Ўз фаолиятимиздан кўнглимиз тўляптими?

21.09.2018, 12:50

Ўз фаолиятимиздан кўнглимиз тўляптими?

ушбу саволга Қашқадарё вилоятининг айрим туманларида
бўлиб ўтган мулоқотларда жавоб изланди

Ишга солинмаган ички имкониятлардан самарали фойдаланиш, уюшмаган ёшлар ва бандлиги таъминланмаган хотин-қизларни тадбиркорликка йўналтириш, қишлоқларда ишлаб чиқариш тизимини ривожлантириш мақсадида янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш, аҳоли ўртасида ғоявий-сиёсий, ташвиқот-тарғибот ишларини янада кучайтириш ҳудудий партия кенгашлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари олдида турган энг долзарб вазифалардан саналади.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитовнинг Қашқадарё вилояти туманларида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, партия фаоллари билан мулоқотида ана шулар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Китоб туманидаги “Абдусалом Ўроқов” фермер хўжалиги дала шийпонида ўтказилган давра суҳбатида томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, тўқсонбости экинлари экспортини йўлга қўйиш, экин майдонларини сув билан таъминлаш, кўп тармоқли фермер хўжаликларида мастер-класслар ташкил этиш борасида тавсиялар берилди. Туман узумчилик ва мевачиликка ихтисослашгани боис серҳосил узум ва мева кўчатларини экишга эътибор қаратиш, уларнинг янги навларини синаб кўриш яхши самара беради.

Узум, мева ва сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун совуткичлар барпо этиш ниҳоятда муҳим. Денов қишлоғида яшовчи Холмаҳмат Аҳатқулов ўз хонадонида 500 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган совуткич омборини бунёд этган. Айни пайтда тадбиркор, фермер ва уста боғбонлар етиштирган маҳсулотларини шу совуткичга жойлаштиришни бошлаб юборишди. Бу маҳсулотлар янги йил арафасида сифати бузилмаган ҳолда бозорларга чиқарилади ва юртдошларимизнинг байрам дастурхонини безайди.

Нишон туманида ўтказилган тадбиркор ва фермерлар, партия депутатлари ва фаоллари иштирокидаги амалий мулоқот ҳам қизиқарли савол-жавобларга бой бўлди.

– “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури ижросини таъминлаш аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишга яқиндан ёрдам беради, – деди ўз сўзида А. Хаитов. – Кўряпмизки, томорқа  ерларидан самарали фойдаланиб,  фаровон яшаётган оилалар сони кун сайин ортиб бормоқда.  Туманда сабзавотчилик билан шуғулланиб, яхшигина даромад топаётган деҳқон хўжаликлари, парранда, балиқ, асал етиштиришга ихтисослашган илғор фермерлар ҳам кўп. Уларнинг бой тажрибасини янада кенгроқ тарғиб қилишимиз керак. Тўқсонбости экинлар экиш ҳам одамларнинг моддий фаровонлигини оширишда ўзига хос  аҳамиятга эга.

Мулоқотлар давомида Қашқадарёда ҳунармандчилик яхши ривожланмаётгани танқид қилинди. Ҳозир воҳа бозорларида битта бешик нархи бир миллион сўмга яқинлашиб қолибди. Бешик ясаш учун ишлатиладиган қора тол хомашёсини топиш муаммога айланибди. Фермерлар дала четларига, томорқа ер эгалари ариқлари четига қора тол экиб қўйсалар, мўл даромад манбаи эмасми?

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вилоят партия Кенгаши фаоллари ва депутатлари иштирокида ўтказилган йиғилишда, аввало, вилоят Кенгаши фаолият олиб бораётган бинонинг партия имижига мутлақо тўғри келмаслигига урғу берди. Партия ходимлари  бугунги кун талаблари даражасида фаолият олиб боришлари учун етарли шарт-шароит яратиш зарур. Акс ҳолда уларнинг хизмат вазифасига бўлган муносабати мутлақо ўзгармайди. Шаҳар марказидан ер олиб, Кенгаш учун янги бино қурилиши кераклиги айтилди.

