ЖОНАЖОН ПОЙТАХТИМИЗНИ БИРГАЛИКДА ЭНГ ОБОД ШАҲАРГА АЙЛАНТИРАМИЗ

29.11.2017, 13:35

ЖОНАЖОН ПОЙТАХТИМИЗНИ БИРГАЛИКДА ЭНГ ОБОД ШАҲАРГА АЙЛАНТИРАМИЗ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Тошкент шаҳрида давлат ҳокимияти вакиллик органларига 2017 йил 24 декабрда бўлиб ўтадиган сайловлардаги иштирокига оид мақсад ва вазифалари

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (O‘zLiDeP) 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси — янгиланишнинг амалий ҳаракатлар дастурлари устувор йўналишларининг фаол амалга оширилаётгани Ўзбекистоннинг ҳар томонлама пухта ўйланган ва ишлаб чиқилган қатъий либерал ислоҳотлар йўлини тутгани, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантиришга киришганидан далолат эканини алоҳида таъкидлайди.

Биз давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари Ҳаракатлар стратегиясини самарали амалга ошириш, давлат ва жамиятнинг барча соҳаларини ривожлантириш борасида амалда бир ёқадан бош чиқариб, фаол иш олиб бораётганини қайд этамиз. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, чуқур маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан кўриб чиқиш, судларнинг чинакам мустақиллигини ва эркинлигини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини шакллантириш, миллатлараро тотувликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш борасида тизимли, ўзаро мувофиқлаштирилган ва мутаносиб тадбирлар амалга оширилмоқда.

O‘zLiDeP Ҳаракатлар стратегияси доирасида илгари сурилган вазифаларнинг тўлақонли ижросини таъминлашда ўзининг сиёсий масъуллигини тўла ҳис қилган ҳолда, ана шу мақсадлар йўлида вакиллик ва ижро органларидаги ўзининг барча имкониятларини ишга солишини алоҳида таъкидлайди.

Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайловлар — давлат ҳокимия­тининг демократик асосларини либераллаштириш ва мустаҳкамлаш билан боғлиқ чинакам тарихий воқеадир. Биз буни пойтахтимиз ҳокимият вакиллик органлари ва жамоатчилигининг Тошкентдаги социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни рўёбга чиқариш, туман Кенгашлари томонидан маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижросини таъминлаш, туманларни ривож­лантириш истиқболли дастурларини амалга ошириш, маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни белгилаш устидан назорат ўрнатиш борасидаги ролининг кучайиши учун улкан имконият деб биламиз. Сайловларда сайловчилар эркин овоз бериш йўли билан ўзларининг эртанги кунини ва пойтахтимизни истиқболда ривожлантириш йўлини белгилайдилар.

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокидан, барча соҳаларда эришилган ва эришилаётган марралар ва Ҳаракатлар стратегиясида бегиланган мақсад ва вазифалар ҳамда Тошкентни ривожлантириш истиқболларидан келиб чиқиб, O‘zLiDeP Тошкентнинг жаҳондаги ривожланган мегаполислар сафидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлашни ўз олдига бош мақсад, вазифа сифатида қўяди.

Шу мақсадда Тошкент шаҳрини ривож­лантиришнинг узоқ муддатли дастурини ишлаб чиқишни ва амалга оширишни таклиф қиламиз.

Дастур шаҳарни социал-иқтисодий барқарор ривожлантиришни таъминлаш, уни тадбиркорлик, молия ва бизнес бўйича етакчи халқаро марказлардан, жаҳонда тан олинган йирик фан ва маданият, маориф ва маънавият марказларидан бирига айлантириш, шунинг­дек, аҳолиси ҳаётининг юксак сифатини таъминлашга йўналтирилган бўлиши керак деб ҳисоблаймиз.

Биз ушбу дастурда таянадиган асосий тамойиллар:

пойтахтимизда истиқомат қилувчи ҳар бир одамга ғамхўрлик кўрсатиш;

барча масалаларни илғор тажрибага асосланган ҳолда самарали ва тежамкорлик билан ҳал қилиш;

иқтисодиётнинг муҳим манбаи сифатида хусусий ташаббусларни, бизнесни рағбатлантириш;

қарорлар қабул қилиниши ва шаҳарни бош­қариш жараёнларига фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг ўзларини имкон қадар кенгроқ жалб этиш;

ҳокимият органларининг ҳисобдорлигини ва очиқлигини таъминлаш.

 ПАРТИЯНИНГ БОЗОР ИСЛОҲОТЛАРИНИ ЧУҚУРЛАШТИРИШ, ИҚТИСОДИЁТНИ ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШ ВА ТОШКЕНТНИНГ РАҚОБАТБАРДОШЛИГИНИ ОШИРИШ БОРАСИДАГИ УСТУВОР ВАЗИФАЛАРИ

Бу йўналишда O‘zLiDeP қуйидаги ғояларни илгари суради:

“Яқин истиқболдаги Тошкент – инвестицияларни жалб этиш ҳамда бизнесни ривожлантириш учун энг жозибадор шаҳарга айланади”

Бизнинг мақсадимиз — Тошкентни иқтисодиёти самарали, жадал ва барқарор ривожланаётган, иқтисодиёти янгича шакл — “илмга асосланган иқтисодиёт”, “инновацияга асос­ланган иқтисодиёт”га ва қудратли “ахборот ҳамжамияти”га таянувчи шаҳарга айлантириш.

Биз ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги энг муҳим вазифаларни амалга ошириш лозим деб ҳисоблаймиз:

тадбиркорлик фаолиятига монелик қилаётган барча тўсиқларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлик ривожи учун қулай шароит яратиш;

иқтисодиётнинг юксак технологиялар ва инновацияга асосланган секторларида бизнесни қўллаб-қувватлаш, саноат ишлаб чиқаришини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш ҳудудларидаги саноат зоналарини ривожлантириш ва қайта ташкил этиш;

инвестицияларни жалб этиш.

