Партиядошимиз чигитдан битум олиш технологиясини яратди

28.09.2018, 10:40

Партиядошимиз чигитдан битум олиш технологиясини яратди

Ёхуд “депутат келди, ёзиб олди, кетди, вассалом”, деган ўйда юрганларни қайта

ўйлашга ундайдиган мисоллардан бир чимдим

Бугун одамлар қаердан кўпроқ маълумот ва ахборот олади? Тўғри, турли веб-сайтлару тобора оммалашаётган ижтимоий тармоқлардан. Навбатдаги савол: одамлар расмий ОАВ хабарига ишонадими ёки интернетдаги мулоҳазаларга? Аксариятининг иккинчисини танлаганига шубҳа йўқ.

Хўш, нега шундай?

Изчил тадқиқотга асосланган аниқ мисолларни талаб қиладиган мазкур савол жавобини жамиятшунос олимлар ва мутахассис-экспертларга ҳавола этган ҳолда биз ҳам ўша кўпчилик сингари интернетнинг қидирув хизматига юзландик. Белгиланган жойга ўзимизни қизиқтирган мавзуга оид қуйидаги калит сўзларни киритдик: “O‘zLiDeP ишчи гуруҳи”, “электорат манфаати”, “сайловчилар билан юзма-юз” ва ҳоказо.

Охирги бир-икки йилда интернетга айни жумлалар қўлланилган шунчалик кўп мақола, интервью ва ихчам репортажлар киритилибдики, саноғига етиш мушкул. Лекин ҳар бир хабарни неча киши ўқигани аниқ кўриниб турибди. Бу миқдор юз ва минглик сонлардан бошланиб, айримлари миллионга яқинлашиб қолганини кўриш мумкин. Демак, O‘zLiDePнинг амалий ишларига қизиқиш кучаймоқда. Нафақат партиянинг ўз нашри, балки бошқа газеталар, теле ва радиоканалларда ҳам бу фикр тез-тез такрорланяпти. Кузатувчиларнинг қайд этишича, 15 ёшга тўлаётган ушбу сиёсий куч электорат кўз ўнгидаги рейтингини янада баландроқ кўтарган ҳолда сайловлар йилига қадам қўйишни мақсад қилган. Партия ишчи гуруҳларининг республикамизнинг барча ҳудудларида жонли мулоқотлар ташкил этаётгани ҳам бежиз эмас. 

Шундай экан, ишчи гуруҳларининг жойларда хонадонма-хонадон юриши, бизнес субъект­ларида суҳбатлар ўтказиши қанчалик натижа бераётганини билиш ниятида мисол тариқасида Хоразм вилоятининг шаҳар ва туманларидаги жонкуяр сафдошларга эринмай сим қоқиб чиқдик. Очиғини айтиш керакки, бу борада тезкор ва холис ахборот алмашишда ҳам ижтимоий тармоқларнинг имкониятлари жуда қўл келди. Марҳамат, пойтахтдан минг чақирим олисдан олинган ортиқча расмиятчиликларсиз маълумотлар билан ўзингиз танишинг-чи:

Урганч шаҳрида фаолият кўрсатаётган ишчи гуруҳи “Xorezm anticor invest” корхонасида чигитдан битум олиш технологиясини кашф этган партия фаоли, профессор Мақсуд Жуманиёзов билан вилоятнинг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш, тадбиркорлар олдида турган муаммоларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш хусусида суҳбатлашдилар.

Дарвоқе, Мақсуд оға чигитдан ёғ олиш жараёнидаги энг сўнгги чиқинди – пахта гудрони (госсипол смола)дан унумли фойдаланиш усулини ўйлаб топган ихтирочи эканлигидан ташқари, ҳудуддаги йирик тадбиркорлардан биридир. Ихтиронинг ижтимоий аҳамиятга молик жиҳати, ёғ-мой комбинатларидан чиқаётган госсипол смола юзага келтираётган экологик муаммоларни бартараф этишга йўналтирилгани билан изоҳланади. Қурилишда ишлатиладиган битум нархининг арзонлашиши эса кашфиётнинг иқтисодий фойдасидир. Валюта захирасини тежашини айтмаса ҳам кундек равшан.

