МАТБУОТ: Ё ҲАЁТ, Ё МАМОТ!

21.09.2018, 12:12

МАТБУОТ: Ё ҲАЁТ, Ё МАМОТ!

Йил сайин эмас, ой, ҳафта, ҳатто кун ўтгани сари бу савол жиддийлашяпти. Хўш, “Матбуотнинг даври ўтди, энди дунёни интернет нашрлар эгаллайди!” қабилидаги ҳукму башоратлар ўзини қай даражада оқлайди? Ижтимоий тармоқлар, интернет нашрлари фаоллашган бир пайтда босма нашрлар қандай яшаб қолади? Шу пайтгача обуна ҳисобидан кун кўрган газета-журналлар тақдири энди нима бўлади? Дасти узун, чўнтаги бақувват муассиси ё ҳомийси борларининг кўнгли тўқ, бошқалар-чи? Шу пайтгача журналистлар нонини туя қилиб келган “Ўзбекис­тон почтаси” ёки “Матбуот тарқатувчи”нинг ўзи кўмакка муҳтож эмасми? Матбуотчилар олдида яна қандай муаммолар кўндаланг турибди?..

Муаммо ясаш керак эмас

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигидан олинган маълумот бўйича бугунги кунда рес­публикамизда 1 156 та оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда, уларнинг 665 таси газета, 365 таси журнал. Шундан 327 та газета, 153 та журнал “давлат”, 348 та газета, 207 та журнал эса “нодавлат” мақомига эга. Улар кескин рақобат майдонида яшаб қолиш учун шиддатли кураш кетаётган бир паллада ўз ижодий, иқтисодий фаолиятини қай тарзда ўзгартирмоқда? Замонга мослаша оляптиларми? Бундан бу ёғига “Олма пиш, оғзимга туш” деган билан иш битмайди.

Устоз журналист Жаббор Раззоқ ибораси билан айтганда, бош муҳаррир, энг аввало, зиёли, теран фикрловчи сиёсатдон ва энг муҳими, ташкилотчи, керак бўлса иқтисодчи бўлиши шарт. Журналист эса... ҳам ўткир қалами, ҳам холис сўзи билан ҳаётнинг равишини кўра олиши лозим. У ҳакам ё оқловчи, қораловчилик ролига кириб олмасдан, сиёсий-ижтимоий жараёнлар, воқеликлар ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантиришга хизмат қилиши керак. Бизда эса баъзан тескариси бўлади. Ҳақми-ноҳақми, шоша-пиша ҳукмбардорлик қилиш, вазиятни холисона баҳоламасдан туриб хулоса чиқариш, айниқса, инсон шаъни, қадр-қимматини ерга уриш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам рўй бермоқдаки, оқибатда судма-суд юришлар, ниҳоят, ютқазиб қўйишлар учраб турибди.

Сафар ОСТОНОВ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист:

–  Телевидение пайдо бўлган пайтда радио тамом бўлди, дейишган экан. Бир асрдан ошяпти ҳамки, радио телевидение билан баб-баравар яшаб келмоқда. Энди газеталар ҳақидаям шундай мазмунда баҳс-мунозара бўляпти. Интернет ёки ижтимоий тармоқлар биздан анча олдин Япония, Жанубий Корея, Америка, Англия ёки Европада оммалашган. Лекин етакчи газета-журналлар тўхтаб қолмади-ку, аксинча, янада ривожланиб, янги нашрлар пайдо бўлмоқда.

Тўғри, ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида дунёда, мамлакатимизда ҳам оммавий ахборот воситалари ўртасида ахборот майдонида жой эгаллаш учун кураш тобора кучайиб бораётган бир шароитда матбуот ҳам янгича йўналишларни, янгича услубларни ахтариши керак. Бугун ахборот танлаш ва уни қай усулда узатиш учун ҳам малака, тажриба зарур. Истаймизми-йўқми, бугунги глобаллашув замонида кунини кўролмаётган, ўз ўқувчисини тополмаётган айрим нашрлар ёпилиб кетиши мумкин. Олайлик, баъзи бир тармоқ ёки хусусий газеталар чиқмай қолиши табиий. Бундан муаммо ясаш керак эмас.