Биз қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити – шаҳримизни ва унинг иқтисодиётини жадал ва барқарор ривожлантиришнинг муҳим гарови эканига қатъий ишонамиз. Хусусий мулк ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини ва кафолатларини таъминлаш, барча тўсиқлар ва чекловларга барҳам бериш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида тўла эркинлик бериш, “Халқ бой бўлса – давлат ҳам бой бўлади” тамойилининг ижросини амалда таъминлаш – иқтисодий ва социал сиёсатнинг энг муҳим йўналишларига айланмоғи даркор.

Биз, шунингдек, Ўзбекистон Президенти томонидан белгилаб берилган қуйидаги тамойилга таянамиз: тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилиш – бу давлат сиёсатига тўсқинлик қилишдир. Партия мамлакатимизда хусусий мулк дахлсизлиги, унинг ҳимояси кафолатланишига оид конституциявий тамойилнинг ҳаётга татбиқ этилишини қўллаб-қувватлайди ва ҳимоя қилади.

Биз Тошкентнинг жаҳон тан олган ишбилармонлик, молия ва бизнес марказлари сафидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлашга қаратилган ҳамда етакчи ва нуфузли халқаро молия институтлари услублари (рейтинг индикаторлари) ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқиладиган ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилашга доир комплекс дастур ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш тарафдоримиз. Партия давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик тузилмалари фаолиятига ноқонуний аралашувининг қатъий олдини олишга қаратилган тадбирларни қўллаб-қувватлайди.

Бизнинг мақсадимиз – тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган солиқ ва молия-банк сиёсатини янада такомиллаштириш.

Бизнинг устувор вазифамиз – иқтисодиёт ва хўжалик юритувчи субъектлар зиммасидаги солиқ юкламаларини пасайтиришга оид курсни давом эттириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилиги ва назоратининг замонавий услубларини жорий этиш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш, вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган инсофли солиқ тўловчилар – хўжалик юритувчи субъектларга “солиқ таътили” тақдим этилишига кўмаклашиш.

Биз учун устувор масала – аҳоли турмуш даражасининг юксалиши ва яхшиланишига, ҳудудларни жадал ва комплекс ривожлантиришга хизмат қиладиган иқтисодиёт тармоқларини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни барқарор ривожлантириш орқали шаҳар ва туман бюджетларининг даромад қисмини кенгайтириш.

Ишонамизки, банклар корхоналар ва тадбиркорларнинг ривожланишидан манфаатдор чин ҳамкорларига айланиши даркор. Биз учун муҳим устувор вазифа – аҳолининг банкларга ишончини ошириш, омонатларни ва омонатларнинг инвестицияга айланишини рағбатлантириш, тижорат банкларининг инвестициявий имкониятларини мустаҳкамлаш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини, шунинг­дек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлашни кенгайтириш. Биз пойтахтимизда тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли кенг қатламларига мўлжалланган имтиёзли кредитлардан кенг фойдаланишни таъминлашга доир тадбирларни қатъий депутатлик назоратига оламиз.

O‘zLiDeP банклар билан бир қаторда бозор инфратузилмаларининг бошқа институтлари ҳам тезкор ривожланмоғи даркор деб ҳисоблайди. Булар – хизмат кўрсатишнинг янги турларини жорий этиш ва сифатини ошириш орқали консалтинг, маркетинг, инжиниринг, лизинг, суғурта сингари молия хизматлари, шунингдек, капитални ва корхоналар, молия институтлари ҳамда аҳолининг бўш турган ресурсларини жалб этишнинг муқобил манбаси сифатида фонд бозорларидир.

Партиямиз юқори технологияларга асос­ланган, экспортга йўналтирилган янги ишлаб чиқаришларни барпо этиш ва ишга туширишни назарда тутувчи лойиҳаларга инвестициялар, жумладан, тўғридан-тўғри хориж инвестицияларини барқарор жалб этиш, янги иш ўринлари яратишни таъминлашга қаратилган фаол инвестиция сиёсати юритиш тарафдори. Биз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини ошириш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ташқи бозорда сотилишини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз. O‘zLiDeP етакчи халқаро ва хорижий молия инс­титутлари билан алоқаларни янада кенгайтириш, жалб этилган хорижий инвестициялар ва кредитлардан самарали фойдаланиш тарафдори.

Биз янгиланаётган Тошкентнинг замонавий марказига айланиб, замонавий бизнес, молия ва сайёҳлик инфратузилмасининг жадал ривожланишини таъминлашга хизмат қиладиган “Tashkent city” халқаро бизнес марказини барпо этиш борасидаги вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этамиз.

Биз давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, давлат компаниялари ва корхоналари раҳбарлари амалий фаолиятини қуйидаги муҳим кўрсаткичлар бўйича баҳолаймиз:

бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш;

бизнесни қўллаб-қувватлаш, қулай инвестиция ва бизнес муҳитини шакл­лантириш;

хусусийлаштиришнинг шаффофлигини ва давлат мулкидан, хусусийлаштирилган объектлардан фойдаланишнинг самарадор­лигини таъминлаш.

 “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – пойтахтнинг кучли ва янги иқтисодиёти асоси”

Биз учун устувор масала — кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг шаҳар ҳудудий ялпи маҳсулотидаги улушини изчиллик билан ошириб бориш, тадбиркорлик субъектларини, айниқса, улар ўз фаолиятини йўлга қўяётган даврда қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини яратиш, тармоқ йўналишларини ишлаб чиқариш ва инновация компаниялари томонга кўпайтириш, аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш. Партия учун устувор вазифа — иқтисодиётнинг энг муҳим тузилма шакллантирувчи сектори, янги ва муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратиш манбаи, бозорни зарур маҳсулотлар ва хизматлар билан тўлдирувчи ҳисобланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига имтиёз ва преференцияларни тақдим этишга оид сиёсатни давом эттириш.

