Сабина Абдуназарова: Дунёни ҳайратга соламиз ҳали

24.09.2018, 16:35

Сабина Абдуназарова: Дунёни ҳайратга соламиз ҳали

Тошкент вилоятининг Янги­йўл тумани сари отландик. Биз йўл олган хонадонда O‘zLiDeP ташаб­буси билан ўтказилган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг республика босқичи биринчи ўрин соҳибаси, “Сабина Назар Кутюр” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Сабина Абдуназарованинг бахтиёр болалиги ўтган.

Эшик қўнғироғини босишга чоғланар эканман, дарвозанинг қия очилиб турганига кўзим тушди. Бу остонадан меҳмон қадами узилмаса керак, деган ўй кечди кўнглимдан.

– Тортинмасдан уйга кириб боравермайсизми, ичкарида одам бор.

Сергак тортиб кўча томонга юзланаман.

– Мен Сабинанинг онаси Дамираман. Қизим ҳозир келиб қолади. Ким биландир шартнома имзолашим керак, деб шошиб кетувди. Сабинани табриклагани келган қариндошларни кузатгани чиққан эдим. Ҳамма хурсанд, отаси билан менинг шодлигимнинг-ку чегараси йўқ.

– Мен ҳам қувончли хабарни матбуотда ёритгани келдим.

– Яхши қилибсиз, яна бир бор хуш келибсиз, меҳмон!

Дамира опа шундай дея мени ичкарига бош­лади.

– Ота-она учун фарзандининг ютуғини кўришдан ортиқ қувонч бўлмаса керак, – дейди оила бошлиғи Йўлдош ака. – Шу кунларга етказганига шукр. Сабина жуда қатъиятли: бир нимани мақсад қилса, охирига етказмасдан қўймайди. Унинг ташаббусларини доимо қўллаб-қувватлаб келганмиз. Танловда ғолиб бўлишини чин дилдан истаб дуо қилган эдим. Кўз тегмасин, ниятларимиз ижобат бўлмоқда.

– Оиладаги тарбияда гап кўп. Бу ғолиб­лик ҳам аслида сизларнинг кўп йиллик меҳнатларингиз самараси-да.

– Яхши бўлса – болажон, ёмон бўлса – балоижон, деб бежиз айтишмаган, – дея мулоҳазаларини давом эттиради Йўлдош ака. – Қизим ёшликдан волейбол, сузиш, югуриш билан шуғулланди, инглиз, рус, француз, араб ва турк тилларини яхши ўзлаштирди...

Дарвоза томондан шахдам қадам товушлари эшитилиб, суҳбатимиз узилиб қолди. Ўша томонга юзланамиз.

– Мана ўзи ҳам келиб қолди, – деди Дамира опа.

Сабина биз билан сўраша туриб чойнакка кафтини босди, чойнинг бироз совиганини пайқади чоғи, ошхона томон отланди. Сал ўтмай, иссиқ чой кўтариб келди.

– “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг рес­публика босқичида биринчи ўринга муносиб кўрилишим кутилмаган воқеа бўлди. Танловда қатнашиш жараёнида катта тажрибага эга тадбиркорларнинг ишини кузатиб, яхши натижага эришиш учун жуда кўп меҳнат қилиш керак экан, деган хулосага келдим, – дейди у. – Тошкент давлат шарқшунослик институтини тамомлаганимдан сўнг бир муддат юртимиздаги халқаро ташкилотларда фаолият юритдим. Ёшлигимдан дадамга ҳавас билан ҳуқуқшунос бўлишни орзу қилганман. Аммо дизайнерликка қизиқишим барчасидан устун келди. Ушбу соҳанинг етук мутахассиси бўлиш мақсадида имкон қадар изланаман. Бу борада чет тилларни билишим жуда асқотяпти. Туркия ва Озарбойжонда малака ошириб қайтдим. Энди француз технологияси асосида мато ишлаб чиқариб, Афғонистон, Тожикистон ва Озарбайжонга экспорт қилишни йўлга қўймоқчиман. Мана, қўшни мамлакатлар билан дўстлик алоқаларимиз жонланиб, нафақат халқимизга, биз каби тадбиркорларга ҳам катта имконият эшиги очилди.

