Гидропоника усулида деҳқончилик қилаётган андижонлик тадбиркор ўтган қишда Россияга 300 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилди

13.09.2018, 11:07

Гидропоника усулида деҳқончилик қилаётган андижонлик тадбиркор ўтган қишда Россияга 300 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилди

“Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида” танловига

Гидропоника тупроқсиз, фақат озуқа моддалар билан тўйинтирилган сув ёрдамида деҳқончилик қилишни англатади. Бу усул асосан, европа мамлакатларида оммалашган. Недерландияда ошқовоқ, Белгияда эса карам гидропоника усулда етиштирилади. Японлар ҳам гидропоника усулида деҳқончилик қилишнинг “ҳадис”ини олган. Кунчиқар юртда деярли барча полиз ва сабзавот экинлари тўйинтирилган сув ёрдамида етиштирилади.

Гидропониканинг яна бир устунлик томони бор. Бир вақтнинг ўзида 1 сотих ерда 5-6 сотихда экиладиган маҳсулот етиштиришингиз мумкин. Бунинг учун гидропоника эқин майдонини 5-6 қаватли қилиб қурсангиз, кифоя. Гидропоника майдонининг биринчи қаватида помидор, иккинчи қаватида бодринг, учинчи қаватида булғор қалампири етиштираверасиз. Хуллас, бу усулда деҳқончилик қиладиган миришкор “ерим кам”, “даромадим ўзига яраша”, деб ўксинмайди. Ишонмасангиз, Андижондаги “Универсал агро люкс” корхонасига бориб кўринг. Корхона ўтган қиш мавсумида Россияга 300 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилди.

– 2015 йил баҳорида туман ҳокимлигига захирадаги ер майдонидан унумли фойдаланиш таклифи акс этган бизнес лойиҳамни топширдим, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Санжарбек Раҳимов. – Ҳужжатларни тайёрлашга роппа-росса икки йил кетди. Асосий иш 2017 йил апрель ойидан бош­ланди. Дастлаб Жаҳон тараққиёт банкидан 500 минг АҚШ доллари кредит олиб, “Янги Ваҳим” массивидаги 1 гектар майдонда иссиқхона қурдик. Жанубий Кореянинг “Майсон плакон” компанияси билан ҳамкорликда гидропоника-субстракт усулида 21 минг помидор кўчатини инновацион технология асосида парваришлай бошладик. Иссиқхонамиздаги помидор уруғи кокоснинг қуриган поясига жойлаштирилган субс­трактда экилган бўлиб, ўсимликнинг униб-ўсиши давомида барча зарур ўғитлар шприц ёрдамида бериб борилади.

Иссиқхонада совутиш технологияси ҳам жорий этилган. Бу айни жазирама кунларда асқотади. Совутиш технологияси барча замонавий иссиқхоналарда бор. Иқлимнинг ўзгариши, ҳаво ҳароратининг ҳаддан ташқари исиб кетиш каби омиллар замонавий иссиқхона муҳандисларидан ҳам изланишни талаб қилди. Совутиш технологияси бор иссиқхоналар ҳаво ҳарорати иссиқ бўлган минтақаларда кенг фойдаланилмоқда. Мутахассислар Саудия Арабистони, Миср ва Марокашда совутиш технологияси бор иссиқхоналар оммалашганини таъкидлашади.

– Совутиш технологияси жазирамада ривожланишдан тўхтайдиган ўсимликлардан ҳам доимий ҳосил олиш имконини беради, – дейди С.Раҳимов. – Бу технология тадбиркор учун қимматга тушса-да, юқори ҳосилдорликни таъминлайди. Совутиш технологиясидан мамлакатимизнинг жанубий минтақалардан кенгроқ фойдаланилса, мақсадга мувофиқ.

Иссиқхонадан тушаётган мўмайгина даромад тадбиркорни фаолиятини янада кенгайтиришга ундади. Санжарбек Раҳимов жорий йил апрель ойида “Универсал агро люкс”га ёндош ҳудудда “Помидор агро люкс” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилди ва Жанубий Кореялик ҳамкорлар билан 3 миллион АҚШ долларлик шартнома имзолади. Агар мазкур лойиҳа ҳам мувафаққиятли амалга ошса, яна 6 гектар майдонда замонавий иссиқхона қурилади. 50 дан зиёд иш ўрни яратилади.

Ҳасан САЛОМОВ,

O‘zLiDeP матбуот хизмати ходими

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2284
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+