Биз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий, ахборот, маслаҳат, ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, соҳа ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ижтимоий тадбиркорликни ривожлантиришни назарда тутувчи комплекс дастур ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таклиф қиламиз. Биз давлат ва бизнес ҳамжамияти ўртасидаги самарали мулоқот, давлат томонидан тақдим этилаётган хизматларнинг юқори сифатини таъминлаш тарафдоримиз. Биз ҳар бир туманда давлат-хусусий шериклик асосида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, жумладан, устувор йўналишларда бизнесни ривожлантириши учун уларга субсидиялар ажратиш, шаҳар иқтисодиёти рақобатбардошлигини ошириш бўйича молиявий тузилма (фондлар) ташкил этишни таклиф қиламиз.

Бизнинг мақсад ва вазифамиз – кичик бизнеснинг саноат ишлаб чиқаришидаги улушини кўпайтириш, йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес ўртасидаги кооперация алоқаларини ривожлантириш. Биз йирик ишлаб чиқариш корхоналари атрофида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг саноат корхоналарини фаол жалб этган ҳолда юқори қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар тизимини яратиш тарафдоримиз. O‘zLiDeP саноат гуруҳларини яратишни рағбатлантиришни таклиф қилади, токи истиқболда бундай гуруҳлар юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар экспорти ҳажмини жадал ошириш орқали жаҳон бозорида муносиб ўрин эгаллаш учун барча зарур ресурсларни ишга сола олсин.

“Тошкент — инновацион иқтисодиёт тараққий этган шаҳар”

Биз учун устувор масала пойтахтимиз иқтисодиётида саноатнинг, юқори технологияларга асосланган илмталаб ишлаб чиқаришнинг улушини сезиларли даражада кўпайтириш. Биз шаҳар иқтисодиё­тида экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи, тугал технологик жараёнга эга ишлаб чиқариш корхоналари етакчи ўрин тутиши зарур деб ҳисоблаймиз. Бунда асосий эътибор асосан мамлакатимизнинг табиий ва хомашё салоҳиятига таянадиган, илғор замонавий технологияларни қўлловчи ишлаб чиқариш корхоналарини ривожлантиришга қаратилмоғи зарур. Партия ушбу масалаларнинг ечими, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларида самарали рақобат муҳитини яратиш, товарлар ва хизматлар бозорларида монополияни босқичма-босқич пасайтириш, хусусий инвес­торларни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётнинг реал секторларида, саноатда хусусий мулкнинг етакчи мавқега эга бўлиши билан боғлиқ деб ҳисоблайди.

Биз янги рақобатбардош ишлаб чиқариш­лар ва кичик корхоналарни ривожлантириш, муҳандислик-коммуникациялари ва зарур инфратузилмалар ўтказиш йўли билан уларнинг муайян ҳудудда жамланишини таъминлаш, саноат кооперациясини ривожлантириш, илмий-технологик ва инновацион салоҳиятни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз.

Айни мақсадларда фаолият кўрсатаётган эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари самарадорлигини ошириш, янгиларини барпо этишни биз юқори технологияли янги ишлаб чиқариш­ларни ўзлаштириш, ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт, социал инфратузилмаларини ва логистика хизматларини жадал ривожлантиришни таъминлашнинг муҳим омили деб биламиз.

Биз бугунги кунда яратилаётган инновацион технопарклар тажрибасини кенг ёйишни ва энг муҳим инвестиция лойиҳаларини пойтахтимиздаги барча туманларда амалга оширишни таклиф қиламиз. Биз шаҳардаги ҳар бир туманда инновацион технопарклар, юқори технологияларни ўзлаштирувчи зоналар, технополисларнинг ривожланган тармоғи бўлиши зарур деб ҳисоблаймиз, токи улар янги ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, минтақа ва жаҳон бозорларидаги маҳсулотларимизнинг, айниқса, илмталаб товарларимизнинг рақобатбардошлигини, меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилсин. Биз инновацион компаниялар учун имтиёзли солиқ ставкаларини тақдим этиш, пойтахтимиздаги олий таълим муассасалари ҳузурида ёшлар инновация ижодий марказларини ташкил қилиш, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарни кенгайтиришни қўллаб-қувватлаймиз.

Партия айни пайтда ушбу масалаларни инновацияга асосланган иқтисодиётга ўтиш, илмий-технологик ва инновацион тадбиркорликни барқарор ривожлантиришни таъминлашнинг муҳим йўли деб билади. Биз инновацияни модернизациянинг энг муҳим омили ва ХХI асрда иқтисодий тараққиёт айнан инновациялар негизида таъминланади деб ишонамиз.

Биз номоддий активларни капитализация қилиш, яратилган технологиялардан тижорат йўлида фойдаланиш, янги технологиялар, нау-хауларнинг импорти ва трансфери бўйича амалга оширилаётган ишларнинг сифат ва самарадорлигини янада юксалтириш, корхоналарда инновацияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

O‘zLiDeP мазкур масалаларнинг ҳал этилиши инновацион лойиҳаларга маблағлар жалб қилиш билан шуғулланадиган венчур корхоналар фаолияти учун шароит яратиш имконини беради деб ишонади. Венчур бизнеси асосан илмталаб ишлаб чиқариш ва янги технологиялар ишланмалари соҳаларида барпо этилган кичик корхоналарга йўналтирилган бўлиши керак. Биз, шунингдек, корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан ўтказиладиган илмий-тадқиқот ва инновацион ишларни солиқ йўли билан рағбатлантириш чора-тадбирларини амалга оширишни таклиф қиламиз.

Биз технологиялар йўналишида кескин чора-тадбирлар амалга оширилиши муҳимлигини эътироф этамиз. Биз иқтисодиётнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга асосланган тармоқларини шакллантириш ва жадал ривожлантириш борасида қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз. Бизнинг устувор вазифамиз – пойтахтимиз ҳудудий ички маҳсулотида АКТ сектори улушининг жадал ўсишига эришиш. Биз айни пайтда Мирзо Улуғбек туманидаги инновация маркази фаолиятини самарали ташкил этиш ва дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмларини жадал ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Биз ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқувчилар ва уларга буюртма берувчиларга имтиёзлар ва преференциялар тақдим этиш, мамлакатимиз ва хориж инвестициясини жалб қилишни рағбатлантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва уларнинг имкониятларидан янада самаралироқ фойдаланиш тарафдоримиз. Ахборот технологиялари бўйича мухтахассисликка эга бўлган олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга, жумладан, иқтидорли ёшларни “старт-ап” лойиҳаларини рўёбга чиқаришда қўллаб-қувватлаш йўли билан алоҳида эътибор қаратамиз.

