“Ишбилармон аёл - 2018” кўрик-танловининг Республика босқичи ғолиблари аниқланди

29.08.2018, 22:36

“Ишбилармон аёл - 2018” кўрик-танловининг Республика босқичи ғолиблари аниқланди

Аввал хабар қилинганидек, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган танловда вилоят босқичида фаол иштирок этиб ғолибликни қўлга киритган 52 нафар тадбиркор ва фермер аёллар қатнашди.

Танлов давомида ҳамкор ташкилотлар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоларидан иборат бўлган ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг ишлари билан яқиндан танишиб, адолатли баҳолаб боришди.

Шунингдек, иштирокчиларнинг лойиҳа низомига мувофиқ, хотин-қизлар учун қўшимча янги иш ўрни яратганлиги, фаолият туридан келиб чиқиб экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, аҳолига кўрсатаётган хизматининг сифати ҳамда фаолиятида ҳаётга татбиқ этиб келаётган янги инновацион ғоялари ҳам баҳолашда алоҳида эътиборга олинди.

Қуйида  танлов ғолиб ва совриндорларининг фикр-мулоҳазалари билан танишинг.   

Мамлакат СОДИҚОВА, “Замин Мадад” тайёрлов савдо МЧЖ раҳбари, танловнинг 1-ўрин соҳиби, Бухоро вилояти:

— Очиғи, ҳозир жуда ҳам ҳаяжондаман. Боиси, танловнинг 1-ўринига лойиқ деб топилдим. Ўзи табиатан камтарин инсонман. Лекин ишга келганда  қаттиқ талабчанман. Шу боис, 2017 йилда “Йил аёли” миллий танловининг Республика босқичида “Саноатда саодат топган йил аёли” номинацияси бўйича ҳамда “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси”нинг Бухоро вилоят босқичида ғолиб бўлдим. Бугунги танловда менга билдирилган юксак ишонч, эътибор ва рағбат эса кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшиб,  янги марралар сари рухлантирди.

 

Гулсара ТАНГИРОВА, “Шўрчи дон омад” МЧЖ раҳбари, танловнинг 2-ўрин соҳиби, Сурхондарё вилояти:

— Корхонамиз 2014 йилда ташкил этилган. Айни чоғда корхонамизда 52 нафар ишчи-ходим меҳнат қиляпти. Тўғри, фаолиятимизни бошлаганимизга кўп вақт бўлгани йўқ, лекин даромадимиз анча яхши, кундан кунга ошиб боряпти. Ҳозирда ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни нафақат ички борзорда балки ташқи бозорларга ҳам экспорт қиляпмиз. Бугунги ўзгариш ва янгиланиш жараёнида фаол иштирок этиш баробарида, ўзининг интелектуал салоҳияти, профессионал малакаси ва маҳорати билан кўпчиликда қизиқиш уйғотаётган мазкур танловнинг ўтказилиши албатта, мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътиборни янада кучайтиради. Зотан, тадбиркор аёлларни рағбатлантиришга қаратилган мазкур танлов нафақат мени балки барча иштирокчиларни тўлқинлантириб юборди.

Шоҳиста МАТКАРИМОВА,  “Файз” хусусий корхонаси раҳбари, танловнинг 3-ўрин соҳиби,   Хоразм вилояти:

— Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг иши билан яқиндан танишиб, уларни адолатли баҳолаб боришди. Тўғриси, камтарона меҳнатимни юксак баҳолаб, 3- ўринга лойиқ топишганидан жуда хурсанд бўлдим.

Корхонамиз 2007 йилда фаолиятини бошлаган. Асосан кўрпа-ёстиқ, чойшаб ва 50 турдан ортиқ кийим-кечаклар ишлаб чиқарамиз. Дастлаб фаолиятимизни 5 нафар ишчи билан бошлаган эдик, ҳозирда келиб уларнинг сони 125 нафарга етди. Айни чоғда фаолиятимизни янада кенгайтириш ҳаракатида юрибмиз. Ҳатто бунинг учун O‘zLiDeP вилоят Кенгаши кўмагида тижорат банкларидан 200 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ҳам олдик. Қувонарлиси, ушбу имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда Қозоғистон ва Россия давлатларига 600 мингдан ортиқ чойшабларни экспорт қилдик. Келгусида ҳам режаларимиз кўп. Энг аввало, замонавий кўрпа-ёстиқ тикадиган Хитой технологиясини олиб келиш.

Гулдана АҲМЕТОВА, “Дана текстиль пром” МЧЖ раҳбари, танлов иштирокчиси, Қорақалпоғистон Республикаси:

— Тўғриси, дастлаб фаолиятимни бошлашда бироз қўрқиш бўлган. Чунки тиббиёт коллежини тамомлаганим сабабли кўпчилик: “бу сени соҳанг эмас, барибир эплай олмайсан”, дейишган.  Лекин соҳага бўлган қизиқишим юқори бўлгани учунми, ўз бизнесимни бошлашга қарор қилдим. Ҳозир корхонамизда 10 нафар ёш доимий иш билан банд. Келгусида партия кўмагида имтиёзли кредит олиб фаолиятимизни янада кенгайтириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш ниятимиз бор.

 O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1098
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

ШАВКАТ Сафарбаев2018-09-04 18:46:07

Ташкилотчиларни, катнашчиларни ва голибларни табриклаймиз, бу каби курик танловлар тадбиркорларимизни илхомлантиради ва Янги марралар сари ундайди. Иштирокчилар ва голибаларни, барча барчани ажойиб ва АДОЛАТли утган тадбир Билан табриклаймиз, БАРАКАЛЛА!!! ЛиДеП Хоразм ВК жамоаси


ШАВКАТ Сафарбаев2018-09-04 18:46:07

Ташкилотчиларни, катнашчиларни ва голибларни табриклаймиз, бу каби курик танловлар тадбиркорларимизни илхомлантиради ва Янги марралар сари ундайди. Иштирокчилар ва голибаларни, барча барчани ажойиб ва АДОЛАТли утган тадбир Билан табриклаймиз, БАРАКАЛЛА!!! ЛиДеП Хоразм ВК жамоаси


Кадиров Жасурбек-O`zLiDeP Олмазор туман Кенгаши аппарат раҳбари2018-08-30 10:19:34

Партиямиз томонидан Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги байрами арафасида ташкил этилган "Ишбилармон аёл" кўрик танловининг Республика сосқичи, юқори савияда ташкил этилганлиги, тадбир давомида Ўзбек эстрадаси вакиллари иштирокида гала концерт дастури тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилганлиги тадбир иштирокчиларини ҳусусан, ишбилармон аёлларни байрамона кайфиятини янада кўтаришга хизмат қилди. Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 27 йиллиги байрами муносабати билан, барча Юртдошларимизни ҳамда O`zLiDeP партия ташкилотининг аҳил жамоасини ва аъзоларини O`zLiDeP Олмазор туман Кенгаши аппарати номидан самимий муборакбот этамиз. Барчангизга Мусатақиллик баёрамимиз муборак бўлсин!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+