Савол туғилади: муассислар-чи, ўз вазифасини қай даражада бажара оляпти? Кўнгилдагидек эмаслиги аён ҳақиқат. Лекин томошабинлик қилиб, мурувват кутиб ўтириш вақти ўтди. Яқинда масъул идоралар вакилларининг айтишича, айрим туман газеталари таҳририятлари иқтисодий аҳволи ниҳоятда ночор аҳволда экан. Туман ҳокимликлари ўзлари муассис бўлган нашрлар тақдири ҳақида умуман ўйлашмаяпти. Минг дона нусха атрофида чоп этилаётган туман газеталари оз эмас. Ҳатто  бир дона компьютер олишга ҳам қурби етмаётган  таҳририятлар борлигини қандай баҳолаш мумкин?..

Устознинг куйинганича бор. Ҳозир замон ўзгарди, талаб бошқача. Адиб-шоир билан журналист-мухбирнинг ўртасида еру осмонча фарқ бор, ахир. Энди кабинетда дўппини қўйиб, хаёл суриб, интернет титкилаб ўтирадиган, ҳаётда эмас, хаёлида қаҳрамон яратадиган журналист ҳеч бир таҳририятда ўз ўрнини тополмайди. Бор ҳақиқат, яхшию ёмонимиз, орзую армонларимиз одамлар орасида, эл-улус ичида эканини англашимиз лозим. Президент таъбири билан айтганда, журналистлар ҳар қандай шароитда ҳам адолат тамойи­лига, ўзининг ҳаётий ва ижодий принципларига содиқ қолиши керак.

Ёлғончи тарқатувчилар

Яширишга не ҳожат, босма нашрларимиз бугун мамлакатда рўй бераётган ўзгариш, воқеа-­ҳодисалардан ортда қолаётгани ҳақиқат. Табиийки, бунинг объектив ва субъектив сабаблари борлигиниям унутмайлик. Масалан, бугун чоп этилган “XXI asr” ёки “Жамият”, “Ўзбекистон овози” эртага ё индинга эмас, кейинги ҳафта бошида Хоразм ё Сурхондарёга етиб борса, ким ютқазади? Биринчи навбатда ўша нашр жамоаси, қолаверса, ўқувчининг ўзи-чи? Фалон минг сўм тўлаб ёзилган обуначининг айби нима?

Ғуломзокир ЮСУПОВ, “Нурлы жол” газетаси бош муҳаррири:

– Газетамиз 1991 йилдан бери қозоқ тилида чоп этилади. Бизни қийнаётган асосий муаммо нашримизни жойларга етказиб бериш билан боғлиқ. Матбуот тарқатувчи ташкилотлар фаолияти қониқарсиз. Бугун чиққан газета бир ҳафта, баъзида бир ойдан кейин обуначига етиб борса, кулгили эмасми? Бу обунага ўз-ўзидан жиддий таъсир кўрсатадиган омил. Ишончни йўқотамиз. Матбуот дўконларида, масалан, бизнинг газетамиз деярли сотилмайди. Баҳона кўп, натижа йўқ...

Бундай кўнгилсиз ҳолатлар кунора бўлмаса-да, ҳар ойда жойлардан обуначилар, муштарийлардан келаётган мурожаатларда акс этаётир. Обуна уюштириш шартномасини қўлга киритгунча таҳририятлар эшигида “Ўламан саттор, вақтида етказиб бераман”, деб ётиб оладиган акциядорлик компаниялари ва хусусий матбуот тарқатувчи МЧЖ соҳибларининг йил давомида айтиладиган минг битта баҳонасидан тўйдик. Энг даҳшатлиси, обуна пулларини олволиб, уч-тўрт ойдан сўнг изсиз йўқолиб, ёпилиб кетаётган ёлғончи тарқатувчилар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Айримлари билан масалан бизнинг таҳририят судлашяпти ҳам (шу кунгача 17 ярим миллион сўмдан кўпроқ маблағнинг бир тийинини ҳам тўламаётган “Қарши матбуот тарқатувчи” МЧЖ мисолида).