O‘zLiDeP қайд этадики, эндиликда интернет шаҳар аҳли ҳаётида муҳим ўрин тутади. Партиянинг вазифаси – юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш ва дастурий таъминот соҳасини ривожлантириш, “электрон ҳукумат”ни ривож­лантириш, давлат органларининг аҳоли ва бизнес аҳли билан ҳамжиҳатлигини, интернет орқали коммунал тўловлар учун ҳисоб-китоб қилиш, товарларни сотиш ва хизматлар кўрсатишни яхшилашдан иборат.

“Тошкент — энергия  самарадорлигига асосланган иқтисодиётга эга шаҳар”

Пойтахтимиз саноати, иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишдаги энг муҳим вазифа – энергия ва ресурслар сарфини камайтириш, ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларида меҳнат унумдорлигини ошириш. Биз бу соҳада ноёб, тикланмайдиган ресурсларга тежамкорлик билан ёндашишни таъминлашга, муқобил энергия ресурсларини излаб топиш ва жорий этишга йўналтирилган узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни қўллаб-қувватлаймиз.

Биз қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратамиз:

муқобил энергия манбаларидан фойдаланаётган жисмоний ва юридик шахсларни моддий рағбатлантириш;

аҳоли ўртасида энергия ресурсларига тежамкор муносабатни, энергия тежайдиган технологиялар ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни тарғиб қилиш;

энергия тежайдиган маҳсулотлар, жиҳозлар ва тизимлар ишлаб чиқариладиган лойиҳаларни амалга ошириш.

 O‘zLiDePНИНГ ТОШКЕНТ ШАҲРИ ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎНАЛИШИДАГИ УСТУВОРЛИКЛАРИ

 “Тошкент — яшаш ва ишлаш учун қулай шаҳар”

Бизнинг мақсад ва вазифамиз — Тошкентни дунёдаги яшаш учун энг қулай шаҳарга айлантириш!

Биз пойтахтимизда яшовчи барча аҳоли учун тенг имкониятлар, юксак сифатли ҳаёт ва фаровонликни таъминлаш, шаҳар инфратузилмасини барқарор ва жадал ривожлантириш тарафдоримиз. Биз бу вазифаларнинг ижроси, аҳолини, энг аввало, ёш оилаларни, эскирган уйларда яшаб келаётганлар ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бошқа фуқароларни, арзон, замонавий ва қулай тураржой билан таъминлаш, имтиёзли шартларда ипотека кредитлари ажратиш назарда тутилган Ҳаракатлар стратегияси қоидаларининг ўз вақтида ва сўзсиз бажарилиши билан чамбарчас боғлиқ деб биламиз.

Биз учун устувор масала – кўпхонадонли тураржой фондининг техник ҳолатини ва ундан фойдаланишни тубдан яхшилаш, таъмирлаш ва тиклаш ишларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, болалар ва спорт майдончалари барпо этиш, кўпхонадонли уйлар атрофидаги ҳудудларни ободонлаштиришни яхшилаш. Бизнинг, шунингдек, тураржойлар қурилишида рақобат муҳитини таъминлаш, қурилиш ишлари олиб бориладиган ҳудудларда давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни рағбатлантириш, тураржойлар барпо этишнинг намунавий қурилиш лойиҳалари маълумотлар базасини яратиш ҳам доимий эътиборимизда бўлади.

Биз кўпқаватли арзон уйлар, кенг ва равон йўллар, маданият ва бошқа ижтимоий инфратузилмалар, савдо ва дам олиш марказлари, спорт мажмуаларига эга, айни пайтда Тошкентнинг тарихий мероси ва ташқи қиёфасини сақлаб ҳолда барпо этилаётган замонавий тураржой мавзеларини ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз. Биз учун устувор масала – шаҳарликлар ва пойтахтимиз меҳмонлари ҳордиқ чиқарадиган жойлар тизимини янада ривожлантириш, жаҳондаги энг етук дам олиш масканларидан қолишмайдиган янги истироҳат зоналари, аттракционли боғлар барпо этиш.

O‘zLiDeP “экологик” ва “ақлли” уйларнинг замонавий технологияларини ва қурилишини ривожлантириш тарафдори. Биз уй-жой қурилишида ва лойиҳаларини ишлаб чиқишда аҳолининг тураржойга бўлган турли хил талабларидан келиб чиққан, жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда таъминлаш имконини берадиган янгича ва замонавий технологиялардан фойдаланишни рағбатлантириш, хавфсиз, ранг-баранг ва эстетик жиҳатдан жозибадор муҳит яратиш ташаббусини илгари сурамиз

Биз пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун қулай яшаш шароити яратишга — аҳолининг коммунал-маиший хизматлар, тоза ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминланиш даражасини тубдан ошириш, тежамкор ва энергия тежайдиган замонавий технологияларни изчиллик билан жорий этиш, одамларнинг замонавий шароитларда яшаши учун экологик хавфсиз ва қулай муҳитни шакллантиришга энг муҳим вазифаларимиздан бири деб қараймиз.

Биз хусусий уй-жой эгалари ширкатлари ишининг сифатини яхшилаш;

сув таъминоти ва канализация тизимлари объектларидан, ичимлик суви ресурсларидан самарали фойдаланиш;

электр қувватлари ишлаб чиқарувчи янги корхоналар барпо этиш ва мавжудларини модернизация қилишга йўналтирилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз.

Биз учун устувор масалалардан яна бири – истеъмолчиларга иссиқлик энергиясини узлуксиз етказиб беришни таъминлаш ва сифатини ошириш, иссиқлик етказиб бериш тизими асосий фондларини янгилаш ва модернизация қилиш, тежамкор ва энергия тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш, энергия тежайдиган локал иссиқхоналар қуриш, шунингдек, хонадонларга якка тартибда иссиқлик етказиб берувчи тизимларни ўрнатиш йўли билан иссиқлик етказиб беришнинг номарказлашган тизимини ривожлантириш.

