O‘zLiDeP вакиллари Яккасарой кичик саноат зонаси фаолиятини ўрганди

12.09.2018, 20:18

O‘zLiDeP вакиллари Яккасарой кичик саноат зонаси фаолиятини ўрганди

Мамлакатимизни ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегияси, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурлари ҳамда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида кўзда тутилган  мақсад вазифалар ижросини таъминлаш, тадбиркорлар йўлида ғов бўлаётган тўсиқларни бартараф этиш орқали жойларда тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида бугун O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ вакиллари Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган кичик саноат зонаси фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Олиб борилган ўрганишлар давомида “Яккасарой кичик саноат зонаси”даги тадбиркорлик субъектларига ташриф уюштирилиб, иш жараёнлари, кичик саноат зонасида уларга яратилган шарт-шароитлар ҳамда фаолиятида юзага келаётган муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди.

—Бугунги кунда мамлакатимизда қўғирчоқ ишлаб чиқарадиган битта корхона бор. Улар қўғирчоқнинг фақатгина тана қисмини ишлаб чиқаришади, - дейди “BABY TOYS GARDEN” МЧЖ раҳбари Гафуров Ботир. —Биз хориждан қўғирчоқнинг нафақат тана қисми балки бош қисмини ясайдиган ускуна олиб кирдик. Агар мазкур ускунани ўрнатиб, ишни бошласак, тайёр қўғирчоқ ишлаб чиқариб, қўшни давлатларга экспортни янада кенгайтиришга эришамиз. Бироқ, ҳозирда бу ишларни амалга ошириш учун бизга жойимиз торлик қиляпти. Жорий йилнинг бошида Кичик саноат зонаси раҳбарияти, шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилдик, аммо бўш жой йўқ, деган жавоб беришди. Ва ҳолангки, цехимизнинг орқа томонидан бўш ер майдони бор. Агар бизга шу жойни беришса, ўзимиз бино қуриб, шароитимизни яхшилаб олар эдик.

Тадбиркорнинг мурожаати юзасидан ишчи гуруҳ вакиллари дирекция раҳбариятига мурожаат қилди ва ҳозирги кунда дирекция ҳудудида қўйилган талаблар асосида ишламаётган 7 та корхонанинг ижара шартномаларини бекор қилиш масаласи кўриб чиқилаётганлигини, агар шартномалар бекор қилинса, тендир асосида тадбиркор жойга эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш мумкинлигини билдирди.

Ўрганишлар пайтида жой масаласи, маҳсулотларни сотувга чиқариш, ишчиларнинг қўнимсизлиги, узоқдан қатнаб ишлайдиган ишчиларга қулайлик яратиш учун ётоқхона қуриш каби ўндан ортиқ масалалар кўтарилди. Партия депутатлик корпуси ваколатларидан фойдаланган ҳолда тегишли ташкилотларга депутатлик сўровларини юбориш орқали муаммоларни ҳал этишга келишиб олинди ва қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга қаратилган таклифлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясига тақдим этиладиган бўлди.

Тошкент шаҳри бўйлаб ўрганишлар давом этади. Бизни кузатиб боринг, аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган масалалар юзасидан тайёрланган махсус репортажларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    602
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+