– Шаҳрисабзда ўтказилган Халқаро мақом санъати анжумани ҳам қардош халқлар орасидаги ришталарни янада мус­таҳкамлашга хизмат қилди.

– Яхши эслатдингиз, ўша куни сиз билан қўнғироқлашган эдиг-а. Шундай нуфузли анжуманда қатнашиш бахти насиб қилганидан жуда хурсандман. “Афросиёб” тезюрар поездида кўҳна Кешга йўл олар эканмиз, саксонга яқин давлатларнинг вакилларига миллий либосларимизни намойиш этдик. Анжуман доирасида ташкил этилган кўргазмали чиқишларимиз меҳмонларда жуда катта қизиқиш уйғотди, ҳамкорлик таклифларини билдиришди.

– Анжуман таассуротларини шогирдларингиз билан ҳам бўлишдингизми?

– Албатта, айтмай бўладими? Икки киши билан иш бошлаган эдик. Ҳозир 40 нафар доимий, 60 нафар мавсумий ишчи, 30 нафар шогирд ҳам бор. Бухородаги филиалимизда 20 га яқин шогирдлар меҳнат қилади.

– Икки йил бундай натижаларга эришиш учун жуда қисқа фурсат. Бунинг сири нимада?

– Ажабланадиган жойи йўқ, – дейди Сабина. – Инсон ўз ишини чин дилдан севса, асосий мақсади фақат фойдани ўйлаш бўлмай, одамларга яхшилик қилишни шиор деб билса бўлгани. Мақтанчоқликка йўйманг-у, биринчи навбатда шунга эътибор бераман. Қолаверса, ютуқларимда партиянинг ўрни ҳам алоҳида. Лойиҳаларимни ҳаётга татбиқ этишда O‘zLiDePнинг тадбиркорликни янада кенгайтиришга қаратилган лойиҳалари жуда қўл келмоқда.

Ишбилармон замондошимиз Сабина Абдуназаровадаги ғайрат-шижоатни кўрсангиз, ҳозирги ютуқлари ҳали дебоча эканига, бундан-да юксак марраларни забт этишига ишонасиз. Шундай кунларда яна бир мақола ёзишни дилга тугиб Тошкентга қайтдим...

 Элбек ШОЙИМҚУЛОВ,

“XXI asr” мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2376
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Зарафшон шаҳар бўлими "Аёлларқаноти" гуруҳи раҳбари Г.Рўзиева2018-09-25 17:33:02

Бугун мамлакатимизда хотин-қизларга берилган эътибор ва ғамхўрликлар уларга ўзгача куч ва ғайрат бағишламоқда. Жамиятимизнинг барча соҳаларида бугун -хотин қизлар ўзларининг меҳнатлари ва ташаббуслари билан муносиб ўрнига эга бўлиб келмоқда. Партиямиз томонидан ташкил этилиб келинаётган кўрик-танлов ва тадбирларда ҳам хотин-қизларнинг фаоллиги юртимиз ишбилармонлари орасида опа сингилларимизнинг кўпчиликни ташкил этишидадир. Тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш ҳамда меҳнатларини рўёбга чиқаришда ЎзЛиДеП улканишлар амлгаоширмоқда.


Рахманова Гульнара КР Тахтакупир тумани 2018-09-25 08:51:16

“Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг рес­публика босқичида биринчи ўринга муносиб деб топилган, еш булишига карамасдан чакконлиги, изланувчанглиги, ва албатта билимдонлиги билан кузга тушган софдошимиз тадбиркор Сабинани ютуклари билан табриклаймиз. Келгуси ишларида омад тилаймиз.


Қ.Эшқораева Навоий вилояти, Учқудуқ тумани2018-09-24 17:05:10

Аёлларнинг бугунги кунда ҳар соҳада ютуқлари кўзга ташланмоқда. Жумладан мамлакатимизда тадбиркор аёллар сафи ҳам тоборо кенгайиб бормоқда. Аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқиени оширишда ЎзЛиДеП нинг ўрнини алоҳида таъкидлаш жоиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+