Биз учун устувор масала — экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларнинг фуқаролар соғлиғига зарарли таъсирининг олдини олиш, аҳолининг ҳаёт сифати даражасини ошириш учун қулай шароит яратиш, чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва сотиш тизимининг моддий-техник базасини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш. “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси фаолиятини самарали ташкил этиш, чиқиндилар билан муомала тизимини тўла қамраб олиш учун тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз.

Партия мазкур масалаларни коммунал ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини янада ривожлантириш, уларнинг арзонлиги ва ишончлилигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий-маиший яшаш шароитларини яхшилаш орқали ҳал қилиш мумкин деб ҳисоб­лайди. Биз нархларни тартибга солиш эмас, балки бозордаги тенг рақобат — товарлар ва хизматларнинг сифати ва мақбул нархларини таъминлашнинг энг муҳим шарти деб биламиз. Биз уй-жой коммунал хўжалиги ва инфратузилма соҳасини хусусий капитал учун жозибадор рақобат бозорига айлантириш, табиий, сув-­энергетика ресурсларидан самарали фойдаланишни рағбатлантиришни иқтисодий ўсиш суръатларини жадаллаштиришнинг ва шаҳар иқтисодиёти рақобатбардошлигини юксалтиришнинг муҳим шарти деб ҳисоблаймиз.

Ишонамизки, шаҳарда замонавий тураржой мавзеларининг барпо этилиши иқтисодиётнинг қурилиш билан боғлиқ тармоқларини мутаносиб ва барқарор ривожлантиришнинг локомотивига  айла­ниб, коммунал ва социал соҳалар, инфратузилмалар, транспорт ва коммуникация тармоқлари, замонавий қурилиш материаллари ва конс­трукциялар ишлаб чиқаришни янада ривож­лантиришга хизмат қилади. Энг асосийси – бу аҳолининг бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари очишнинг ғоят муҳим омилларидан биридир. Биз илғор қурилиш технологиялари ва энергия тежайдиган халқаро андозалар талабларига мос рақобатбардош маҳсулотлар, қурилиш ва пардозлаш материалларининг янги турларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасидаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз.

“Тошкент — йўл-транспорт инфратузилмаси ривожланган шаҳар”

Партия қайд этадики, Тошкент — мамлакатимизнинг бош транспорт узели ва минтақамиздаги энг йирик транзит марказларидан биридир. Мамлакатимизда транспорт ифратузилмасини ҳар томонлама ривожлантириш  борасида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар самарасида пойтахтимиз бугун жанубий, ғарбий ва шарқий трансмиллий транспорт йўлакларини бирлаштирган халқаро автомобиль, темир йўл ва ҳаво йўллари қатновини таъминловчи энг муҳим транспорт узелига айланди. Бу Тошкентни мамлакатимизнинг ва жаҳоннинг турли ҳудудлари билан боғловчи транспорт алоқасининг жадал ривожланиши, пойтахтимизнинг юртимиз барча ҳудудлари билан транспорт алоқасини амалга оширишдаги ролининг кучайиши, шаҳар ичида транспорт воситаларининг кўпайиши ва транспорт ҳаракатининг тезлашиши, Тошкент транспорт узелида йўловчи ташиш ҳажмининг сезиларли даражада ошишига олиб келди.

Биз Тошкент метрополитенини янада ривожлантириш, метронинг янги йўналишлари ва янги бекатларини очиш, инфратузилмасини модернизация қилиш борасидаги ишларни қўллаб-қувватлаймиз ва унга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз.

Биз учун устувор масалалар сирасидан энг илғор халқаро андозаларни ва фуқароларнинг энг юксак талабларини ҳисобга олган ҳолда шаҳар ерусти йўловчи транспортини, жамоат транспортининг бошқа турлари, жумладан, метро бекатидан темир йўл платформаси, электр поезди, ерусти транспорти ва бошқаларга ўтиш узелларини ривожлантириш ҳам жой олган.

Биз йўл тармоқлари, эстакадали ва кўпқаватли йўллар, тўхташ жойларини янада ривожлантириш, транспортни бошқариш ва йўл ҳаракатини ташкил қилишнинг ягона интеллектуал тизими, транспорт навигацияси тизимини барпо этиш тарафдоримиз. Партия интеграциялашган ягона тармоқни марказлашган усулда бошқариш, жамоат транспортининг барча турларини янгича услубда бошқариш ва мувофиқлаштиришга ўтиш кўча-йўл тармоғининг транспортни ўтказиш имкониятларининг янада ошиши, автоҳалокат ва ўлим ҳолатларининг камайишига хизмат қилади деб ҳисоблайди.

Биз аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни тубдан яхшилаш, йўловчи ташишдаги хавфсизлик ва қулайликларни ошириш, жамоат транспорти тармоғини ривожлантириш, йўловчилар тирбанд бўладиган жойларда автобусларнинг янги йўналишларини очиш, шаҳар автомобиль паркини модернизация қилиш ва янгилаш борасидаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз. Атмосферани зарарли газлар билан булғамаслик, автовокзаллар ва автостанциялар қуриш ва реконструкция қилиш, йўл инфратузилмаларини қуриш ва реконструкция қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз.

Биз учун устувор масалалар сирасидан велосипед йўллари тармоғини ривожлантириш, велосипедлар йўлаклари, туманлараро маҳаллий ички йўллар, рекреацион ҳудудларни ободонлаштириш ишлари ҳам жой олган. Бундай йўналишлар тарҳини ишлаб чиқишда транспортдан фойдаланишнинг қулайлиги, велосипедда ҳаракатланиш хавфсизлиги, жумладан, велосипедчилар билан пиёдалар оқимларини ажратиш муҳим ўрин тутади.

Партия йўл инфратузилмасини ривожлантириш борасида — транспорт коммуникация тармоқларини ривожлантиришнинг чуқур ўйланган стратегияси, чорраҳаларни такомиллаштириш, автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланишга комплекс ёндашув асосида йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш, лойи­ҳа ва йўл қурилиш ишларининг сифатини ошириш бўйича узоқ муддатли дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ташаббуси билан чиқмоқда.