Газетамиз билан тузилган шартномага биноан умумий суммадан “Меҳр Медиа” сал кам 19 миллион, “Нурли матбуот кўзгуси” эса 21 миллиондан кўпроқ қарзини узишга шошилмаяпти. Бу каби салбий ҳолатлар исталган газета-журнал билан содир этилаётганига шубҳамиз йўқ. Ҳа, энди, инсофини бўри емагандир, йил охиригача тўлаб берар, деган умид ҳаммамизда бор. Минг афсуски, бундай “териси қалин” тарқатувчилар сони камайиш ўрнига кўпайиб боряпти.

Демак, босма нашрларимиз нуфузини ошириш учун почта хизмати ва матбуот тарқатиш тизими жиддий ислоҳ қилиниши керак. Бу борада кўрилаётган чора-тадбирлар эса ҳамон ўзини оқлаётгани йўқ. Эскича ишлаш принципидан воз кечиш қийин кечаётир.

Яна мажбурий обунами?

Ҳар йил такрорланади бу савол. Дасти узун ташкилот бўлса, ўйлаб-нетиб ўтирмайди. Битта қарор ёки хат билан “оммавий мавсум”га старт берилади. Одамлар ойлигидан воз кечиб бўлсаям, фалон нашрга “ихтиёрий” ёзилади. Бош тортиб кўрсин-чи, ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишдан бошқа йўли қолмайди.

Муассисининг ўзи кўмакка муҳтож бўлган газета ё журнал бош муҳаррирининг юраги безиллаб қолган. “Ўзларинг ҳаракат қилинглар, бизнинг ҳам ҳисоб-китобимиз чатоқ, бўлмаса...” Ёпиб қўяқолайлик, дейишдан тийилади зўрға. Негаки, бу ёқда сиёсий-ижтимоий жараёнлар, даврнинг талаби бошқача. Хусусий нашрларнинг йўриғи ўзга. Яна кимга қийин, “марказий” ёки “давлат” деб аталмиш (аслида аксарият нашрларнинг ҳуқуқий мақоми бир хил) газета-журналлар жамоасига-да. Йилнинг боши ва ўртасига боргач, босмахона (улар бор-йўғи иккита) ташвишли хатлар йўллайди. Фалон ойнинг шу кунидан бошлаб харажатлар (доллариям қуриб кетсин) ... фоизга оширилади, вассалом! Ҳисобли дўст айрилмас, бу бозор деганлари дўстни билармиди, яна хомчўт бошланади. Кадрларни қисқартириш керак. Шундоғам иқтидорли, малакали журналист анқонинг уруғига айланаётган бугунги замонда бу каби кутилмаган зарбалар ҳар қандай муҳаррирни эсанкиратиб қўйиши табиий. Нима қилиш керак?

Сирожиддин РАУФ, “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари бош муҳаррири:

– “Шарқ юлдузи”  уч-тўрт минг нусхада босиляпти. Энди тасаввур қилинг, республикамизда қарийб 10 мингга яқин мактаб бор, ҳар бирида она тили билан адабиёт фанидан сабоқ берадиган ўқитувчилар сони камида уч нафардан бўлсаям, жами 30 мингдан ошадими? Ҳисоблайлик, уч минг қаёқда-ю, ўттиз минг қаёқда? Бу аҳволда замонавий адабиётдан дарс ўтадиган устозлар қаердан манба олади? Шундай пайтда “оммавий маданият”ни тарғиб қиладиган нашрлар улоқни олиб кетади-да.

Ижодий учрашувларда кузатдим, респуб­ликадаги мактаб, коллеж, олий ўқув юртларида камдан кам ҳоллардагина журналимизни кўрдим. Кутубхоналарда олди-қочди мавзудаги газеталар, китоблар турибди. Улар таълим масканларига қандай йўллар билан кириб боряпти, жумбоқми? Мажбурий обунага чек қўйилди, жуда тўғри қарор, лекин бу дегани ўқитувчи-мураббийлар умуман газета-журнал ўқимасин дегани эмас-ку. Аксинча, ихтиёрни ўзларига қўйиб бериш керак, кимдир сиёсатга қизиқади, яна бошқаси адабиётга, биров иқтисодий мавзуларга, марҳамат обуна бўлаверсин.