Бугун вилоятда 1 021 та бошланғич ташкилот ўз сафида 29 минг 482 нафар партия аъзосини бирлаштирган. Август-сентябрь ойларида аъзолар сони 2 514 нафар кўпайибди. Бу вилоятнинг салоҳиятига мутлақо тўғри келмайди. Йил якунига қадар аъзолар сонини 100 минг нафарга етказиш мақсадга мувофиқдир. Қуйи бўғинлар ишини жонлантириш, сайловчилар билан ишлашни янада яхшилаш борасидаги ишларга маҳаллий кенгашлар депутатлари яқиндан ёрдам беришлари зарур. Агар депутат ташаббускор, журъатли, қатъиятли бўлмаса, зиммасидаги вазифаларга масъулият билан ёндошмайди. Бу депутатлик гуруҳлари фаолиятига ҳам жиддий таъсир этади. Партия кенгашлари билан алоқани узиб қўйган депутатларга чора кўриш вақти келди. Бугун халқ депутатлари вилоят кенгашида 22 нафар, туман (шаҳар) кенгашларида 132 нафар депутат фаолият олиб бормоқда. Ҳисоботлардан кўриниб турибдики, улар зиммаларига юклатилган ишларга совуққонлик билан қарамоқдалар. Бу эса ўша ҳудудда электоратнинг партияга бўлган ишончига путур етишига сабаб бўлаётир. Депутат ҳар куни икки соат партиянинг дастурий мақсадларини тарғиб қилиш билан шуғулланиши керак. Чунки биз сайловдан-сайловгача фақат депутатлар билангина иш олиб борамиз. Ёшларни тадбиркорликка йўналтириш, фаолиятини йўлга қўйишлари учун жой ва банклардан кредит олишга кўмаклашиш зарур. Айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлашга жиддий эътибор қаратиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва мақбул ечимларини топишда маҳаллий кенгашлар ва депутатлик гуруҳлари ҳамкорлигини янада ошириш лозим.

Мулоқотлар жараёнида  вилоят далаларида етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш даврида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, уюшмаган ёшлар ва бандлиги таъминланмаган хотин-қизларни пахта теримига сафарбар этишда партиядан сайланган депутатлар ва фаоллар ташкилотчилик қилишлари даркорлиги айтиб ўтилди.  Аёллар ва ёшлар бўлимлари ҳашарчилар ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, илғор теримчиларни рағбатлантириш, партия сафларига жалб этишга эътибор қаратишлари зарур.    

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов вилоятнинг Касби, Миришкор, Қарши ва бошқа туманларида ҳам бўлиб, фермерлик фаолиятини ривожлантириш, пахта йиғим-теримини ташкил этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш борасидаги ишлар билан танишди. 

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1592
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Даврон Темиров O‘zLiDePБўка туман Кенгаши ижрочи котиби2018-09-22 12:03:02

“Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури ижросини таъминлаш аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишга яқиндан ёрдам беришини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди.Чунки, қадимдан ота-боболаримиз томорқа ерларидан самарали фойдаланиб, фаровон яшашга ҳаракат қилишган.Афсуски собиқ иттифоқ давридаги хусусий мулка бўлган муносабат кўпларни “данкаса ”қилиб қўйди.Шунинг учун фуқароларимизга тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятини яратиб бериб фаровон яшаётган оилалар сони кун сайин ортиб боришига ҳисса қўшишимиз керак.Бунинг учун омилкор деҳқонларимизнинг бой тажрибасини янада кенгроқ тарғиб қилишимиз талаб этилади


Қ.Эшқораева Навоий вилояти, Учқудуқ тумани ижрочи котиб2018-09-21 16:46:53

Дарҳақиқат ҳозирги кунда энг долзарб масалалардан бири бу оқ олтин-пахтани нобуд қилмасдан териб олишдир. Ушбу маъсулиятли ишда жойларда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, уюшмаган ёшларни ва ишсиз аҳолини теримга кенг жалб қилишда депутатларимизнинг назорати ва кўмаги жуда муҳим аҳамиятга эгадир.


Саломов Орзиқул Хатирчи туманидаги Дустлик ф/х раиси2018-09-21 14:18:21

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов раисликга тайинланган кунларданоқ вилоятларга бориб фермерлар ва уларнинг муааммолари билан урганиши биз фермерларни хам партиямиз билан елкадош ишлашга чорлайди Раисимиз чарчамасинла!


Шопўлатов Қосимжон Хатирчи тумани 2018-09-21 14:15:13

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитовнинг Қашқадарё вилояти туманларида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, партия фаоллари билан мулоқоти давомида партиямиз фаоллари томонидан куплаб вазифаларни амалга оширишимизни белгилаб берди


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+