O‘zLiDePНИНГ ПОЙТАХТИМИЗНИ СОЦИАЛ-ГУМАНИТАР СОҲАДА РИВОЖЛАНТИРИШ БОРАСИДАГИ УСТУВОР ВАЗИФАЛАРИ

 “Тошкент –интеллектуал шаҳар”

Биз жамиятимиз интеллектуал салоҳиятининг изчил ва барқарор ўсиши, ҳар бир фуқаронинг ўз имкониятлари ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун янада кенг шароит ва имкониятлар яратилиши тарафдоримиз.

Биз учун устувор масала – яқин истиқболда Тошкентнинг жаҳондаги инсон ривожланишининг (умр кўриш давомийлиги ва турмуш даражаси, саводхонлик, таълим ва бошқаларнинг) энг юқори индексига эга шаҳарлар сафидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш.

Биз  аҳолини олий таълим билан қамраб олиш кўрсаткичини сезиларли даражада ошириш, хусусий сектор ресурсларини шу мақсадларга кенг жалб этиш ва рақобат муҳитини рағбатлантириш, бутун таълим соҳасида давлат-хусусий шериклиги тамойилларини қўллаб-қувватлаш вазифасини қўямиз. Айни пайтда таълим ва маърифатни — эркинлик ва ўз фикрига эга бўлиш йўли, жаҳолат ва зўравонликка қарши ишончли қалқон, деб биламиз. Таълим тинчликни сақлаш ва мустаҳкамлашда либерал сиёсатнинг энг муҳим воситаси бўлиб қолмоқда. Биз “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашайлик” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш тарафдоримиз.

O‘zLiDeP хусусий мактабгача таълим муассасалари ва ўрта таълим мактаблари тармоғини ривожлантириш борасидаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди. Зеро, бу юксак илмли ва ҳар томонлама ривожланган авлодни тарбиялаш, интеллектуал, эстетик ва жисмоний жиҳатдан баркамол фарзандларни вояга етказиш учун шароитни тубдан яхшилашда муҳим омил бўлади. Биз хусусий секторнинг умумий ўрта таълим сифатини тубдан яхшилаш, хорижий тилларни, информатика, талаб катта бўлган бошқа фанлар, жумладан, математика, физика, кимё, биологияни чуқур ўргатиш борасидаги имкониятларига ишонамиз. Биз болаларни спорт билан мунтазам шуғулланишга ялпи жалб қилиш, мусиқа ва санъатга ошно этиш мақсадида болалар спорти, мусиқа ва санъат мактабларини қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш соҳасида давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш тарафдоримиз.

Биз хусусий касб-ҳунар таълимини янада ривожлантириш тарафдоримиз, бу меҳнат ресурсларининг мобиллигини оширишга хизмат қилади. Шу мақсадда хусусий сектор, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва давлат ўртасидаги шерикликни кенгайтириш, қўшимча касб-ҳунар таълими, кадрларни қайта тайёрлаш ва барча ёшдаги одамларнинг (“таълим катталар учун”) малакасини ошириш соҳасида давлат-хусусий шериклигини қўллаб-қувватлаш зарур.

Партия иқтидорли талабаларни рағбатлантириб бориш, олий таълим муассасаларининг институционал ва молиявий мустақиллигини сезиларли даражада кенгайтириш, таълим ва фан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш орқали ўқитиш сифатини яхшилаш, халқаро алоқаларни ривожлантириш, моддий ва маънавий рағбатлантириш, ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, салоҳияти ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун шароит яратиш барқарор ривожланишнинг муҳим омилидир деб ҳисоблайди. Биз ўқитишнинг халқаро андозалари ва дарс ўтишни баҳолаш тизимини жорий этиш, олий таълим муассасаларига қабул квоталарини босқичма-босқич кўпайтириб бориш асосида олий таълим муассасалари фаолиятининг сифат ва самарадорлигини юксалтириш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз.

Биз давлат-хусусий шериклиги, мамлакатимиздаги бизнес ҳамжамияти ва илмий тадқиқот, академик марказлар ва муассасаларнинг илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновацион ютуқларни амалиётга жорий этиш, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технологиялар марказлари, технопарклар ташкил этиш борасида улкан салоҳиятга эга эканини кўриб турибмиз.

Бу борада қуйидаги масалаларга устувор аҳамият берамиз:

илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш, академик илм ва таълим жараёнининг олий ўқув юртларидаги ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш;

ёш олимларни илмий-тадқиқот фаолиятига жалб этиш учун кенг шароит яратиш;

фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш;

технологиялар трансфери, тижорийлаштириш, маркетинг ва бошқалар.

“Тошкент — саломатлик жамиятнинг муҳим бойлиги ва аҳолининг турмуш тарзи сифатида қадрланадиган шаҳар”

Аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг саломатлиги бебаҳо бойлигимиз эканига ишонамиз. Биз учун устувор масала – соғлиқни сақлаш тизимини, энг аввало, унинг бошланғич бўғини, тез ва шошилинч тиббий ёрдамни янада ривожлантириш, замонавий тиббиёт ютуқларини жорий этиш, оилалар соғлиғини мустаҳкамлаш. Биз оналар ва болаларнинг сифатли тиббий хизматлардан баҳраманд бўлишини янада кенгайтириш, гўдаклар ва болалар ўлимини камайтириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мус­таҳкамлаш, юқори технологияли ва самарали, замонавий жиҳозлар ва юксак малакали кадрлар билан таъминланган тиббий ёрдамни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз.

