгаши

матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1280
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+