Шу даражадаги тадбиркор-олим ҳам ўз фаолиятини кенгайтиришда айрим муаммоларга дуч келибди. Аммо ўзи аъзо бўлган партия вилоят Кенгаши раиси Шавкат Сафарбаев Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Нигора Қўшчанова билан биргаликда ушбу масалани ижобий ҳал қилишга киришганидан мамнунлигини изҳор қилди. Бу ёрдамни электорат манфаатларини ҳимоя қилишнинг амалий ифодаси, деб баҳолади.

Шовот туманининг “Ижтимоият” қишлоғида жойлашган  “Хоразм шиша идишлари” масъулияти чекланган жамиятига келган O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходимлари Дурдона Қобулова ва Гулжан Холмуратова электорат вакиллари билан очиқ мулоқот уюштиришди. Йилига 25 миллион дона шиша идиш ишлаб чиқариш қувватига эга мазкур корхонада бугунги кунга қадар 38 миллиард сўм миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилиб, Италия, Россия, Германия ва Хитойдан 14,5 миллиард сўмлик янги ускуналари олиб келиб ўрнатилибди.

Роман Шостов бошчилигидаги корхонада 200 нафарга яқин ишчи-хизматчи меҳнат қилар экан. Шиша идишлари ишлаб чиқариш ўта нозик иш бўлгани учун ходимлардан жуда эҳтиёткорлик ва катта масъулият талаб этилади. Бугунги кунда тўлиқ қувватда 4 сменада ишлаётган заводга зарур хомашё асосан Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятидан келтирилар экан! Бу эса маҳаллийлаштириш дастурининг амалдаги самараси.

– Жамоамизнинг 37 нафари аёллардан иборат, – дейди корхонадаги бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раиси Муҳайё Искандарова. – Уларнинг вақтида дам олиши ва овқатланиши учун барча шароитлар яратилган. Шунингдек, сифат-назоратида турган ходимларнинг кўз нурларига зарар етмаслик чоралари ҳам кўрилган. O‘zLiDeP ишчи гуруҳининг самимий суҳбатидан кейин кўпчилик ишчиларимиз шу партияга аъзо бўлиш истагини билдиришди.

Хазорасп туманида уйма-уй юрган ишчи гуруҳи аъзолари ҳудуддаги фермер хўжалик­лари ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Мақсад аниқ: мавжуд муаммоларга партиявий воситалар орқали ечим топиш, депутатлик назоратига олиш, қолаверса, мазкур соҳаларни янада ривожлантиришга доир қонун ва қонуности ҳужжатларини такомиллаштириш учун таклифлар тайёрлаш. 

Масалан, “Саидов Давлат ўғли Болта” фермер хўжалиги 2005 йилда ташкил топган бўлиб, умумий ер майдони 96 гектарни ташкил қилади. Асосан пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган.

– Тўрт киши билан иш бошлаган бўлсак, бугун 13 нафар доимий ишчимиз бор. Ҳосилимиз ҳам, даромадимиз ҳам ёмон эмас, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Болтабой Давлетов. – Сўнгги русумдаги замонавий техникаларни харид қилишга ҳам имкон топдик. Битта МТЗ 82/1 тракторининг ўзи 220 миллион сўмга тушди. Аммо уларни ёзнинг жазирама иссиғида ва қишнинг қаҳратон совуғида қўядиган жойимиз йўқ.

Мазкур масала ишчи гуруҳи аъзолари томонидан чуқур ўрганилди. Қимматбаҳо техникалар кўчада турганидан ташқари ўтиб-қайтувчи машиналарга, аҳолига халақит бераётгани аниқланди. Муаммога ечим топиш мақсадида Халқ депутатлари Хазорасп туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Д.Абулов шу куннинг ўзида ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига бориб, қонуний ваколатларидан фойдаланган ҳолда мурожаатни ижобий ҳал қилишга киришди. 