Биз арзон, сифатли ва малакали тиббий ёрдам соҳасига хусусий капитални жалб этиш орқали соғлом рақобат муҳитини яратиш, давлат-хусусий шериклиги тамойиллари асосида тиббиёт сифатини тубдан яхшилаш тарафдоримиз. Партия хусусий тиббиётни аҳолининг сифатли тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш гарови, соғлиқни сақлаш соҳасига янада самарали, замонавий технология ва инновацияларни жорий этишнинг муҳим шарти деб ҳисоблайди. Биз соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини барқарор ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва юксак малакали чет эллик мутахассисларни жалб этиш, хусусий тиббиёт соҳасидаги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни кенгайтириш, тиббий туризмни ва тиббий хизматлар экспортини ривожлантиришга доир чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз,

Биз тиббий профилактикани, айниқса, поликлиникалар даражасидаги профилактикани ривожлантириш тарафдоримиз. Хасталикнинг олдини олиш уни даволашдан кўра осонроқ, касаллик қанча эрта аниқланса, уни даволаш ёки газак олишини тўхтатиш имкониятлари шунчалик катта бўлади, деб ишонамиз. Биз “огоҳлантириш, тушунтириш ва олдини олиш” моделини амалга ошириш тарафдоримиз.

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, болаларда, айниқса, қизларда жисмоний тарбия ва спортга меҳр уйғотиш партиянинг устувор вазифалари бўлиб қолаверади. Биз оилаларнинг, энг аввало, қизларнинг тиббий маданиятини ошириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини ва соғлом овқатланишни тарғиб қилиш, соҳада ижтимоий рекламалар улушини кўпайтириш, аҳоли барча қатламларининг соғломлаштириш, даволаш ва реабилитация тиббиётидан баҳраманд бўлишини янада кенгайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар қабул қилиниши тарафдоримиз. Юқумсиз касалликлар профилактикаси ва назорати, аҳолида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, хавфли хатти-ҳаракат ва зарарли одатлар моделидан воз кечишнинг узоқ муддатга мўлжалланган дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таклиф қиламиз.

Биз учун устувор вазифа – аҳолини сифатли ва арзон дори-дармонлар билан таъминлаш. Ҳаёт учун ўта зарур ва аҳамиятли дори-дармонлар, социал аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт амалиётида нисбатан кенг қўлланиладиган тиббиётга оид маҳсулотлар соҳанинг етук мутахассислари иштирокида очиқчасига шакллантирилмоғи, янгиланмоғи ва кенгайтирилмоғи лозим деб ҳисоблаймиз. Социал дорихоналар тармоғини ривожлантириш, жумладан, давлат-хусусий шериклиги асосида ривожлантириш борасидаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз.

“Тошкент – бандлик тўла таъминланадиган ва барча ўзига муносиб иш топадиган шаҳар”

Биз фуқароларни тенг меҳнат ва тенг иш ҳақи эвазига муносиб иш, тўла ва унумдор, мақбул бандлик билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, меҳнат бозорининг мутаносиблигини кафолатлаш ва инфратузилмасини ривожлантириш, ишсизлик даражасини камайтиришни шаҳримизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришдаги устувор вазифалардан деб ҳисоблаймиз. Ишсизлик, айниқса, ёшлар ўртасидаги ишсизлик асло йўл қўйиб бўлмайдиган муаммолардандир. Биз айни пайтда ишга жойлашиш борасида кенг имкониятлар яратиш, бу масалада давлат органлари билан бир қаторда фуқароларнинг ҳам масъулиятини ошириш, ўз ҳолича ўзига ёрдам бера олмайдиган ҳар бир одамнинг шахсий шароитини ҳисобга олиш, мазкур мақсадларга жамият ва хусусий секторнинг ресурсларини ҳам жалб этишга йўналтирилган сиёсат тарафдоримиз.

O‘zLiDeP аҳолини иш билан таъминлаш ва янги иш ўринлари очишнинг йиллик дастурларини амалга ошириш тажрибасини қўллаб-қувватлайди. Ишонамизки, тадбиркорлик – аҳолини иш билан таъминлаш кафолатидир. Биз мазкур масалаларнинг ечими иш ўринлари очишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иштирокини янада кенгайтириш, оилавий бизнесни ривожлантириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаган кичик корхоналарга кенг имтиёзлар беришда деб биламиз.

“Тошкент – ёшлар шаҳри”

Ишонамизки, ҳар томонлама ривожланган, соғлом, эркин ва ўзига ишонган ёшлар – келажак бунёдкорларидир. Партия “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва, албатта, бахтли бўлишлари шарт!” деган оқилона тамойилга содиқ қолади. Ёшларимиз юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиши, ҳеч бир соҳада ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, бахтли ва келажакка катта ишонч билан яшашини таъминлаш учун бор куч ва имкониятларимизни ишга соламиз.

Ҳаётда кўтаринки муҳит яратиш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий истиқболи, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини иш билан таъминлаш учун изчиллик билан ҳаракат қилаверамиз. Биз ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришини қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш борасидаги тизимли ишлар давом эттирилиши тарафдоримиз. Шунингдек, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ёш оилалар учун муносиб уй-жой ва социал-маиший шароит яратиш, ёшлар уйларини барпо этиш борасидаги чора-тадбирларнинг янада самарали ва ўз вақтида бажарилиши тарафдоримиз.

Ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, “Бир болага етти маҳалла – ота-она” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш учун бор куч ва имкониятларимизни ишга соламиз. Ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлашда, аввало, маҳаллалар фаоллари, бой ҳаётий тажриба, билим ва маънавий салоҳиятга эга нуроний отахон ва онахонларимиз кўмагига таянамиз.

Партия ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, ёш авлоднинг замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, ҳар бир туманнинг ўзига хос имкониятларидан келиб чиқиб, касбга йўналтириш борасидаги масалаларни самарали ҳал қилиш тарафдори. Биз ёшлар ўз бизнесини ташкил қилиши учун янада қулайроқ шароит ва ёшлар тадбиркорлиги кластерини яратишга йўналтирилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз.

Биз қуйидаги масалаларга устувор аҳамият берамиз:

ёш олимлар ва талабаларнинг замонавий, илғор услублар ва технологияларни эгаллаши;

ёшларнинг инновацион фаолиятини ривожлантириш, илмий ва техник ғояларнинг саноат нусхаларини рўёбга чиқариш;

ёшларни юқори технологияли замонавий ишлаб чиқаришларга жалб қилиш.