Шу ўринда журналистнинг машаққатли меҳнатини қадрлаб, унинг меҳнатига алоҳида эътибор ва рағбат кўрсатиб келаётган нуфузли раҳбарларни ҳам эслаш ўринли деб ҳисоб­лаймиз. Кўп йиллар Қашқадарё вилояти ҳокими бўлиб ишлаган, ижод аҳлининг қадрдони, чин маънода зиёли раҳбар мақомига эришган раҳматли Нуриддин Зайниев, қолаверса, бугунги кунда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажараётган Эркинжон Турдимовнинг дастлаб навоийлик, кейин эса сурхондарёлик ҳамкасбларимизга кўрсатган қўллаб-қувватлови замирида аслида маънавиятга эҳтиром ётибди, десам муболаға бўлмайди. Бошқа ҳокимлар учун бу каби ҳаётий тажрибалар ибрат эмасми? Бу энди алоҳида мавзу...

Обуна мавсумида таҳририятлар турли идораю вазирлик ва ҳокимликлардан мадад кутиб яшаши керак, деган фикрни айтишдан йироқмиз. Аввало, ижодкор халқ манфаатлари йўлида, ўз ижодий салоҳияти доирасида ҳаракат қилиши кўп кузатилган. Кўпинча журналистлар даврасида ОАВда соғлом рақобат муҳити йўқлиги ва бу айнан обунага жиддий таъсир кўрсатаётгани айтилади.

Беш сабаб ва бош сабаб

Матбуотнинг куни битди, газетани ўқишга вақт борми, керакли ахборотни интернетдан топса бўлади-ку, дейдиганлар ҳам орамизда кам эмас. Мутолаадан ҳузур қила оладиган, тафаккур дунёси кенг, зиёли қатлам эҳтиёжини қондирувчи жиддий публицистика, танқидий-таҳлилий мақолаларни чоп этаётган, даврийлигидан қатъи назар, ўқишли нашрлар ҳар доим ўз аудиториясини топади. Лекин бугунги куннинг яна бир асосий талаби ҳам борки, эртасини ўйлаган матбуот, ижодий жамоа ҳеч иккиланмасдан замонавий интернет сайтини юритиши шарт!

Носиржон ТОШМАТОВ, “Муштум” журнали бош муҳаррири:

– “Газета-журналлар ўладими?” деган савол кўтарила бошладими, бу ҳаммамиз учун жиддий қўнғироқ. Огоҳлик қўнғироғи. Савол ҳамиша ички саволни туғдиради: хўш, бунга нима сабаб бўлди? Биринчидан, сон кўпайди-ю, сифат камайди. Иккинчидан, бир тоифа нашрлар монополистлик қилиб, обуначиларни мажбурий (зўравонлик билан, деса ҳам бўлаверади) эгаллаб турибди. Учинчидан, шўро тизими давридаги “инкубатор” газеталар ҳамон яшаб келмоқда. Тўртинчидан,матбуот бозори амалда шаклланмади... Энг асосий ва аянчли сабаб­лардан бешинчиси —  илгари икки мингга яқин газета дўконлари ишлаб турган вилоятда бугун бармоқ билан санарли киоскалар қолди. Уларнинг муаммолари ўз вақтида ўрганилмади, ечилмади.

Интернетнинг кун сайин даврасини кенгайтира бораётгани босма нашрлар ортидан кун кўраётганларга жиддий бошоғриғи бўлмоқда. Аммо газета-журналларнинг тобора кам адад бўлиб кетаётганига ўқувчи ҳам, интернет ҳам айбдор эмас. Айбни ўзимиздан қидиришимиз керак: бизлар халқ дардини ёзмай қўйдик. Ҳайбаракаллачига айландик. Ғишт ишлаб чиқарувчини тушунса бўлар – машина-машина ғишти бировларнинг ҳовлисида уюлиб ётганини кўрса, пинагини бузмайди. Лекин тахлам-тахлам газеталар ақалли бирортаси варақлаб кўрилмасдан, матбуот дўконларию маҳалла идораси, мактабларда чанг босиб ётишини қандай изоҳлаш мумкин? Эсиз қоғоз, эсиз кўз нури, эсиз пул!..

