Депутатлар Чиноз кичик саноат зонаси дирекцияси раҳбари ҳисоботини эшитди

27.09.2018, 17:32

Депутатлар Чиноз кичик саноат зонаси дирекцияси раҳбари ҳисоботини эшитди

Президентимизнинг 2017 йил 10 августдаги “Тошкент вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланди

Энг аввало шуни таъкидлаш жоизки, Халқ депутатлари Чиноз туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари ва партия маҳаллий кенгаши мутасаддилари ушбу тадбирга жиддий тайёргарлик кўришди. Қарорнинг туманга тегишли бандлари, яъни “Чиноз кичик саноат зонаси”ни ташкил этиш билан боғлиқ топшириқлар атрофлича таҳлил қилинди. Лойиҳани амалга ошириш механизмлари мутахассислар иштирокида ўрганилди. Кичик саноат зоналарида тадбиркорларга бериладиган сезиларли даражадаги имтиёзлар ҳақида партия электорати вакилларига маълумотлар тарқатилиб, бундай шаклда бизнес юритишнинг афзалликлари ҳар томонлама тушунтирилди.

Яна бир жиҳат: мазкур муҳокама айни мавзудаги дастлабки эшитув эмас. Аввал ҳам туман прокурори бошчилигидаги кичик саноат зонасини ташкил этишга масъул доимий ишчи гуруҳининг фаолияти жамоатчилик назорати тартибида кўриб чиқилган. Кўзда тутилган лойиҳаларнинг самарадорлиги бўйича мониторинг йўлга қўйилган.       

Кичик саноат зонасида маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштиришган тадбиркорлар бино ва иншоотлардан 10 йил давомида ижара асосида фойдаланишади. Лекин Президентимиз қарорига кўра, ижара пули миқдори “ноль ставка” қилиб белгиланган. Бу бепул дегани. Агар шу давр ичида бизнес-режада кўрсатилган вазифалар тўлиқ бажарилиб, янги иш ўринлари яратилса ҳамда солиқ тўловлари ўз вақтида тўланса, мазкур бино ва иншоотлар тадбиркорларга хусусий мулк қилиб берилади. Барча муҳандислик-коммуникация тармоқлари маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли давлат ташкилотлари ҳисобидан кичик саноат зоналари ҳудудигача тортиб келинади.

Чиноз туманидаги “Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари таъминот базаси” давлат унитар корхонасининг фойдаланилмаётган бино ва иншоотларида ташкил этилаётган кичик саноат зонасининг умумий ер майдони 6,15 гектардан иборат.

– Ҳудудда қурилиш-бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда, – дейди депутатларга ахборот берган “Чиноз кичик саноат зонаси” дирекцияси раҳбари Феруза Асанбаева. – Танловга қўйилган 10 та лойиҳадан 3 тасида амалий ишлар кўзга кўриниб қолди. Кичик саноат зонасига кирган тадбиркорлик субъектларида янги иш ўринлари очила бошлади. Аммо бу борада айрим камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, ҳанузгача ҳудудда ичимлик суви муаммоси ҳал этилгани йўқ...

Феруза Асанбаева эшитувга 29 дақиқа кечикиб келганидан ташқари ўзини интизорлик билан кутган депутатлардан узр сўрашни ҳам унутди. У ҳисобот учун сўзга чиққанида қўлида маъруза йўқлигини кўриб, хайрият, тайёр матнни қоғоздан ўқиб бермас экан, демак, жонли мунозара бўларкан, деб ўйладик. Аслида ундай бўлиб чиқмади. Долзарб мавзу бўйича атиги уч дақиқаанинг нари-берисида гапирган ҳисобдор эшитувга тайёргарлик кўрмасдан келган – на тақдимот бўлди, на тарқатма материаллар берилди. Саволларга жуда жўн жавоб қайтарилди.

Депутатларимиз тилга олинган нуқсонлар бўйича туман ташкилотлари раҳбарларининг ҳам ахборотларини тингладилар. Муаммоларни бартараф этиш юзасидан ижроия ҳокимияти органлари томонидан қилинаётган ишларнинг натижадорлиги ва муддатлари билан қизиқдилар.

– Бош мақсадимиз давлатимиз раҳбарининг қарорида белгилаб берилган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини изчил назорат қилишдан иборат, – дейди Халқ депутатлари Чиноз туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Шуҳратжон Рўзи-Қориев. – Бу борада депутатлик институтининг барча шакл ва воситаларидан фойдаланаяпмиз. Зеро, кичик саноат зоналари ташкил қилиш ва уларда тадбиркорларга имтиёзлар беришга йўналтирилган ҳужжатлар мазмун-моҳияти билан партиямизнинг дастурий мақсадларига мос келади.

Эшитув якунида кичик саноат зонасини ривожлантириш билан боғлиқ масала ниҳоятда долзарблигини инобатга олган ҳолда уни Халқ депутатлари Чиноз туман Кенгаши сессияси кун тартибига киритиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

О. ТЎРАБОЕВ,

“XXI asr” мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    618
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Рахманова Гульнара УзЛиДеП Тахтакупир туман Кенгаши ижрочи котиб 2018-09-28 09:17:19

Партиямиздан сайланган депутатларимиз тамонидан давлатимиздаги кабул килинаетган хар бир карор ва фармойишларнинг ахамиятини жойларда тугри тушинтириш ва албатта конун дойрасида амалий ишларни ўз вақтида бажарилишини изчил назорат қилиш хар бир депутатнинг бош максади булиб хисобланади. Шу бйос депутатларимиз купрок халк орасида булиши назарда тутилган.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+