Шу мақсадда мамлакатимиз олий таълим муассасалари ҳузурида ёшлар инновация марказларини ташкил этишга доир чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз.

Биз ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, улар орасида ҳақиқий лидерларни кашф этиш ва тарбиялаш, китоб ўқиш маданиятини ошириш, Ватанга муҳаббат, эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тарафдоримиз.

Ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, фаол фуқаролик позициясиини шакллантириш, юз бераётган сиёсий жараёнларга онгли муносабатда бўлиш, маънавий-ахлоқий соҳада турли ташқи ва ички таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, болаларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш партиянинг энг муҳим вазифалари бўлиб қолаверади. Биз ёшлар шаҳарчаси, ёшлар ҳукумати ва ёшлар парламентини ривожлантириш тарафдоримиз.

Биз ёшлар онгига либерал-демократияга оид қадриятларни сингдирадиган инсоний тарбия тизимини яратиш тарафдоримиз. Ишонамизки, келажак айнан ана шундай ёшлар қўлида бўлади. Биз ёшларга ва пойтахтимизнинг порлоқ истиқболига, давлатимизнинг буюк келажагига ишонамиз.

 Тошкент –хавфсиз шаҳар

Партия жамиятда тинчлик ва осойишталик, барқарорлик, диний бағрикенглик, миллатлар ва фуқаролараро тотувлик ҳукм суриши, хавфсизликка қарши барча таҳдид ва хатарларнинг олдини олишни пойтахтимиз ва мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан барқарор ривожланишининг энг муҳим омиллари деб билади.

Биз учун устувор масала – эркин жамиятда яшовчи эркин фуқаронинг маънавий жиҳатдан муттасил юксалиши, ўз ҳақ-ҳуқуқларини таниган, боқимандаликнинг ҳар қандай кўринишидан йироқ, ўз кучи ва салоҳиятига ишонадиган, айни пайтда жамоа билан тил топиша оладиган, юз бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан ўз фикри ва нуқтаи назарига эга ҳар томонлама ривожланган шахсни шакллантириш.

Биз жамиятда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолияти бўйича жамоатчилик назорати механизмларини мустаҳкамлашни жамиятда қонунчиликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан деб ҳисоблаймиз.

Партия ички ишлар органлари тизимидаги туб ислоҳотларни, фаолияти, энг аввало, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган мазкур органни малакали хизматга айлантириш борасидаги тизимли чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди. Биз учун устувор вазифа – мазкур тизимнинг моддий-техник базасини яхшилаш ва фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, аҳоли билан тизимли ва манзилли мулоқотни йўлга қўйиш.

Биз Тошкентни “хавфсиз шаҳар” сифатида ривожлантириш концепциясини қўллаб-қувватлаймиз ва бу борада узоқ муддатли дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ташаббуси билан чиқамиз.

 * * *

Партия баён этилган Дастурни илгари сурар экан, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги барча соҳаларни эркинлаштиришда ўзининг кенг миқёсли сиёсий ва фуқаролик ҳаракати сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлашни истайди.

O‘zLiDeP – ислоҳотларнинг тақдири, Ҳаракатлар стратегияси қоидаларининг ҳаётга татбиқ этилиши ва электоратининг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш учун масъулиятни ўз зиммасига олган сиёсий кучдир.

Партия жамоатчилик диққат марказида турган муаммоларнинг ҳал этилиши йўлидаги ечимларни топишга фаол ҳаракат қилар экан, бунда аҳолининг кенг қатламлари, аввало, тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатларидан, пойтахтимизда истиқомат қилувчи ҳар бир инсон фаровонлигини муттасил ошиб бориш мақсадларидан келиб чиқади. Ўз мақсадларимизга эришишнинг энг самарали йўлларини топиш ва амалга оширишда биз ғоя ва дастурларнинг конструктив, рақобатли курашига тайёрмиз.

Айни пайтда мулкдорларнинг ўрта синфи, O‘zLiDeP аъзолари ва тарафдорларининг кучи ва билими, ирода ва тажрибаси, интилиши ва салоҳиятини ушбу эзгу мақсадларга эришишимизнинг асосий кафолати деб биламиз, энг муҳими – шаҳримиз аҳолисининг мардлиги ва ғайрати, букилмас иродаси ва дадиллигига таянамиз.

O‘zLiDeP ўз кучига ишонади ва у бунёдкорлар партияси эканини амалий ишлари билан исботлашга қодир!

Биз ислоҳотлар йўлидаги барча тўсиқларни оғишмасдан бартараф этиб, бугунги давр олдимизга қўяётган вазифаларни виждонан ва масъулият билан ҳал қилиб бораверамиз.

Кўпмиллатли меҳнаткаш халқимиз билан бирга қайд этилган вазифаларни албатта амалга оширамиз ва ўз олдимизга қўйган юксак мақсадларга эришамиз.

Халқимизга садоқат билан хизмат қилиш – муқаддас бурчимиз!

 Фуқароларимиз манфаатлари йўлида ҳаракат қилиш – вазифамиз!

Тошкентнинг дунёдаги энг жадал ривожланаётган мегаполислар сафидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш – мақсадимиз!

 Ҳурматли сайловчилар – азиз ҳамшаҳарлар!

 Биз партиямизнинг Тошкент шаҳрида давлат ҳокимияти вакиллик органларига шу йил 24 декабрда бўлиб ўтадиган сайловлардаги иштирокига оид мақсад ва вазифалари билан сизни қисқа тарзда таништиришга ҳаракат қилдик.

Ушбу муҳим ва устувор вазифаларимизни келажакда амалга ошириш мақсадида сайловларда энг муносиб номзодларни илгари сурдик.

Биз сизлар билан биргаликда жонажон шаҳримизнинг мутлақо янги қиёфасини яратамиз деб ишонамиз!

Тадбиркорликни ривожлантириш жамиятимиз тараққиёти ва фаровон ҳаётимизнинг энг муҳим кафолатидир!

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодларига овоз беринг!

Теглар
Сайлов 2017
  • Кўрилди
    2075
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+