Иқтисодий қарамлик – ижодий қарамликни келтириб чиқаради. Ижодий қарам нашр ҳеч қачон чатнаган, янгиликка етакловчи фикрни ёзмайди. Ёзолмайди! Мен учун сариқ ҳам, қизил ҳам, қора ҳам нашр йўқ. Мен учун фақат яшил матбуот бор, холос. Миллат корига камарбаста бўладиган – элнинг этагига ёпишадиган эмас, элга этагини ушлатиб, ортидан эргаштириб юрадиган матбуот керак! Ўзбек матбуоти яшил матбуот бўлиши учун ОАВ тўғрисидаги қонунларимизни ҳам ҳаракатга келтиришимиз зарур.

“Прописка”нгиз бор бўлсин-да!

Ҳар икки-уч ойда кадрлар бўйича ходим огоҳлантиради: “Фалончи мухбирнинг вақтинчалик рўйхатдан ўтганлик муддати тугаган, нима қиламиз? Қонун талаби бузиляпти, чора кўришмасин, тағин...” Яна ўша бошоғриқ муаммо олдида ожиз қоламиз. Ҳалиги йигит ё қизимиз навбатдаги “вақтинчалик бошпана” топиш учун камида яна бир ҳафта овора бўлади. У ойдан бу ойга аранг етадиган маошининг мўмайгина қисмини харажат қилади. Бор-е, деб қишлоғига кетворишиям мумкин эди-ю, у ёқда ҳам ҳеч кимнинг кўзи учиб тургани йўқ-да. Туман ё вилоят газетаси, теле-радиоси аллақачон “оилавий бизнес”га айланиб кетган!

Қизиғ-а, шу кунгача Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиш ҳуқуқига эга ташкилотлар сони 65 тага етибди! Улар сафига бизнинг соҳамизга тегишли Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси илинган, холос. Ўзбекистон Ёзувчилар ёки Журналистлар уюшмалари нима учун бу рўйхатга киритилмаётгани бизга қоронғи. Ҳисоблаб чиқинг, Тошкентда қанча газета-журнал, ахборот агентликлари, нодавлат нашрлар, эркин ижод қилаётган журналистлар бор, улар қаерга бош уриб боришлари керак? Ёки ҳар олти ойда ечими кўринмаётган муаммо жабрини қачонгача тортадилар? Улар орасида ҳатто пенсия ёшига етганлари ҳам бор, ахир!

– Президентимизнинг “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “Қорақалпоғистон Рес­публикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Уюшма билан биргаликда эҳтиёжманд ва фаол журналистларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жой ёки ер участкалари билан таъминлаш ишларини белгиланган тартибда йўлга қўйсин”, деб ёзиб қўйилган, – дейди журналист Бегзод ИБРАГИМОВ. – Нега бу талаб ҳалигача бажарилмаяпти? Нега қиммат уй сотиб олганга (энг кам иш ҳақининг 2 000 баробари миқдорида) прописка берилади? Бу ҳам тенг­ликнинг, ижтимоий адолатнинг бузилиши эмасми?

Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг уй-жойга эҳтиёжманд аъзолари учун Тошкент шаҳрининг хушманзара жойида кўп қаватли уйлар қуриб битказилди. Давлат раҳбари ана шу уйларни бориб кўрди, ижодкорлар билан мулоқотда бўлди. Қувонмай бўладими. Биз журналистлар учун ҳам ана шундай кун келармикан? Ҳалигача аъзолари сони номаълум бўлган уюшмамиз раҳбарлари бу борада ҳам чуқуроқ ўйлаб кўришар, деган умиддамиз.