Хива шаҳридаги “Гиламчи” ва “Газчи” маҳаллаларида истиқомат қилаётган аҳолининг фикрларини тинглаган ишчи гуруҳи аъзолари уларнинг қизиқишлари ва имкониятларини ҳам ўрганишди.

Фаррух Худайбергановлар оиласи ҳам шу ерда яшаб, кўп йиллардан бери заргарлик билан шуғулланади.

– Заргарлик бизга ота-боболаримиздан мерос, – дейди тадбиркор Ф.Худайберганов. – Машаққат, меҳнат, сабр ва маҳорат талаб қиладиган бу касб орқасидан бугун дастурхонимиз тўкин. 4 нафар шогирдимиз билан ички бозорга турли хилдаги тилла буюмлар етказиб берамиз. Шунингдек, воҳамизга ташриф буюраётган сайёҳлар ҳам қўл меҳнатини жуда қадрлашади. Бугун партия фаоллари хонадонимизга келиб тадбиркорик фаолиятимни янада кенгайтириш юзасидан жўяли тавсиялар берганидан хурсанд бўлдим. “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури асосида энди имтиёзли кредит олиб, ҳовлимда иссиқхона ҳам ташкил қилмоқчиман. Бу билан оиламиздаги хотин-қизлар бандлиги таъминланиши баробарида қўшимча даромад манбаи ҳам яратилади.

Хонқа туманининг Мадир қишлоғи “Илғор” маҳалласида ўтказилган сайёр қабулда партиямиздан туман Кенгаши депутати Қадамбой Жуманиязов бир қанча муаммоларни ўз назоратига олган эди. Масалан, О.Саъдуллаев ва Ғ.Аллаберганов маҳаллада мактабгача таълим муассасаси йўқлигини айтишганди. O‘zLiDeP вакилининг ҳар томонлама асосланган депутатлик сўрови натижасида туман ҳокимининг қарори билан ушбу маҳаллада давлат-шерик­лик асосида 100 ўринли МТМ қуриш учун тадбиркор Г.Қурбановага ер майдони ажратилди. “Депутат келди, ёзиб олди, кетди, вассалом”, деган ўйда юрганларни қайта ўйлашга ундаса не ажаб бу мисол.

Албатта, астойдил ҳаракат қилиб, ўз сайловчиларига берган ваъдаларини бажариш ва уларга амалий кўмак бериш йўлида юрган депутатларимиз нафақат Хоразм вилояти, балки бошқа ҳудудларда ҳам талайгина. Кейинги мақолаларимиз айнан шундай фаоллар ҳақида бўлади. Модомики, бизни кузатишни канда қилманг.

Расмий газеталардан кўра турли веб-сайт­лару ижтимоий тармоқларни устун қўйгувчиларга яна бир гап: партиядошларимизнинг амалий ишлари ҳақидаги юқоридаги мисоллар интернетга ҳам жойлаштирилган. Демак, ишонч­ли!

Озод РАЖАБОВ,

XXI asr” мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1568
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Jahongir2019-02-18 16:29:37

Yog' ishlab chiqishga chigit qayerdan olsam bo'ladi. Internetda bu xaqda yozilmagan.


БАХТИЁР2018-10-03 08:49:48

"ЧИГИТДАН БИТУМ ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ КАШФ ЭТДИ" деган фикр "НОНДАН АСФАЛТ ТАЙЁРЛАШМОҚДА" деган фикрга тенг эмасми? Гассиполдан хилма-хил химиявий бирикмалар тайёрлаш технологияси азалдан мавжуд-ку? Масалага бундай ёндашув элнинг кулгисига сабаб бўлмайдими? Журналист зоти фикрни тўғри йўналтира олиши лозим.


У.Буриева Навоий вилояти, Учқудуқ тумани2018-09-28 15:30:43

Дарҳақиқат бугун O'zLiDeP ходимлари ва фаолларининг самарали меҳнати кўпроқ кўзга ташланмоқда. Бу эса ўз навбатида аҳолининг партиямизг ишончини янада ортишига сабаб бўлади ва партиямиз сафи кенгаяди.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+