Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказайлик

24.09.2018, 14:45

Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказайлик

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг

М У Р О Ж А А Т И

Азиз фермерлар, миришкор деҳқонлар!

Йил давомида пахта етиштириш бўйича қилинган машаққатли ва шарафли меҳнатингиз ҳисобига далаларимизда мўл ҳосил яратилди. Бугун пахтазорларга боқар эканмиз, ғўза майдонлари оқ тусга киргани, гўёки товланиб, жозибаси билан ҳаммамизни далага чорлаётганига гувоҳ бўламиз.

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 28 февралдаги “Пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Сиз миришкор фермерларнинг ишга бўлган муносабатингизни тубдан ўзгартирганига шубҳа йўқ. Зеро, пахта харид нархлари ўтган йиллардагига нисбатан қарийб икки баробарга оширилиши, ушбу маҳсулотларни етиштирувчи фермер хўжаликларининг хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзларини тўлаш муддати ҳисобланган пеня ва жарималар ҳисобдан чиқарилган ҳолда 3 йил муддатга узайтирилиши иқтисодий манфаатдорликни янада оширади.

Давлатимиз раҳбарининг биз, фермерларга беқиёс ғамхўрлиги, камтарона меҳнатимизга юксак эътибори қалбимизга олам-олам қувонч бағишлаши билан бирга, зиммамизга улкан масъулият ҳам юклашини унутмаслигимиз лозим!

Сизу бизнинг вазифамиз эса ана шу тиғиз мавсумда астойдил тер тўкиб, ҳар бир чаноқдаги пахтани нес-нобуд қилмасдан териб олишдир. Бунинг учун қуйидагиларга жиддий эътибор қаратиш зарур:

Биринчидан, яратилган ҳосилни увол қилмасдан, ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан териб олиш учун уюшқоқлик билан барча ишчиларингизни тўлиқ пахта теримига сафарбар қилинг!

Иккинчидан, теримчилар ва ҳашарчиларга далада пахта териши учун барча шарт-шароитлар яратиб беринг!

Учинчидан, теримчиларнинг пахтани тоза ҳамда бир чаноқ қолмасдан теришига эътибор қаратиб, бунинг натижасида пахта ҳосилини 5-7 центнерга оширишга эришинг!

Тўртинчидан, 18 ёшга тўлмаган ёшларни теримга жалб қилманг, мажбурий меҳнатга йўл қўйманг!

Бешинчидан, теримчиларнинг терим пулини ўз вақтида берилишини таъминланг!

Ҳиммати баланд миришкор фермерлар!

Шу муқаддас заминда таваллуд ва тарбия топган, ўзини айнан шу юрт фарзанди, деб билгувчи инсон ўз давлати, халқи олдидаги, уни умидлар билан тарбиялаган, вояга етказган жамият олдидаги бурчини адо этиши керак.

Хирмонга тўкиладиган ҳар бир килограмм пахта мажбуриятимизни бажариш учун қўйилган бир қадамдир!

Зиммамизга олган мажбуриятни бажаришимиз шарт эканини доимо ёдда сақланг.

Бу йил шартномадан ортиқча топширган ҳар бир килограмм пахта учун қўшимча 15 фоиз устама ҳақ олишингизни унутманг!

2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон пахтаси, ўзбек диёрида тўлиқ қайта ишланиши давлатимиз иқтисодиётида, халқимиз фаровонлигида қанчалик ўрин тутишини юракдан ҳис этайлик.

Ҳурматли юртдошлар!

18 ёшга тўлганмисиз! Вақтинча ишсизмисиз! Ёки асосий иш вақтингиздан ташқари бўш вақтингиз борми! Қўшимча даромад олишни истайсизми!

Бугун минглаб кўнгилли фуқароларимиз каби Сиз ҳам пахта йиғим-теримига қатнашиш учун тумандаги Бандликка кўмаклашиш марказлари ҳамда туман фермер, деҳқон хўжалик­лари кенгашига мурожаат қилиб, туманларда ташкил этилган отрядларга қўшилинг!

Сиз каби пахта йиғим-терими сафларига қўшилиш истагида бўлган юртдошларимизнинг сони соат сайин кўпайиб бормоқда.