Мана, икки йилдирки, янги даврга, янгича шарт-шароитларга мослаша олмаётган матбуотимизга раҳбарлик қилаётган бош муҳаррирларимизни бир кўз ўнгингизга келтиринг: ёшуллиларимиз етмишга етиб, саксонга қараб сакраган, ёшларимиз эса қирқни қирқиб ўтиб, элликнинг элагига яқинлашиб бораётир. Нега навқирон авлод журналистларимиз изма-из етишиб келмаяпти? Аниқроғи, шундай йигит-қизларимиз бор-у, нимагадир матбуот майдонини эгаллашга шошилмаётгандек, ўзларининг чекланган давраларида айланишиб қолаётгандек, “прописка” ва уй-жой сингари муаммоларига ўралашиб юргандек... Йигирма беш ёшгача институт-университетни битирган ҳам дейлик. Яна уч-тўрт йилда ёзиш-чизишнинг малакасини эгаллаб олиш мумкин. Ўттиз билан қирқнинг ораси дадил ижод қиладиган палла, жамиятга фойданг тегадиган давр эмасми? Шу пайтда ўткир сўзинг, кескир қаламинг билан элга танилмасанг, пенсияга чиққандан кейин ижод қиласанми, дейдиган одам йўқ. Биз айни шиғил мева бериши мумкин бўлган боғларимизнинг умрини бекорга ўтказиб юбораётган боғбонга ўхшаймиз. Мени тўғри тушундингиз, миллий матбуотимиз учун ёш кадрлар масаласи ҳам ё саодат, ё ҳалокат масаласидир. Агар газета ўл(ади)ган бўлса, увол-савоби замон билан ҳамнафас бўл(ма)ган муҳаррирларимиз, мухбирларимиз чекига тушади.

Фурсати етди...

Ўтган йили иқтидорли журналист Севара Алижонованинг “Матбуот ўладими?” сарлавҳали мақоласи ортидан кўплаб баҳс-мулоҳазалар қўзғалган эди. Ўша материалда келтирган қизиқ фактларга эътибор беринг: Японияда босма ОАВга кўпроқ эътибор қаратилади. Болаларнинг гаджетлардан эмас, “қоғоз”дан ўқишлари қаттиқ назорат остига олинади. Финляндияда деярли йигирма йилдан буён “Газета ҳафталиги” ўтказилиб келинади. Ҳафталик доирасида журналистлар мактаб ва бошқа ўқув даргоҳларига ташриф буюрадилар. Францияда ёшларнинг босма нашрларга обуна бўлишлари учун давлат бюджетидан йилига 15 миллион евро ажратилади. Осиё-Тинч океани ҳудудидаги ривожланаётган мамлакатлар матбуотни рақамли аналогига алмаштиришга шошилмаяпти. 2011 йилдан буён Ҳиндистон ва Хитойда газета ва журнал харидорлари 3 фоизга ортган. “Mr. Magazin” тахаллуси билан танилган, матбуот бўйича мутахассис Сарим Хунсининг таъкидлашича, “Матбуот ҳеч қачон ўлмайди!.. Жуда яхши эсимда, 1978 йили бир профессор билан баҳс бойлашгандик. У матбуот кундан-кунга ўз ўлими сари қадам қўймоқда, деганди. Ўшанда АҚШда 2 000 та журнал чоп этиларди. Орадан 40 йил ўтиб эса мамлакатда газета ва журналларнинг сони 10 мингтага етди. Кино театрни сиқиб чиқаролмади, интернет ҳам газета ва журналларнинг йўқ бўлиб кетишига асос бўлолмайди”.

Жаҳон тенденцияси шуни кўрсатмоқдаки, босма ва интернет нашрларини ўзаро зид қўйиш ярамайди. Аксинча, уларга бир-бирини тўлдирувчи, бойитувчи манбалар деб қараш керак. Миллий матбуотимиз ҳамма айбни интернетга ағдариб ўтиравермасдан, янгича шароитларга мослашиши, фаолиятига бошқарув ва маркетингнинг замонавий усулларини жорий этиши, энг муҳими, халққа керакли ва қизиқ мавзуларни профессионал тарзда ёритиши ва бунинг учун журналистларга эркин ижодий муҳитни ярата олиши зарур.

Демак, бугун матбуотимиз олдида икки манзил бор: ё ҳаёт, ё мамот! Яна, бу манзилларга элтадиган икки йўл бор: ё сўз эркинлиги, ё мажбурий обуна! Нафақат журналистларимиз, балки бутун жамиятимиз обдон ўйлаб кўриб, ўзига маъқул ва мақбул йўлни танлаб олишни кечиктирмаслиги шарт!

Норқобил ЖАЛИЛОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2074
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+