Инсон капитали ўз-ўзидан юзага чиқмайди

04.10.2018, 18:27

Инсон капитали ўз-ўзидан юзага чиқмайди

Бугунги глобаллашув жараёнида инновация ҳар қандай мамлакатнинг  энг муҳим стратегик ресурсларидан биридир. Ижтимоий-иқтисодий муаммоларни муваффақиятли ҳал этиш, янги саноат ва молиявий технологияларни жорий қилиш, инновация-инвестиция инфратузилмасини ривожлантириш, интеллектуал салоҳиятни юксалтириш, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш, импорт ўрнини босиш, валюта захираларини тўп­лаш маълум даражада инновацион фаолият билан боғлиқдир.

Президентимизнинг “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизнинг бундан буён инновацион ривожланиш йўли ва  инновацион иқтисодиётга ўтишини кўзда тутади ва бу борадаги устувор вазифаларни белгилаб беради. Мамлакатнинг халқаро майдондаги рақобатбардош­лилик даражасини ошириб, инновацион жиҳатдан тараққий этишини таъминлайдиган асосий омил сифатида инсон капиталини ривожлантириш мазкур стратегиянинг бош мақсади сифатида кўрсатилди.

Ҳақиқатан ҳам, инсон капиталини ривожлантирмасдан туриб, инновацион тараққиётга эришиш мумкин эмас. Таниқли иқтисодчи олимларнинг  фикрича, инсон капиталига инвестиция киритишга нисбатан бепарволик мамлакат рақобатбардошлилигини кескин пасайтириб юбориши мумкин. Мамлакат иқтисодий жиҳатдан тараққий этиши учун истеъдодли одамларни тарбиялаш талаб этилади. 

Инсон капиталига сармоя киритишдан жамият ҳам катта манфаат кўради. Узлуксиз мактаб таълими турли жиноятлар содир этилиши эҳтимолини сезиларли даражада камайтиради. Қолаверса, таълимга киритиладиган сармоя ижтимоий тенгсизликка секин-аста барҳам бериши мумкин. Мисол учун, аксарият мамлакатларда нисбатан ўзига тўқ оилаларда туғилган фарзандлар болаликданоқ турли имкониятлардан фойдаланишни бошлайди ва улар бутун умри давомида талай афзалликларга эга бўладилар, аксинча, ночорроқ оилалар фарзандлари бундай имкониятлардан фойдалана олмайди.

Инсон капитали ўз-ўзидан юзага чиқмайди, балки давлат томонидан ривожлантирилиши зарур. Шу маънода стратегияда инсон капиталига эътибор қаратилиб, барча даражада таълим сифатини ошириш ва қамраб олиш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, иқтисодиёт эҳтиёжларидан келиб чиқиб кадрлар тайёрлаш тизими мослашувчанлигини таъминлаш масаласига алоҳида урғу берилди.

Хўш, кўзланган асосий мақсад нима? Қисқача айтганда, мамлакат аҳолисининг олий маълумот билан қамралганлик даражасини босқичма-босқич ошириб бориш. Мисол учун, бу кўрсаткич Жанубий Кореяда 95 фоизга, Европа мамлакатлари ва АҚШда 70-90 фоизга етади. Ана шу мақсадни амалга ошириш учун стратегияда  қандай вазифалар белгиланди?

Биринчидан, кейинги йил якунига қадар талаб юқори бўлган соҳалар бўйича янги олий таълим муассасалари (ОТМ) ва хориж мамлакатларининг нуфузли ОТМ филиалларини, шунингдек,  биз учун муҳими – нодавлат олий ўқув юртларини очиш.

Иккинчидан, талабаларни олий ўқув юртларига тўлов-контракт асосида қабул қилиш учун белгиланган квоталарни босқичма-босқич бекор қилиш.

Учинчидан, ОТМга салоҳияти ва талабаларга бўлган эҳтиёжига қараб пуллик асосда қабул қилиш учун квоталарни мустақил равишда белгилаш ҳуқуқини бериш.

Тўртинчидан, талабгор ёшларга бир вақтнинг ўзида  бир нечта олий ўқув юртларига кириш имкониятини яратиш.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу вазифалар O‘zLiDeP дастурий ҳужжатларида, сайловолди платформасида ҳам ўз аксини топган. Хусусан, асосий дастуримизда таълим тизимида ислоҳотларни чуқурлаштириш, ушбу соҳанинг юқори халқаро мезон ва стандартларга мослигини таъминлаш, ОТМнинг мустақиллигини (ташкилий, институционал ва молиявий мухториятини) ошириш бўйича зарур чораларни амалга ошириш, тижорат асосида пуллик таълим хизматларини кўрсатиш бўйича ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш сиёсати партиянинг устувор вазифалари сифатида белгиланган. Зеро, ушбу йўналишда партия асосий эътиборни таълим соҳасидаги муаммоларга, биринчи галда, ўқитиш сифати, кутубхоналар, инновацион ғоя ва билимлар марказлари тизими ривожи, ўқувчиларнинг замонавий адабиётлар билан таъминланиши, мактабларнинг асбоб-ускуна, компьютер техникаси, анжомлар билан жиҳозланиши ва мазкур соҳада хусусий секторнинг ўрнини кенгайтиришга қаратади. Демак, стратегияда белгиланган мақсадлар партиямиз дастурий вазифалари билан ҳамоҳангдир. Шундай экан, эндиликда партиянинг барча бўғинларидан биринчи галда давлатимиз раҳбари фармонига биноан қабул қилинган 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Рес­публикасини инновацион ривожлантириш стратегиясининг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш, уларнинг бу борадаги таклифларини ўрганиш талаб этилади. Юқорида келтирилган тўртта вазифа бўйича зарур қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалдаги тегишли қонунларга  таклифлар беришимиз лозим. Зеро, тилга олинган вазифаларнинг барчаси ҳам бугунги кунда ўзининг мустаҳкам қонуний асосига эга эмас.

Яна бир гап.  Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун белгиланадиган қабул квотасининг босқичма-босқич бекор қилиниши, ОТМ ўз салоҳияти ва талабаларга бўлган эҳтиёжига қараб пуллик асосдаги қабул квоталарни мустақил равишда белгилай бошлаши ва талабгор ёшларга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида қатнашиш имкониятининг яратилиши университет-институтлар ўртасида эркин, соғлом рақобат вужудга келишини таъминлайди. Олий таълим муассасалари талабани ўзида сақлаб қолиш учун курашади, турли имтиёзлар яратади. Бу каби соғлом рақобатнинг кучайиши эса ўз-ўзидан коррупцияга мойилликни кес­кин пасайтиради.

Мамлакатимизнинг узоқ муддатларда ҳам барқарор ривожланишида муҳим омил бўладиган ушбу стратегия инсон капиталига сармоя киритиш орқали фаровон ҳаёт, фаровон жамият қуриш сари қўйилган жиддий ва ишонч­ли қадамдир. Унинг муваффақиятли амалга ошишида барчамиз бирдек масъулмиз.

Дилшод ШОУМАРОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси

раиси ўринбосари

O‘zLiDePнинг Facebook ҳамда Instagram'даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    2573
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+