Қадрли юртдошлар!

Энг эътиборлиси, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бу йил теримчилар билан пахта майдонининг ўзида кунлик ёки ҳар беш кунлик ҳисоб-китоб қилиниши эса дала меҳнаткашлари учун яратиб берилган қулайликлардан биридир.

Пахта хомашёсининг қўлда терилган бир килограмми учун биринчи босқичда контрактация шартномаси мажбурияти 60 фоизгача бажарилгунга қадар 650 сўм, иккинчи босқичда – 60 фоиздан 80 фоизгача – 850 сўм, учинчи босқичда – 80 фоиздан ортганда – 1000 сўм меҳнат ҳақи тўланиши Вазирлар Маҳкамасининг қарорида белгиланган.

Теримга жалб қилинадиган Сиздек ҳашарчилар учун шийпонлар ва ётоқхоналар дислокацияси тасдиқланиб, барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Чунки бу йил бир кунлик ҳашарчиларни даладан далага олиб бориб келишга йўл қўйилмайди. Улар белгиланган ётоқхоналарда ётиб, теримда иштирок этадилар.

Бу йилги пахта терим мавсумида янги тизим яратилди. Уюшмаган, вақтинча банд бўлмаган ва ўз хоҳиши билан пахта теришга чоғланган, меҳнатга лаёқатли маҳалладош ва қишлоқдошларимизнинг 80-100 нафарини бирлаштириб, отряд шаклида теримни ташкил этган фаол фуқаролар меҳнати муносиб рағбатлантирилади.

Жорий йилги отрядларни шакллантириш тизими ҳам мавсумни муваффақиятли тугаллаш имкониятини яратади.

Мавсум давомида туман бандликка кўмаклашиш марказлари 80 тонна пахта терган отряд раҳбарлари 1 миллион сўмдан, 80 тоннадан ошган ҳар бир тоннасига 50 минг сўмдан меҳнат ҳақи бериш бўйича туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан шартнома асосида вақтинча банд бўладилар.

Отряд раҳбарларига кенгашларимиз томонидан ҳақ тўланиши ҳам Бизга бўлган ишончнинг ёрқин намунасидир.

Отряд раҳбарларини танлашда фидойи, тажрибали, қишлоқ хўжалиги соҳасини мукаммал тушунадиган, виждонли ҳамда ортидан одамларни эргаштира оладиган фаол фуқаролар таркибини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Азиз нуронийлар, фахрийлар, маҳалла фаоллари!

Азалдан халқимизда кексаларни ҳурмат қилиш, ўгитларига қулоқ тутиш, улар бошлаган хайрли ишни давом эттириш анъанаси қон-қонимизга сингиб кетган. Шундай экан, бугун сизларнинг ҳар бир ҳаракатингиз, қимматли маслаҳатингиз, дуоларингиз, ташаббускорлигингиз бизга куч-қувват бағишлайди. Чунки ўзбек халқи меҳр-оқибатлилиги, меҳнаткашлиги, бунёдкорлиги, орияти ва фидойилиги билан танилган.

Етиштирилган пахтани қисқа муддатларда йиғиштириб олишдек масъулиятли мавсумда билагида кучи, белида қуввати бор, вақтинча ишсиз ҳар бир фуқаро фаол қатнашишини тарғиб қиламиз.

Азиз маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари!

Юртбошимиз қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилишга, уларнинг обрў-эътибори ҳамда нуфузини оширишга алоҳида аҳамият бермоқдалар. Мамлакатимизда 2018 йилнинг ўзида 200 тадан зиёд қишлоқнинг “Обод қишлоқ” Дастурига киритилиши, уларнинг ободонлиги, халқимиз яшаш шароитига қулай бўлишига қанча маблағ зарур бўлса, давлатимиз томонидан шунча ажратилмоқда.

Юртбошимизнинг ғамхўрликларига жавобан меҳнатга яроқли маҳалла аҳлини теримда уюшқоқлигини таъминлашда сизларни етакчи фаолларга хос фазилатлар соҳиби эканингизга ишонамиз.

