Мулоқот учун майдон

21.09.2018, 12:34

Мулоқот учун майдон

қурилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган 30 нафар

ҳамюртимиз туркиялик ҳамкасблари билан фикр алмашди

O‘zLiDeP ташаббуси билан Туркиянинг Анталия шаҳрида ташкил этилган учрашувлар қизғин ва амалий таклифларга бой бўлди. Унда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Дилшод Шоумаров ҳамда Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев қатнашди.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда Ўзбекистон-Туркия ўртасидаги ўзаро дўстлик ва манфаатли ҳамкорликка асосланган муносабатлар тобора яхшиланиб бормоқда. Бунда икки мамлакат Президентлари – Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғоннинг сиёсий иродаси, қатъияти муҳим асос бўлганлигини қайд этиш жоиз. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил октябрь ойида Туркияга қилган давлат ташрифи ҳамда Туркия Президентининг жорий йил 30 апрель – 1 май кунлари юртимизга келиши ўзаро муносабатларда бутунлай янги саҳифа очди.

Эндиликда барча соҳаларда бўлгани сингари икки қардош халқнинг етакчи сиёсий партиялари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳам амалий тус олмоқда. Хусусан, шу йил 18 августда Анқара шаҳрида Туркиянинг “Адолат ва тараққиёт” партияси навбатдаги VI Бутун Туркия съездини ўтказиб, унга Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакилларини ҳам таклиф қилди.

Мулоқотлар давомида O‘zLiDeP ҳамда “Адолат ва тараққиёт” партиялари ўртасида амалий мулоқотни йўлга қўйиш, ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари ва соҳаларини белгилаш бўйича музокаралар ўтказилганди.

Шу маънода қурилиш соҳасида фаолият юритаётган ўзбек тадбиркорларининг туркиялик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашиши юқоридаги икки томонлама келишувнинг амалий натижаси десак, асло муболаға бўлмайди.

Маълумки, Туркия қурилиш соҳасида ўз нуфузига эга, катта тажриба тўплаган мамлакатлардан бири саналади. Эътиборга молик жиҳати, икки мамлакат ишбилармонларининг яккама-якка ўтказган ўзаро музокаралари давомида туркиялик 10 нафар йирик қурилиш ташкилоти Ўзбекистонга инвестиция киритишга тайёр эканини билдирди. Тез орада улар инвестицион муҳит ва шарт-шароитларни ўрганиш мақсадида мамлакатимизга келади. Бу борада ҳам аниқ келишувга эришилди.

Асосийси, қурилиш соҳасида халқаро алоқаларни ривожлантириш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди. Ишончимиз комилки, ушбу ҳамкорлик яқин йиллар ичида ўзининг амалий натижаси билан бўй кўрсатади.

Акбар МУЗАФФАРОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси сектор мудири

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1169
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+