Нимаики даромад келтирса, нимаики экспортбоп бўлса, нимаики одамлар ҳаётини фаровон қиладиган бўлса, айни шу экинни экамиз

28.11.2017, 18:49

Нимаики даромад келтирса, нимаики экспортбоп бўлса, нимаики одамлар ҳаётини фаровон қиладиган бўлса, айни шу экинни экамиз

Фарғонада бўлиб ўтган республика илмий-амалий конференцияси

иштирокчилари ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлашди

Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фермерлик ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг юксак самарасини беряпти. Ҳозирги пайтда республикамизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99 фоизи партиямизнинг асосий электорати бўлган фермер ва деҳқон хўжаликларининг улушига тўғри келаётгани фикримизнинг яққол далилидир. Бу фикрлар O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази билан ҳамкорликда бўлиб ўтган “Марказий Фарғонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш истиқболлари” мавзуидаги республика илмий-амалий конференциясида ҳам қайта-қайта такрорланди.

Мамлакатимизни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, Президентимизнинг жорий йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Юртбошимизнинг жорий йил 22 июндаги Фарғона вилоятига ташрифи чоғида белгилаб берилган устувор вазифаларни бажариш мақсадида ташкил этилган мазкур конференцияда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимлари, O’zLiDeP фракцияси аъзолари, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди. 

Конференцияда қайд этилганидек, Фарғона вилояти ўзининг қадимий деҳқончилик мактаби билан маълум ва машҳур. Ҳозирги вақтда вилоятдаги қишлоқ мулкдорлари қарийб 250 минг гектар майдонда деҳқончилик қилиб, ота-боболаримизнинг бой тажрибасини замонавий илм-фан ютуқларига уйғунлаштирган ҳолда  пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик, узумчилик ва бошқа тармоқлардан мўл ҳосил олишмоқда. Аммо қўлга киритилаётган ютуқлар хотиржамликка берилишга асос бўлмаслиги керак. Чунки бугунги давр ер эгалари зиммасига ҳам янги, масъулиятли вазифаларни юкламоқда.

Президентимиз 22 июнь куни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишиш ҳамда халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Фарғона вилоятига ташрифлари чоғида ҳам бу масалага алоҳида урғу берган эдилар. Давлатимиз раҳбари Марказий Фарғонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кучайтириш, нимаики даромад келтирса, шуни экиш, хусусан, ёнғоқ, писта ва узумчиликни янада ривожлантириш бўйича аниқ тавсиялар ўртага ташлаган эди. Бу борада, айниқса, экпортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида аҳамият қаратиш, шу орқали одамларнинг даромадини кўпайтириш, келгуси беш йилда Марказий Фарғонани иқтисодий ривожланган ҳудудга айлантириш борасида аниқ кўрсатмалар берилган.

Қолаверса, давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ҳам “...фақат битта қишлоқ хўжалик экинига қарам бўлиб қолмасдан, даромад, фойда нуқтаи назаридан ўзини оқламаган пахта майдонларини қисқартириб, уларнинг ўрнига нимаики даромад келтирса, нимаики экспортбоп бўлса, нимаики одамлар ҳаётини фаровон қиладиган бўлса, айни шу экинни экамиз. Лекин бу ишларни изчил ва самарали амалга ошириш, уларнинг пировард натижасини таъминлаш учун барча масъулият ва жавобгарликни фақат ижро органларига ташлаб қўйиш ҳам тўғри бўлмайди. Бу масалаларда тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, хусусий мулк, жумладан, интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиламан, деб майдонга чиққан Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ўрни ва иштироки, амалий таъсири аниқ сезилиши зарур.” дея партиямиз зиммасига алоҳида масъулият юклаган эди.

Албатта, ушбу йиғилишдан сўнг орадан шунча вақт ўтди. Ана шу давр мобайнида партиямиз томонидан масъулиятни теран ҳис этган ҳолда фаолияти аграр соҳа билан боғлиқ бўлган турли давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамжиҳатликда соҳадаги зарур ҳолат ўрганилди. Давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифаларни тўла-тўкис бажаришда нималарга эътибор қаратишимиз лозимлиги атрофлича таҳлил қилинди. Фермерлар билан  бевосита учрашиб уларнинг таклиф ва тавсиялари олинди. Бунда айниқса, Ўзбекистон Фанлар академиясининг илмий салоҳиятидан ҳам унумли фойдаланилди.

“Марказий Фарғонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш истиқболлари” мавзуидаги республика илмий-амалий конференцияси бу борада катта қадамдир. Бундан кўзланган асосий мақсадимиз кучларни бирлаштириб, давлатимиз раҳбари олдимизга қўйган вазифаларни бажаришда илмий ва амалий имкониятларни кенг жалб этиш орқали аниқ таклиф ва тавсиялар, шунингдек, соҳани такомиллаштиришга қаратилган самарали услублар, ёндашувлар ишлаб чиқишдан иборатдир. Ўз навбатида ушбу таклифларни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракциясига киритиш ҳам биз учун муҳим саналади.

O`zLiDeP Матбуот хизмати.

  • Кўрилди
    1537
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Жовлиев Улуғбек O`zLiDeP Қашқадарё вилояти Маъмурий-хўжалик ишлари бўлими мудири2020-01-24 18:52:36

Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида аниқ вазифалар белгилаб берилди. Айниқса ёшларга бўлган имкониятлар жуда кўнгилдаги гаплардан бўлди. 2020 - йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланиши хам биз ёшларга бўлган катта ишончдан дарак.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+