Битта қонун лойиҳаси кун тартибидан чиқарилди

28.09.2018, 09:41

Битта қонун лойиҳаси кун тартибидан чиқарилди

ёхуд “прописка”сиз ходимни ишга олган раҳбарнинг маъмурий жавобгарлиги билан боғлиқ ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш хусусида

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида 9 та қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди. Мазкур ҳужжатлар бўйича қизғин савол-жавоблар парламент қуйи палатасининг ялпи мажлисида ҳам давом этди. Энг қизиғи, баҳс-мунозаралардан кейин “Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кун тартибидан олиб ташланди.

Депутатлар келин бўлиб тушган аёлларнинг янги уйида мулк эгалари қаторидан жой олишини назарда тутувчи нормаларнинг мазмуни ва мақсади бўйича бир фикрга кела олишмади.

“Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 10 сентябрдаги ЎРҚ-330-сон Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ихчам ва аниқ бўлгани учун бир овоздан маъқулланди. Унинг моҳияти “ҳарбий доктрина” атамасини “мудофаа доктринаси” деб ўзгартириш, яъни техник тузатиш билан изоҳланади.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси хусусида O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Исломжон Зокиров шундай фикр билдирди:

– Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 20-банди ижроси юзасидан ишлаб чиқилган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддасига Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашини фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини тугатиш зарурлиги тўғрисидаги таклифлари туман ҳокимлари томонидан кўриб чиқилиши мажбурий ҳисобланишини назарда тутувчи нормалар киритилмоқда.

Шунингдек, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ваколатларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартишларни Ер, Солиқ кодексига, “Деҳқон хўжаликлари тўғрисида”ги, “Фермер хўжаликари тўғрисида”ги қонунларга киритиш таклиф этилмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги навбатдаги қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Адҳамжон Назирқулов тақдим қилди. Мазкур ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 56-бандини бажариш мақсадида ишлаб чиқилган.

Айни пайтда қонунчиликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискаси бўлмаган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига нисбатан ушбу ҳудудларда яшаш ҳамда ишга жойлашиш билан боғлиқ қатор чекловлар мавжуд. Унга риоя этмаслик фуқаролар ва мансабдор шахсларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223 ва 2232-моддаларига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади.

Тилга олинаётган қонун лойиҳаси юқорида қайд этилган чекловларни бартараф этишга қаратилган бўлиб, фуқароларнинг эркин иш танлаш, республика ҳудудида бемалол ҳаракатланиш бўйича конституциявий ҳуқуқлари, паспорт, билим олиш ҳамда ишга жойлашиш билан боғлиқ бошқа ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлашни назарда тутади.  Унга кўра, паспорт олишнинг белгиланган муддатини ўтказиб юборганлик учун вояга етмаган шахсларнинг маъмурий жавобгарлигини бекор қилиш, ходимларнинг меҳнат муносабатлари жараёнида паспорт тизими қоидаларига риоя этмаганлиги учун иш берувчининг маъмурий жавобгарлигини бекор қилиш, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаганлик учун фуқароларнинг жавобгарлигини енгиллаштириш, фуқароларнинг ўз турар жойларида вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган шахсларнинг яшаб туришига йўл қўйганлиги учун маъмурий жавобгарликни бекор қилиш таклиф этиляпти.

Шунингдек, лойиҳада Меҳнат кодексининг 80-моддасига ҳам ўзгартиришлар киритиш инобатга олинган. Янги тартибга мувофиқ, иш берувчи ишга кираётган шахс доимий ёки вақтинча пропискасиз бўлса ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган бўлса ишга қабул қилишни рад этиши мумкин эмас.

Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси, Беларусь Республикасининг бу борадаги тажрибаси танқидий таҳлил нуқтаи назаридан ўрганилган.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши туфайли паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик эркинлаштирилиб, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шароитлар янада кенгаяди.

Йиғилишида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1747
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Sarvar Farmonov2018-09-28 17:13:16

Masalan ish beruvchi tashkilotni rahbarini õzi ishonchnoma tavsiyanoma va kafolat xati orqali shahar yoki tuman IIB ga murojat qilsa sabab vazirliklar uchun bubqoldi bizni ish faolyatimizni vazir janoblari bilmiydi shahsan 10, yildan beri davlat korxonasida ishliyman lavozimim bõlim boshliği lekin vazirlik ishonch xati bersagina prapiska bõladi eni õziz uylab kuring vazirlikka yozmagan xatim kirmagan eshigim qolmadi. Shu taklifim agar ish beruvchi rahbarlarning õzlari xat chiqarishi tarofdoriman


Файзулло2018-09-28 16:10:55

Бошка вилоят келиб пропискасиз ишлаш мукинми?


Sherzod2018-09-28 10:17:00

Прописка буйича чеклов бу фукароларнинг крнституцион хукукини конуний тарзда поймол килиш ва дискриминация килиш дегани. Бундай гайриинсоний конун бор экан Узбекистон узини демократик давлат дея аташи уринсиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+