O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” кўмаги билан асакалик 24 нафар вақтинча ишсиз ёшлар бандлиги таъминланди

05.10.2018, 14:23

O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” кўмаги билан асакалик 24 нафар вақтинча ишсиз ёшлар бандлиги таъминланди

Раҳимжон Ғофуров айни ўқиб-ишлайдиган ёшда. Мақсади ҳам она юртига таянч бўлиш, эл корига яраш. Бироқ ўқийман дедию, олийгоҳга киришга омади чопмади. Ҳафсаласи пир бўлгач, яқин танишининг таклифи билан хорижга ишлагани кетди. Бу сафар таътилга қишлоғига келдию, кетгиси келмади – зерикди. Партия Асака туман кенгаши ташаббуси билан ташкил қилинган бўш иш ўринлари ярмаркаси айнан унинг мақсадига қанот бўлди. Тумандаги 25-умумтаълим мактабига дурадгор сифатида ишга жойлашган Раҳимжон беминнат бу кўмакдан хурсанд.

O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши “Ёшлар қаноти” ва партия асака туман Кенгаши ҳамкорлигида туман истироҳат боғида “Сен ҳам фаол ёшлар сафидасан!” лойиҳаси доирасида бўлиб ўтган бўш иш ўринлари ярмаркасида 62 та корхона-ташкилот 320 та бўш иш ўрни билан иштирок этди.

Гулҳаё Парпиева ҳам Раҳимжон каби иш излаганлардан. Ўтган йилда касб-ҳунар коллежини тамомлади. Бироқ мутахассислиги бўйича иш тополмай роса овора бўлди.

-Бугунги ярмаркада 18-умумтаълим мактабига ишга жойлашдим, - дейди Гулҳаё қувончини биз билан баҳам кўраркан. – Энг маъқул томони иш жойим яшаш уйимга ҳам яқин. Бундай имкониятни яратиб берган мутасаддилардан миннатдорман. Бугун ўзимни барча фаол ёшлар сафида эканман, деб ҳис қилдим.

Эътиборлиси, ярмаркада 24 нафар вақтинча ишсиз, хориждан иш излаётган йигит-қизлар доимий ишга жойлашиш учун турли ташкилотларга йўлланма олдилар.

Бобурмирзо Ҳожиакбаров,

O‘zLiDeP Асака туман

Кенгаши аппарат раҳбари

O‘zLiDePнинг Facebook ҳамда Instagram'даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1103
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+