Қишлоқда мулкчиликнинг янги шакли бўлиб, фермерлар мустаҳкам ўрин эгаллаётир. Бугун улар билан ҳамнафас, ҳамқадам деҳқончиликка бош-қош бўлишингизнинг аҳамияти жуда каттадир.

Ушбу мурожаатноманинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришда сизларнинг бой ҳаётий тажриба ва ташкилотчилик қобилиятларингиз борлигини яхши биламиз. Шунинг учун ҳам сизлардан ана шу салоҳиятингизни ишга солиб, ўзгарувчан об-ҳаво шароитида теримчиларни, айниқса, ихтиёрий теримчиларни йиғим-теримга жалб этишда барчамизга ҳамкор, ҳамфикр ва елкадош бўлишингизга ишонамиз.

Қадрли юртдошлар!

Пахта йиғим-терими мавсумида шундай меҳнат кўтаринкилигини ташкил қилайликки, токи ҳар бир Ўзбекистонликман, деган инсон ўзини деҳқондек ҳис этсин. Бободеҳқон олдида турган юкни кўтаришга камарбаста бўлиш, эл-юрт юкига елкадошлик қилиш, деҳқоннинг зафарларидан фахрланиш, ғурурланиш ва курашиш ҳисси юрагингизда жўш урсин!

Барчангизни мазкур эзгу ишларда фаол иштирок этишга, иқтисодиётимизни юксалтириш йўлида она юртимиз янада кўркам бўлиши учун муносиб ҳиссангизни қўшишга ва пахта йиғим-теримида жасорат кўрсатишга даъват этамиз!

Ўзбекистон фермер,

деҳқон хўжаликлари

ва томорқа ер

эгалари кенгаши

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1627
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Зарафшон шаҳар бўлими раиси ўринбосари Нодира Рахматова 2018-09-25 17:06:11

Пахта бизнинг миллий бойлигимиз, ифтихоримиз. Уни -неснобут қилмай йиғиб олиш эса халқимиздан улкан масъулият ва меҳнат талаб этади. Ҳар биримиз елкамизда турган масъулиятни чуқур ҳис этиб иш олиб борсак уйлайманки халқимизнинг миллий бойлигини ҳеч қандай қийинчиликларсиз, нес-нобут қилмай йиғиб оламиз.


Набижон Артиков Каттқўрғон шахар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари аппарат рахбари2018-09-25 08:47:49

Пахта йиғим-теримида иштирок этишга, иқтисодиётимизни ривожланишига муносиб ҳиссамизни қўшамиз,


Халқ депутатлари Мирзаобод туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳининг ижрочи котиби Р.Қўшбоқов 2018-09-24 18:25:21

Барчамиз пахта йиғим-терими мавсумида фаол қатнашиб юртимиз пахта хирмонининг юксак бўлишида ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз.


O'zLiDeP Томди туман бўлими ижрочи котиби Е.Курманбаев2018-09-24 16:36:17

Хаммамиз биргаликда пахта йигин теримига уз хиссамизни кушамиз.


O'zLiDeP Жиззах вилояти Зарбдор туман Кенгаши депутатлик гурухининг ижрочи котиби Ўразбоев Шохрух 2018-09-24 16:27:55

Захматкаш фермерларимиз томонидан етиштирилган "Оқ олтин"ни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олишда мен ва ўзим қатори барча Ўзбекистон ёшларини бирдек чорлаб қоламиз.


Рахманова Гульнара УзЛиДеП Тахтакупир туман Кенгаши ижрочи 2018-09-24 16:20:08

Партиядошларимиз пахта йигин теримига уз хиссасини кушади деб ишонамиз. Похта бу халкимиз бойлиги. Хаммага куч кувват тилаймиз.


Қ.Эшқораева Навоий вилояти, Учқудуқ тумани2018-09-24 15:01:03

Далаларимизда йетиштирилган "ОҚ ОЛТИН" ни нобуд қилмасдан йиғиб олишда албатта барчамиз бирдек маъсулмиз.


Навоий вилоят Кенгаши Қўчқоров Беҳзод Исомиддинович2018-09-24 14:51:22

Албатта ўз хиссамизни кўшамиз


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+